muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан кеча, 4 сентябрь куни Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасм Президенти Матбуот хизмати хабар берди.

 

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

 

Ўзбекистон ва Миср Президентларининг асосий музокаралари бугун Кўксаройда бўлиб ўтди. Унда сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, фан, таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар якуни бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти ва қатор ҳужжатлар имзоланади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

mardi, 04 septembre 2018 00:00

Тафаккур қилайлик!

Аллоҳ таолонинг яратган махлуқлари ҳақида тафаккур қилиш иймон нури зиёда бўлишига сабаб бўлади. Қуёш, Ой, юлдузлар, сайёралар, сув, тоғ, ҳаво, ўсимликлар, ҳайвонлар ва бошқа махлуқотлар тўғрисида фикр юритиш, Аллоҳ таоло уларнинг барчасини ҳикмат билан яратганини ўйлаш кишининг иймон нури зиёда бўлишига сабабдир. Ана шундай тафаккурга ундовчи нарсалардан бири осмон жисми бўлган туманликлардир. Туманликлар — юлдуз тўдалари ёки бутун юлдуз системалари (галактикалар)дан, шунингдек, газ ва чангдан ташкил топган булутлардир. Туманликлар ҳақида янада аниқроқ тасаввурга эга бўлиш учун битта туманликни кўриб чиқсак.

 

Ушбу суратда «Чумоли» номли туманлик акс этган бўлиб, у сайёралар туманлиги ҳисобланади. Бу туманлик Қуёш тизимидан 8 минг ёруғлик йили узоқликда жойлашган. (Маълумки, ёруғлик бир сонияда 300 минг километр масофа босади. Ёруғлик йили дейилганда, шу ёруғликнинг бир йил давомида босиб ўтган масофаси тушунилади). Ушбу туманлик кўринишидан чумолининг боши ва белига ўхшаб кетгани учун унга «Чумоли» номи берилган. 

 

Яна бир жиҳати шундаки, ушбу туманлик сониясига 50 километрга яқин тезликда кенгайиб бормоқда.

 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

 

«Осмонни Ўз қудратимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилувчимиз».

 

(Зарият сураси, 47-оят).

 

Аллоҳ таоло барчамизга яратган махлуқотлари ҳақида тўғри тафаккур қилиб, иймонимиз нури зиёда бўлишини насиб этсин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсинки, ҳаж амалларини бажариб она-Ватанимизга қайтиш арафасида турибмиз. Ҳаж мавсуми пайтида давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитлардан, ташкилий ишлардан жуда ҳам мамнун бўлдик. Ишчи гуруҳи, шифокорлар, ошпазлар ва гуруҳ раҳбарларининг фидокорона хизматлари барчани бирдек қувонтирди. 

Биз ҳожи оналар тинч ва тобора гуркираб яшнаб бораётган озод ва обод Ўзбекистон дея аталмиш ватанда яшаётганимиз учун қалбимизда фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этмоқдамиз. Бундай тартиб билан ташкил этилган зиёратлар фақат таҳсинга лойиқ. Ҳаммаси соат каби интизом ва тартиб билан бажарилди. Ишчи гуруҳининг жойлардаги ҳаракатлари, гуруҳбошиларнинг ибодатларимизга берган аҳамиятлари, шифокорларнинг маҳорати, ошпазларнинг таомлари, ҳаммаси ўз вақтида, жойида бўлди. Бунинг учун муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Юртимиз тинч ва обод бўлсин, дея дуолар қиламиз.

Тошкент шаҳри 8-гуруҳи раҳбари Чўлпонов Шерзоднинг биз зиёратчиларга кўрсатган хизматларидан миннатдормиз, унинг илм савияси, араб тилида сўзлашиш қобилияти ва етакчилик маҳорати мақтовга сазовордир. Келгусида мана шундай ёш, иқтидорли ва ташаббускор гуруҳ раҳбарларини кўпайишини тилаб қоламиз, дея ўз сўзларини якунлади Тошкент шаҳри 8-гуруҳи ҳожилари номидан Ш.Одилова. 

Ҳожиларимизнинг мана шундай миннатдорлик мактублари келиши давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуддус муфтийси Муҳаммад Ҳусайн фаластинликларга мурожаат қилиб, саҳифалари етишмайдиган Қуръони Карим тарқалганидан огоҳлантирди. Бу ҳақда IslamToday’га таяниб Azon интернет нашри хабар бермоқда.

Муфтийнинг айтишича, мазкур нашр Мисрнинг Ал-Азҳар университети 2015 йилда берган изнга асосан Миср-Сурияни нашриётида чиқарилган. Унда тўртта саҳифа камлиги айтилмоқда: 192, 195, 196 ва 199.

Муҳаммад Ҳусайн кутубхоналар ва фуқаролардан саҳифалари нотўкис нашрни диний идорага топширишни сўради.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида 3 сентябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммити бўлиб ўтди. 

Унда ушбу тузилмага аъзо мамлакатлар – Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Республикаси Бош вазири Виктор Орбан анжуманда фахрий меҳмон сифатида қатнашди.

Давлатимиз раҳбари саммитда сўзлаган нутқида халқларимизни ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётгани, бугунги кунда Кенгашнинг сиёсий кун тартибида  ҳеч бир муаммо ёки келишмовчилик мавжуд эмаслигини қайд этди.

“Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев. 

Президентимизнинг сиёсий иродаси, очиқ ва амалий ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда вазият ўзгарди, минтақа давлатлари ўртасида дўстона алоқалар мустаҳкамланди. 

Давлатимиз раҳбарининг Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон Президентлари билан учрашув ва мулоқотлари самарасида турли соҳалардаги ҳамкорлик янада ривожланди. Мамлакатимизнинг Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми охирги бир йилда 40 фоиздан зиёд ошган.

Ўзбекистон Президенти бу кўрсаткичлардан анча юқори марраларга эришиш мумкинлигини таъкидлаб, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди. 

Аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, етакчи саноат корхоналари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. 

Транспорт йўналишларининг интеграциялашган тармоғини яратиш,  дунё ва минтақадаги асосий бозорларга чиқиш масаласига эътибор қаратилди. Мамлакатларни инновацион асосда ривожлантириш, бу соҳага  масъул бўлган идоралар, илмий-тадқиқот марказлари ва венчур компаниялар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. 

Туризмни ривожлантириш бўйича улкан имкониятлар борлиги, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш халқларимизни янада яқинлаштириши қайд этилди. Шунингдек, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, ёш авлодни илм-маърифат асосида тарбиялаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантираётгани, ушбу халқаро тузилманинг келажагига катта умид ва ишонч билан қарашини таъкидлади. 

“Туркий кенгаш доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёрмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига раислик Қирғизистон Республикасига ўтгани муносабати билан Президент Сооронбай Жээнбековни табриклади. 

 

манба: http://president.uz

Top