Аудио

Намоз сабоқлари: Нафл намозлар (Аудио)

Киши ўз ихтиёри билан фарзга қўшимча тарзда ўқийдиган намоз – нафл намоз ҳисоб­ланади. Бу намозни Аллоҳ таоло мўминлар зиммасига фарз каби мажбурий қилмаган, балки ихтиёрий тарзда адо этилади.

Нафл намозлари икки хил бўлади:

  1. Беш вақт фарз намозларига тобе бўлган нафллар. Булар фарзлардан олдин ёки кейин ўқиладиган намозлар бўлиб, улар «сунани равотиб» дейилади.
  2. Беш вақт намозлардан ташқари мустақил ўқиладиган намозлар. Булар жумласига зуҳо, таҳажжуд, ҳожат сўраш кабилар киради.

Нафл намозларни ўқиш тартиби

Кундузги нафл намозларини тўрт ракатдан, кечқурунги нафлларни эса икки ракатдан ўқиш суннат амаллардан. Қиёмда туришга қодир бўла туриб ўтирган ҳолда нафл намозлари ўқиш жоиз, лекин савобнинг ярмига эришади. Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай ҳам намоз ўқиганлар деб ўқиса, ҳам намознинг, ҳам суннатга амал қилганнинг савобига эришади. Аммо тик туриб ўқишга қодир бўлмаган кишининг ажри тик туриб ўқиган кишининг ажри билан баробар бўлади. Ўтириб ўқийдиган киши, агар узри бўлмаса, бошқа намозлардаги ташаҳҳуд ўқиётган кишидек чап оёғи устига ўтириб, ўнг оёғини тик қилади. Нафл ўқишга киришган кишининг намози, агар икки ракатни тўлиқ тугатмай бузилса, қазосини ўқиши вожиб.

 

Таҳиятул масжид намози

Намозхон масжидга кирганида агар фарз намозлари адо этилмаётган бўлса, масжид билан саломлашиш ниятида ўқийдиган намози «таҳийятул масжид» дейилади. Бу намозни икки ёки тўрт ракат ўқиса бўлади. Афзали тўрт ракат ўқишдир. Агар масжидга кирган киши жамоатнинг равотиб суннатларни ёки фарзни ўқиётганини кўрса, таҳийятул масжид намозини шу суннат ёки фарзларга қўшиб ният қилади. Шу билан у суннат ва ёки фарзга қўшиб таҳийятул масжидни ўқиганлик савобини олади. Аммо ниятни қилмай, суннат ёки фарзнинг ўзини ўқиса, ундан таҳийятул масжид намозини ўқиганлик савобига эришмайди. Таҳийятул масжидни масжидга кирган киши ўтирмасдан олдин ўқиши суннат.

Абу Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин”, деганлар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган).

Ҳанафий мазҳабида имом хутба қилаётган бўлса, таҳийятул масжид ўқилмайди. Шунингдек, ҳанафий мазҳабида намоз ўқиш макруҳ пайтларда ҳам таҳийятул масжид ўқилмайди. Намозхон масжидга кириши билан фарз намозни ёки бошқа бир намозни ўқисаю, таҳийятул масжидни ўқишни ният қилса, таҳийяти масжид ўрнига кифоя қилади. Борди-ю, масжидга бир кунда бир неча бор кирадиган бўлса, бир марта ўқиса кифоя.

 

Ишроқ намози

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, сўнг қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, сўнг икки ракат намоз ўқиса, унга бир ҳаж ва бир умранинг савоби тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, деганлар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу ривоятда васф қилинаётган намоз «Салотуш-шуруқ» (Ишроқ намози) дейилади. «Шуруқ» қуёш чиқишини англатади. Шуруқ чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтидаги намоздир.

 

Зуҳо (чошгоҳ) намози

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким чошгоҳ намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда кириб (яъни қуёш чиққандан тахминан ярим соат кейин), заволга бир соат қолгунча давом этади. Бу «даҳватул кубро», яъни катта тонг, дейилади. Зуҳо намози икки ракатдан саккиз ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлар. Унинг энг афзал вақти кундузнинг тўртдан бири ўтгандан кейиндир.

 

Истихора намози

«Истихора» сўзи луғатда «хайр, яъни яхшиликни талаб қилиш» деган маънони анг­латади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида, хайрлисини танлаш учун икки ракат истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.

 

Ҳожат намози

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо (розияллоҳу анҳу)-дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтсин. Сўнгра: “Ҳалийму Карим Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Раб­биси Аллоҳ покдир. Оламларнинг Раббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан: раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо этувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатлик сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушо­йиш эт, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта, чиқаргин. Йа Арҳамар Роҳимийн”, десин”, деганлар» (Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган).

 

Аввобийн намози

Бу намоз шом намозидан кейин ўқилади ва олти ракатдир. Аввал тўрт, кейин икки ракат ёки икки ракатдан қилиб ўқилади.

 

Таҳажжуд намози

Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракатдир.

Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз «таҳажжуд намози» деб аталади. Шунингдек, бу намоз «қиём намози» деб ҳам аталади. Дастлаб бу намоз вожиб бўлган эди, бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган.

Таҳажжуд нафл намозларининг энг афзалидир. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган вақтда ўқилгани учун риёдан узоқ, ихлосга яқин бўлади.

Таҳажжуд намозини хуфтондан сўнг ухлаб, кечанинг иккинчи ярмида ўқиш афзал. Уйғонишига ишончи бўлмаса, хуфтон намозидан кейин ўқиб олса ҳам жоиз. “Раддул муҳтор” соҳиблари таҳажжуд намозига: «Ҳар бир хуфтондан кейин ўқилган намоз» деб таъриф берган.

 

Тасбеҳ намози

Тасбеҳ намози тўрт ракатли нафл намози бўлиб, ҳар ракатда 75 марта “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дея тасбеҳ айтилади.

Тасбеҳ намозининг ўқилиш тартиби қуйидагича: Ният қилиниб, “Аллоҳу акбар”, деб намозни бошлагач, сано ўқилгандан кейин 15 марта “Субҳоналлоҳи...” ўқилади. Аъузу ва басмала айтилиб, Фотиҳадан кейин яна бир сура ўқилгач, 10 марта “Субҳоналлоҳи...” айтилади. Рукуда “Субҳоналлоҳи” 10 марта, “Самиаллоҳу ли ман ҳамидаҳ” дея турилиб, қиёмда 10 марта “Субҳоналлоҳи...” ўқилади. Саждада 10 марта, саждадан такбир билан турилиб, ўтирган ҳолатда 10 марта, иккинчи саждада ҳам 10 марта “Субҳоналлоҳи...” айтилгач, бу тасбеҳ бир ракатда жами 75 марта ўқилган бўлади.

Кейин иккинчи ракатга турилади ва ракат аввалида 15 марта, Фотиҳа ва яна бир сура ўқилгач, 10 марта “Субҳоналлоҳи...” айтилади. Иккинчи ракат аввалги ракатдагидек тартибда адо этилади. Ўтирилгач, ташаҳҳуд ва салавот ўқилиб, учинчи ракатга турилади. Шу тарзда тўрт ракатда ўқилган тасбеҳлар сони 300 тага етади.

Тасбеҳ намозининг фазилати улуғлигига бу ҳадиси шариф далолат қилади. Жаноби Фахри Коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари ҳазрати Аббос (розияллоҳу анҳу)га: “Амаки! Сизга бир яхшилик қилайинми?” дедилар ва тасбеҳ намозининг ўқилишини ўргатдилар. Бу намозни ўқиган кишининг аввалги ва кейинги, эски ва янги, каттаю кичик, ошкораю махфий, билиб - билмай қилган гуноҳларининг барчасини, ҳатто Олиж воҳасининг қумлари қадар кўп бўлса ҳам, Аллоҳ таоло кечиришини айтдилар. Сўнг: “Қодир бўлсангиз, бу намозни ҳар куни бир марта ўқинг. Ҳар куни ўқиёлмасангиз, ҳар жума куни бир марта ўқинг. Бунга кучингиз етмаса, ҳар ойда бир марта ўқинг. Бунга ҳам қодир бўлмасангиз, ҳеч бўлмаганда бир йилда бир марта ўқинг. Буни ҳам бажаролмасангиз, умрингизда бир марта бўлса-да бу намозни ўқинг”, дедилар (Имом Термизий ва Абу Довуд ривояти).

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 6332 times

Видеолавҳалар

Top