www.muslimuz

www.muslimuz

Бугун, 25 октябрь, душанба куни соат 20:15 да файзли уламолар, зийнат қорилар ва хушовоз нашидхонлар иштирокидаги “Қалбимиз ва ҳаётимиз Сиз ила, ё Расулаллоҳ!” номли онлайн сийрат суҳбатлари тақдим этилади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам сийратлари мўмин-мусулмонларнинг имон-ихлосига чинакам озуқа. Агар кишининг имони комил бўлса, Расули Акрамга бўлган муҳаббат ҳам зиёда бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирорталарингиз мени фарзандидан, ота-онасидан ва одамларнинг барчасидан кўра, кўпроқ яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, деганлар. Демак, имон комил бўлиши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ота-онамиздан ҳам, болаларимиздан ҳам, жамики одамлардан, ҳатто ўзимиздан ҳам кўпроқ яхши кўришимиз лозим. Бунинг учун эса У зотни яхши танишимиз, ҳаётларини билишимиз, энг муҳими, суннатларини ҳаётга татбиқ этишимиз даркор. Онлайн сийрат тараннуми тадбири мана шу эзгу ишга оз бўлсада ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

Қуйидаги ижтимоий тармоқларимиз орқали онлайн сийрат суҳбатлари, гўзал қироатлар ва ажойиб нашидаларни тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!

Youtube: MuslimTV (https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ?view_as=subscriber)
Facebook: MuslimUz (https://www.facebook.com/muslimuzportal)

?Мавзу юзасидан савол ва фикр-мулоҳазаларингизни @OnlineSiyratBot орқали жўнатинг.

#СИЙРАТ
#Қалбимиз_ва_ҳаётимиз_Сиз_ила_ё_Расулаллоҳ!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом
салавоту саломлар бўлсин.

Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев жаноблари!

Сизни 2021 йил 24 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтган Президент сайловларидаги ишончли ғалабангиз билан чин дилдан, самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таолодан халқ фаровонлиги ва юрт равнақи йўлидаги фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Президентлик сайловлари натижалари халқимизнинг ўз Раҳбарига бўлган юксак ишончи ва ҳурматидан далолат эканини яққол кўрсатди.
Сайловлардаги аниқ ғалабангиз – бу Сизнинг мамлакатни дадил қадамлар ила ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларингизни халқимиз қўллаб-қувватлашининг, шунингдек, юрт аҳлининг келажакка бўлган интилишлари ёрқин намойиши бўлди.

Аллоҳ таборака ва таолодан Сиз жаноби олийларига ва оилангизга сиҳат-саломатлик, шоду ҳуррамлик ва оилавий бахт тилаймиз. Эл-юрт саодати ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларингизда улкан зафарлар ато этишини Яратган Парвардигордан сўраймиз.

Ҳақ таоло Сизнинг Ватан тараққиёти, халқ манфаати йўлида олиб бораётган шарафли ишларингизда мададкор бўлиб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрасин, Омин ё Роббал аламийн.

Камоли ҳурмат ва юксак эҳтиром ила,
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Бугун, 25 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Буюк Британиядаги Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази раҳбари Фархан Низамийни қабул қилдилар.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари Президент сайловига кузатувчи сифатида келган Оксфорд ислом маркази директорига миннатдорлик билдириб, ушбу тарихий жараён Ўзбекистон тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим воқеа экани тўғрисида сўз юритдилар.

Нуфузли ташкилотларидан бири бўлган Оксфорд ислом марказининг юртимиздаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан алоқаларини муфтий ҳазратлари алоҳида тилга олдилар.

Сўнгги беш йилда диёрмизда амалга оширилган ишлар, хусусан, диний соҳадаги енгилликлар, илмий-тадқиқот марказлари очилиши, илмий мактаблар ташкил этилиши, имом-хатибларнинг маърифий ишлари, хорижий муассасалар билан алоқалар ва нашр ишларига муфтий ҳазратлари катта урғу қаратдилар. Шунингдек, келгусида Оксфорд ислом маркази билан илмий-тадқиқот йўналишида ҳамкорлик қилиш юзасидан фикр-мулоҳазаларни билдирдилар.
Меҳмон Фархан Низамий жавоб сўзида Президент сайловига кузатувчи сифатида таклиф қилинганидан бениҳоя мамнун эканини изҳор этиб, Янги Ўзбекистонда жуда ҳам катта ўзгаришлар ва янгиланишлар бўлаётганини эътироф этди. Шунингдек, у Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида ўзбек олимлари ҳам илмий фаолият юритишларини сўзлаб, ушбу юртнинг ўтмиши ва бугуни ҳақида жуда кўп илмий изланишлар олиб борилаётганини қўшимча қилди.
Меҳмон инсоният бугунги мураккаб даврда ҳаёт кечираётганини билдириб, Ўзбекистонда замонавий таҳдидлар ва глобал муаммоларга ҳозиржавоблик ила қилинаётган ишлар нафақат ушбу минтақа, балки бутун дунё учун аҳамияти беқиёс эканини юқори баҳолади.

Муфтий ҳазратлари меҳмон Фархан Низамий Ислом тарихи йўналишида йирик олим эканини инобатга олган ҳолда келгусида буюк алломаларимизнинг илмий меросни ўрганиш, Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этишда яқиндан ҳамкорлик қилиш фойдали бўлишини таъкидладилар.

Меҳмон Фархан Низамий жаноблари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, муфтий ҳазратларини ушбу марказ фаолияти билан яқиндан танишиш учун Буюк Британия давлатига таклиф этди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонда ўттиз оятдан иборат бир сура бор. Ким уни ўқиса, гуноҳлари кечирилгунича шафоат қилади. У Таборак сурасидир”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

Таборак сураси “шафоатчи” номи билан машҳур. Шу сабаб бўлса керак, кўп мусулмон диёрларида, хусусан бизнинг юртда маййит дафн этилгандан кейин Таборак сураси ўқилади.

Саҳобалар бу сурани “қутқарувчи” деб аташган. Зеро, Таборак сураси бандани шафоат қилиши ҳақида ривоятлар келган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Қуръондаги ўттиз оятдан иборат сура соҳибини жаннатга киритгунча тортишади. Бу Таборак сурасидир”, дейилган (Имом Табароний ривояти).

Анас ибн Нуфайлдан ривоят қилинишича, қиёмат куни бир банда тирилтирилади. У биронта ҳам гуноҳни қолдирмай ҳаммасини қилганди. Бироқ Аллоҳни ягона деб билар, Қуръоннинг фақат битта сурасини ўқирди. Уни дўзахга киритиш буюрилади. Шунда ўша кишининг ичидан бир нарса учқундек отилиб чиқиб: “Ё Аллоҳ! Мен Пайғамбаринг алайҳиссаломга нозил қилганинг (Қуръондан) бир сураман. Мана бу банданг мени ўқирди”, дейди. Ўша сура бандани жаннатга киритгунича шафоат қилади. Таборак сураси (Аллоҳнинг изни билан бандани азобдан) қутқаради (Имом Дайламий ривояти).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен (Таборак сураси) умматимдан ҳар бир мўмин банда қалбида бўлишини хоҳлардим”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот бўлими

Видеолавҳалар

Top