www.muslimuz

www.muslimuz

Аллоҳ Довуд ва Сулаймонга (алайҳимуссалом) ерда ҳокимлик, мол-мулкда кенглик ва илмда барака берди. Яна уларга одамларга қоронғи бўлган кўп нарсаларни билдирди. Шунингдек, уларга қурол-аслаҳалар берди, жинлар, ҳайвон ва ҳашаротларни бутунлай бўйсундирди. “Қасамки, Биз Довуд ва Сулаймонга (етук) билим ато этдик ва улар: “Бизларни кўп мўмин бандалардан афзал қилиб қўйган зот – Аллоҳга ҳамду сано бўлсин”, дедилар. Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди ва айтди: “Эй одамлар, бизга қушларнинг (ва барча жонворларнинг) тили билдирилди ҳамда (пайғамбар ва подшоҳларга бериладиган) барча нарсалардан берилди. Албатта, бу очиқ фазлу марҳаматнинг ўзидир” (Намл, 15–16).

 

Аллоҳ Довудга (алайҳиссалом) тоғ ва қушларни у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундирди. Яна унга совут ясашни ўргатди ва темирни хамирдек юмшоқ қилиб берди: “Аниқки, Биз Довудга (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик: “Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!”. Ва унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. (Ва унга дедик): “Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро, мен қилаётган амалларингизни кўриб тургувчиман” (Сабаъ, 10–11). Довуд (алайҳиссалом) бу каби неъматларга шукр қилар, Аллоҳга тавба-тазарру билан зикр, дуо ва тасбеҳ айтар, одамлар орасида ҳақ билан ҳукм чиқарар эди.

 

 “Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб) унинг амри билан биз муборак қилган заминга (Шомга) эсадиган (қилиб қўйдик). Биз барча нарсани билгувчимиз. Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон учун) ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва биз уларни (Сулаймоннинг амридан чиқиб кетмасликлари учун) қўриқлаб тургувчи бўлдик” (Анбиё, 81).

 

* * *

 

Бир қавмнинг токлари мева туккан эди. Қавмнинг қўйи кириб уни янчиб ташлади. Довуд (алайҳиссалом) қўйни ток эгасига беришга ҳукм қилди. Сулаймон (алайҳиссалом): “Ток новдасини қўй эгасига берамиз. Ток унинг уйида ўз ҳолатини тиклаб олсин. Қўйдан эса ток эгаси фойдаланиб турсин. Ток новдаси олдинги ҳолига қайтиши билан ўз эгасига, қўй ҳам ўз эгасига қайтарилиб берилади”, деди.

 

* * *

 

Ҳудҳуд Сулаймоннинг (алайҳиссалом) хабарчиси, сувли ерлар ва аскарлар манзили ҳақида хабар берувчи “кўзи” эди. Кунларнинг бирида Сулаймон (алайҳиссалом) қушларни кўздан кечираётиб Ҳудҳудни топа олмади ва ғазабланиб, уни койиди. Ҳудҳуд бир қанча вақтдан сўнг қайтиб келди ва Сулаймонга (алайҳиссалом): “Сен ва лашкаринг огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва ҳузурингга Сабаъ ва уларнинг маликалари ҳақидаги хабарни келтирдим. Уларнинг катта салтанати бор экан. Ўзлари ақлли, мол-мулкли ва шу билан бирга жаҳолатда экан. Улар қуёшга сажда қилади ва бу ишларининг моҳиятини тушунмайди”, деди.

 

Аллоҳнинг пайғамбарини мамлакатининг ёнгинасида у билмаган ва даъвати етиб бормаган, ҳанузгача қуёшга сиғинадиган салтанат бор экани ғазаблантирди. Унда дин ва пайғамбарлик ҳамияти жунбушга келди. Шаҳарга қудратли аскарлари билан бостириб боришдан олдин мамлакатнинг мушрика маликасини Исломга даъват қилиб, итоат ва бўйсунишга чорлаб, мактуб ёзди. Мактубда хушмуомалалик билан жиддийлик, пайғамбар тавозеси билан подшоҳнинг қатъияти жамланган эди.

 

Малика оқила эди, ҳукм чиқаришга ошиқмади. Лекин ҳали ҳидоят топмаган эди. Салтанат аъёнларини бу мактуб билан таништирди. Давлат арконлари эътибор қозониш ва тилёғламалик қилиш мақсадида катта қўшин тортишни маслаҳат қилишди. Аммо малика уларнинг сўзларини қабул қилмади: “Мен Сулаймонга ҳадялар жўнатаман ва уни синаб кўраман. Агар ҳадяларни қабул қилса, у подшоҳ бўлади. Шунда у билан жанг қилинглар. Агар туҳфаларни қабул қилмаса, у пайғамбардир. Унга эргашинглар”, деди.

 

Малика Сулаймонга (алайҳиссалом) ҳадялар жўнатди. Сулаймон (алайҳиссалом) юз ўгириб, улардан воз кечди. Сўнг: “Ширкингизда ва мулкингизда қолдиришим учун мол бериб, мен билан савдолашмоқчимисиз? Аллоҳ менга берган мулк, бойлик ва лашкар сиз эга бўлган нарсалардан яхшироқ”, деди.

 

Малика ва қавми бўйсунди. Сулаймон (алайҳиссалом) Аллоҳга ҳамд айтди. У маликага Аллоҳнинг мўъжизаларидан бирини кўрсатишни истади. Жинларга маликанинг тахтиравонини отлиқ қўшин етиб келгунига қадар келтиришларини талаб қилди. Оз фурсат ичида Сулаймоннинг (алайҳиссалом) истаган нарсаси рўёбга чиқди. Бу мўъжиза эди. Сулаймон (алайҳиссалом) маликанинг фаросатини синаш учун тахтини танимайдиган қилиб, ўзгартириб қўйишга буюрди. «Бас, у келгач: “Тахтинг шундаймиди?” дейилди. У: “Худди ўшанинг ўзи”, деди » (Намл, 42).

 

Сулаймон (алайҳиссалом) малика учун ойнадан улкан қаср қуришни ва қаср остидан сув оқизиб қўйишни буюрди. Ойна ҳақида билмаган киши уни сув деб ўйларди. У ойнани оқадиган ва тўлқилланадиган нозик сув деб тушунди, оёқларини очиб, уни кесиб ўтмоқчи бўлди. Сулаймон (алайҳиссалом): “Бу чиннидан силлиқланган сув”, деб уни огоҳлантирди. Шунда маликанинг қалб кўзидаги парда очилди: зоҳирга қараб баҳолаб, қуёшга ибодат қилиб, адашганини билди. Ва: “Парвардигорим, дарҳақиқат мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар хожаси – Аллоҳга бўйсундим”, дейишга ошиқди” (Намл, 44)

 

Аллоҳ Сулаймонга (алайҳиссалом) ҳикмат берди. Шунингдек, Аллоҳ унга пайғамбарлик берди. Яҳудлар туҳматидан у зотни поклади: “Сулаймон кофир эмас эди. Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар” (Бақара, 102). Ва яна: “Биз Довудга Сулаймонни ҳадя этдик. (Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир” (Сод, 30);

 

“Шак-шубҳасиз (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат (яъни, жаннат) бордир” (Сод, 40) деб марҳамат қилди.

Мустақиллик, хурлик, бировларга қарам бўлмаслик Аллох таолонинг бизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганда ҳам ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган қадри-шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъматдир.

Даҳрийликка асосланган собиқ тузум пайтида барча диний ва миллий қадриятлардан узилган халқимиз Истиқлолдан кейин имон-эътиқод сари юз тутди. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий-эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиий бир ҳол эди. Давлатимиз ана шу нозик туйғуни чуқур ҳис этиб, мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқнинг маърифати ва маънавиятини юксалтиришга катта аҳамият берди.

Истиқлол туфайли жаннатмакон мамлакатимизда Ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Мўмин мусулмонларнинг эмин – эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун ҳамма шароитлар яратилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди.

Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг биринчи кунлари дам олиш куни деб белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди.

Ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва бу буюк неъматларнинг шукронасини қилиб, қадрига етиб яшаш ҳамда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Мустақиллик ва ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукроналар айтишимиз лозим. Чунки Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор:

“…агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброхим сураси 7-оят).

Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди» (Имом Ахмад ва Термизий ривояти), – деб марҳамат қилганлар.

Инсон қаерда дунёга келса, ўша ер унинг учун Ватандир. Киндик қони тўкилган жой унга ҳамма нарсадан қимматли. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларида Маккаи мукаррамани эслаб: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари она-Ватанни севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: «Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она-Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини».

Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиш билан ўлчанади.

Барчамиз учун табаррук бўлган уч сўз бор: Имон, Ватан ва Истиқлол. Бу сўзларнинг мазмун моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис этиб турибмиз.

Имон – Буюк Аллоҳ ва Расулига ишониш, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиш ва Унинг амр-фармонларига итоатда бўлиш демакдир.

Ватан – бу муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимиз ифтихоридир. Уни авайлаб-асраш, унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш, имон ва муҳаббат таянчидир.

Истиқлол – Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бўлиб, у ҳаётимиз мазмуни, ғурур ва ифтихоримиз тимсоли ва ифодасига айланган.

Аллоҳ таолога бўлган имонимиз ва ихлосимиз Истиқлол шарофати билан янада мустаҳкамланиб, зиёда бўлиб бормоқда.

Кундан кунга юксалиб, тараққий этиб бораётган озод ва обод Ватанимизни бугун дунё танимоқда, тан олмоқда. Турли соҳаларда Ватанимиз эришаётган ютуқлар юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлиги, халқимизнинг бунёдкорлик борасидаги меҳнатлари ва албатта, муҳтарам Юртбошимизнинг олиб бораётган одилона сиёсати маҳсулидир. Айниқса, юртимимзда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади. Ёшларимиз таълим, спорт, санъат, қўйингки, барча соҳаларда эришаётган юксак марралар ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг самарасидир.

Дунёда турли манфаатлар, ғоялар кураши авж олган бугунги мураккаб бир даврда ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлигини сақлаш, равнақи йўлида астойдил меҳнат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, Ватанимиз бизнинг ғуруримиз, фахримиз, ҳаётимиз мазмунидир.

Дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган қарама-қаршилик ва тўқнашувларни, вайрон бўлаётган шаҳар ва қишлоқларни, тинч аҳолининг қони тўкилаётганини кўриб, Ўзбекистоннинг оддий фуқароси сифатида шуни баралла айта оламизки, энг олий саодатимиз – мустақиллигимиздир.

Бугун бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратаётган аёлларнинг ҳаётдан шод юз-кўзларига қараб, замонавий таълим тарбия масканларида вояга етаётган бахтли авлодга қараб, Ўзбекистон келажаги буюклигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласан киши.

Дарҳақиқат, бугунгача бўлган йўлни осонликча босиб ўтмадик. Минг-минг машаққатлар синовидан, даврнинг оғир заҳматларидан матонат, эзгу мақсад сари олға интилиш, юксак ишонч билан тик ўта олган мардона юртда яшамоқ, унга муносиб бўлмоқ ҳар биримизнинг олий бурчимиз бўлмоғи шарт! Шу заминда яшаёттан ҳар бир инсон ўзига «Ким эдигу ким бўлдик?» деган ҳақли саволни бериб яшаши замирида жавобни тинчликка бўлган ҳурмат, истиқлолга бўлган шукрона туфайли топишига аминмиз. Кечаги кун билан бугуннинг орасида жуда катта тафовут бор. Яқин тарихда кимнингдир измидан чиқолмай, ўз тилини, ўзлигини, ҳақлигини исбот этмоққа-да ожиз кўнгиллар бугун соф миллат тили – ўзбек тилида баралла ва эркин суҳбатлашаётгани, ҳатто жаҳон минбарларида туриб сўзлаётгани юракни чексиз фахрга тўлдиради.

Ватан равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топишида ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарурлигини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда таъкидлаб, шундай дейди:

“… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).

Ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқарган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган, мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётган, биз ёшлар келажагига мустаҳкам замин яратаётган азиз ва мукаррам – Мустақиллигимиз бардавом бўлсин!

Одилжон Нарзуллаев
Зангиота тумани «Имоми Аъзам»
жоме масжиди имом-хатиби

манба

30 август куни Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар иштирокида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни ЎМИнинг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров олиб борди.

Йиғилишда юртимизда истиқлол йилларида олиб борилган ҳамда айни вақтда изчил равишда давом эттирилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар яна бир бор талқин этилди.

– Шу ўринда ушбу ҳадиси муборакни эсга олиш ўринлидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Агар биз ушбу ҳадиси шариф маъносига амал қилишни истар экан, шикоят қиладиган ҳолдан йироқмиз дея оламиз. Чунки истиқлол йилларида халқимиз фаровонлиги ўсди, инсон омилига бўлган эътибор кучайтирилди. 27 йил фурсат мобайнида кўплаб масжидларимиз қайта чирой очди. Энг муҳими, буларнинг барчасига тинчлик ва саломатликда гувоҳ бўляпмиз. Бу улуғ неъмат эмасми?, – дея таъкидлади вилоят бош имом-хатиби С.Қодиров.

Йиғилишда сўзга чиққанлар ҳаётий мисолларни келтирган ҳолда имом-хатиблар халқимизга шукроналик ҳисси билан яшашни ўргатишда ҳақиқий маслакдош бўлишини таъкидладилар.

Йиғилишдан сўнг тадбир иштирокчиларига ош тортилди ҳамда Қуръон тиловати қилиниб, дуога қўл очилди.

 

 

ЎМИ матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top