Аудио

Намоз сабоқлари: Аёлларга хос масалалар (Аудио)

Балоғат ёшига етган қиз ва туғиш ёшидан ўтмаган аёллар бачадонидан ҳайз ва нифос келади:

Ҳайз

Ҳайзнинг энг кам келиш муддати уч кеча-кундуз, энг узоқ келадиган муддати ўн-кеча кундуздир. У кунларда қон давомли келмай, ора-сира тўхташи ҳам мумкин. Бироқ оралиқдаги бу кунлар ҳам ҳайз кунлари ҳисобланади.

Аёлларга ҳайз кўрган кунларида: намоз ўқиш, рўза тутиш, Қуръон ўқиш (Қуръон муаллимаси толибага сўзма-сўз ҳижжалаб Қуръон ўргатиши мумкин), Қуръони каримни ушлаш, Каъбани тавоф этиш, масжидга кириш, эри билан жуфтлашиш ҳаром бўлади.

Аёллар ҳайздан тоза бўлгач, ҳайз кўрган кунларидаги намозларнинг қазосини ўқимайдилар. Лекин Рамазон рўзасини тутмаган кунларининг қазосини тутиб беришлари лозим.

Нифос

Аёл туққандан сўнг бачадонидан келадиган қон нифос дейилади. Нифоснинг энг узоқ келиш муддати қирқ кундир. Энг оз келиш муддати белгиланмаган.

Аёл ҳайз кўрганда унга ҳаром бўлган нарсалар нифос кўрганида ҳам ҳаром бўлади. Аёл нифос кунларидаги намозлар қазосини ўқимайди, Рамазон ойида рўза тутмаган кунларининг қазосини тутиб бериши лозим.

Истиҳоза

Хасталик туфайли аёлларда таносил йўлидаги ё бачадон томири ёрилиши сабабли келадиган қон “истиҳоза қони” дейилади. Ҳайз кўрганда ўн кундан ўтиб келган; уч кундан оз келган қон, нифосда қирқ кундан ўтиб келган қон ва ҳомиладордан келган қон истиҳоза бўлади. У ҳолатларда аёллар намоз ўқишни, рўза тутишни қолдирмасликлари керак.

 

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 4005 times

Видеолавҳалар

Top