www.muslimuz

www.muslimuz

Бугун, 15 июль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан “Саҳиҳул Бухорий” асарининг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзма нусхалари” мавзусида халқаро онлайн анжуман ўз ишини бошлади.

Анжуманнинг очилиш маросимини ZOOM видеоалоқа платформаси орқали Туркия, Миср, Малайзия, Саудия Арабистони, Буюк Британия, Германия, Россия, Қозоғистон давлатларидан экспертлар, мустақил тадқиқотчилар ва қизиқувчи тингловчилар жами 91 нуқтадан туриб кузатиб боришди.

Онлайн анжуманда “Саҳиҳул Бухорий” асарининг нодир қўлёзма нусхалари ҳақида тақдимот намойиш этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун, 15 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ZOOM платформаси орқали “Вақф” хайрия жамоат фондининг 2021 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ва келаси ярим йиллик режалари хусусида Васийлик кенгаши йиғилиши онлайн тарзда ўтказилди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев, “Вақф” фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмонов, Фонд раиси ўринбосари Икром Аҳмедов ҳамда Фонднинг вилоятлардаги Васийлик кенгаши аъзолари қатнашди.

Онлайн тадбирда фонд раҳбари Яҳё Абдураҳмонов ўтган 6 ой давомида қилинган хайрия тадбирлари ва амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот берди. Жумладан, Фонд томонидан ўтган даврда фақат хайрия учун 11 293 000 000 сўмдан зиёд маблағ сарфлангани ҳақида маълумот берди.

Йиғилиш давомида кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

MasterCard ва CrescentRating ташкилотлари томонидан ҳар йили эълон қилинадиган "Жаҳон Мусулмон Саёҳати Индекси" халқаро рейтингида Ўзбекистон олти поғона юқорилаб, 16-ўринни эгаллади ҳамда энг жадал кўтарилган мамлакат сифатида алоҳида эътироф этилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистоннинг бу йилги ҳисоботда жадал кўтарилишига мамлакатимизнинг Ислом дини билан боғлиқ бой меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда оммалаштиришга қаратилган қатор лойиҳалари асосий сабаб эканлиги кўрсатилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ушбу рейтингда 2018 йилда 32-ўрин, 2019 йилда 22-ўринни эгаллаган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Уламоларнинг Тошкент вилоятига ташрифи давомида масжидлардаги маърузалари ҳудуддаги мўъмин-мусулмонларнинг савиясини оширмоқда.

Бугун, 15 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов Бўстонлиқ туманидаги “Олимжон ота”, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази масъул ходими Аброр Мухтор Алий ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Чирчиқ шаҳридаги “Марказий” масжидида бўлдилар.

Уламоларимиз ташриф асносида пешин намозидан сўнг масжидлар қавмига юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган эзгу ишлар, янгиликлар ҳақида хабар бердилар, бугунги кундаги долзарб мавзуларда гўзал мавъизалар қилдилар. Бундан намозхонлар ниҳоятда мамнун бўлишмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов Бўстонлиқ туманидаги “Олимжон ота” жоме масжидидаги маърифий суҳбати давомида Ислом динининг моҳияти, мусулмонларнинг хулқ-атвори қандай бўлиши кераклиги, мусулмонларни зиёрат қилишнинг ажру савоби, бугунги кунда жамиятда учраётган муаммолар ҳақида таъсирли маъруза қилиб бердилар, намозхонларнинг саволларига жавоб бердилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

 Шу кунларда Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда “Қуръони карим суралари ва дуолари фазилати” номли китобда “Бақара” сурасидаги хатоликлар тўғрисидаги хабарлар кенг тарқалмоқда. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон мусумонлари идораси мутахассислари ўрганишлар олиб бордилар. Аниқланишича, хатоликлар асосан “Бақара” сурасида йўл қўйилган бўлиб, оятлардаги арабча сўзлар техник ишланмалар натижасида ўринлари алмашиб кетган.

Китобни нашрга тайёрловчи Мирфатҳулло Қодировнинг вакили-фарзанди Миродил Қодиров мазкур хатоликлар охирги чоп этиш жараёнида, яъни китоб макетини компьютер дастуридан босмахона файлига ўгиришдаги эътиборсизлик оқибатида йўл қўйилганини эътироф этди ҳамда барча мўмин-мусулмонлар ва китобхонлардан узр сўради.

Таъкидлаш керакки, муаллифлардан бири сифатида қайд этилган Таваккал домла Кенжаев (“Эшон Бобохон” масжиди имоми) эса ушбу китобни тайёрлаш ва нашр этишда мутлақо иштирок этмагани, балки ушбу ҳурматли домланинг розилигисиз номлари ёзилгани маълум бўлди. Нашрга тайёрловчи масъуллар Таваккал домла Кенжаевдан ҳам юзага келган ноқулайликлар учун кечирим сўради.

Нашрга тайёрловчилар “Қуръони карим суралари ва дуолари фазилати” китобини қайтариб олишни ўз зиммасига оладилар. Ушбу нуқсонли китобни топшириш учун Тошкент шаҳри “Чорсу” мавзесида жойлашган “Китоблар дунёси” мажмуасидаги 10-растага топшириш мумкинлиги маълум қилинади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда яшовчи фуқаролар эса ўзлари сотиб олган сотувчиларга топширишлари тавсия этилди. Ўз навбатида, китобнинг нуқсонли жойини тўғрилаб бериш кафолатини ҳам нашрга тайёрловчилар ўз зиммаларига олади.

Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг муборак Каломи ва Ислом динининг энг буюк шиори экани нуқтаи назаридан Ўзбекистон мусумонлари идораси Қуръони карим билан боғлиқ матнларни чоп этишда нашриётлар ва босмахоналар масъулларидан диққат-эътиборни жиддий қаратишга чақиради.

 

Боғланиш учун телефон: 90-029-35-47

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Видеолавҳалар

Top