muslim.uz

muslim.uz

2016 йилнинг 12-13 июль кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллиги ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда “Қашқадарё вилоятида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш Дастури ижроси юзаси”дан вилоятдаги имом-хатибларнинг ўқув-семинар машғулотлари бўлиб ўтди.

Семинарда Республика “Миллий ғоя” илмий амалий маркази бош мутахассиси Э.Даминов, вилоят Адлия бошқармаси бўлими бошлиғи А.Исоқов, вилоят Маънавият-тарғибот маркази раҳбари Л.Саодатова, Қарши Давлат университети профессори, фалсафа фанлари доктори С.Чориев, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Р.Усмонов ва вилоятдаги барча масжид имом-хатиблари иштирок этишди.

Ўқув-семинарга таклиф этилганлар “Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарининг мазмун-моҳияти, ундаги асосий ғоялар ва устувор вазифалар”, “Имом-хатибларнинг жамиятимиз ҳаётида тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, ҳушёрлик ва огоҳлик муҳитини мустаҳкамлашдаги масъулияти”, “Имом-хатибларнинг диний экстремизм, миссионерлик ва прозелитизмга қарши курашиш борасидаги вазифалари”, “Ҳудудлардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олишда имом-хатиблар олдида турган долзарб вазифалар” каби мавзуларидаги маърузалари билан иштирок этдилар.

Ўқув-семинари давомида имом-хатибларнинг қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар берилди.

 

 ЎМИ Масжидлар бўлими

Канадада Ислом ва мусулмонлар ҳақида шаклланган нотўғри тасаввурларга барҳам бериш мақсадида “Исломни танитишга оид кўчма бекат” лойиҳаси иш бошлади.

Мазкур лойиҳага дунёнинг турли давлатларидан олти нафар етук мусулмон олимлари жалб қилинган. Улар Канада бўйлаб 40 кунлик сафарда бўлишди. Улар ўз сафарларини Сант Жунз шаҳридан бошлаб, Виктория шаҳрида якунлашди.

Олимлардан бири Фарҳод Ғаффорнинг маълум қилишича, Канада шаҳарлари бўйлаб қилинган сафар “Барчани яхши кўриш, ҳеч кишини ёмон кўрмаслик, аслида Ислом шунга чақиради” шиори остида бўлиб ўтди. Шу орқали, Ислом дининг асл моҳияти Канада халқига етказилди.

Яқинда исломни қабул қилган лойиҳа ташкилотчиларидан бири Жеймс Сенклернинг айтишича,  Исломни нотўғри тушуниш, бу дин билан терроризм ўртасида боғлиқликнинг мавжудлиги борасидаги нотўғри мафкуранинг пайдо бўлишига олиб келмоқда, ваҳоланки, мусулмонлар тинчликни севувчи, бошқаларга зарар етказишдан батамом узоқ инсонлардир.

 

 

                                                       Халқаро алоқалар бўлими

 

mercredi, 20 juillet 2016 00:00

Мажлис одоби

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Инсон ижтимоий махлуқдир. Шу сабабли хар бир инсон хаёти давомида турли давраларда ва турли мажлисларда иштирок этади. Албатта, мажлислар турли хил бўлади. Уларни иккита асосий тоифага ажратадиган бўлсак, биринчиси; хайрли, фойдали бўлган мажлислар. Иккинчиси; бефойда, зарарли бўлган мажлислар. Мусулмон киши қилаётган хар бир ишида Аллоҳнинг розилигини кўзлаши лозим. Шундай экан, иштирок этаётган мажлислари ўзининг фойдасига бўлиши ва Аллоҳнинг розилигини топиши учун мажлисларда ўзини тутишда шариат кўрсатмаларига амал қилиши лозим бўлади. Мажлиснинг бир нечта одоблари мавжуд.

  • Мажлисни Аллоҳнинг зикри билан обод қилиш. Яъни, бирорта даврада ўтирса, ўша даврада, албатта Аллоҳнинг зикри бўлишлиги керак. Имом Амад ибн Ҳанбал ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Қайси бир қавм бирор мажлисга ўтирса-ю, унда Аллоҳни эсламаса, мана шу мажлисини қиёмат кунида хасрат ва надомат эканлигини кўради”.
  • Яхши ҳамсуҳбатни танлаш. Имом Термизий ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Киши дўстининг динида бўлади. Ҳар бир инсон кимни дўст тутаётганига қарасин”.
  • Мажлисга кириб келганида ва ундан кетаётганида салом бериш. Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сизлардан бирортангиз бир мажлисга келса, салом берсин. Агар ўтиришга фурсат бўлса, ўтирсин. Қачон мажлисдан турса, салом берсин. Биринчи салом иккинчисидан кўра ҳалироқ эмас. (яъни, биринчи салом қанчалик муҳим бўлса, иккинчиси ҳам шунчалик муҳимдир)”.
  • Қўл бериб кўришиш. Имом Абу Довуддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллҳоу алайҳи ва саллам айтдилар: “Икки мусулмон учрашиб, бир-бири билан қўл бериб кўришса, Аллоҳга ҳамд айтиб, истиғфор айтса, уларнинг гуноҳлари кечирилади”.
  • Уй эгаси кўрсатган жойга ўтириш. Имом Термизийдан ривоят қилиади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким бир қавмнинг уйига кирса, унга кўрсатилган жойга ўтирсин. Чунки ўша қавм уйининг авратини бошқалардан кўра яхшироқ билади”. Кўрсатилган жойга ўтирмаса, меҳмоннинг бехосдан исталмаган нарсаларга кўзи тушиб қолиш мумкин.
  •  Мажлисга келиб ўтирганида иккита одамнинг ўртасига уларнинг изнисиз ўтириб олмаслик. Имом Абу Довуддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Икки кишининг орасига уларнинг изнисиз ўтирилмайди”.
  • Ўтирган кишини ўрнидан турғизмаслик. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир кишини турғизиб ўрнига ўтиришдан қайтардилар”.
  • Чап қўлни орага қилиб, ерга таяниб ўтирмаслик. Умар ибн Шарикдан ривоят қилинади: “Мен чап қўлимни орқага қилиб ерга таяниб ўтирганимда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени олдимдан ўтиб қолдилар ва менга: “Устига ғазаб тушганларни ўтиришидай ўтирмагин”, дедилар”, деди.
  • Мажлисга келган киши бўш жойга ўтиришлиги. Жобир ибн Сумра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдига кирсак, мажлиснинг охири қаерда бўлса, ўша ерга ўтирар эдик”.
  • Мажлисда уч киши бўлса, ундаги икки киши учинчи одам олдида пичир-пичир қилмаслик. Чунки бундай ҳолатда, учинчи одам мен ҳақимда гаплашишяпти деган гумонга бориб қолади. Мажлисда уч кишидан кўп одам бўлса, икки кишининг пичирлашишида кароҳият йўқ.
  • Ёнидаги суҳбатлашаётган одамларнинг гапини пойламаслик. Имом Бухорий ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким бир қавм гаплашётганида уларнинг гапига қулоқ солиб турса, ваҳолангки, улар буни эшитишини хоҳламаётган эдилар. Бундай одамнинг қулоғига қиёмат кунида қўрғошин қуйилади”.
  • Мажлисдан бир киши бирор ҳожати учун ўрнидан туриб мажлисдан чиқса, қайтиб келгач, ўша жойга ўтирадиган энг ҳақли одам унинг ўзидир. Имом Муслимдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Бирортангиз мажлисдаги жойидан турса, сўнгра қайтиб келса, шу жойга бошқалардан кўра ҳақлироқдир”.
  • Мажлисдан кетиш учун изн сўраш. Чунки меҳмоннинг уй эгаси кўрсатишни истамаган нарсаларга кўзи тушиб қолиши мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: “Изн сўраш кўз учундир”, яъни, кўз бирор нарсани ногаҳон кўриб қолмаслик учун сўралади.
  •  Мажлис омонатини сақлаш. Яъни, мажлисдаги гапларни ташқарига олиб чиқмаслик, фақатгина мажлисдагиларга зарар етмайдиган ва эшитганларга манфаати бор гаплар бундан мустасно. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: “Мажлислар омонатлари билан бўлади”.
  • Дуо мажлиснинг каффоротидир. Пайғамбаримиз соллаллоу алайи ва саллам мажлисда содир бўлган гуноҳлар ва камчиликларга каффорот бўладиган дуони бизга ўргатганлар. У зот мажлис тугаганида шундай дуо қилар эдилар: “Субҳанака Аллоҳумма ва биҳамдик, ашҳаду аллаа илааҳа илла анта астағфирук ва атувбу илайк”.

Мана юқорида санаб ўтилган одобларга риоя қилсак, дунёда ҳам охиратда ҳам бизга фойда берадиган мажлислар бўлади, иншоаллоҳ!

Ҳусниддин Бойниёзов,

Тошкент вилояти Оҳангарон

туман бош имом-хатиби

 

mercredi, 20 juillet 2016 00:00

Ота-онанинг ҳақи улуғ

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!»” (Исро, 23-24).

 “Уларга ёқимли сўз” айт деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушуниш керак (Шайх Абдулазиз Мансур).

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди”

Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзидан бошқага итоат қилмасликка буюрмоқда. Яъни, гуноҳ ва маъсият ишларда ҳеч кимга итоат йўқ, тоат-ибодатда ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунилади. Бу оятда оламлар Раббисига итоат қилиш билан бир қаторда, ота-онага яхшилик қилиш ва меҳр кўрсатиш каби буюк бир ибодатга ҳам ундов бор. Ота-онага меҳр кўрсатиш ва Аллоҳ таолога ибодат қилишни бир оятда жам бўлишида, ота-онанинг ҳақи нақадар улуғ эканига ишора бор.     

“Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”

Ота-онанинг ҳаётлиги фарзандга берилган буюк неъмат. Фарзандга уларнинг xизматларини қилиб, меҳр кўрсатиб ва яхши сўзларни айтиб, розиликларини олиши лозимдир. Фарзанд Аллоҳ таолога гуноҳ бўлмайдиган барча ишларда ота-онага итоат қилади ҳамда буйруқларини бажаради. Уларнинг xизматларини қилиш жараёнида бирор иш айтса жеркиб, уф деб озор бермайди. Бу борада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло фарзандни ота-онага оқ бўлиши учун “уф” дейишдан ҳам кўра пастроқ нарса бўлса, уни ҳам ҳаром қилган бўларди. Оқ бўлган фарзанд қанча яхши амал қилмасин, жаннатга кирмайди”, дедилар (Самарқандий тафсири).

Бугунги кунда фарзандлар ота-онасига Аллоҳ таоло буюрганидек xизмат қилиб розиликларини оляптиларми? Беш бармоқ бир хил бўлмаганидек, гоҳида фарзандлар ота-оналарини жеркиётгани, ҳафта-ойлаб гапирмаётгани, гоҳ-гоҳ бадбаxт фарзанд отасини калтаклаётганию турли-туман озорларига гувоҳ бўламиз. Мазкур ишлар фарзандни икки дунё саодатидан бебаҳра қилиб, охиратда дўзах азобига дучор қилади. Ким дунёда баxту саодат ва омаду қувончга эришмоқчи бўлса, ота-онасига яхшилик қилиб, уларни рози қилсин. Халқимизда “Ота рози Xудо рози”, “Жаннат оналар оёғи остида” каби кўплаб мақоллар бор. Келинг, биз ҳам отамизни рози қилиб Ҳудони рози қилайлик! Онамизни рози қилиб жаннатга кирайлик!          

“Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!»”

Фарзанд ота-онасининг ҳузурида доимо ҳокисор бўлиши, ўзини паст олиши, овозини юқори кўтармаслиги, уларга меҳрибон ва раҳмдил бўлиши лозим. Шу билан бирга уларнинг ҳақига кўп дуо қилиши ҳам зарур. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бизларга қандай дуо қилишни таълим бермоқда. Ҳар қандай ота-она фарзандини баxту соадатга эришиши, илм-маърифат чўққиларини забт этиши, камолoти юксак бўлишини орзу қилади. Ўзида мужассам меҳр-мурувватнинг барчасини фарзандига бахшида қилади. Шунингдек, фарзанд ҳам Аллоҳ таолодан дунё ва охират яхшиликларини барчасини ота-онасига беришини сўраб, дуо қилиши лозимдир. Фарзанд ҳам гўдаклик, болалик ва ўсмирлик, қисқа қилиб айтганда бутун ҳаёт давомида онасидан кўрганидан афзал меҳр кўрсатиши керак.

Аллоҳ таоло бизларни ота-онасини рози қилиб, ўзларига жаннатни вожиб қилиб оладиган фарзандлардан қилсин. Ота-онаси вафот қилганларни, уларга муносиб фарзандлардан қилсин.      

 

Баҳриддин ПАРПИЕВ

Оила – ота, она ва фарзанддан иборат учта тиргакка қурилади. Оиланинг бахти саодати ҳам, унинг камоли ва фаровонлиги ҳам, тинчлиги ва осойишталиги ҳам ана шу уч устуннинг бир-бирига бўлган  муносабатига, аҳиллигига, яхши тарбиясига боғлиқ. Булар бўлмас экан, оила таназзулга юз тутаверади. Бу инқироз эса, ўз навбатида жамиятни ларзага келтираверади.

Шахс онгининг шаклланишида, албатта, мактаб, маҳалла, диний уламолар, кенг жамоатчилик муҳим рол ўйнайди. Аммо шахснинг ижтимоий йўналиши асосини оилавий муносабатлар белгилайди. Ёш бола ниҳоятда кузатувчан, зийрак ва тақлидчи бўлади. Оилада катталарнинг барча ижобий-салбий хатти-ҳаракатлари бола кузатувида бўлади ва у буларнинг керакли, кераксизини ўзига бирдек сингдириб олаверади. Маълумки,  инсон табиатан ижобий хислатлардан кўра салбий хусусиятларни тезроқ “юқтириб”олади. Бола тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатлардан бири эр-хотиннинг ўзаро жанжалларидир. Ноаҳил оилада тарбия топган бола на боғчада, на мактабда ва на кўча-кўйда ўзининг юриш-туришию хулқ-атворига жавоб бера олади. Доимий нотинчлик бола асабини толиқтириб, тажанг қилиб қўяди. Бундай вазиятларда бола ўзини озгина назоратсиз сезса, бўлди, ўзбошимчалик билан ғайритабиий ва ҳатто ғайриқонуний ишлар қилишгача бориб етади. Ёшлар инсоний мажбуриятлар хусусида фикрлашни одат қилмаган бўлса, кўпинча ҳаётий муаммоларга дуч келганида ожиз бўлиб қолади, дарҳол умидсизликка тушади.

Динларнинг мукаррами ва мукаммали бўлган Ислом мана ўн беш асрдирки, инсонни тарбиялашни, айниқса, болаларга одоб ва ахлоқдан пухта таълим тарбия беришни энг муҳим вазифа ўрнида кўриб келмоқда. Чунки жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлишини орзу қилсаг-у, аммо ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш болалар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимиз сароблигича қолаверади.

Шу боис ёшлар тарбиясига масъул ота-она, маҳалла аҳли, имом-хатиблар, педагог мураббийлар уларни жиноятдан асраши ҳам фарз, ҳам қарздир. Бунинг учун тарбияга масъулият билан ёндашмоқ, ҳаёт қонуниятларига, аждодлар ўгитига амал қилмоқ даркор. Бинобарин, аждодлардан қолган маънавий меросга назар ташласак, ёшларни меҳнаткаш ва илмли қилиб тарбиялашга катта эътибор қаратганига гувоҳ бўламиз. Ота-боболарнинг эзгу-амаллари, доно ўгитлари  доимо бизга дастур бўлиши лозим. Бу эса ўз навбатида ёшлар тарбиясида маёқ вазифасини ўтайди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди»- деганлар. ( Термизий ривоят қилган).

«Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди» деганлар бошқа бир хадисларида (Имом Бухорий ривоят қилган.)

Абдулла Авлонийнинг “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” китобида: “Эмди очиқ маълум бўлдики, тарбияни туғилган кундан бошламак, вужудимизни қувватландурмак, фикримизни нурландурмак, ахлоқимизни гўзалландурмак, зеҳнимизни равшанландурмак лозим экан. Тарбияни кимлар қилур, қайда қилинур? – деган савол келадур. Бу саволга “Биринчи – уй тарбияси. Бу она тарбиясидур. Иккинчи – мактаб ва мадраса тарбияси, бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидир”, деб жавоб берсак....” –деган.

Француз мутафаккири Жан Жак Руссо (1712-78) “Илк тарбия ҳамма нарсадан ҳам муҳим ва аёллар зиммасидадир”, деганида ҳақ эди.

 Онанинг илму маърифатдан бохабарлиги, дунёқараши кенглиги фарзандининг ақлий салоҳияти юксалишига асос бўлади. Чунки ундаги фазилатлар болага наслий ўтиши инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.

Шу боис Президентимиз “... чиндан ҳам, аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёс. Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар”,  –деганлар.

 Фозила аёл оилада фарзанд тарбиясига масъуллиги билан бирга ота ва фарзанд ўртасида воситачи ҳамдир. У фарзандига оиланинг устуни бўлган отани қадрлашни, кўзига тик боқмасликни, ота билан орасида доимо масофа сақлаш лозимлиги каби одобларни ўргатади. Отага эса уларнинг талаб ва эҳтиёжини ўз вақтида билдириб туради. Узоқни кўра билган аёл фарзанди олдида турмуш ўртоғининг ҳурматини жойига қўяди. Хар бир холатда отанинг салбий жихатларини фарзанддан яшириб, ижобий жихатларини намоён этиши лозим. Акс холда ота-фарзанд ўртасидаги одоб-ахлоқий меъёрилар ўртадан кўтарилади. Шунинг учун аёлларимиз отанинг ҳурматини юқорига кўтариб келишган. Бу анъанавий тарбиянинг ўта муҳим ҳусусиятларидан биридир. Отанинг ҳурмати юқори бўлган оилада тарбия топган болада қатьиятлилик, фидойилик, мардлик каби эзгу хислатлар кўпроқ учрайди.

Қадимги Рим Файласуфи Эпиктет “Отанинг қаттиққўллиги – ажойиб дори: аччиғидан кўра ширини кўп”, деб бежиз таъкидламаган.

Албатта, отанинг оиладаги қатъиятлилиги болани интизомга ўргатади. Биламизки, интизомли бола меҳнатдан қочмайди, ўзига топширилган вазифани вақтида адо этади, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашади. 14-16 ёш – ўсмирларнинг ҳар хил хиссиётларга бериладиган даври ҳисобланади. Бундай вақтда тарбиячи заргарона иш кўрмоғи лозим. Чунки вояга етмаганлар томонидан турли хил жиноятлар содир этилиши ҳам айнан шу даврда кўпроқ учраши ҳаётда ўз исботини топган.

 Хар бир ота-она келажакда фарзандларимнинг орзу-хавасини кўрай деб фарзанд ўстиради. Агар фарзандларига юқорида таъкидланганидек миллий, диний қадриятларимизга амал қилган холда таълим-тарбия беришса, ўзлари хоҳлагандек, орзу-хавас кўрсатадиган, ҳалқига ва жамиятга фойдаси тегадиган етук фарзандни вояга еткизган бўлади. Аксинча бўлса, қарилик гаштини сураман деган вақтда ноқобил фарзанд ташвишидан қутулолмай турли муаммолар гирдобида  қоладилар. Шу ўринда Ўзбекистон Қахрамони, шоир А.Ориповнинг фил ва чумоли ҳақидаги тўртлигини эслайлик:

Филга айланибсан, чумоли, нечун?

Рўзғоримдан кўнглим тўқлиги учун.

Чумоли бўлибсан, сўйла, фил, нечун?

Рўзғоримда тинчим йўқлиги учун.

   Юртимиз равнақ топиб, ҳалқимиз фаровонликка юз тутди, ёшларимиз илм маърифатли бўлишига барча шароитлар мухайё, Президентимиз таъкидлагандай: “Авлодларимизнинг қалби ва онгини асраш, уларни миллий ва умумбашарий қадриятлар рухида тарбиялаш, фарзандларимизнинг дунёда рўй бераётган сиёсий жараёнларнинг маъно-мазмуни ва асл сабабларни чуқур англаш, ўз атрофида содир бўлаётган воқеалар ҳақида ҳаққоний маълумотларга, энг муҳими ўз мустақил фикрига эга, содда қилиб айтганда, оқни қорадан ажратишга қодир бўлишига эришишимиз таълим-тарбия ва маънавий-маърифий ишларимиз – асосий шарт ва мезон бўлиши даркор”.

Зайнилобиддинхон Қудратов,

Пискент тумани  “Мулла Бўта Қози” жоме масжиди

 имом-хатиби 

 

Видеолавҳалар

Top