muslim.uz

muslim.uz

Нишонга урилган гаплар: “Эй Роббим! Қоронғу қабрга қўйилган кунимда қабримни нурли қилгин, омин!” 

Қуйида келтириладиган ҳадис, фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Эй Роббим! Қоронғу қабрга қўйилган кунимда қабримни нурли қилгин, омин!

*****

Гоҳида Аллоҳ таоло атрофингизда юриб, сизни севишини даъво қилаётган дўстларингизнинг қалбларини фош этиш учун сизга синовлар юборади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Безовталик ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Аллоҳ таолога кучли ишончингиз бўлсин, Унинг ибодатларида давомли бўлинг!

*****

Ҳеч бир шахсга ҳажмидан ортиқ ҳажм бермагинки, тағин сенга сакраб қолмасин.

Ҳеч бир шахсга керакли ҳажмни бермай, камситиб қўймагинки, тағин сендан узоқлашиб қолмасин.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Юсуф сураси менга ушбуларни таълим берди:

Аллоҳнинг изни билан бемор тузалади, кетган қайтиб келади, маҳзунлик арийди, машаққатлар кетади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Баъзи ёмонликлар, гарчи кечирилса ҳам, унутилмайди.

“Ховатир роқия журнали”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 

Нозимжон Иминжонов

  Шу йилнинг 8-13 февраль кунлари  Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш  бўйича  Миср Араб Республикасининг Қоҳира  шаҳрида  27- халқаро   Қуръони карим мусобақаси ўтказилади.

   Мазкур  мусобақа  машҳур  Қуръон ҳофизларини  Аллоҳ таолонинг каломи шарифига кўрсатган беқиёс хизматлари учун тақдирлашнинг юксак намунаси сифатида таниқли машҳур Қуръон ҳофизи, марҳум Шайх Абдулбосит Абдуссомад номи билан аталиб, унда марҳум Шайх Абдулбосит Абдуссомаднинг оила аъзолари ҳам фахрий меҳмон сифатида қатнашади.     

   Мазкур мусобақа қуйидаги 4 йўналишда бўлиб ўтади: 

  1. Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида тўлиқ ёддан билиши билан бирга Қуръони каримнинг луғавий маъноларини ҳам билиши.
  2. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериши.
  3. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериши (Африка давлатлари қорилари учун).
  4. Қуръони каримни тўлиқ тажвид қоидаси билан ёддан билиши, ўсмирлар учун (иштирокчининг ёши 12 ёшдан ошмаслиги керак).

   Маълум қилинишича, бу йилги мусобақада таклиф қилинган  65 та давлатдан қорилар иштирок этади.    

    Юртимиздан Тошкент ислом институти ўқитувчиси Валихон қори Азимбоев Қоҳира  шаҳрида бўлиб ўтадиган Шайх Абдулбосит Абдуссомад номли 27- халқаро   Қуръони карим мусобақасининг биринчи йўналишида қатнашиши учун кеча Миср Араб Республикасига жўнаб кетди. Биз вакилимизга ушбу нуфузли мусобақада совринли ўринни қўлга киритишида Аллоҳдан муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.     

                                                                                               

Халқаро  алоқалар  бўлими

 

Ториқ Абдуссамад оталарини хотирлаб дейди: “Ўқишни битирганимда отам шундай гапларни айтдиларки, уларни унутганим йўқ. Ўқишни тамомлаганимда у киши жуда хурсанд бўлдилар ва: 

 

 

“Роббимиз Аллоҳга ҳамд бўлсинки, У сени ўзинг орзу қилган нарсага эриштирди. Мана сен зобит бўлдинг. Ҳеч кимга зулм қилма! Иш қилаётганингда Аллоҳдан қўрқ! Доим виждонингни назорат қил! Ўзингни ҳар куни тафтиш қилиб тур!” 

Бу гаплар қулоғимда ҳали ҳам жаранглайди. Отам раҳимаҳуллоҳ таърифлаб бўлмас даражада зулм қилиб қўйишдан қўрқардилар ва дуоларида доим “Эй Аллоҳ, бизни золимлардан қилиб қўймагин!” деб такрорлардилар. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, у кишига берган аҳдимга ҳали ҳам содиқман”.

Ториқ Абдуссамад оталари ҳақида яна шундай дейди: “Отам бизни ўзимиз қизиққан касб бўйича илм олишимизга шароит қилиб бериш билан бирга Қуръонни ёд олишимизга ҳам ҳарис эдилар ва буни назорат қилардилар”. 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Масруқ раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Кишининг олимлигига Аллоҳ таолодан қўрқиши етарлидир. Кишининг жоҳиллигига амали билан ужб қилиши етарлидир».

Ужб — амали билан ғурурланиш, амалига маҳлиё бўлиш ва амал қилишда кўпчиликдан устунман деб ўйлаш.

*****

Каъбул Аҳбор шундай деганлар: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлашим мен учун вазнимга тенг олтинни садақа қилишимдан кўра маҳбуброқдир».

*****

Абу Сулаймон Дороний раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Ҳар бир нарсанинг белгиси бўлади. Хорликнинг белгиси йиғини тарк этишдир. Ҳар бир нарсанинг занги бўлади. Қалбнинг занги тўқликдир».

*****

Дўстлар икки хил бўлади:

  1. Шундай дўстки, умр бўйи сиз унинг яхшилигини унутмайсиз.
  2. Шундай дўстки, вафот этадиган кунингизгача сиз унинг алдовини, хиёнатини унутмайсиз.

Фикр дурдоналаридан

*****

Бошқаларнинг обрўсини тушуришга уринишинг сенинг обрўйингни ҳеч қачон кўтарилишига сабаб бўлмайди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ғазабнинг аввали жиннилик, охири эса, надоматдир.

“Нодир ҳикматлар”дан

*****

Гапираётганингда, сенга тикилиб, жим турганларнинг барчаси ҳам гапингни тинглаётган бўлавермайди. Айримлар гапириш навбатини кутиб жим туради.

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Энг улуғ неъмат нималигини биласизми? 

Аллоҳ таоло сизга қанча неъмат берганини ҳис қилмоқчимисиз?

Кўзингизни юмиб, ўн қадам юриб кўринг!

Юриб кўрдингизми? Нимани ҳис қилдингиз? Битта неъматининг аҳамияти қанчалик экан? Тушундингиз-а?!

Қўлингизни ишлатмай, дастурхонда турган пиёлада чой ичиб кўринг!

Нақадар қийинлигини ўйлаб кўрдингизми?!

Бир оёғингизни ишлатмай, фақат биттасида юриб шу ҳолда ҳожатхонага кириб кўринг!

Нимани тасаввур этдингиз?! Ўтириб-туриш қийинлигини кўз олдингизга келтирдингиз-а?!

Устингизда турган либосингиз ён қўшниларингиз киядиган либосларга нисбатан эскироқ, модаси ҳам орқадами?

Энди нарироқдаги фалон қўшнингиз киядиган либос ҳақида ўйлаб кўринг! Унинг кийими олдида сизнинг либосингиз қанчалик янги эканини ўйлаб кўрдингизми?!

Машинангиз йўқлигидан нолияпсизми?!

Фалон қўшнингизнинг икки оёқлари кесилгани эсингиздадир?!

Ҳалиям машинангиз йўқлигидан афсусдамисиз?!

Аллоҳ таоло дуёда яшаётган миллиардлаб бандалари орасидан сизни танлаб, сизга ИЙМОН неъматини ато этган! Бу сиздаги энг улуғ неъматдир! Бунга шукр қилинг! Ҳаётимизни ИЙМОН тақозо қиладиган ибодатлар, солиҳ амаллар билан ўтказиб, гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Видеолавҳалар

Top