muslim.uz
Китоб – яқин дўст, беминнат маслаҳатчи
Кеча Тошкент ислом институтининг Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази ҳамкорлигида китоб кўргазма савдоси ташкил этилди.
Кўргазмада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассислари, институт жамоаси ҳамда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти устоз ва талабалари иштирок этди.
“Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа марказида чоп этилган китоб-журналлар ўзининг ранг-баранглиги билан алоҳида ажралиб турди. Нашриёт-матбаа марказининг “Ёшлар матбуоти” савдо тармоғи ходимлари кўргазма иштирокчиларига 350 номдаги 1550 дона “Ёшлар кутубхонаси”, “Заковат дурдоналари”, “Саломатлик”, “Мактабдан ташқари ўқиш” рукнларидаги адабиётларни, жаҳон ва болалар адабиёти дурдоналари, инглиз, немис, рус ва корес тилларидаги луғат ва бадиий китоблар, оила психологияси, тарих, ҳуқуқшуносликка оид китоблар, шеърий тўпламлар, халқ табобатига оид китоблар ҳамда синфдош журналларини тақдим қилдилар.
Институтда бу каби китоб кўргазмаларини ўтказиш йўлга қўйилгани устоз ва талабаларнинг вақти ҳамда нақдини тежаётгани ва албатта талабалар дуёнқараши ривожланишида катта омил экани эътироф этилмоқда. Шунингдек, китоб кўргазмалари юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва уларда чоп этилаётган янги китоблар билан яқиндан танишишда шароит яратмоқда.
Камолиддин МАҲКАМОВ,
Тошкент ислом институти АРМ мудири
Отахонга хизматлари учун Япония императори ордени берилди
Япония ҳукумати Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган “Фозил-Ота” қабристони қоровули Мироқил ота Фозиловни император ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Хабарда Мироқил ота Фозилов “Кумуш нурларга эга чиқиб келаётган қуёш” ордени билан Ўзбекистонга юборилган японияликлар ҳақида тарихни сақлаб қолиш ва қабристонни қўриқлашдаги хизматлари учун тақдирлангани айтилган.
75 ёшли Мироқил ота Фозилов 40 йил давомида Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Тошкентга келиб қолган япон фуқаролари, асосий ҳарбий асирлар қабрларини обод қилиб келган.
ЎМИ матбуот хизмати
Масжидун-Набий Умра мавсуми учун тайёр
Саудия Арабистони ҳукумати Умра мавсуми учун Пайғамбар масжиди тайёр ҳолга келтирилганини маълум қилди.
Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ва шахзода Муҳаммад бин Салмоннинг фармонига асосан Мадинадаги Пайғамбар масжиди ишлари бўйича Кенгаш Умра мавсуми учун тайёргарликни якунига етказди.
Saudi Gazette нашрининг хабарига кўра, бугунги кунда зиёратчилар учун масжиднинг барча эшиклари очилган. Масжиддаги эшиклар сони 100 тани ташкил этади.
Кенгаш раисининг ўринбосари фикрига кўра, масжидга имконияти чекланган шахсларнинг келиши учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, масжид ичи ва унинг атрофида тозаликка риоя қилинишини таъминлаш чоралари кўрилган.
Муҳаммад (салоллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбаримиз кутубхонасида сақланаётган барча китоблар, овозли адабиётлар зиёратчиларнинг фойдаланишлари учун очиқ бўлиши айтилмоқда.
ЎМИ матбуот хизмати
Болангизнинг қобилиятига эътибор қилинг.
Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар
Боланинг қобилиятига эътибор қилиш. Гўдакнинг ҳолига қараб иш тутиш, уни қайси ишларга қобилияти бор, нималар қилишга тайёр эканига аҳамият бериш керак. Шариатда изн берилган ҳар қандай юмушни унга юклаб қўявермаслик керак. Чунки унга қўлидан келадиган ишдан бошқаси юкланса, у ишни бажара олмайди ва қобилияти етадиган нарсани қўлдан бой беради. Агарда валий болани фаҳму фаросати ўткир, идроки дуруст, хотираси яхши, тўғри англайдиган ва билимга рағбатли деб билса, бу унинг илмни қабул қилишга тайёрлигининг аломатидир. Модомики, қалб лавҳаси фориғ бўлиб турганда, унга илмни нақш қилсин. Токи, илм қалбга муҳрлансин ва тобора ривожланиб борсин.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олади. Одамлар биронта ҳам уламо қолмаганидан динни тушунмайдиганларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнг улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво айтадилар. Ўзлари ҳам адашиб, ўзгаларни ҳам адаштирадилар». Буюк файласуф Суқрот: «Дунёдаги барча адашишларнинг бош сабабчиси илмсизликдир», деган.
Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу Абу Бакр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳуга шундай деб ёзган эди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган сўзларнинг ҳаммасини кўриб чиқиб, ёзиб боргин, чунки мен уламоларнинг вафотидан сўнг илмнинг йўқ бўлиб кетишидан қўрқаяпман. Фақат Расулуллоҳ ҳадислари қабул қилинсин! Уламолар илм ўргатишга, илм тарқатишга киришсинлар, билмаганларга ўргатсинлар, зеро, илм сир тутилмас экан, ҳалокатга учрамайди!»
Агарда боланинг илмга лаёқати ва рағбати йўқ эканини сезса, бироқ унда баҳодирлик ва от миниш, ўқ отиш, найза ўйнатиш каби ишларга қобилият кўринса, унга шу соҳа билан шуғулланиш ва машқ қилиш лозим бўлади. Мана шу иш унга ва мусулмонларга фойдалироқдир. Борди-ю аксинча, уни бундай ишларга қобилияти йўқ эканини кўрса ва унинг мусулмонларга фойдали бўлган бирон-бир ҳунарни эплаб кетишига ақли етса, ўшанга йўл очиб берсин.
Булар унга кифоя этадиган зарур даражадаги диний билимни ўргатилгандан кейинги ишлардир. Бу вазифаларни бажариш ҳар бир кишининг қўлидан келади. Бандалар устида Аллоҳнинг ҳужжати қоим бўлиши учун мана шундай осон қилингандир. Бандалар устида Аллоҳнинг мўл-кўл неъмати бўлганидек, Унинг етук ҳужжати ҳам улар устида барқарордир.
Болаларни ҳаромдан йироқ қилиш. Болани ипакдан тайёрланган кийимлар кийишдан узоқлаштиришга сабаби шуки, бу унинг тарбиясини бузади ва аёлмижоз қилиб қўяди. Шунингдек, баччабозлик, ароқхўрлик, ўғрилик ва ёлғон ҳам уни хотин мижозга айлантиради. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: «Ипак ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди». (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти). Гўдак мукаллаф бўлмаса-да, унинг валийси мукаллафдир. Валийнинг бола учун ҳаромга йўл очиб қўйиши ножоиздир. Негаки, бола шунга одатланиб қолса, ундан ажралиши оғир бўлади. Бу олимларнинг айни масала юзасидан айтган сўзларининг энг тўғрисидир. Ипак кийиш болага ҳаром бўлмайди, дейдиганлар: «Чунки у мукаллаф эмас, унинг ҳам ипак кийиши ҳаром бўлмайди», – дейдилар. Бу сўз энг фосид қиёсдан келиб чиқади. Ахир, гўдак мукаллаф бўлмагани билан мукаллаф бўлишга тайёрланаяпти-ку! Шунинг учун унга таҳоратсиз, яланғоч ёки нажосатли ҳолда намоз ўқиш, ароқ ичиш, қимор ўйнаш ва баччабозлик қилишга йўл қўйилмайди.
Муслим Атаев,
тарих фанлари номзоди,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими ходими
Мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлашда диний соҳа ходимларининг долзарб вазифалари
(Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратларининг Андижон вилоятида бўлиб ўтган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги диний соҳа ходимларининг Республика анжуманида сўзлаган нутқи)
بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله الذي هدانا لهذا و ما كنا لنهتدي لو لا أن هدانا الله و الصلاة
و السلام على رسوله الأمين و على آله و أصحابه أجمعين
أما بعد...
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!
Ҳурматли имом-хатиблар, қадрли устоз-мураббийлар ва азиз меҳмонлар!
Барчангизни аҳли илмларнинг замини бўлган Андижон вилоятида сиҳат-саломатликда кўриб турганимдан бениҳоя мамнунман. Анъанага айланган диний соҳа ходимларининг республика анжуманига хуш келибсиз.
Бу йилги анжуманимиз олдингиларидан фарқли улароқ қўшни давлатларимиздан келган қадрли меҳмонларимиз шарофати билан ўзгача аҳамият касб этиб турибди. Ушбу анжуманимизда қўшни Қирғизистон Республикаси мусулмонлари идораси раиси, муфтий Махсатбек Тохтамишев ва Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилояти Бош имом-хатиби Каримбек Аҳмаджон раҳбарлигидаги азиз меҳмонлар ҳам иштирок этмоқдалар.
Қадрли анжуман иштирокчилари ва азиз меҳмонлар!
Хабарингиз бор, шу йил 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Озарбайжон ва Ўзбекистон мисолида” номли халқаро анжуман доирасида Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Эржан Маямеров ва Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Махсатбек Тохтамишев билан суҳбат қилиб, келгусида ҳамкорликда қиладиган ишларимизни келишиб олинган эди. Бугунги анжуманда ушбу ҳамкорлик алоқаларимизнинг узвий давоми сифатида Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Махсадбек Тохтамишев ва Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилояти Бош имом-хатиби Каримбек Аҳмаджон бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар иштирок қилишмоқда.
Маълумки, сизу биз қардош халқлар билан дўстлигимиз жуда ҳам қадим-қадимдан сайқалланиб, ривож топиб келган. Айниқса, ўзбек, қирғиз ва қозоқ халқлари дўстлиги кўп йиллик тарихга эга. Халқларимиз ўртасидаги маданий, маърифий ва дўстона алоқалар тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Ўзаро ишончга асосланган муносабатларимиз бундан буён ҳам янада мустаҳкамланиб боришига ишонаман.
Азизлар ўтган йил охирида бир гуруҳ қирғизистонлик меҳмонлар таркибида диний уламолар юртимизга ташриф буюришган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган дўстона муносабатларнинг мантиқий давоми сифатида 2016 йил 26 октябрь куни мамлакатимизнинг бир гуруҳ вакиллари, хусусан, диний уламолар Ўш областига ташриф буюрдилар. Қирғизистон муфтийси Махсатбек Тохтамишев ва қирғизистонлик имом-хатиблар, уламолар ҳамда диний соҳа ходимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Ташриф асносида ўзаро ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш бўйича қилинадиган ишлар келишиб олинган эди.
Муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч асосига қурилган ҳамкорликни ривожлантириш ташқи сиёсатимизнинг муҳим йўналишларидан биридир”, деб айтган сўзлари бизларни янада фаол ҳаракат қилишга ундайди.
Шу ўринда айтиш керакки, Қозоғистонлик диний уламолар билан ҳам ҳамкорлигимиз борган сари ривож топиб бормоқда. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ана шу тамойиллар асосида жадал ривожланмоқда. Ушбу ташрифингиз бизларни жуда қувонтирди. Биз азалдан бир заминда яшаймиз, бир дарёдан сув ичамиз. Оғир пайтларда ота-боболаримиз бир-бирига ёрдам қўлини чўзган, ҳол-аҳвол сўраган, ширин сўзини аямаган.
Шу ўринда Муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбек ва қозоқ бир-бирига елкадош бўлиб, аҳл-иноқ яшаб келган илдизи бир халқдир”, деган гапларини келтириб ўтиш лозимдир.
Қозоқ халқини бирлаштирган уч буюк бийдан бири – Тўлабий номи чиндан ўз халқи ва ватанига садоқат рамзи бўлиб қолган. Тўлабийнинг мангу қўним топган жойи бизнинг заминда экани халқларимиз ўрасидаги абадий дўстлик ифодасидир. Улуғ мутасаввиф Хожа Аҳмад Яссавийнинг фаолияти донолик мезони бўлиб, Ўрта Осиёдаги халқларни бирлаштириб, жипслаштиргани ҳаммамизга маълум. Аҳмад Яссавийнинг шогирди, “Яссавия” тариқати давомчиси Чимир ота исмли авлиё ҳам аксар умрини Тошкентда ўтказган ва вафот этгандан кейин шу ерга дафн этилган.
Ўтган йили қозоғистонлик бир гуруҳ меҳмонлар қаторида диний уламолар ҳам диёримизга ташриф буюришган эди. Ушбу уламолар билан ҳамкорлик ришталаримизни янги поғонага кўтариш масалалари келишиб олинган эди. Мана шу келишувларимизни иш фаолиятимизга тадбиқ этиш вақти келди.
Шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, Марказий Осиё халқларини буюк мақсадлар йўлида бирлаштиришда давлатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ҳар қандай таҳсинга лойиқдир. Ҳозирги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилмоқда.
2017 йил 5 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга борди. Ташриф ўзининг кўп жиҳатлари билан жуда ҳам самарадор бўлди. Якунида 2017-2019 йилларга мўлжалланган йирик қўшма тадбирлар режаси, Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди. 2017 йил 5 октябрь куни эса Қирғизистон Президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида декларация имзоланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 2017 йил 9-10 сентябрь кунлари Қозоғистонга ташриф буюриб, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида иштирок этди. Шунингдек, 16-17 сентябрь кунлари Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. Мазкур ташриф доирасида ҳам Қўшма баёнот ҳамда Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигининг турли соҳаларига доир 10 дан зиёд ҳужжат имзоланди.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга ташрифи чоғида минтақамизда яшаётган барча халқларнинг бугуни ва келажаги ҳақида гапириб: “Халқларимиз ўртасида тарихан шаклланган қардошлик ва аҳил қўшничилик муносабатларини юксак қадрлаймиз. Айнан мана шу муносабатлар давлатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда”, деб айтдилар.
Биз дин пешволари бу нарсани ҳаммадан ҳам яхшироқ тушунган ва идрок этган ҳолда давлатларимиз, халқларимиз орасидаги яқин қўшничилик ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга бор кучимизни сафарбар этишимиз лозим. Қолаверса, динимизнинг ҳам таълимоти бунга буюради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси сиз-азиз қозоқ ва қирғиз дўстларимиз билан ҳамкорлик муносабатларини янада жадал давом эттиришга тайёрдир. Ушбу анжумандан кейин яна алоҳида муҳим масалаларни келишиб оламиз, иншоаллоҳ.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Айни кунларда Ўзбекистон диёрида жуда кўп ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиликлар бўлаётганининг ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Бундай яхши ишларнинг иштирокчиси бўлиб турганимиз учун Яратган Парвардигорга чексиз шукроналар айтамиз.
Бугун дунё саҳнида кечаётган воқеа-ҳодисалар, турли жараёнлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Айниқса гап тинчлик, тотувлик ҳақида борганида бунга яна бир бор гувоҳ бўлади киши. Ушбу мўъжаз кошонага жуда ҳам долзарб масала – тинчлик, эзгулик ва бугунги кун билан ҳамнафас яшаш борасида сўз юритиш учун жамландик. Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг асоси ҳам осойишталикдадир. Бу неъматнинг бебаҳо экани тўғрисида Ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтиб ўтилган.
Афсуски, Ер юзида тинчликдек улуғ неъматдан ҳамма ҳам бирдек баҳраманд эмас. Дунёнинг турли бурчакларида рўй бераётган беқарор вазият, манфаатлар тўқнашуви ва маъносиз урушлар кўплаб қурбонларга сабаб бўлаётганидан ҳаммамиз хабардормиз.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида қилган тарихий чиқишида бузғунчи-вайронкор кучларга қарши маърифат билан курашиш кераклиги ҳақида ташаббус кўрсатиб, бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни, Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини энг муҳим вазифа, деб билишга тарғиб этдилар. Мана бугун ташкил этилган анжуман ҳам диний соҳа ходимларининг жаҳолатга қарши маърифат билан, яъни илм тарқатиш билан курашишларига яна бир туртки бўлади, иншоаллоҳ.
Шунинг учун ҳам бугунги тезкор ахборот асрида муқаддас Ислом динимиз зулму зўравонликка ва хунрезликка мутлақо қарши эканини, унинг инсонпарварлик, илму маърифат дини эканини тарғиб этиш мақсадида, бир бирга фаолият олиб боришимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг биз бандаларига берган буюк неъматларидан биридир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
يَهْدِي بِهِ اللَّهُ مَنِ اتَّبَعَ رِضْوَانَهُ سُبُلَ السَّلَامِ وَيُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ بِإِذْنِهِ وَيَهْدِيهِمْ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ
яъни: “Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16).
Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Бухорий ривояти).
Муҳтарам азизлар, диёримизда мана шундай тинч-тотув, хурсандчилик дамлар бардавом бўлмоғи учун тинчлик деган улуғ неъмат шукронасини қилиб, уни асраш йўлида биз дин пешволари ҳам тинмай ҳаракат қилишимиз зарур.
Ҳурматли меҳмонлар!
Бугунги кунда она юртимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда катта ютуқ ва марраларни қўлга киритаётгани Парвардигорнинг бизга кўрсатаётган чексиз марҳаматидир. Муҳтарам Президентимиз муқаддас динимиз таълимоти ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларимизнинг илмий меросларини ўрганиш, қадамжоларини обод этиш ва янги-янги масжид-мадрасалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратаётганларини жуда ҳам катта мамнуният билан таъкидламоқчиман.
Ўтган бир йил давомида Қорақалпоғистонда «Имом Эшон Муҳаммад» масжиди, Хоразмда «Охун бобо» масжиди, Тошкентда «Имом Термизий», «Сузук ота» масжидларини катта мажмуа шаклида бунёд этилаётгани, Сурхондарёда Имом Термизий зиёратгоҳи, Қашқадарёда Абу Муин Насафий мажмуасининг қайта қурилиши, шунингдек, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этилиши ва Шеробод туманида янги “Имом Термизий” жоме масжиди очилиши барчамизни чексиз мамнун этди.
Айниқса, Самарқандда «Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази» очилаётгани мутафаккир аждодларимизнинг бой маънавий мероси нафақат юртимизда, шу билан бирга, бутун ислом оламида кенг ўрганилишига имконият беради.
Ҳазрати Имом мажмуасида улкан Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилинаётгани юртимиз довруғини, бу заминда туғилиб-ўсган алломаларнинг номларини дунёга таратишда беқиёс аҳамиятга эга. Ўз навбатида ушбу марказ қошида Ислом академияси очилиши ва мамлакатимиз ҳудудларида ақида, калом, фиқҳ, тафсир ва ҳадис илмий мактаблари ташкил этилиши диёримиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби алломалар етишиб чиқишига жуда катта хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Ууни кеча Самарқанд вилоятида “Ҳадис” ва “Калом” илмий мактабларининг очилиши бу йўлда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларимизнинг яққол намунаси ҳисобланади. Мана шу икки мактабдан келажакда исломий илмлар бўйича фан докторлари етишиб чиқиб, буюк аждодларимизнинг калом ва ҳадис фанида ёзилган бебаҳо илмий меросларини ўрганиб бутун халқимиз, хусусан, ёшларимизга етказади. Ушбу мактабларга имом-хатибларни тингловчи сифатида қабул қилиб, кучли билим ва тафаккурга эга бўлган уламоларни етиштириб чиқаришимиз лозим.
Бу йилги Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар ҳаётида улкан тарихий воқеа содир бўлди. У ҳам бўлса, муҳтарам Президентимиз уламолар ва имом-хатибларни пойтахтимизда жамул-жам қилиб, қалбларининг тўридаги самимий гапларини айтиб, дин пешволари олдида турган энг муҳим вазифаларни баён қилиб бердилар. Ўз навбатида уламолар ва имом-хатиблар давлатимиз Раҳбарининг бундай эътиборидан руҳланиб, янада куч-ғайрат ва шижоат билан ишлашга аҳд қилдилар.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлаётган диний ходимлар олдига қуйидаги долзарб вазифаларни адо этиш талаби қўйилмоқда:
– Бугун ҳар бир имом-хатиб мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз ҳаёти, одамларимизнинг онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни қалбан ҳис этган ҳолда кенг халқ оммасига тушунтириб бориши лозим. Ватан келажаги учун қайғурар эканмиз, ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этадиган, ислоҳотларга лоқайдлик билан қарайдиган ва тарбияни издан чиқарадиган иллатлардан халқимизни ҳимоя қилиш сув ва ҳаводек зарур;
– Имом-хатибларимиз жума мавъизаларида дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган тартибсизликлар, хунрезликлар, фитналар ортида эзгулик душмани бўлган разил кучлар турганини, бу ҳолат ҳеч бир фикри соғлом кишини бефарқ қолдирмаслиги, можаролар қайси мамлакатда рўй бермасин, бу бутун инсониятнинг фожиаси бўлиб, муқаддас ислом дини таълимотларига бутунлай зид эканини кенг оммага тушунарли ва таъсирчан қилиб етказишлари лозим;
– Бугун глобал ахборот маконида ҳамма кучлар ўз манфаатлари учун кураш олиб бормоқда. Интернетнинг имкониятларидан кенг фойдланишни тарғиб қилар эканмиз, унинг фойдали жиҳатларига эътибор қаратиб, зарарли томонларидан огоҳликка чақиришимиз зарур. Турли, манбаси номаълум сайтларда одам ақлини чалғитувчи, айниқса ёшларимизни тўғри йўлдан оздирувучи, яширин ғоялар мавжудлигини уларга тушунтириб боришлари даркор. Бундай сайтларнинг бош ғояси соф ислом таълимотини бузиб талқин этиш, шу орқали қалби нафис ёшларнинг фикрини заҳарлаш орқали тинч-тотув ҳаётларини издан чиқариш, алал-оқибат юрт тинчлигига раҳна солишдан иборатдир. Бу масалаларни тушунтиришда Ислом дини бу маърифат, илму ирфон, эзгулик, жамият тараққиётига хизмат қилувчи дин эканига алоҳида эътибор беришлари керак. Жумладан, АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган мудҳиш воқеалардан ҳаммамизнинг кўнглимиз қаттиқ ранжиди. Бундай қабиҳликлар тагида тинчликка рахна солиш, одамларни бир-бирига қарши қўйиш, ислом динини ёмон қилиб кўрсатиш каби макр-ҳийлалар борлигини фош этиш керак. Бундай ёмон макр-ҳийланинг касофати уни уюштирган кимсаларнинг ўзига уради. Зеро, Аллоҳ таоло “...Ёмон макр эса, фақат ўз эгаларини ўраб олур (ҳалок қилур)...” (Фотир, 43) деб огоҳлантирган;
– Тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда ёшларни “оммавий маданият”нинг салбий жиҳатларидан огоҳ этиб, ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган муқаддас динимиз таълимотларига қулоқ солишни, бу дин ҳар замон ва маконда инсоният фаровонлигига хизмат қилиб келганини, дунё тамаддунига ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб, бундан кейин ҳам жамият тараққиёти ва равнақига хизмат қилишини илмий асослар билан тушунтиришлари керак;
– Шуни ҳам яхши билиб олишимиз лозимки, бузғунчи оқимларнинг асосий ғоялари халқимиз асрлар давомида эътиқод қилиб келаётган мотурудия ақидаси ва ҳанафий мазҳабига мутлақо ёт эканини аниқ мисол ва ишончли далиллар асосида халққа етказиш ҳам имом-хатиблар зиммасидадир. Бу вазифани булардан бошқа ҳеч ким бажара олмайди. Айрим ташвишли ҳолатларга, баъзи ёшларнинг чет эл меҳнат сафаридан келгач, ўз халқи эътиқодини янглиш ҳисоблаб, адашган гуруҳларнинг алдовларига учиб, “бу ибодатни бундай қилиш керак, у амални ундай қилиш лозим”, деб “ўргатиш”гача боришларига имом-хатиблар асло йўл бермасликлари керак.
– Бугуннинг имом-хатиблари жамиятимизда рўй бераётган янгиланишларни, ўзгаришларнинг туб моҳиятини яхши тушунадиган, илмий салоҳияти юксак инсонлар бўлишлари керак. Изланиш ва ҳаракатдан тўхтаган имом, замондан орқада қолиши аниқ. Шунинг учун ҳам имомлар ўз устида мунтазам ишлаши, касб маҳорати, билим савиясини доимо ошириб боришлари зарур. Бугун имом-хатибларга бўлган муносабат тубдан яхши томонга ўзгарди. Бу ҳар қанча таҳсинга лойиқ бўлсада, айни пайтда оғир масъулият ҳамдир. Чунки бу ишончни оқлаш имом-хатибларимиздан катта шижоат, кучли ирода ва самимий ихлос каби фазилатларни қўлга киритишни талаб этади. Энди уларга маърифат ва маънавият тарғиботчилари деб қаралаётганини чуқур англашлари, қадрлашлари керак;
– Булар бежизга айтилмаяпти. Сабаб, сўнгги пайтларда юртимизда бевосита Давлатимиз раҳбари томонларидан ташкил этилаётган калом, ҳадис, фиқҳ, ақида ва тасаввуф илмий мактабларини юритиш, ривожлантириш бу борада олиб борилаётган барча ишларимизга янгича ёндашувни, ўзгача фаолият олиб боришни тақозо этмоқда. Бу дегани имом-хатибларимиз ҳар дақиқада юртимиз ва хорижда рўй бераётган ўзгаришлардан хабардор бўлиб туришлари, юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлардан ортда қолмасликка ҳаракат қилиб, унинг жадал ривожига ўзларининг ҳиссаларини қўшишни мўминлик вазифаси деб билишлари лозим;
– Ҳар бир имом-хатиб иш жараёнини замонавий техника воситалари ёрдамида амалга ошириши керак. Замон технологияларига бегона кўз билан қараш биз диний соҳа вакилларининг айримларига одат бўлиб қолган. Ваҳоланки бундай технологиялар нафақат иш юритишни енгиллатади, балки унинг таркибий қисми бўлган ижтимоий тармоқлар ёшларнинг дин ўрганишдаги асосий манбаларига айланиб улгурди. Шунинг учун сиз имом-хатибларнинг олдингиздаги бирламчи вазифа ана шу минбарларни ғаразгўйлардан тортиб олиб, халқимизга ислом маърифатини ёйишнинг яна бир воситаси сифатида улардан унумли фойдаланишингиз даркор.
– Бугунги кунда имом-хатибларимиз томонидан халқимизга етказишлари лозим бўлган яна бир муҳим нарса бу Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг муслим.уз сайти ҳақидаги маълумотлар ҳисобланади. Идорамизнинг ушбу ахборот манбасида жойлаштирилаётган маълумотлар одамларимизни қизиқтираётган масъалаю масоилларни ўз ичига олади. Айниқса, охирги фатволар, тўғридан тўғри савол-жавоб ва кундалик долзарб бўлган масалалар ёритиб борилмоқда. Энг муҳими, интернетда онлайн диний дарсларнинг йўлга қўйилгани бўлиб, ҳозирда тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида, тажвид каби ислом динининг муҳим соҳалари ҳақида етук олимларимиз томонидан дасрлар бериб борилмоқда. Имом-хатибларимиз одамларимизга, айниқса, ёшлар билан учрашувларда интернет тармоғидаги ҳар хил сайтларга кириб, турли хил фикру қарашларни олиб юрмасдан ҳар бир айтилаётган хабар ва янгиликлари, берилаётган фатволари асосли бўлган ушбу расмий сайтимизга мурожаат этишларини таъкидлашлари лозимдир.
Муҳтарам анжуман иштирокчилари!
Яқинда, 10–11 ноябрь кунлари БМТ шафелигида Самарқандда ўтказилган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга бағишланган халқаро анжуманда муҳтарам Президентимиз бизнинг бош мақсадимиз – умумий саъй ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдан иборат эканини алоҳида таъкидладилар. Шу мақсадда ёшларга илм-маърифатни ўргатиш, уларга ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ислом маданиятининг асл қадриятларини етказиш экстремизмга қарши курашнинг энг самарали воситаси эканини қайд этдилар.
Сўзимнинг якунида юқоридагилардан келиб чиқиб айтмоқчиманки, ҳар бир диний ходим зиммасидаги масъулиятли вазифанинг қадр-қимматини юрагидан ҳис этиб, виждонан ишлашга қаттиқ бел боғлашларини чин қалбимдан истаб қоламан. Ҳар бир бажараётган ишини Яратган Парвардигор кўриб турганини қалбидан ўтказсин, дин ходими эканини зинҳор унутмасин, ўзини, менлигини унутсин-да, дин, Ватан, миллат дарди билан бўлиб, жамиятимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишни муқаддас бурчи деб билсин.
Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.