Аудио

Намоз сабоқлари: Исми Аъзам дуолари (Аудио)

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан: «Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида бир одам намоз ўқир эди. У одам намоздан сўнг дуо қилиб бундай деди: «Аллоҳумма инний асъалука би анна лакал-ҳамду ла илаҳа илла Антал Маннану бадиъус-самавати вал-арзи, йа зал-жалали вал-икром, йа Ҳайю йа Қой­йўм».

«Ё Аллоҳ, Сендан сўрайман. Зеро, ҳамд Сенгадир. Сендан Ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир. Сен Маннонсан: мўл-кўл берувчисан, осмонлару ерни бемисл яратган Сенсан. Эй жалол ва икром эгаси! Эй мавжудотга ҳаёт бергувчи, доимо тирик ва махлуқотларнинг эҳтиёжини расо этувчи Аллоҳ! Дуоимни қабул айла!»

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг дуосини эшитиб, бундай марҳамат қилдилар: «Аллоҳ таолога исми аъзами билан дуо қилди. Аллоҳ у исмининг ҳаққи-ҳурмати, истаса, дуони қабул қилади».

* * *

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)-дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Зуннун (Юнус) (алайҳиссалом) балиқ қорнида бундай дуо қилган: “Лаа илаҳа илла анта, субҳанака, инний кунту миназ-золимийн”.

Маъноси: «Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим» (Анбиё сураси, 87-оят).

Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо)дан: «Бир куни Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай дуо қилаётганларини эшитдим:

«Аллоҳумма инний асъалука бисмикат-тоҳирит-тоййибил-мубарокил-аҳабби илайкал-лазий иза дуъийта биҳи ажабта ва иза суилта биҳи аътойта ва изас-турҳимта биҳи роҳимта ва изас-туфрижта биҳи фаррожта».

Маъноси: «Ё Аллоҳ, сенга суюкли, пок, гўзал ва муборак исминг билан Сендан сўрайман. У исминг-ла дуо қилинса, қабул этасан. Унинг ҳурматидан Сендан бир нарса сўралса, берасан. Унинг ҳурматидан марҳамат исталса, марҳамат этасан. Унинг ҳурматидан Сендан қийинчиликлардан халос бўлиш сўралса, қутқарасан. Ғам-андуҳларни кетказасан» (Ибн Можа. «Дуо», 3859-ҳадис).

Асмо бинти Язид (розияллоҳу анҳо)дан: «Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: Исми Аъзам ушбу икки оятдадир: «Ва илаҳукум илаҳун ваҳид, лаа илаҳа илла ҳувар-роҳманир-роҳийм».

Маъноси: «Сизнинг илоҳингиз ягона илоҳдир. Ундан бошқа илоҳ йўқдир. У меҳрибон ва раҳмлидир» (Бақара сураси, 163-оят. Абу Довуд. «Солат», 1496-ҳадис).

Иккинчиси, Оли Имрон сурасининг илк оятларидир: «Алиф, Лам, Мим. Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал-ҳайюл-қоййум».

Маъноси: « Алиф, Лом, Мим. Аллоҳ  – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир» (Абу Довуд. «Солат», 1496-ҳадис).

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 15805 times

Видеолавҳалар

Top