muslim.uz
Мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди
Жорий йилнинг 25 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида илмий мактаблар очишга доир бўлиб ўтган йиғилишда таъкидланганидек, Самарқанд вилоятида ҳадис ва калом илми мактаблари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.
4 ноябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги ҳамда Имом Бухорий халқаро маркази ҳамкорлигида таъсисчилар йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда мактаблар фаолиятини ташкиллаштириш бўйича маслаҳатлашиб, фикр алмашилди. Жумладан, мударрисларни танлаш, дарсларни олиб бориш тартиби, ўқитиладиган китоблар, тингловчиларни қўлланма ва адабиётлар билан таъминлаш бўйича якдил тўхтамга келинди.
Йиғилишнинг иккинчи қисми вакиллик мажлислар залида давом эттирилди. Мактаблар учун тингловчиларни танлаб олиш мақсадида бўлиб ўтган ушбу йиғинда вилоят масжидларида фаолият кўрсатаётган, шунингдек ўрта махсус ислом билим юртларини тамомлаган ва ҳозирда диний идора тизимида фаолият олиб бормаётган 70га яқин номзодлар ичидан салоҳиятлилари ҳар икки мактаб учун танлаб олинди.
Эндиликда, машғулот хоналарини тўлиқ жиҳозлаш, барча керакли ашёлар билан таъминлаш жараёни олиб борилмоқда. Шу каби ташкилий ишлар ниҳояланиши сўнгидан саноқли кунлар ичида мактаблар расман фаолиятини бошлайди.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Абу Муъин ан Насафий ойлиги кўтаринки руҳда ўтмоқда
2017 йилнинг ноябр ойи Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги барча масжид ва мадрасаларда “Абу Муъин ан-Насафий ойлиги” деб номлангани муносабати билан Самарқанд вилояти масжидларида ушбу ойни муносиб тарзда ўтказиш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.
Масжидлар пештоқи мазкур ойликни ифода этувчи афишалар билан таъминланган ҳамда барча имом хатиблар қўлига Абу Муъин ан-Насафий ҳазратларининг ҳаёти ва ижодини ёритувчи маълумот тақдим этилган.
Ҳозирда ойликни кўтаринки руҳда ўтказиш бўйича амалий ҳаракатлар йўлга қўйилган бўлиб, жумладан:
2 ноябр куни Имом Бухорий халқаро марказида Пайариқ, Оқдарё ва Иштихон тумани имом хатиблари иштирокида ташкил этилган “маънавият соати”да Абу Муъин ан-Насафийнинг бой илмий мероси, бугунги кундаги, хусусан ёшлар тарбиясидаги аҳамияти борасида суҳбат ўтказилди.
Маърузалар вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов, вилоят бош имом хатиби маслаҳатчиси М.Меликов, Имом Бухорий халқаро маркази илмий котиби Ш.Умаров томонидан олиб борилди.
Имом хатибларга жойлардаги йиғинларда алломанинг ҳаёти ва ижоди ҳақида тушунчалар бериш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, шу куни вилоят бош имом хатиби ўринбосари Х.Сатторов Булунғур тумани имом хатиблари билан мазкур мавзуда суҳбат олиб борди.
Муҳтарам Юртбошимизнинг кўрсатмалари асосида бошланган ушбу хайрли тадбир вилоятимизда кўтаринки руҳда бошланди ва ой давомида умумманфаатли ва сермазмун тарзда давом эттирилади.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Гуноҳлар кечирилишини хоҳлайсизми?
Аллоҳ таоло тақводор инсонлар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Улар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар.” ( Оли Имрон сураси 134-оят). Яъни тақводор инсонлар – булар ҳар қандай ҳолатда ҳам тўқликда ҳам, тангликда ҳам, қийинчиликда ҳам, енгилликда ҳам, соғликларида ҳам, касал бўлганларида ҳам ўз молларидан фақирларга садақа ва қариндошларга эса силаи раҳм қиладиганлардир. Улар ўзлари кучли бўлсалар ҳам бировга озор бермаслик учун ғазабларини ютадиганлардир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пахлавонлик тош кўтаришда эмас, балки кучлилик инсоннинг ғазаби келганида ўзини тия олишидадир”- дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти) Хориса ибн Қудома ас-Саъдий айтади: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менга бир иш қилишни маслаҳат беринг!”- деб сўрадим. Шунда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб қилма!”- дедилар. (Имом Аҳмад ривояти)
Ғазабнинг давоси ҳақида Утя бин Саъд ас-Саъдий розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ғазабланиш шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов сув билан ўчади. Кимнинг ғазаби келса, у таҳорат олсин!”- дедилар”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.)
Тақводор инсонлар одамларнинг хато ва камчиликларини афв этадилар ҳамда уларга қилинган озорларини ўзларига қайтаришга имконлари бўлса ҳам, уларга илтифот қиладилар. Бу эса инсондаги ақл ва фикрнинг мулоҳазакорлиги, кучли ирода ва қувватга эгалигини намоён қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида Нидо қилувчи: “Инсонларнинг хато ва камчиликларини афв этганлар қаерда? Роббингизнинг олдига шошилинглар, ажр (мукофот)ларингизни олинглар. Ҳар бир кечиримли олийжаноб мусулмоннинг жаннатга кириши ҳақдир”-деб айтади”- дедилар”. (Табароний ва Ҳоким ривояти.)
“(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир”. ( Шўро сураси 40-оят). Адолат нуқтаи назаридан қараганда, ҳар қандай ўлчовда ўлчанмасин ёмонликнинг жазоси ана ўшандай ёмонлик, яхшиликнинг мукофоти худди шундай яхшилик бўлади. Агар шундай қилинса, уни ҳеч ким маломат қилмайди. Лекин агар ким ёмонлик ила зулм қилган кимсани афв этса, орадаги гиналарни унутиб, унга чиройли муомала қилса, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасида бўлиб, Аллоҳ таоло унга улуғ ажр беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бандасига унинг афви сабабли унга иззат-икромни кўпайтиради.”- дедилар.” (Имом Аҳмад, Муслим ва Термизий ривояти) “Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир.” ( Шўро сураси 43-оят).
“ (Эй, Муҳаммад!) Иймон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари(қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (У сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” ( Жосия сураси 14-оят). Яъни эй Аллоҳнинг набийси Аллоҳ ва унинг расулини тасдиқлаганларга айтинг: “Улар Аллоҳнинг турли азоблари қоим бўладиган кундан қўрқмайдиган мушрикларнинг азиятларини афв этсин, кечирсин ва уларга сабр қилсинлар!” Шунда Аллоҳ таоло у мўминларни бу дунёда азиятларга сабр қилиб, ғазабларини ичларига ютиб, ёмонликлардан ўзларини сақлаб ва яхши амаллар қилганликлари сабабли мукофотлагай. Ва албатта, “Кимки яхшилик қилса, бас, ўзи учундир. Кимки ёмонлик қилса, бас, ўз зараригадир. Сўнгра Роббингиз ҳузурига қайтарилурсиз.” ( Жосия сураси 15-оят).
Демак, юқоридаги оят ва ҳадислардан маълум бўладики, кечиримли бўлиш, ғазаби келганда ўзини тия олиш ва бошқаларнинг азиятларига сабр қилиш улкан ажр-у савобларга сабаб бўлади. Ҳаётимиз давомида бошқа инсонларга ғазаб қилмасдан, уларни камчиликларини кечириб, улар билан аҳил-иноқ яшар эканмиз ана ўша ҳадисда келтирилгандек ҳақиқий “паҳлавонлик” ҳисобланади. Инсонларга нисбатан кечиримли бўлсак, шояд Аллоҳ таоло бизнинг ҳам гуноҳларимизни кечиб юборса. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётимиз давомида Ўзининг динида бардавом бўлишимизни насиб этсин! Омийн!
Жалолиддин Ҳамроқулов
Шаржада 1350 йиллик Қуръони Карим мусҳафи намойиш этилмоқда
БААнинг Шаржа шаҳрида китоблар намойишига бағишланган халқаро кўргазма бўлиб ўтмоқда. Бу йилги кўргазмада дунёнинг 60 мамлакатидан 1650 та нашриёт ва матбаа корхоналари иштирок этишмоқда. Кўргазмада 1,5 миллиондан ортиқ китоб ва рисолалар намойиш этилмоқда.
Ярмарканинг бешинчи павилионида Қуръони каримнинг энг қадимий қўлёзмалари тақдим этилмоқда. Жумладан, Буюк Британиянинг Бирмингем университетида сақланаётган 1350 йиллик Қуръони карим қўлёзмаси ҳам намойиш этилмоқда.
Маълумот учун, Британия қироллигининг Бирмингем университетида Қуръони Каримнинг қадимий қўлёзма нусхаси топилган эди. Уларнинг фикрича, ушбу қўлёзма Қуръони Карим мусҳафининг қадимий нусхаларидан ҳисобланади.
Шунингдек, ушбу павилионда интерфаол сенсорли экранлар ўрнатилган бўлиб, улар саёҳатчига қадимий қўлёзмалар бўйича кўплаб маълумотларни ўрганишга имкон беради.
Ушбу кўргазма жорий йилнинг 11 ноябр кунига қадар давом этади.
Илҳом Маърупов
тайёрлади