muslim.uz

muslim.uz

Бугунги кунда “Ўзстандарт” агентлиги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик бўйича 33 мамлакат билан 47 ҳужжат имзолаган.
 
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан “Ўзстандарт” агентлигининг халқаро муносабатлардаги мавқеи ва ҳамкорлик истиқболлари” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
 
Унда агентлик бош директори ўринбосари Жасур Шукуров ва бошқалар халқаро ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан маълумот берди.
 
Бугунги кунда “Ўзстандарт” агентлиги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик бўйича 33 мамлакат билан 47 ҳужжат имзолаган. Стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларини қамраб олган келишувлардан 12 тасини ҳукуматлараро, 35 тасини идоралараро битимлар ташкил этади.
 
“Ўзстандарт” агентлиги стандартлаштириш соҳасида Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO), Халқаро электротехника комиссияси (МЭК), Россиянинг “Росстандарт”, Малайзиянинг Стандартлар департаменти, Жанубий Кореянинг Технологиялар ва стандартлар агентлиги, Сингапурнинг “Спринг” каби ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатган.
 
Метрология соҳасида ҳамкорликни қонунийлаштирувчи халқаро ташкилот (МОЗМ), Ҳудудий метрология ташкилоти (КООМЕТ), Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси (BIPM) ҳамда ҳалол стандарти соҳасида Ислом давлатлари стандартлаштириш ва метрология институти (SMIIC) ва Туркия стандартлар институти билан яқин алоқа ўрнатилган.
 
– Ўзбекистонда ҳалол стандарти бўйича ҳали тўлиқ тизим ишлаб чиқилмаган, ҳалол стандарти сертификати берадиган ташкилотлар мавжуд эмас. Шу йўналишда ишлар олиб борилмоқда. Тез орада ҳалол стандарти сертификати берадиган ташкилотларга эга бўламиз, – деди Ж.Шукуров.
 

 

Д.Суннатов, ЎзА

Куни кеча Марғилон шаҳрида жойлашган “Хонақоҳ“ жоме масжидининг янги биноси учун дастлабки ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда salla.uz забар берди.

Тадбирда Марғилон шаҳрининг бир қанча зиёлилари ва «Хонақоҳ» масжидининг жамоати иштирок этган. Меҳмонлар бино пойдеворига илк ғиштларни қўйишди ҳамда дуолар қилишган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

“Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида диний адабиётларни нашр этиш тартиби, қонун-қоидалари ва бу борадаги камчиликларни ҳал этишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, диний соҳа мутахассислари ҳамда нашриёт ходимлари, муҳаррирлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, “Шарқ” НМАК қарийб бир асрлик тарихга эга, ишончли ва энг ўқишли диний адабиётларни чоп этишда етакчи нашриётлардан ҳисобланади.

Афсуски, баъзи ҳолларда диний билими етарли бўлмаган, диннинг асл моҳияти, мақсадидан анчайин бехабар муаллифлар томонидан ислом дини аҳкомларига зид, асоссиз қўлёзмаларни ёзиб, нашр қилиш истагини билдираётган, диний адабиёт муаллифлигига даъво қилаётганлар ҳам учрамоқда. Алоҳида таъкидлаш лозимки, юртимизда диний адабиётлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада экспертизадан ўтиб, тасдиқланганидан сўнггина нашр этилади. Бу эса, ўз навбатида юртимизда нашр этилаётган диний адабиётлар қиммати, ишончлилигини оширади.

Ғуломжон ҲАКИМОВ,
“Шарқ” НМАК касаба уюшма раиси:


– Нашриётимиз ўзининг узоқ йиллик тарихи ва тажрибасига эга. Айниқса, диний адабиётлар нашр этилишидан аввал таҳририятимиздаги бош комиссия ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада экспертизадан ўтади. Нашриёт улар тасдиқлаган диний адабиётларнигина нашр этади. Бу каби китоблар ўқувчи қўлига етиб борганда ортиқча савол, иккиланишлар юзага келмайди. Мисол учун, нашриётимиз томонидан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бир қанча китоблари минглаб нусхада босилган ва ҳозирги кунда қайта-қайта нашр қилинмоқда. Китобнинг қиммати унинг чуқур диний билим билан ёзилгани ва ҳар бир фикрнинг батафсил асослаб берилганидадир. Шу боис биз ўқувчиларга Дин ишлари бўйича қўмита тасдиқлаган ва унинг махсус белгиси акс этган китобларни харид қилишни тавсия қиламиз.

Аҳрор АҲМЕДОВ,
“Шарқ” НМАК Бош таҳририяти бош муҳаррири:


– Бугунги тадбирда муҳокама этилган мавзу жуда долзарб. Диний адабиётларга бўлган эҳтиёж ислом дини юксак қадрланаётган юртимизда кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу эса ноширларга катта масъулият юклайди. Диний адабиётда бирор маълумотнинг нотўғри кетиб қолиши ўқувчининг умумий ёндашувига салбий таъсир кўрсатади. Бугун юртимиздаги диний адабиётларни нашр этишда йўлга қўйилган механизм Марказий Осиё, МДҲ ва ҳатто Араб давлатларида ҳам намуна олишга интилиш, катта қизиқиш уйғотмоқда. Улар ўзбек тилида нашр этилган диний адабиётларни таржима қилмоқда. Чунки кўплаб давлатларда чоп этилаётган исломий адабиётларда тойинишлар мавжуд. Нашриётимизда ҳар йили ўртача 100-120 диний адабиёт нашр этилади. Мазкур китоблар ўқувчилар учун ишончли манбага айланмоқда.

Саидафзал САИДЖАЛОЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси нашриёт-матбаа бирлашмаси бош муҳаррири:

– Учрашувда диний адабиётларни нашр этиш, унинг ўзига хос нозик жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Агар мутахассис бўлмаган, етарли диний илмга эга эмас инсонлар томонидан диний адабиётлар, рисолалар чоп этилса, ундаги чалкаш фикрлар қанчадан қанча инсонни адаштириб юбориши, турли оқимларга кириб кетишига туртки бўлиши мумкинлиги амалий мисоллар билан айтиб, исботлаб берилди. Юртимизда бу борада кучли механизм яратилганлиги қувонарли ҳол.
 

 

И.Аҳатова, ЎзА

Франция Республикаси Парламенти мамлакат Конституциясидан "ирқий бўлиниш" каби тушунчани чиқариб ташлашга қарор қилди. Бу ҳақда Islam-today.ru нашри хабар берди.

Франция Конституциясида “барча фуқароларнинг келиб чиқиши, ирқи ва динидан қатъий назар қонун олдида тенг” деган ёзув эндиликда “Франция барча фуқароларни жинси, келиб чиқиши ва динидан қатъий назар қонун олдида тенглигини таминлайди”, дея ўзгартирилди.

Конституцияга ўзгартириш киритиш ташаббуси Парламентнинг 119 нафар депутати томонидан қўллаб-қувватланган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Америка Қўшма Штатларида ўқиётган саудиялик икки талаба сувда чўкаётган болаларни қутқармоқчи бўлиб вафот этди. Бу ҳақда "Islam.ru" сайтига таяниб Azon нашри хабар тарқатди.

Таб Ями ва Жазар Рака бир аёлнинг Чикопи дарёсига тушиб кетган болаларини чақираётганини эшитиб қолади. Икки йигит ўйлаб ҳам ўтирмай ўзини сувга ташлайди.

Улар чўкаётган болаларни қутқариб олишади. Бироқ катта куч йўқотишгани сабабли ўзлари қирғоққа чиқа олишмайди.

Икки йигитнинг танаси орадан бир неча кун ўтиб қутқарувчилар томонидан топилди. АҚШ давлат департаменти йигитларнинг оиласига ҳамдардлик билдирди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top