Рамазон-2018

Рамазон – ойлар султони

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, ниҳоят ойларнинг султони, Қуръон ойи бўлмиш муборак Рамазони шариф ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан ташриф буюрди, қувончдан бошимиз кўкларга етди.

Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ойлардан афзал қилди. Уни кўплаб фазилат ва имтиёзлар билан хослади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир”, –дедилар»(Имом Табароний ривояти).

Бу ойда олам шодликка тўлади, фаришталар ер юзига тушади, хайр-барака, фазилат ва баракалар ёғилади. Мўминларнинг қалбида сурур, кўзида қувонч балқийди.Ҳамма бир-бири билан ширинсўз бўлиб, меҳр-муҳаббат ошади, савоб тўплаш илинжи ортади, ибодатга бўлган иштиёқ кучаяди. Қуръони каримнинг тиловати ва хатмигабўлган муҳаббат жилоси ҳар бир қалбда намоён бўлади. Масжидларда таровеҳ намозида ҳамма бир сафда туриб ибодат қилади. Элу юртнинг равнақи, осойишталиги, барқарорлигини сўраб дуога қўл очилади. Рўзадор борки, эзгуликка интилади, ўзини ислоҳ этади, хатоларини тузатади. Гинаю кудурат, зулм, адоват, ғийбат каби разил иллатларга барҳам берилади.

Фазилатда тенги йўқ бу муборак ойда жаннат эшиклари, раҳмат эшиклари очилади. Дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар бериб: “Сизга муборак Рамазон ойи кириб келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинади. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди”, –дердилар»(Аҳмад ривояти).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», –дейилган.

Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишганидан, ҳатто ойлар давомида «Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!» дея Яратганга илтижо қилишган. Унинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, савоблар тўплашга қизиқишган. Тиловат, зикр, истиғфор ва ибодатда бардавом бўлишган. Бу яхшиликни оила аъзоларига ҳам илинган.

«Саҳиҳ Муслим»да қуйидаги ҳадис келтириб ўтилган: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар».

Бу ойда бандаларнинг гуноҳи кечирилади. Аллоҳ таоло чин ихлос ила рўза тутганларнинг тоғдек хатоларини ҳам афв этиб юборади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади”, –дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?”– деб сўрашди. У зот: “Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри тўла қилиб берилади”, –дедилар»(Аҳмад ривояти).

Парвардигори олам бу йилги Рамазонда кўплаб хайр-баракаларни ёғдирсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга тўкин-сочинлик ато айласин. Бандаларнинг гуноҳини кечириб, яхшиликда пешқадамлар сафида қилсин.

 

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти

Ҳадиси шариф фани мударриси

 

Read 47720 times

Видеолавҳалар

Top