muslim.uz

muslim.uz

Бир оила шаҳар марказидаги кўп қаватли уйларнинг бирига кўчиб келди. Янги хонадон бекаси эрталаб азонда уйғониб, ташқарига боқди. Қараса, қўшни аёл ювилган кирларини дорга ёйиш билан банд.

– Ё тавба, анави аёлнинг кирлари ҳечам “очилмабди”, чала ювганми, дейман, – деди киноя оҳангида. Унинг бу гапларини эшитган эри лом-мим демади.

– Қўшнимнинг совуни сифатли эмасдир. Эҳтимол, кир ювишни билмас. Унга кир ювиш қанақа бўлишини бир ўргатиб қўйсам бўларкан. Шу тариқа ҳар сафар ҳалиги қўшни аёл дорга кир ёйганда, шу суҳбат такрорланаверди, эр эса бепарво. Ажиб ва мунаввар кунлардан бирида аёл дераза оша ташқарига боқди-ю, беихтиёр қичқириб юборди:

– Вой, мана қаранг! Бугун у кирларини топ-тоза қилиб ювибди-ку. Бирорта ғубор кўринмайди-я! Ниҳоят қўшним кир ювишни ўрганиб олибди, қойил!

– Йўғе, – дея сокинлик билан жавоб берибди эри, – мен шунчаки барвақтроқ туриб, дераза ойнасини ювиб-тозалаб қўйдим, холос…

Ҳаётда ҳам худди шундай! Ҳаммаси атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларни кўрсатиб турган ўша дераза ойнасига боғлиқ. Аввало, бировларни таҳқирлаш ёки улардан бирор айб топишдан олдин ўзимизнинг кўнгил ойнамизга боқайлик. Дилимизни ҳар қандай чанг ва ғуборлардан тозалайлик. Қачонки, қалб ойнамиз покиза экан, дунё бизлар учун шунчалик ҳикматли кўринаверади. Зеро, иллат излаганга иллатдур дунё.

Интернет сарҳадларидан…

mardi, 25 septembre 2018 00:00

Ғийбатнинг каффорати

Ғийбат қилиб қўйган киши бу иши учун афсус-надомат қилиши вожиб, шунда Оллоҳ таолонинг ҳаққини адо этган бўлади. Сўнгра ғийбат қилинган кишининг ҳузурига бориб, ўз қилмишидан уни воқиф этмоғи, “Истиҳлол”, яъни гуноҳини кечиришини сўрамоғи лозим. Шунда мазлумнинг ҳаққи зиммасидан соқит бўлади.
Баъзан инсон гуноҳни тан олиб, мазлумдан кечирим сўрайди. Лекин унинг надомати самимий бўлмаганини озгина вақтдан кейин-яна ғийбатга шўнғишидан билиб оласиз. Демак унинг олдинги “Истиҳлол”и нохолис экан. Шу сабаб бўлса керак Хасан Басрий: “Ғийбат қилиб қўйган кишига “Истиҳлол” сиз истиғфор кифоя” деганлар.Бунинг далили сифатида Анас ибн Моликнинг Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадиси келтирилади: “Ғийбатнинг каффорати ғийбат қилинган киши учун истиғфор айтмоқдир”.
Атоъ ибн Аби Рабоҳдан: “Ғийбат қилиб қўйган кишининг тавбаси қандай бўлади” дея сўрашди. “Дўстингнинг олдига борасан ва: “Сени ғийбат қилдим, сенга зулм қилдим, ёмонлик қилдим, истасанг, мендан ҳаққингни ол, истасанг кечир” дейсан, дедилар.
Ҳасан Басрийга бир киши: “Фалончи сизни ғийбат қилди” дебди. Шунда Хасан Басрий ғийбат қилган кишига бир лаган хурмо жўнатибдилар ва : “Эшитдимки, менга савоб амалларингиздан ҳадя қилибсиз. Узр, менга қилган бу яхшилигингизнинг эвазини тўла адо қила олмадим, мукофотимни қабул этгайсиз” дебдилар.
Мана шу тарзда йўл тутиш мақбулроқ. Демак, имкони бўлса, ғийбат қилинган мазлумдан кечирим сўраш лозим.
Агар у ғойиб ёки вафот этган бўлса, унинг учун истиғфор ва яхши дуони кўпайтириш керак.

 

Бекобод тумани Улуғбек жоме масжиди имом-хатиби Холбоев Х.

Юртимиздаги нашриётларидан бири бўлган “Hilol Nashr” нашриётида замонамизнинг етук ва машҳур уламоларидан бири бўлмиш Шайх Муҳаммад Аввоманинг «Фақиҳ имомлар ихтилофида Ҳадиси шарифнинг ўрни» номли китоби нашр этилади. Бу ҳақда нашриётнинг телеграм каналида хабар берилди.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун олдин Шайх Муҳаммад Аввома Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдиримни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги анъанавий яқин ва дўстона муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади.

Ўтган йил кузда Туркияга ва жорий йил баҳорда Ўзбекистонга амалга оширилган давлат ташрифлари давомида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокаралар, улар якунида имзоланган муҳим ҳужжатлар турли соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилгани алоҳида қайд этилди.

Сиёсий мулоқот фаол ривожланмоқда. Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари билан ҳамкорликда савдо, инновациялар, энергетика, инфратузилма, транспорт, туризм, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда инвестиция дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Жорий йил бошидан буён 230 дан ортиқ Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси ташкил этилгани Туркия ишбилармонларининг Ўзбекистонда бизнес юритишга қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми шу даврда 40 фоиздан зиёдга ошди.

Маданий-гуманитар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувлар кенгаймоқда.

Икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро алоқалар муҳим ўрин тутади. Мамлакатларимиз қонун чиқарувчи органлари ўртасида фаол мулоқот кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисида дўстлик гуруҳлари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум ва "Йўл харита"си қабул қилинган.

Суҳбатда олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш, шунингдек, ҳамкорликка оид қўшма дастур ва лойиҳаларнинг парламентлар вакиллари томонидан фаол қўллаб-қувватланиши муҳимлиги қайд этилди.

Бинали Йилдирим Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Меҳмон Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, Туркия мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини модернизация қилишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади.

Конструктив мулоқот давомида томонларнинг анъанавий дўстлик муносабатлари ва узоқ муддатли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий экани қайд этилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ва Al Saqr компанияси "Вақф" фонди ҳомийлигида жума маърузаларини онлайн режимда тинглаш имкониятини яратди. Бу ҳақда Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа доирасида дастлаб Остона шаҳридаги Ҳазрат Султон жоме масжидидаги жума маърузасини онлайн тинглаш имконияти яратилади.

Жума маърузалари қозоқ тилидан рус ва инглиз тилларига тўғридан тўғри таржима қилиб борилади. Жума намози хутбасини ҳам тинглаш имкони бўлиши қайд этилган.

Онлайн трансляция www.alsaqr.kz сайти орқали узатилади. Ушбу сайт мобил телефон ёки бошқа қурилмаларда бирдек ишлаши айтилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг www.muslim.uz портали орқали 2015 йилдан бошлаб жума маърузаларини онлайн видео шаклида намойиш этиш лойиҳаси йўлга қўйилган эди. Бундан ташқари, Диний идора томонидан ташкил этилган барча тадбирлар ва маросимлар онлайн намойиш этилади.

Идора томонидан, itv.uz сайти билан ҳамкорликда Muslim TV лойиҳаси, Muslim Radio онлайн радиоси, savollar.muslim.uz, Muslim Media, mp3muslim.uz лойиҳалари фаолияти йўлга қўйилган.

Медиа гуруҳнинг ютуғи сифатида 6 та фандан онлайн дарсларни ҳам таъкидлаш мумкин.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top