muslim.uz

muslim.uz

Инсоният тарихига назар ташласангиз, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, уларда тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ноаҳиллик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган. Аллоҳ таоло бандаларини урушишга, бир-бирларининг қонини тўкишга, можаролар чиқаришга эмас, балки аҳилликда, бир-бирларига бағрикенгликда, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаган ҳолда яшашга буюрган. 

Мулло Али Қорининг “Мирқот ул-масобиҳ” асарида келган хабарда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Барча дин аҳлига хайру-эҳсон қилингизлар” (Имом Ибн Абу Шайба ривоят қилган). 

Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. 

Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак инсоний табиатли диний эркинлик тўғрисидаги кўрсатмаларига у зотдан кейинги ислом ҳукмдорлари ҳам қатъий амал қилишди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Байтул-Мақдис (Қуддус)га фотиҳ сифатида кирганларида у ернинг масиҳий аҳолиси яҳудийлар билан шаҳарда бирга яшамасликларини шарт қилиб қўйишади. Шунда у киши бунга рози бўладилар. Ваҳоланки, Умар ибн Хаттоб Қуддусни фатҳ қилган, бу шартни қабул қилмасликлари мумкин эди. У киши “Қуддус ул-кубро” черковида турганларида аср намози вақти кириб қолди. Шунда бўлган таклифларга ҳам қарамай, у ерда намоз ўқишдан бош тортдилар. Сабаби, мусулмонлар буни далил қилиб олиб, черковни масиҳийлардан тортиб олиб масжид қилиб олмасликлари учун шундай қилган эдилар. 

Ислом динига кўра, бошқа эътиқодда бўлган аҳли китобларнинг ибодатхоналари ҳам худди масжидлар каби ҳимояга олинади, уларни бесабаб бузиш ёки бирор зарар етказиш динимизга кўра тақиқланади. Ўтмишда Бағдод ва Дамашқ мадрасаларида аҳли китоблардан кўплаб мударрислар таҳсил беришган. Ҳатто айрим ислом ҳукмдорларининг хос табиблари ва котиблари насроний ёки яҳудийлардан бўлган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни Мени ўзининг душмани сифатида кўради” (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, “Муснад”). 

Имом ал-Вокидий ва Ибн Асокир Абдуллох ибн Абу Худрад ал-Асламийдан ривоят киладилар: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Жобияга келдик. У аҳли зиммадан бир чолнинг таом тиланиб юрганини куриб колиб, унинг кимлигини суради. «У аҳли зиммадан, ёши улғайиб, заифлашиб ғолган», дейилди. Умар унинг зиммасидаги жизяни бекор қилди. Кейин: «Ундан жизя олиб, заифлашган чоғида таом тилантириб қўйдингизми?!» деб, Байтул – молдан ўн дирҳам нафақа жорий қилди. Унинг оиласи бор эди». 

Буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал‑Мотуридийнинг асарларида ҳам бағрикенглик ғоялари баён қилинган. Жумладан, Мотуридий  Қуръони карим оятларининг тафсирига бағишланган, ислом оламида жуда кенг танилган “Таъвилот аҳли сунна” асарида “Ҳаж” сураси 40-оят тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир”, – деб қатъий таъкидлайди. 

Ислом қонунчилигининг энг нуфузли асосчиси, ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг бутун мусулмон дунёсида ўрта асрлардан бошлаб шу давргача ислом қонунчилиги бўйича энг мўътабар манба ҳисобланувчи “Ҳидоя” асаридан айрим фикрларни келтирамиз: “Чунончи исломнинг бешта фарзидан бири бўлган “Закот”ни олишга ислом динига эътиқод қилувчилар ҳақли деб ҳукм чиқарилган бўлса, бошқа динга эътиқод қилувчилар ичида ҳам моддий ёрдамга муҳтож кишиларга хайр-эҳсон, садақанинг бошқа ҳамма турлари берилиши мумкин, деб ҳукм чиқарилади. Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Барча динларнинг аҳлларига садақа бераверинглар”, – деган ҳадисларидир ”. 

Мамлакатимиз том маънода диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилмоқда. Зеро, юртимизда доимо “диний бағрикенглик” ғояси илгари сурилган. Хусусан, диёримиздан етишиб чиққан  Замахшарий, Марғиноний, Мотуридийдек буюк алломаларимизнинг асарларида “диний бағрикенглик” ғояси, шу заминда яшовчи турли эътиқодга мансуб халқларни  юрт фаровонлиги йўлидаги интилишларини таъминловчи муҳим омил бўлиб келганлиги таъкидланади. 

Ислом ақидалари халқимиз урф-одатларига монанд келгани учун мусулмончилик турмуш тарзимизга чуқур сингиб кетган. Бинобарин, ўзбекларда инсоний бағрикенглик билан динлар­аро бағрикенглик табиатан ва­ моҳиятан ўзаро уйғундир.­

Дарҳақиқат, Ўзбекистон турли миллат ва диний эътиқодга мансуб одамлар юз йиллар мобайнида бир оила каби иноқ яшаб келаётган, дини, ирқи ва миллатидан қатъи назар, инсон шарафланадиган бағрикенг мамлакатдир. Айни шу заминда юз йиллар давомида дунё маданиятларининг катта миқёсдаги бир-бирини бо­йитиш жараёни рўй берган. 

XV аср бошларида Темур саройида бўлган Кастилия элчиси гувоҳлик беришича, Темур Самарқандда турли дин вакилларини йиғади, уларга илтифот кўрсатади. Бошқа манбаларда келтирилишича, Темурнинг ўғилларидан бири христианларнинг эҳтиёжларини қондириш учун масъул қилиб тайинланиб, у барча христиан мамлакатлари билан мавжуд алоқалар учун ҳам жавобгар эди. 

Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, алҳамдулиллаҳ, тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳақиқатан ҳам, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир. 

Ўзбекистон ҳукумати диний бағрикенлик сиёсатини олиб бормоқда. Республикада ислом билан бир қаторда, 16та диний конфессияга мансуб ташкилотлар эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатий назар, барча учун тенг ҳуқуқлар қонун орқали кафолатланган. Буни диёримизга очиқ қалб билан келаётган ҳар-бир меҳмон ўз кўзи билан кўрмоқда ва эътироф этмоқда. 

Диний бағрикенлик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъий назар, уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этмоғи лозим. 

Хулоса қилиб айтганда, халқаро ҳамжиҳатлик йўлида ҳар бир инсон, жамоа ва миллатлар башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англаши ва ҳурмат қилиши жуда муҳимдир. Бағрикенгликсиз демократия асослари ва инсон ҳуқуқларини  мустаҳкамлаб бўлмайди. Тинчликсиз тараққиёт ва демократия бўлмагани каби, бағрикенгликсиз тинчлик бўлмайди.


А.Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

 

Бугунги кун имом-хатиби ривожланиш, янгиланиш, ислоҳатлар бўлган бир даврда бир жойда туриб қолиши асло мумкин эмас. Зеро динимизда ҳам янгиланиш, ривожланишга интилиб яшашлик кўрсатмалари бир неча бор таъкидланган.

Имом-хатибларнинг касбий маҳоратини ошириш, масжид иш юритиш ҳужжатлари, молиявий ва хўжалик ишлари, имомларнинг воизлик махорати ҳамда уларнинг хозирги кун талабларига жавоб бераоладиган шахс сифатида шакллантиришлик мақсадида жорий йилнинг 13 ноябрь куни Андижон туманидаги «Довудхонтўра» жоме масжидида сайёр семинар йиғилиши ўтказилди. Унда вилоятнинг барча шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда Андижон туманида фаолият кўрсатиб келаётган имом-хатиблар ҳам иштирок этди.

Даставвал режага кўра барча шаҳар ва туман бош имом-хатиблари тумандаги масжидларнинг хозирги кундаги ҳолати, ободончилиги, иш юритиш жиҳатларини ўргандилар. Сўнгидан эса, ушбу ўрганишларнинг ҳулосалари билдирилди. Андижон туманидаги масжидлар фаолиятига доир ҳужжатларидаги баъзи камчиликлар юзасидан ҳам баёнотлар берилди.

Семинар сўнггида имом-хатибларнинг фаолиятига доир бир қатор қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигида вилоятда фаолият кўрсатаётган 181 та масжид имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги ходими Н.Қодиров хабар берди.

Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан нашр қилинаётган “Ҳидоят” ва “Мўъминалар” журнали ҳамда “Ислом нури” газеталарига 2020 йил учун обуна жараёнларида фаол қатнашган бир қатор имом-хатиблар қимматбаҳо совғалар ва “Мовароуннаҳр” нашриётининг ташаккурномалари билан тақдирландилар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар ва улкан бунёдкорлик ишлари самараси ўлароқ юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, улар қўним топган қадамжоларни обод этиш борасида муҳтарам юртбошимиз томонидан катта ишлар амалга оширилмоқда.

ISESCO ташкилоти томонидан “2020 йилда Бухоро шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан Бухоро вилоятидаги Мир Араб олий мадрасасида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг                 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йилллигига бағишланган “Аждодларимиз мероси-маънавиятимиз сарчашмаси” мавзусида талабалар илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Бухоро давлат университети, Бухоро муҳандислик-технологиялари институти талабалари ва педагог-ўқитувчилари иштирок этдилар.

Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вакили иштирок этиб, анжуманнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Анжуманда талабалар томонидан Бухорода яшаб ижод этган алломалар, нақшбандия тариқати, тасаввуф таълимоти намояндаларининг ҳаёти ва фаолияти, ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, юртимиздан етишиб чиққан алломалар меросининг ёшлар тарбиясида аҳамиятига оид мавзулар кенг ёритилди.

Анжуман якунида талабалар томонидан ёритилган мавзулар доирасида мутахассислар ва педагог-ўқитувчилар томонидан муҳокама ўтказилди.

Анжуманнинг иккинчи қисмида талабалар учун Бухоро шаҳридаги “Етти пир” ва бошқа диққатга сазовор қадамжоларга зиёратлар ташкил этилди.

Республика талабалар илмий-амалий анжумани Бухоро вилоят телевиденияси ва интернет сайтларида кенг ёритилди.

 

 

 

 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири

 С.Шерхонов

Ўксик кўнгилларни кўтаришлик энг савобли ишлардан ҳисобланади. Шундай экан имом-хатиблар ўз фаолиятлари давомида манашундай юртдошларимизнинг кўнгилларини имкони борича кўтаришга ҳаракат қилмоқдалар.

Шундай хайрли ишлардан бири жорий йилнинг 11 ноябрь куни Олтинкўл туманидаги Орс маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Атаматов Назиржон 3 йилдан бери беъмор бўлиб кўчага чиқолмайдиган бўлиб қолган эди.

Олтинкўл туманидаги “Оқ масжид” жоме масжиди имом-хатиби Акмалжон домла Қурбонов ҳомийларни жалб қилган ҳолда ушбу фуқарога ногиронлик аравасини совға қилди. Албатта қилинган шундай хайрли ишдан хонадон соҳибларининг кўниллари шодликка тўлди.

Аллоҳ ҳаммаларимизни хайрли ишларда бардавом бўлишлигимизни насиб айласин.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top