muslim.uz

muslim.uz

Россия мусулмонлари жамияти таклифига кўра, жорий йил Рамазон ойида Чувашия Республикаси, Омск вилояти, Сибир ва Москва шаҳарларида таровеҳ намозларини ўқиб бераётган қориларимиз Қуръон хатмларини якунладилар. Хатми Қуръон якунида Чувашия Республикасида вақтинча меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар иштирокида катта ифторлик тадбири бўлиб ўтди. Унда миллий таомимиз – ош дамланиб, йиғилганларга тортиқ қилинди.

Ифторлик дастурхони атрофида қориларимиз томонидан Қуръон тиловати қилиниб, Қадр кечасининг фазилати, Рамазон ҳайити, ҳайит одоблари ҳақида маърузалар қилдилар.

Қориларимиз сафарларини якунлаб, 25 июнь куни юртимизга қайтиб келишлари режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

Буюк Британия пойтахти Лондондаги Ислом маданияти маркази Рамазон мавсуми давомида ҳар йили ташкил этиладиган хайрия дастури доирасида бу муборак ой давомида 18000 та ифторлик таоми ва 40000 дона идишда сув ҳамда мусулмонлар учун ҳар куни 1000 дан ортиқ Рамазон таоми тарқатди.

Шунингдек, марказ Лондондаги турли минтақаларда мусулмонлар ва талабалар учун ҳам ифторлик таоми тарқатди. Лондондаги иқтисодиёт коллежидаги мусулмон йигит ва қизлар учун ҳамда “Косова” масжиди жамоаси учун ифторлик таомлари юборди. Мазкур дастурдан ўз навбатида Исломнинг бағрикенглик дини эканини танитиш, халқлар ўртасида меҳрибонлик ва ҳамдардлик туйғуларини изҳор қилишни ёйиш мақсад қилинган.

Лондонда истиқомат қилувчи мусулмонлар жамияти ва Ислом давлатларининг элчилари Лондондаги Ислом маданияти маркази аъзолари ва ҳомийларига Рамазон мавсумида кўрсатаётган бундай хайрли ишлари учун миннатдорчилик билдирди ва марказнинг келгуси фаолиятига Аллоҳдан муваффақиятлар тилашини маълум қилишди.  

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёс Аҳмедов тайёрлади.

Қадимга даврларда Ер юзида баҳайбат одамлар яшагани ҳақидаги Қуръони карим оятларини кейинги вақтлардаги археологик топилмалар тасдиқламоқда.  Ана шундай далил-исботлардан яна бири – баҳайбат одамнинг тошга айланган оёқ изи Хитойдан топилди. Хитой халқ республикасининг жануби-ғарбидаги Гуйчжу вилоятидан топилган из сайёҳларнинг эътиборини тортди. Оёқ изи Пиньян аҳоли пунктидан унча узоқ бўлмаган жойдан топилган эди. Сайёҳлар гуруҳи шахсий фотоаппаратларида баҳайбат одамларнинг яшаганининг исботи бўлган изни тасвирга олишди. Ўша оёқ изи бугунги эркак кишининг оёқ изидан тахминан икки ярим баробар катта.

Учиш аппаратини яратиш ғояси ака-ука Райтлардан минг йил бурун мусулмон шоири, мунажжими ва муҳандиси Аббос ибн Фирнаснинг (Abbas ibn Firnas) хаёлига келган эди. У 852 йилда кенг матонинг орасига дарахт шохларини қалаб қушнинг қанотига ўхшатиб кенгайтиради ва ўшанга осилиб масжид минорасидан сакрайди.  Фирнас худди қушга ўхшаб учиб кетишдан умид қилган эди, аммо у ўйлаганидек бўлмади. У ясаган қанот қўнишни секинлаштирганини ҳисобга олиб, уни биринчи парашют деб айтиш мумкин. Олим бир оз қўрқиб кетади ва енгил тан жароҳати олади.  Фирнас етмиш ёшга тўлганида ўша аппаратини такомиллаштиради ва энди у тоғдан сакрайди. У ҳавода 10 дақиқа муаллақ туради. Кейин эса аппаратига дум қўймагани оқибатида ерга урилиб нобуд бўлади. 

 

Улуғ ой  -  Рамазон ойининг   охирги кунларида  турибмиз. Бу ойнинг файзли, футуҳли кунлари ва тунларидан унумли фойдаланишимиз лозим. 

Баъзи аёлларимиз рамазон рўзасини  тутса-да, охирги ўн кунликда бепарво бўлишади. Чунки улар ҳайит айёмига тайёргарликни бошлаб юборишади. Кимдир ҳайитга янги кийим олиш, кимдир ширинликлар пишириш ташвишида  улуғ кунларни   бесамар ўтказиб юборади. Қиз узатилган, келин тушган хонадонларда  ҳайитга алоҳида тараддуд  кўрилади.  Айниқса, қиз узатган  оналар    қизининг   келин бўлиб тушган хонадонига  қутилар ва тоғораларда  пишириқлар,  сархил мевалар, ширинликлар юбориб дастурхон тўкин  бўлишига ҳаракат қилишади. Келинлар  ҳайит кунлари қайнона, қайнэгачи-қайнисингилларини  хурсанд қилиш,   меҳмонларни кўнглини  олиш, уларни    келинсалом билан   кутиб олиш ташвишида бўлишади. Буларнинг  барчаси албатта келинликнинг зийнати,   миллий урф-одатларимиз сирасига киради. Лекин ҳар  нарсада  ҳам меъёр бор.  Ҳайит   риёкорлик, исрофгарчиликда  кимўзарчилик байрами эмас,  балки  саховат, яхшилик,  меҳр-оқибат айёмидир.

Ҳадиси шарифларда   исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади:“Аллоҳнинг ноз-неъматларидан ҳоҳлаганча еб-ичинглар, хайр-эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад, Насаий, Ибн Можжа ривоятлари).

 Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида фатво”сида,   янги келин тушган хонадонда бўладиган ҳайит маросимларини ихчам тарзда, фақат қариндошлар билан бир кунгина ўтказиш ҳақида таъкидлаб ўтилган.

Опа-сингилларимиз   Рамазон ойининг сўнгги кунларида   исрофгарчиликка ружу қўйиш  ўрнига,  ихлос ила Қуръон тиловати,  ибодат,   истиғфор, яхшилик, хайр-саховат қилиб   ўтказишса икки дунё саодатига эришишади. Зеро,  Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сураси 114-оятида шундай марҳамат қилади: “Уларнинг кўпгина шивир-шивирларида - садақа беришга ёки эзгуликка буюришга ёҳуд одамлар  ўртасини ислоҳ қилишга буюрмаган бўлса – яхшилик йўқдир.  Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шуни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз”.

М.Абдуллаева,

ЎМИ мутахассиси

 

Видеолавҳалар

Top