www.muslimuz

www.muslimuz

Аллоҳ таолонинг зотини танишда Аллоҳ таолога  макон исбот қилиш масаласи  аҳли суннага зиддир. Ваҳоланки аҳли сунна вал жамоа  ақидасини   мукаммал баён қилинган ақида китоблари матнларида Аллоҳ таолога макон  исбот берилмайди. Бунга барча аҳли сунна уламолари иттифоқ қилишган.  Имом Таховий ўзларининг ақида матнларида бу борада

تعالى عن الحدود والغايات والاركان والاعضاء والادوات لا تحويه الجهات الست كسائر المبتدعات

У зот чегаралар, ниҳоялар, арконлар, аъзолар ва асбоблардан олийдир. У зотни бошқа пайдо бўлган насралар каби олти тараф ўраб олмаган.

Саҳобалар даврида Аллоҳнинг сифатлари Қуръон ва суннатда келганидан ортиқча баҳс қилинмаганига гувоҳ бўламиз. Аммо кейинчалик пайдо бўлган карромия, мушаббиҳа ва нажжория каби фирқалар Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида турли нотўғри даъволарни қилишди. Уларнинг шундай даъволаридан бири Аллоҳга макон исбот қилиш бўлган. Шундан кейин Аллоҳнинг маконлардан ҳоли экани ҳақида чуқур баҳс қилишга эҳтиёж туғилган. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари эса бу фирқаларнинг даъвою фитналарига Қуръон ва суннат асосида кескин раддиялар берганлар.

         Карромия ва Мушаббиҳа фирқалари: “Аллоҳ таоло махсус маконда, яъни Аршда”, - дейдилар.   Нажжория фирқаси: “Аллоҳ таоло барча маконда”, - дейдилар.

Аҳли сунна вал-жамоа: “Аллоҳ таоло бирор маконда ўрин олишдан ҳолидир”, - дейдилар (Бадул аъмолийнинг ўзбекча шарҳи – эътиқод дурдоналари).              

Аллоҳ таоло бирор замонда ҳам, маконда ҳам эмас. Чунки маконни ҳам, замонни ҳам Аллоҳ яратган ва У зотга нисбатан қаерда, ва қачон деган саволлар ишлатилмайди. Имом Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Аллоҳ қаерда деб сўраган кишига жавобан: “Қаердани тайин қилган зотга нисбатан қаерда дейилмайди”, деганлар. Кейин яна айтганлар: “Бирор макон йўқлигида ҳам Аллоҳ бор эди”. Аввал қандай бўлган бўлса ҳозир ҳам шундайдир. Яна у кишига айтилди: “Аллоҳ қаерда? деган саволга қандай фикрдасиз?”. Унга айтилади: “Аллоҳ таоло халқ яратилишидан олдин ва бирор макон йўқлигида ҳам бор эди. У ҳар бир нарсани Яратувчисидир". Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ бирор макон йўқлигида ҳам бор эди, сўнг маконни яратди”. У азалий сифатларида маконни яратишидан олдин қандай бўлса ўшандай. У зотга зоти ва сифатларида ўзгариш жоиз эмас. Имом Изз ибн Абдуссалом айтди: “Аллоҳ макон ва замонни пайдо қилишидан аввал ҳам бор эди”. Ҳозир ҳам аввал қандай бўлса шундай. Ибн Ҳожиб “Ақийдати Изз ибн Абдуссалом” китобига ёзган шарҳида: “Ибн ибн Абдуссалом айтган гап ҳақ йўлдир, албатта, салаф ва ҳалаф уламолари ҳам шу фикрда бўлганлар”. Уларга фақатгина бир тоифагина хилоф қилган. У тоифа ўз йўлларини яширадилар ва қўрқитиш билан илми ва ақли заиф бўлган кимсаларга фитна қиладилар”. Ҳашавийя деган тоифа ҳам Аллоҳ маконда деб айтади.

Имом Нававий айтади: “Албатта Аллоҳга ўхшаган бирон нарса йўқ. Аллоҳ жисмланишдан, бошқа махлуқотларни сифатларига кўчишдан ва тарафларга бўлинишдан покдир”. Имом Қоррофий айтади: “Ҳақ таоло тарафларда эмас, У бирон тарафда бўлмаган ҳолда биз уни кўрамиз” (Имом Ғазнавийнинг “Ақийдатут Таҳовий” га ёзган шарҳи).

Машҳур ватандошимиз Умар Насафий раҳимаҳуллоҳ: “Ақоидун Насафий” асарида бу ҳақда қуйидагича ёзган: “У зот бирор бир маконда ўрин олмайди”. Яъни бирор макондан ўрин олиш бошқа маконга нисбатан узоқда бўлиш ҳисобланади. Бир-биридан узоқ ёки яқин масофада бўлиш эса жисмларнинг хусусиятларидир. Ўнг, чап, тепа, паст, олди ва орқа томонларнинг бирортаси Аллоҳ таолони ўз ичига қамраб ололмайди. Чунки борлиқдаги барча нарсаларни, олти тарафларни ҳам Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган. Йўқдан бор қилинган нарсалар эса уларни яратган Зотни ўз ичига ололмайди. Аллоҳ бундай нуқсонли хусусиятлардан холидир. (Бадул амолийнинг ўзбекча шарҳи – эътиқод дурдоналари).

Бу замон аввалдан бор бўлмаганлиги Аллоҳ таолога замон нисбатини бериб бўлмаслигига далил бўлади. Зеро, Аллоҳдан ўзга ҳар бир нарса кейин пайдо бўлганига далил бор. Агар Аллоҳ кейин пайдо бўлган ва Аллоҳга замонни таъсири бор дейдиган бўлсак, У аввалда бўлмай сўнг пайдо бўлган деган тушунча ҳосил бўлиб қоларди. Лекин бу хато тушунча. Шундай экан Аллоҳ таолога замонни таъсири бўлишлиги ҳам хатодир. Яъни, Аллоҳни мавжудлигини замонга дахли йўқ. Имом Саъд “Шарҳул ақоид” китобида айтдилар: “У зотга вақтнинг таъсири йўқ. Чунки замон ўзгариб, янгиланиб туради. Аллоҳ таоло эса бундан мутлоқ покдир” (Имом Ғазнавийнинг “Ақийдатут Таҳовий” га ёзган шарҳи).

Шунга кўра, фирқаларнинг гаплари таъвил қилиш имкони бўлмайдиган даражада очиқ-ойдин айтилса, масалан, “Аллоҳ осмонда жойлашган”, ёки “Арш устига ўрнашган” дейилса, Аллоҳ таолога нуқсонни нисбат бериш деб қаралган. Нуқсонни нисбат беришни эса барча уламолар куфр санашган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Унинг мислидек бирор “шай” йўқдир ва У ўта эшитгувчи зотдир” (Шуро сураси, 11-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳйи васаллам айтадилар:

تفكروا في خلق الله  ولا تفكروا في الله  فتهلكوا

“Аллоҳ яратганлари борасида фикр қилинглар, Аллоҳ борасида эса фикр қилманглар, ҳалок бўласизлар (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, Аҳли сунна вал-жамоа ва мазкур адашган фирқалар орасидаги асосий фарқ “Аллоҳ таоло макондан ҳоли”, деб эътиқод қилиш лозимлигида бўлади (Бадул аъмолийнинг ўзбекча шарҳи – эътиқод дурдоналари).

Сўзимизнинг охирини Сўфи Оллоҳёрнинг “Саботул Ожизин” да келтирган байтлари билан тугатмоқчимиз. У киши ақоид масалаларида ҳам дурлардек назм билан айтадилар:

 

Эрур ҳозир ҳамиша, йўқ макони,

Анга қилғон эмас сабқат замони.

 

Удур ҳоким ки ҳукмин ўзга этмас,

Анинг зотиға ҳеч ким ақли етмас

 

Кўнгулда кечса кўзга тушса ҳар шай

Эрур андин муназзаҳ холиқу хай.

 

Фаришталар, набилар етмадилар,

Бўйсундилару фикр этмадилар.

 

Вале фикр эт, Худонинг қудратиға,

Ажойиб ишлариға, санъатиға.

 

Даврон АБДУҚОДИРОВ,

“Имом Фахриддин Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири.

 

Аввало бу сўзнинг маъносига тўҳталиб ўтсак. «Интернет» сўзи инглиз тилидаги қисқартирилган жумла бўлиб, тилимизда «халкаро маълумотлар тўри» деган маънони англади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан кейин интернет тинмай ривожланиши оқибатида у фақат маълумотлар тақдим ва қабул қилиш билан чекланиб қолмай, бундан ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб боришга хизмат қиладиган бўлди. Ҳаётнинг барча соаларида интернет ёрдамида осонлик, арзонлик ва тезлик билан фойдалари кўзланадиган бўлди. Ҳозирги вақтда дунёни интернетсиз тасаввур қилиш мушкул, чунки у ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб улгурган. Айниқса ёшлар интернетсиз ҳаётни тасаввур этишлари жуда қийин бўлиб қолди.

Бу чексиз виртуал (ҳаёлий) оламдаги ҳамма маълумотлар ҳам асосли ва ишончли деб бўлмайди. Ёш авлодлар кўрган, эшитган маълумотларни барчасини тўғри деб ҳисоблаши кўп кузатилган. Шунинг учун ҳозирги давр боласи ўзи ишончли деб “Кибердўст” (интернет)ни танлаган. Фарзандлар шу зайлда ўзи учун энг қадрли бўлган ота-онадек, ака-укадек, яқинларини руҳан йўқотишмоқда. Тўғри, компьютерга ҳимоя воситаси сифатида “Киберпатрул” каби маълумотларнинг барчасини филтрлайдиган дастур ўрнатиш мумкиндир, аммо бу дастур ҳам тўлиқ кафолатланмаган. 

Халқаро замонавий алоқа ва ахборот воситаси бўлмиш интернетдан фойдаланишнинг одоблари ҳақида қисқача тўхталамиз : 

  • Интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятини яхши қилган бўлиши керак. 
  • Интернетга киришдан олдин вақтни зоя қилмаслик учун умрнинг қадрини эсга олиши зарур. 
  • Интернетга киришдан олдин иш режасини яхшилаб тузиб олиши керак. 
  • Интернетда кўриладиган, ўқиладиган ва эшитиладиган нарсаларнинг барчаси шариат рухсат берган нарсалар бўлиши шарт. 

Сайт эгаларининг маънавий-маърифий ҳуқуқларига тўла риоя қилиш чин мусулмонлик бурчидир. 

Ишхона ёки бошқа бирор шахснинг интернетидан рухсатисиз фойдаланиш мумкин эмас. Болаларнинг интернет ва компьютердан фойдаланишини оқилона ва эътибор билан йўлга қўйиш керак.

Али ибн Хусайн розияллоху анхумодан ривоят килинади. Набий соллаллоху алайхи васаллам: «Албатта, кишининг ўзи учун бефойда нарсаларни тарк қилиши Исломининг ҳуснидандир», дедилар. 

Ҳаётимизга диққат билан назар соладиган бўлсак, кишиларнинг кўп вақти, зехн-заковати, ақл-идроки ва имкониятлари беҳуда нарсаларга сарф қилинаётганини кўрамиз. Беҳуда нарсалардан четда бўлган киши факат фойдали иш билан машғул бўлаётганини яхши англаб етиши лозим. Бинобарин, бефойда ишлардан ўзимизни ҳамиша четда тутишимиз керак. 

Ҳозирги даврда ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Дунё бўйлаб интернетнинг шиддат билан ривожланиши натижасида ундан фақатгина маълумотларни қабул қилиш ҳамда тарқатиш билан чекланиб қолмасдан, балки бунданда катта ишларни бажариш имкониятлари туғилди. Интернет орқали инсонлар узоқдаги дўстлари, яқинлари билан бемалол кўриб гаплашадиган, бир-бирига хабарлар юборадиган бўлди. Тасаввур қилиш учун биргина мисол келтиришнинг ўзи кифоя қилади. Оддийгина талаба уйга берилган вазифани қилиш учун кутубхонага бориши, у ердан керакли китобларни қидириб топиши ҳамда у ерда ўтириб икки-уч соат ўқиб дафтарга ёзиши керак бўлади. Ҳудди шу ишни уйида интернет орқали бажарса жуда кўп фойдали томонлари бўлади. Ўша талаба кутубхонага бормайди, у ерда вақтини кетказмайди, керакли маълумотларни интернет орқали яхшилаб ўқиб, ўзига маълумот сифатида олиб қолиши ҳам мумкин бўлади. Яна бир мисол, авваллари бир инсон ўзининг яқинига ҳат ёзмоқчи бўлса, у хат ёзиш учун қоғоз, қалам олиши, унга гапларни ёзиши, уни эса пўчтага олиб бориши керак бўларди. Хат ташувчи уни олиб керакли жойга элитиб бергунича орадан бир неча кун вақт ўтарди. Ҳозирда эса бу ишлар оддийгина бир ҳол бўлиб қолди. Ўша ишларни интернет орқали инсон узоғи билан беш дақиқада бажариши мумкин. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Ҳар бир нарсани яхши томони бўлгани каби ёмон жиҳатлари ҳам бор. Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда, зарарли беҳаё, бузуқ маълумотлар ҳам кенг тарқалгандир. Инсон маънавиятига таъсир қиладиган фохишабозлик, беҳаёликни, ахлоқсизликни тарғиб қилувчи сайтлар жуда ҳам кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар интернет орқали бир-бирларини алдамоқда, бир-бирига тухмат қилмоқда, у туфайли кўпгина ёш оилалар ажрашиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда ва ҳоказо. Интернет орқакли нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, иқтисодий, молиявий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам кўплаб жиноятлар содир этилмоқда.

Вазифамиз ундан фақатгина яхшилик йўлида фойдаланишимиз керак. Бунинг учун эса динимизнинг умумий таълимотлари асосида интернетдан фойдаланиш одобларини йўлга қўйишимиз лозим. Энг муҳими инсон ҳар бир ишни қилаётганда Аллоҳ таоло уни кўриб турганлигини унутмасин!

 

У.Раҳимов

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ маънавият

 ишлари бўйича мудир муовини

وَلَا تَقُولُواْ لِمَن يُقۡتَلُ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ أَمۡوَٰتُۢۚ بَلۡ أَحۡيَآءٞ وَلَٰكِن لَّا تَشۡعُرُونَ١٥٤

154. Аллоҳ йўлида ҳалок бўлганларни "ўлик" деманглар, йўқ, улар тирик, лекин сезмайсизлар.

Аллоҳ динининг ғолиб бўлиши йўлидаги жангларда фидойилик кўрсатиб, ҳалок бўлганлар асло "ўлик" саналишмайди, улар ҳамиша барҳаётдир. Чунки улар бу жасоратлари билан Парвардигорлари розилигини топишди, Унинг дини равнақи йўлида энг ширин жонларидан ҳам кечишди. Охиратда улардан ҳам бахтли, улардан ҳам юқори имтиёзга эга, улардан ҳам олий мақомга эришган кимса бўлармикин?!

Ояти каримадаги “Аллоҳ йўлида қатл қилинганлар”дан мурод, шаҳидлардир. “Шаҳид” сўзи луғатда «жангда қурбон бўлган» маъносини билдиради. Жанг майдонида кофир душманлар қатл қилган, шаръий ҳукуматга қарши бош кўтарган осийлар, йўлтўсарлар ўлдирган, тунда уйига кирган ўғри тош каби бирон нарса билан ҳалок қилган, жанг майдонидан жароҳатли ўлик жасади топилган одамлар «шаҳид» ҳисобланади. Бир мусулмон киши томонидан қасд қилиб, кескир қурол билан ноҳақ ўлдирилган мусулмон ҳам шаҳид саналади. Юқоридагиларнинг шаҳид бўлиши учун улар балоғатга етган, ҳайз, нифос, жунубликдан пок бўлиши, ҳаётдан наф кўрмай жони узилган бўлиши керак. Шунингдек, шариатда туғиш пайтида ўлган, касаллик туфайли қорни шишиб ўлган, том босиб ёки сувда чўкиб ҳалок бўлганлар ҳам шаҳидга тенглаштирилган. Шаҳидларнинг қонли кийим-бошлари ечилмай, жасади ювилмай, жанозалари ўқилиб дафн этилади.

وَلَنَبۡلُوَنَّكُم بِشَيۡءٖ مِّنَ ٱلۡخَوۡفِ وَٱلۡجُوعِ وَنَقۡصٖ مِّنَ ٱلۡأَمۡوَٰلِ وَٱلۡأَنفُسِ وَٱلثَّمَرَٰتِۗ وَبَشِّرِ ٱلصَّٰبِرِينَ١٥٥

155. Ва Биз сизларни баъзан бироз қўрқинч ва очлик билан, молга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад), сабрлиларга башорат берингки;

Аллоҳ таоло бандаларини "...бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан" синайди. Қийинчиликларда, синовларда одам тобланади. "Қўрқинч" деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нав синовидир. Шунингдек, ўғри олиши, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли мол-мулкка нуқсон етказиш; турли хасталиклар билан, яқин кишиларнинг, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан жонга нуқсон етказиш; меваларга офат юбориш, баракасини ўчириш билан зарар етказиш ила синаб кўрамиз, дейди. "Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо ва уқубат беради. Ёмонликни раво кўрса, охиратга қолдиради" мазмунли ҳадиси шариф ривоят қилинган. Банда ўз бошига ёки мусулмон ёру биродари, қавму қариндошининг бошига синов келганида сабр қилади. Айниқса, бирор бало ёки мусибат етганида мусулмон киши сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг ўзи ўргатган истиржоъ дуосини айтиши, ҳамма нарса Аллоҳ таолоники ва бари Унинг Ўзига қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиши керак. Уламолар: «Мусибатга илк тўқнашгандаги сабр муҳим, чунки вақт ўтгач киши хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам сабр этади. Ақлли киши мусибатнинг бошида чидаган кишидир», дейишган.

ٱلَّذِينَ إِذَآ أَصَٰبَتۡهُم مُّصِيبَةٞ قَالُوٓاْ إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّآ إِلَيۡهِ رَٰجِعُونَ١٥٦

156. уларга мусибат келганида: "Бизлар албатта Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтамиз", дейишади.

Оятдаги "Бизлар албатта Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтувчимиз" ("Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун") истиржоъ дуосидир. Мусибат ёки бир бало-офат етганида мусулмон киши сабрли бўлиб, Жаноби Ҳақ Ўзи ўргатган шу дуони айтиши лозим. Агар бу дуодан сўнг "Аллоҳумма ажирни фи мусибати вахлуф ли хайромминҳа" (яъни: "Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бер ва унинг ўрнига яхшироғини бергин") дуосини қўшса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилган бўлади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Бирортангизнинг оёқ кийими ипи узилса ҳам, истиржоъ айтсин", деганлар. Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада, кўзининг қорачиғи, жигарбанди бўлмиш боласи ўлганида ҳам, оёқ кийимининг ипи узилганида ҳам сабр керак. Барча пайғамбарлар ўз умматларига ибрат бўлиш учун ҳар қандай синов-қийинчиликларга сабр этишгани тарихдан маълум. Мусибатларга сабр этиш Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳам улуғ сифатларидан эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ушбу ояти орқали у зотнинг умматлари бўлмиш сизу биз, мусулмонларга ҳам сабрни буюрган ва бунинг натижаси яхшилик билан тугаши хабарини берган. Аллоҳ таолонинг савобига эришиш учун сабр-чидам керак, Ҳақ йўлида «чиройли сабр қилиш» керак. Аммо сабр дегани жим-ҳаракатсиз туриш, дегани эмас, Аллоҳ таоло айтганидай чидам билан юриш деганидир. Шундагина Аллоҳ таолонинг ҳақ ваъдасига эришилади. Ҳадиси шарифда: «Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ҳадя берилмаган», дейилади.

أُوْلَٰٓئِكَ عَلَيۡهِمۡ صَلَوَٰتٞ مِّن رَّبِّهِمۡ وَرَحۡمَةٞۖ وَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُهۡتَدُونَ١٥٧

157. Ана шуларга Парвардигорларидан мағфират ва раҳмат бор, ана шулар тўғри йўлни топганлардир.

Мусибат етганида сабр қилиб, ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Алллоҳга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутган, унинг маъносини ўзига ақида қилиб олган кишига мукофот ўлароқ Аллоҳнинг саловотлари, меҳри, шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинган. Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: "Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса, фақат яхшиликка бўлади. Агар унга мусибат етса, сабр қилади. Бу ўзича яхши. Агар яхшилик етса, шукр қилади, бу ҳам ўзича яхши. Бунақа неъмат мўминдан ўзга ҳеч кимга насиб этмайди", деганлар.

Бугунги кунда ахборот тезлиги шунча ривожланди-ки, бир пайтнинг ўзида бир воқеликка оид турли ёндашувларни мутолаа қилиш мумкин. Натижада, инсон онги бир-бирини инкор этувчи маълумотлар билан тўлмоқда.

Айрим интернет сайтлари ва муаллифлар бундай носоғломликка ўз “ҳисса”сини қўшмоқда. Шундай сайтлар бир хабар эълон қилади-ю, кетидан “ундай эмас, бундай экан” ёки “фалон хабар тасдиқланмади” ё “ану хато учун пистончи ишдан олинди” деган гаплар ила айбини ёпмоқчи бўлади. Аслида, бутун халқни нотўғри хабар билан алдагани учун мард бўлиб, узр сўрашга эса кибри йўл бермайди. Бундай нодонлик динимизда ҳам, дунёимизда ҳам уйда ҳам кўчада ҳам эр кишининг иши ҳисобланмайди.

Алишер Навоий ҳазратлари:

“Оғзига келганни демоқ - нодоннинг иши,

олдига қўйганни емоқ - ҳайвоннинг иши”

деганларида айни ҳақиқатни айтган эдилар.

Куни кеча “Имомларда сўз эркинлиги борми?” номли мақола ижтимоий тармоқларда тарқалди. Уни ўқиб чиқиб, муаллифда билим ва малака етишмаслиги, журналистик таҳлил ва суриштирув йўқ экани ҳамда имом-хатибларнинг фаоллиги борасида унинг мавжуд воқеликка назар солмасдан, бир ёқлама ёндашганини кўриш мумкин.

Муаллиф маълумотни жамоатчиликка етказишдан олдин вазиятни тўғри баҳолаб, таҳлил этади, маълумотларнинг ҳаққонийлигини текширади ва ахборотни саралайди ва уни тўғри услубда тақдим этади. Енгил-елпи ҳаракат ва тезда машҳурликка интилиш устоз кўрмаган шогирднинг ишидир. Доно халқимизда “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган пурмаъно гап ана шундайларга тегишли, десак хато бўлмайди.

Шу ўринда таъкидлаш зурурки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси – расмий фаолият олиб бораётган исломий диний ташкилотларнинг ягона марказий бошқарув органи бўлиб, мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш, исломий расм-русумларни ҳанафий мазҳаби асосида ўтказишга бошчилик қилиш ва эътиқодий бирлигини таъминлаш бўйича ўз фаолиятини олиб боради. Шунингдек, республикадаги масжидлар ва мадрасалар фаолиятига бошчилик қилади ҳамда улар мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш ва аҳиллигини таъминлаш ишларини амалга оширади.

Шу нуқтаи назардан аҳолининг эътиқодий бирдамлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлаш, исломий саводхонлигини тизимли равишда ошириб бориш мақсадида ҳар жума куни масжидларда жума тезислари асосида мавъизалар ўқилиб, мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий онгини шакллантириб бориш амалиёти жорий этилган.

Жума тезислари матни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими уламолари томонидан тайёрланиб, тавсиявий шаклда масжидларга етказилади. Имом-хатиблар ўз салоҳиятлари даражасида ушбу мавзуни Қуръони карим оятлари тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи, уламолар насиҳатлари ва ҳаётий мисоллар асосида таъсирли қилиб жамоатга етказадилар. Зарур ҳолатларда тезисларга иловалар тайёрланиб, қўшилиши ҳам мумкин. Буни имом домлаларимиз яхши биладилар.

Тезислар бир хил бўлиши имом домлаларнинг сўз эркинлигига зид келади, дейиш мутлақо тўғри эмас. Чунки тезис ўз номи билан тезис! Яъни, у маъруза матни эмаски, ундан ташқарига чиқиш мумкин бўлмаса. Тезис маърузачи маъруза давомида фойдаланиб турадиган, фикрларини тартибга келтириб оладиган режалар мажмуи.

Жума маърузаларида тезисдан фойдаланиш ҳозирги кунда кўплаб мусулмон  мамлакатлари Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирлиги, Миср Араб Республикаси ва бошқа бир қатор мамлакатларда жорий этилган.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза – бугунги кунда имом-хатиблар ОАВ, телевидения, радио, бошма нашрларда тинимсиз чиқиш қилмоқдалар. Уч юздан ортиқ имом-хатиблар ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали мунтазам чиқишлар қилмоқдалар, онлайн суҳбатлар олиб бораяптилар. Буларни билмасдан ёки билиб туриб уларга туҳмат қилиб “Имомларда сўз эркинлиги борми”, деб жар солиш қайси мезонга тўғри келади?!

 

Ахборот тарқатиш одоби, мезонлари азал-азалдан мавжуд. Журналистикада ҳаққонийлик тушунчаси ҳеч бир замонда, ҳеч бир мамлакатда ва ҳолатда ўзгармайди. Журналист юксак савияда ижод қилиши мумкин, лекин ҳаққонийликка хилоф йўл тутса, унинг барча саъй-ҳаракати чиппакка чиқиши муқаррар.

 

             Хулоса ўзингиздан ...

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 

ANDROID  
IOS 

 

Қуръони каримга мухлис халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда қироат илми устози Шайх Алижон қори Файзулла Махдум ўғлининг “Al-Quran” номли мобиль иловаси мўмин-мусулмонларга тақдим этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларининг маслаҳатлари ва тавсиялари асосида ушбу дастур тайёрланди.

Юртимизда Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш борасида амалга оширилган ишлар доирасида Мусҳафи Шариф чоп этилди, диний таълим муассасалари қошида Қуръон ва тажвид курслари фаолияти йўлга қўйилди, мазкур илова ҳам ушбу хайрли ишларнинг бевосита давоми ҳисобланади.

 

Al-Quran.uz иловаси қуйидаги 6 та бўлимни ўз ичига олади:

1. Аудио-видео қўлланма. Ушбу бўлим “Ҳарфлар”, “Қоидалар”, “Калималар”, “Суралар” каби қисмлардан иборат.

“Ҳарфлар” бўлими орқали мад харфларигача бўлган 28 та ҳарфнинг барчасини алоҳида ўқиб тушунтирилган. Араб ҳарфларини ўрганиш билан бирга ҳарфларнинг махраж ва сифатларига риоя килган ҳолда мукаммал талаффуз қилишни ўргатилган.

“Қоидалар” қисмида “Мад”, “ташдид”, “танвин”, “алиф ва ҳамза”, “лом”, “васл”, “вақф”, “идғом", “иқлоб” каби қоидаларга мундарижа орқали кириб, уларни батафсил ўрганиб олиш имконига эга бўлинади.

“Калималар” қисмида эса ҳар бир мусулмон билиши лозим бўлган етти имон калимаси жойлаштирилган: Калимаи тоййиба (тўғри сўз), Калимаи шаҳодат (иқрор калимаси), Калимаи тавҳид (тавҳид калимаси), Калимаи раддил куфр (куфрни рад этиш калимаси), Калимаи истиғфор, (мағфират сўраш калимаси), Калимаи тамжид (улуғлаш калимаси), Имони мужмал (имоннинг қисқа ифодаси) ва Имони муфассал (имоннинг батафсил ифодаси).

“Суралар” қисмида “Фотиҳа”, “Бақара” сурасининг аввалги 5 ояти ҳамда “Шамс” сурасидан “Нас” сурасигача бўлган суралар илова қилинган.

 

2. Ал-Фотиҳа онлайн хизмати. Ушбу хизматга мўмин-мусулмонлар ўзларининг қироатларини юборишлари мумкин. Ижозали ва тажрибали устозлар томонидан ушбу тиловатлар текширилиб, хато ва камчиликлари мухлисларга етказилади. Зеро, Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ҳам ўргатувчилардир!”, дея марҳамат қилганлар.

Эслатиб ўтамиз Ал-Фотиҳа онлайн хизмати 2021 йил февраль ойида ишга туширилади, инша Аллоҳ.

 

2. Ҳар бир ҳудуд учун алоҳида намоз вақтлари. Намоз энг улуғ фарз амал ҳисобланади. У банда Аллоҳнинг неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп.Намоз ибодати бир кунда беш марта фарз қилинган. Ким беш вақт намозини ўз вақтида яхшилаб ўқиса, унга дунё ва охиратда яхши ваъдалар берилган. Зеро, Қуръони каримда “Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир”, дейилган (Нисо сураси, 103-оят).Шу нуқтари назардан мўмин-мусулмонларимиз муҳим ибодатларини ўз вақтида адо этишларида ушбу иловадаги ҳар бир ҳудуд учун алоҳида намоз вақтлари энг яқин кўмакчи бўлади.

 

4. Қиблани аниқловчи кўрсаткич. Намоз ўқишда юзланиб турадиган томон “қибла” дейилади. Қибла Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги Масжидул-Ҳаромдаги Каъба ўрнашган жойдир. Масжидул Ҳаромдаги кишилар Каъбанинг ўзига, бошқа минтақалардагилар эса Каъба бор тарафга юзланиб намоз ўқийдилар. Ислом динида қибла қайси томонда эканини билишга ҳаракат қилиш, ўзи билмаса, албатта билишга интилиш шарт.

Шу боис, намозхонлар учун турли жойларга борганда ёки сафарга чиққанда қиблани аниқлашда қулайлик қилиш мақсадида, ушбу иловада Қиблани аниқловчи кўрсаткич хизмати жойлаштирилган.

 

5. Қуръони карим тиловатлари. Каломи шариф тиловати жуда ҳам фазилатли амал. Унинг тиловати нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига катта таъсири каттадир. Қуръони карим қироатининг ўзига яраша қалбга, ҳис-туйғуга боғлиқ бир қанча сирлари бор. Зеро, уни танглаш ниҳоятда савобли ишдир. Аллоҳ таоло бу борада шундай марҳамат қилган: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!”. Ибн Жазвий “Ушбу оятга кўра, Қуръонга қулоқ солувчига раҳмат ниҳоятда яқин бўлади”, деганлар.

Шуни ҳисобга олган ҳолда мазкур иловада энг машҳур қори Халил Хусорийнинг Қуръони каримнинг 30 жузи тиловати ўрин олган. Келгусида энг хушовоз ва мужаввид қориларнинг қироатлари билан янада бойитиш режалаштирилган.

 

6. Кундалик зикр ва дуолар. Аллоҳни зикр этган ва Унга дуо қилган инсоннинг қалби покланади, имони мустаҳкамланади, дуолари ижобат бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Қайси бир қавм (жамоа) Аллоҳнинг зикри учун йиғилса, уларни фаришталар тавоф қилади, уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, уларнинг даврасига сакинат (хотиржамлик) тушади, Аллоҳ уларни Ўзига яқин фаришталар билан бирга ёд этади” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Ўзини эслаган банданигина эслайди: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152)

Ушбу иловада кун давомида белгиланган вақтлар ва ҳар хил ҳолатларда ўқиш тавсия этилган зикрлар ва мустажоб дуолар Набий алайҳиссаломдан қилинган ривоятлар асосида баён этилган.

 

Маълумот ўрнида, Al-Quran.uz мобиль илова лойиҳа раҳбари Шайх Алижон қори Ал-Азҳар университетининг Шариат ва Қонун факультети ҳамда Улумул Қуръон ва қироат илмларига ихтисослашган илм даргоҳларида таҳсил олган. Шайх Алижон қори Қуръони карим ва тажвид илми бўйича энг мўътабар устозларнинг ижозаларини олган.

 

Эслатиб ўтамиз, Al-Quran.uz иловаси қатор инновацион ишланмалар бўйича қулайдир. Айни пайтда иловани App Store ва Google Play тизимидан юклаб олиш мумкин. Илова IOS ва Андроид мобиль тизимларда ишлаш имкониятига эга.

Аллоҳ таоло ушбу инновацион лойиҳани барчамизга муборак айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

 

 

 

Видеолавҳалар

Top