www.muslimuz

www.muslimuz

Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Исломдан аввалги жоҳилият даврида “Бу ойда фалон ишни қилиб бўлмайди, фалон иш мумкин эмас” каби шумланишлар урф бўлган. Ҳатто бирор ишга киришишдан олдин қуш учириб кўришарди. Қуш ўнг томонга учса, яхшиликка йўйиб, ишга киришишар, чап томонга учса, бу ишда яхшилик йўқ экан, деб тарк этишар, борди-ю тўғрига учса, қайтадан учириб кўришар эди.

Афсуски, ҳозир ҳам “сафар ойида иш бошлаш, тўй қилиш, сафарга чиқиш хосиятсиз” деган гаплар бот-бот қулоққа чалиниб туради. Бу гапларнинг ҳеч қандай асоси йўқ. У ойда ўқиладиган намоз, дуо ва бошқа эзгу амаллар бошқа ойлардагидек қабул бўлади. Сафар ойида ҳам тўй ва маросимлар қилиш, сафар қилиш мумкин.

Тақдирга имон келтириш динимизнинг асосларидан биридир. Инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билиши керак. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга имон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳридаги масжидларини сафар ойида қурганлар. Қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга сафар ойида никоҳлаганлар. Айнан шу ойда сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар. Бу ойга “яхшилик ойи” деб ном берганлар.

Демак, инсон ҳар бир нарсани Аллоҳ таолодан деб билиши керак. Ҳақ таоло ақидамизни мустаҳкам қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бухоро вилоятига сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишмадбеков Бухоро шаҳридаги муҳташам "Болои Ҳовуз" масжидига ташриф буюриб, пешин намозини жамоат билан адо этиб, ҳудуд мўмин-мусулмонларига маърифий мавъиза қилиб бердилар.

Маърифий учрашув давомида жамоатни Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан муборакбот этдилар, сўнгра юрт тинчлиги ва хотиржамлиги, халқимиз сиҳат-саломатлиги ва фаровонлиги омили бўлган мустақиллик неъматининг қадрига етиш, она юрт тинч-осудалигини асраб-авайлашга саъй-ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлаб, бу борада динимиз кўрсатмаларини баён этдилар.

Дарҳақиқат, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривоятлари).

Мазмунли суҳбат якунида мустақил юртимизда олиб борилаётган улкан ўзгаришларнинг янада равнақ топиши, эл-юрт тинчлиги ва мамлакат ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб дуои хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

6 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 3 та олий диний таълим муассасаси ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасасида 2021-2022 ўқув йилининг бошланиши ва Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раҳбар ва маcъул ходимлари, вилоят вакиллари, мартабали меҳмонлар, ўқитувчи ва талабалар, ота-оналар иштирок этди.

Маросимлар давлат мадҳияси, Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Сўнгра таълим муассасалари раҳбарлари ва мартабали меҳмонлар сўзга чиқиб, талабаларни мутақилликнинг 30 йиллик байрами, янги 2021-2022 ўқув йилининг бошланиши ва қабул имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, таълим муассасаларининг биринчи курсига ўқишга кирган талабаларни билан табриклаб, дуои хайрлар қилдилар.

Шундан сўнг таълим муассасаларининг барча гуруҳларида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Мустақиллик дарси” ўтказилди. Ушбу дарслар махсус видео слайдлар асосида олиб борилди.

Маълумот учун, 2021-2022 ўқув йили учун олий диний таълим муассасаларига 216 нафар, ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 270 нафар, жами 486 нафар абитуриентлар талабаликка қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда барча олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасаларида жами 2212 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга 425 нафар малакали педагог-ўқитувчи дарс бермоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Шу кунларда баъзи сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий вазифасига ким сайланиши ва номзодлар ҳақида турли хабарлар эълон қилинмоқда. Ҳатто айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари фалон уламо муфтий вазифасига тайинланди, деган мазмундаги асоссиз ахборотни ҳам тарқатиб, аҳолини ёлғон маълумотлар билан чалғитаётгани кузатилмоқда. Натижада, шундай гап-сўзларни тарқатиш орқали эл-юрт ҳурмат қиладиган ва эҳтиром кўрсатадиган уламоларнинг руҳиятига салбий таъсир ҳам ўтказилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиз фуқароларини асл ҳолат ва мавжуд вазиятни билмай туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни тарқатишдан сақланишга чақиради. Шунингдек, ҳаммани ўзимга қаратаман ёки кузатувчиларим сони кўпаяди, дея арзон шуҳратга учиб, ёлғон ахборот тарқатиш эса журналистик этикасига ҳам, ижтимоий тармоқ юритиш одобига ҳам, динимиз таълимотига ҳам зид эканини маълум қилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мазкур мавзу атрофида асоссиз баҳс-мунозарани ҳаётини халқимиз ва муқаддас динимиз хизматига бағишлаган марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратларининг вафотидан кўп ўтмаган бир даврда кўпайтиришни диний, миллий ва оддий инсонийлик қадриятлари нуқтаи-назаридан одобсизлик сифатида баҳолайди ҳамда фуқароларимизни бундай ишлар қилмасликни сўрайди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси республика ҳудудида расмий фаолият олиб бораётган исломий диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органи бўлиб, мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу мақсадда, фиқҳда Ҳанафий мазҳаби ва ақидада Имом Мотуридий таълимоти асосида мўмин-мусулмонлар учун барча шарт-шароитларни яратади. Шунингдек, Ислом маърифатини кенг ёйиш, масжид-мадрасалар таъсис этиш, диний адабиётлар нашр этиш, халқаро ташкилотлар ва таниқли уламолар билан ҳамкорликни амалга оширади.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уставининг тегишли бандига асосан Диний идора раиси, муфтий Уламолар Кенгаши йиғилишида беш йил муддатга сайланади. Муфтий лавозимига сайланаётган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси, олий диний маълумотли, камида ўн йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлаган, уламолар ҳамда халқ орасида обрў ва ишонч қозонган бўлиши лозим.

Айни кунларда муфтий лавозимига муносиб номзодларни атрофлича кўриб чиқиш, меҳнат фаолиятларини ўрганиш, билим салоҳиятларини мезонга солиш, иш тажрибаларини кузатиш ва халқ орасидаги обрў-эътиборларига баҳо бериш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнларнинг якуни тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий матбуотида эълон қилинади.

Ўз навбатида айтиш керакки, бу масалада интернетдаги бетизгин эркинлик сабабли исломий меъёрларни эсдан чиқариш ҳам дуруст эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур), деб баён қилган (“Қоф” сураси, 18-оят).

Ушбу ояти каримадан бугун ёзганларимиз эртага ўзимизнинг фойдамиз ёки зараримизга ҳужжат бўлиши аён бўлмоқда. Ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, Ислом дини кўрсатмалари пайдо бўлса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик...

Ҳақ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами муносабати билан диний соҳада самарали фаолият олиб бораётган таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар, моҳир мударрислар, фаол отинойилар ва бир гуруҳ диний соҳа ходимларини “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотлаш тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 6 сентябрь куни Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида мана шундай тадбирларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибият бўлими мудири Бобуржон Тошпўлатовга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони ва гувоҳномаси топширилди.
Мукофот соҳиби кўрсатилган юксак эътибор учун миннатдорлик билдириб, келгусида мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги амалга оширилаётган ишларда фаол иштирок этиб, халқимиз маърифатини ошириш йўлида хизмат қилишини билдирди.
Аллоҳ таборака ва таоло мазкур мукофотни муборак қилсин, дин, халқ ва Ватан йўлидаги хизматларида улкан муваффақиятлар сўраймиз!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top