muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

Поклик намознинг калити

  1. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик намознинг калитидир”, дедилар.

 Имом Термизий ривояти.

Таҳоратсиз ўқилган намоз қабул бўлмас

  1. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Таҳоратсиз ўқилган намоз, ўғирлик (нодуруст йўл билан топилган) молидан қилинган садақа қабул қилинмас”, дедилар.

 Имом Термизий ривояти.

                                Покликнинг фазилати

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилиб, юзини ювганда, унинг юзидан икки кўзи қараши билан қилинган барча гуноҳлар сув билан ёки сувнинг охирги қатраси ила чиқиб кетур. Икки қўлини ювганда, икки қўли ушлаши билан қилинган барча гуноҳлари сув билан ёки сувнинг охирги қатраси ила тўкилур. Натижада у гуноҳлардан покланур”, дедилар.

 Имом Термизий ривояти.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратлари қандай бўлган?

(Ҳанафий мазҳабида бурунга уч марта алоҳида янги сув олиб қоқмоқ суннат. Шофеий мазҳабида эса оғизни чайқаш учун олинган сув билан бурунни ҳам қоқмоқ суннат. Қуйида барча аъзоларни уч мартадан ювиш суннат эканига ва айнан буруннинг ўзига уч марта алоҳида янги сув ишлатиш суннатлигига далил бўладиган ҳадиси шариф келтирилган).

  1. Абу Ҳайя айтадилар: “Мен Али розияллоҳу анҳунинг таҳорат қилаётганини кўрдим. (У зот)Биринчи икки кафтларини ювиб, роса тозаладилар, сўнг уч марта оғизларини чайдилар ва уч мартабурунларига сув олиб бурунларини қоқдилар, уч марта юзларини ювдилар, уч марта икки билакларини ювдилар, бошларига масҳ тортдилар. Сўнг икки оёқларини тўпиқларигача ювдилар. Таҳоратни тугатгач турдилар-да, таҳорат сувларидан қолганини ичдилар ва: “Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратлари қандай бўлганини кўрсатиб қўйишни маъқул кўрдим”, дедилар.                   

Имом Термизий ривояти.

Таҳоратнинг бошида “Бисмиллоҳ” ни айтиш

(Ҳанафий мазҳабида таҳоратни бошлашда "Бисмиллоҳ" ни айтиш суннат. Шофеий мазҳабида эса фарз. Қуйида бу амалнинг суннат эканига далил бўладиган ҳадислар келтирилиб, уларни кенг баҳс қилинган).

  1. Дорақутний марфуъ[1] шаклда ривоят қиладилар: “Кимда ким таҳорат қилаётганда, Аллоҳнинг исми (бисмиллоҳ) ни зикр қилса, жасадининг барча жойи пок бўлур. Кимда ким таҳорат қилиб, Аллоҳни исмини зикр қилмаса, таҳорат қилган жойигина пок бўлур”.

"Шарҳу-л-виқоя"нинг биринчи жилдида бундай дейилади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам    аъробий (саҳроий) га таҳорат қилишни ўргатганлар ва “бисмиллоҳ” ни айтмаганлар. Агар “бисмиллоҳ”ни айтиш шарт бўлганида, айтган бўлар эдилар. Шунинг учун ҳанафийлар “бисмиллоҳ”ни айтиш суннат дейдилар. "Ҳидоя" китобида “Энг тўғри гап шуки, “Бисмиллоҳ”ни айтиш мустаҳабдир[2]", дейилган.

  1. “Аллоҳнинг исмини зикр қилмаган одамни таҳорати таҳорат бўлмайди", деган ҳадиснингмаъноси эса Аллоҳнинг номини зикр қилмаган одамнинг таҳорати мукаммал таҳорат бўлмайди,деган маънодадир.

Бу ҳадис “Масжидга қўшни бўлган кишининг фақат масжидда ўқиган намози намоз бўлур”,деган ҳадисга ўхшайди. Яъни масжидга уйи яқин бўлган одам фарз намозини масжидда ўқимаса, намози намоз бўлмайди, деган ҳадисга ўхшаш. Аслида намози дуруст бўлаверади. Лекин савоби жамоат билан ўқилган намоздек бўлмайди, дейилмоқда. Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бисмиллоҳ” ни доим ҳам айтавермаганлар. (Яъни баъзида айтиб, баъзида айтмаганлар). Усмон, Али розияллоҳу анҳумолар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратлари қандай бўлганини ривоят қилишган. Лекин иккалаларидан ҳам У зотнинг “Бисмиллоҳ”ни айтган ёкиайтмаганлари ҳақида бирор ривоят йўқ.

"Саййид Муҳйиддин Махдум" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Баҳодир Баҳромжон ўғли таржимаси

 

 

 

[1]Марфуънинг луғавий маъноси "кўтарилган" дегани. Истелоҳда эса ровий (ҳадисни айтиб берувчи, мухбир) лари силсиласи (рўйхати) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача (боғланган) кўтарилган ҳадис. Тарж.

[2]Абдулҳай Лакнавий "Ҳидоя"га ёзган ҳошиясида "Иноя"дан "Имом Таҳовий ва Қудурийлар "Бисмиллоҳ" ни айтиш суннатлигини ихтиёр қилган", деган сўзни келтиради. Тарж.

 

lundi, 13 juin 2016 00:00

Баҳру-л-манофиъ

   Муаллиф: Мулла Ниёр Муҳаммад

         Асар ҳанафий фиқҳига доир  манбалардан бири бўлиб, муаллиф унда кўплаб фатволарни жамлаган. Фатволар келтиришда кўплаб мўътабар китоблардан фойдаланган. "Қуня", "Ал-Жомиъ ас- сиғор", "Ҳаммодийя", "Муҳит", "Мухтор-у-л фатово", "Ҳидояту-л-муфтийн", "Одобу-л-муфтийн", "Шарҳи-л-виқоя", "Жомиъу-л-фатово", "Баҳр-у-роиқ", "ал-Ҳидоя", "Ихтиёр" каби китоблар шулар жумласидан.

         Муаллиф китобнинг муқаддима қисмида қуйидагиларни ёзади:

"Амма баъду. Қуръон луғатлари ва унинг муғлақотларини ечиш учун "Табсироту-л-қурро" асарини, ибодатлар, .... ва бошқа зарурий масалалар учун "Хазойину-л-ибодот" китобини, унинг назми бўлган "Баҳру-л-ажойиб" китобини, тасаввуф, ахлоқ ва ҳаёт учун "Масийроту-л-атқиё" китобини, унинг назми "Мунҳожу-л-анвор" китобини, маъвизалар учун "Мавъизату-л-аброр" китобини", ғазалхонлик борасида "Дурру-л-мавоиз" китобини, солиҳ зотлар ҳикоясига атаб "Фирдавсу-л-ғуробо" асарини, машойихларнинг сўзлари ҳақида "Дурру-н-насойих" асарини, ойлар ҳисоби учун "Ниҳроту-л-ҳилол" асарларини ёзиб бўлгач, фатво илми борасида ҳам барча масалаларни ўзида жамлаган, муфтийларга тўғри йўлга бошлашни енгил қиладиган, фатво сўровчиларга мақсадга етишни осонлаштирадиган бир китоб ёзишни хоҳладим". Ушбу муқаддимадан кўриняптики, муаллиф биргина фиқҳ борасида эмас, балки, Қуръон, тасаввуф, ваъз, назм, ҳисоб илмлари борасида ҳам етук олимлардан бўлган.

         Асар ноёб қўлёзмалар сирасидан ҳисобланиб, кўплаб кутубхоналарда бу ҳақда маълумот учратиш қийин. ЎМИ кутубхона фондида ушбу асар Инв.№ 872 рақами остида сақланмоқда.

         Асар бир томдан иборат.

         Қўлёзма араб тилида, насх хатида қора сиёҳ билан ёзилган.  Фасллар бошланиши қизил сиёҳ билан алоҳида ажратиб кўрсатилган. Асар 1272 ҳижрий  санада хаттот Мулло Абдулжалил томонидан кўчирилган.  Қоғоз ўлчами 20х26 см, 521 варақ, ҳар бир саҳифада ёзув 17 сатрдан, сатр узунлиги 10 см. Яшил ранг мато билан муқоваланган.

 

ЎМИ кутубхонаси

lundi, 13 juin 2016 00:00

Бошга масҳ тортмоқ

(Ҳанафий мазҳабида таҳорат олувчи киши бошининг тўртдан бирига масҳ тормоғи фарздир. Шофеийларда эса ақалли, уч дона соч толасига масҳ тортилса, фарз амалга ошади. Моликийларда эса бошнинг ҳамма жойига масҳ тортиш фарздир).

 

  1. Урва ибн Муғийра ибн Шуъба отаси Муғийрадан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва носиялари(бошнинг олд қисми)га ва икки маҳсиларига масҳ тортдилар”.

(Имом Муслим ва Табороний ривоят).

 

Бу ҳадиси шарифни Имом Абу Довуд ва имом Ҳокимлар ҳам ривоят қилишган. Лекин бу ҳадиснинг санади[1] ҳақида бирор гап гапирмаганлар. (Демак бу ҳадиси шариф уларнинг наздида ҳам саҳиҳ экан). Улар ривоят қилган ҳадиснинг лафзи қуйидагича: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва қўлларини саллаларининг остига киритиб, бошларининг олд қисмига масҳ тортдилар ва (лекин бошларига масҳ тортаётганларида) салларини ечмадилар”.

 

  1. Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саллаларини кийган ҳолларида таҳорат қилдилар ва бошларининг олд қисмига масҳ тортдилар”.

(Имом Байҳақий ривояти).

 

Бу ҳадиси шариф мурсал[2] бўлса ҳам, мурсал биз ҳанафийлар наздида ҳам, жумҳур уламоларнинг наздида ҳам наздида ҳам ҳужжатдир.

 

(Қуръони каримда масҳ борасидаги буйруқ “... Ва бошингизга масҳ тортингиз...”, деб, қанча ерига ториш, қандай қилиб тортиш ноаниқ шаклда айтилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг юқоридаги ҳадисларда айтилганидек,  масҳ тортишлари оятда бошнинг қанча ерига масҳ тортиш назарда тутилганини баён қилиб бермоқда. Кўриб турганимиздек, бу далиллар ҳанафийларнинг ҳукмини қўллаб-қувватламоқда. «Ҳидоя»).

 

 Бошга масҳ торгач, қўлда қолган намлик билан қулоққа масҳ тортиш

 (Ҳанафий мазҳабида бошга масҳ тортгач, қўлда қолган намлик билан икки қулоққа масҳ тортиш суннатдир. Шофеий, Моликий, Ҳанбалий мазҳабларида эса бошга масҳ тортгач, қўлни янги сув билан намлаб, сўнг қулоқларга масҳ тортиш суннат. Қуйида ҳанафийларнинг далиллари баён қилинган):

 

Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинади. У зот: “Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратлари қандай бўлгани ҳақида хабар берайми?” дедилар (ватўлиқ кўрсатиб бердилар. Ибн Аббоснинг ўша таҳоратларини тўлиқ баён қилувчи ривоятда бундай жумла бор): “бир ҳовуч сув олдилар-да, у билан бошларига ва икки қулоқларига масҳ тортдилар”.

 (Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма ва Ҳоким ривояти).

 

  Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига ва икки қулоқларининг устки ва ички томонларига масҳ тортдилар”.                                                                          

(Имом Термизий ривояти).

 

Имом Термизий: “Бу ҳадис саҳиҳ[3] ҳасан[4] ҳадисдир. Аксар илмли одамлар наздида шунга амал қилинур. Улар икки қулоқни устки ва ички қисмига масҳ тортишни лозим деб биладилар”, деган.

 Абу Умомадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар,юзларини ва икки қўлларини уч мартадан ювдилар, бошларига масҳ тортдилар ва икки қулоқ ҳам(ҳукмда) бошдандир дедилар”.

 

(Имом Термизий ривояти).

 

Ҳаммод раҳимаҳуллоҳ: “Бу ҳадисдаги “Икки қулоқ бошдан”, деган сўз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларими ёки ровий Абу Умоманинг сўзларими, билмайман деганлар.

 

Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки қулоқ бошдандир”, дедилар.                 

(Имом Дороқутний ривояти).

 Шунингдек ибн Можа ҳам Абдуллоҳ ибн Зайддан ривоят қилганлар.

(Бу икки ҳадисдаги “Икки қулоқ бошдандир”, деган сўзнинг маъноси – “икки қулоқ масҳ тортиш ҳукми борасида бошдан ҳисобланади, яъни бошга масҳ тортишга намланган қўл билан қулоққа ҳам масҳ тортишнинг ўзи кифоя. Унга янгидан қўлни намлаб, алоҳида масҳ тортиш шарт эмас”, деганидир. Демак, масҳ тортиш ҳукмида икки қулоқ ҳам бошдан ҳисобланадиган бўлса, ҳанафийлар айтганларидек, қўлнинг бошга масҳ тортгандан қолган намлиги билан  уларга ҳам масҳ тортиш суннат экан. “Ҳидоя”).

 “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Баҳодир Баҳромжон ўғли

 

 

[1] “Санад”, “Иснод” сўзлари бир хил “суянтириб қўйиш, нисбат бериш” маъносида. Яъни бировнинг гапини бошқасига айтиб бераётганда гапни муаллифига нисбат бериб, “фалончи айтдики”, деб гапиришдир. Истелоҳда эса “Иснод – матнга олиб борувчи кишилар силсиласи(рўйхати)дир”. М: Менга Молик, унга Нофеъ, унга Ибн Умар айтган. У эса отаси Умарнинг хутбада бундай деганини эшитган (шу номи айтилган кишилар силсиласи “санад”): “Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Албатта, амаллар(га бериладиган савоб) нийятларга боғлиқдир...”, дедилар. Расулуллоҳнинг  “Албатта, амаллар(га бериладиган савоб) нийятларга боғлиқдир...”, деган сўзлари мантдир.        

[2] “Мурсал” деб, ҳадиснинг ровийлари силсиласидан саҳобаси тушириб қолдирилиб ривоят қилинган ҳадисни айтилади. М: Ҳадисни ривоят қилаётган тобеин ўзи билан Расулуллоҳнинг орасидаги саҳоба (тобеинга ўша ҳадисни айтиб берган зот) ни тушириб қолдириб, тўғридан-тўғри “Расулуллоҳ бундай дедилар” шаклида ривоят қилмоғи.

[3]“Саҳиҳ” деб, исноди муттасил, зоҳирий (ровийсининг заифлиги) ва махфий (тадлис – ровий ўз шайхини беркитиши каби) иллат ва шозлик (ўзидан кучли ривоятга зидлик)дан холи, санаднинг бошидан охиригача адолатли ва зобит (хотираси ўткир  ёки доим устозига текширтириб олган қўлёзмасидан бехато ривоят қилувчи) ровийлар ривоят қилган ҳадис.

[4] "Саҳиҳ” нинг таърифига қаралсин. Ундан фарқи шуки, “Ҳасан” ҳадиснинг ровийларининг зеҳни “Саҳиҳ” нинг ровийларининг зеҳнидан бироз  пастроқ бўлади. Ҳаммасининг зеҳни пастроқ бўлиши шарт эмас, битта зеҳни сустроқ ровий аралашса, ҳадис “Ҳасан” га айланади. Қолаверса, унинг ровийларининг машҳурлиги ҳам “Саҳиҳ” нинг ровийлари шуҳратидан бироз пастроқ бўлади. Яъни Имом Термизий бу ҳадисни мазкур икки хил тоифалик ровийлар томонидан ҳам алоҳида-алоҳида ривоят қилинган, демоқдалар. 

 

lundi, 13 juin 2016 00:00

Оёққа масҳ тортиш

Икки оёқ (маҳсисиз, оёқяланг бўлса) ювилур, масҳ тортилмас

(Аҳли суннанинг тўртала фиқҳий мазҳабида ҳам таҳорат пайтида оёқяланг киши оёғини ювиши фарз. Маҳсили киши эса масҳ тортиши жоиз. Шиаларда эса оёқяланг киши ҳам масҳ тортмоғи вожиб. Баъзи зоҳирийларда эса ювиш билан бирга масҳ тортиш ҳам вожиб. Бугун ҳам баъзилар оддий пайпоққа масҳ тортишни жоиз, деб унга масҳ тортмоқдалар. (Бу жойда баъзи мусулмон уламолар ҳайъати масҳ тортиш жоиз, баъзилари жоиз эмас, деб фатво бераётган “ESHEL” номли пайпоқ маҳсилар назарда тутилмаган). Қуйида оёқланг киши оёғига масҳ тортиши жоиз эмаслигига далиллар келтирилади):

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдик. (Нимадир бўлиб), У зот биздан ортда қолиб кетдилар ва аср намозига шошилиб таҳорат қилаётганимизда келиб қолдилар. Биз оёқларимизга масҳ тортаётган эдик. Шунда У зот овозлари борича: “Тўпиқларга Дўзахдан вайл[1] бўлсин” деб икки ёки уч марта нидо қилдилар”.

(Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан Маккадан Мадинага сафар қилдик. У зот Макка билан Мадининг орасидаги бир сувли жойга етиб келганларида аср намозининг вақти бўлиб қолди. Шунда одамлар сув томон (шошилиб) бордилар. Биз уларнинг ортиларидан етиб борганимизда, таҳорат қилиб бўлган эканлар. Тўпиқлари (га сув тегмаганлиги билиниб), ялтириб кўриниб турар эди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Тўпиқларга Дўзахдан вайл бўлсин, таҳоратни мукаммал қилинглар!” дедилар”.

(Имом Таҳовий ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам (ёнларида таҳорат қилган) бир кишининг оёғидаги озгина сув тегмай қолган жойга кўзлари тушиб: “Тўпиқларга Дўзахдан вайл бўлсин”, дедилар.

(Имом Таҳовий ривояти).

Абдулмаликдан ривоят қилинади: “Мен Ато ибн Абу Рабоҳга сиз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини бирортасидан У зотнинг икки оёқларига (маҳсисиз ҳолда) масҳ тортганлари ҳақида бирор нарса эшитганмисиз деб сўраганимда у: “Йўқ”, деди.

(Имом Таҳовий ривояти).

Бадруддин Айнийнинг “Умдату-л-қорий шарҳу Саҳиҳи-л-Бухорий” китобида қуйидагича ривоят қилинади:

Саид ибн Мансур Абдурраҳмон ибн Аби Лайлодан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари икки оёқни (маҳсисиз ҳолида) ювишга иттифоқ қилганлар”.

Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Баҳодир Баҳромжон ўғли

 

 

[1] “Таҳоратда ювилмай қолган тўпиқларнинг ҳолига вой, улар Дўзах ўтида куяди”, демоқдалар.

Васила луғатда “у билан ўзгага яқин бўлинадиган нарса” маъносини англатади. Истилоҳда эса “дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш,  васила деб аталади”.

Васила дуонинг мақбул бўлиш даражасини кўтариш мақсадида қилинади.

Васила қилиш бандадаги муҳаббатнинг, Аллоҳ таолога далолат қиладиган нарсаларни улуғлашининг аломати ҳисобланади. Зеро бундай иш Қуръони каримда қалбларнинг тақвосидан экани айтилган:

وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ

Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу, қалбларнинг тақвосидандир[1].

Чунки қилинган амаллар қалбдаги тақвога далолат қилади. 

Шу ўринда васила қилиш восита қилиш эмаслигини, ундан тубдан фарқ қилишини билиб қўйиш лозим. Чунки банда ўзининг қалбидан ўтказаётган нарсаларини ҳам билиб турувчи Зотга восита орқали муножот қилмайди, балки васила қилади. Шу маънода Аллоҳ таолодан васила қилиб сўраш восита қилишдан қуйидаги жиҳатлардан фарқ қилади:     

  1. Восита қилиш ҳаққи поймол бўлган кишининг бирор кишини ёки бирор нарсани ўртага солиб золимдан адолат сўраши маъносида ишлатилади. Васила қилишда эса ўртага бирор нарсани восита қилиб Аллоҳ таолодан адолат сўраш маъноси йўқдир. Балки дуонинг мақбул бўлиш даражасини ошириш учун  Аллоҳ таоло ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилишдир.    
  2. Восита қилиш икки тараф ҳам манфаатдор бўладиган нарсага нисбатан ишлатилади. Масалан, бир шахс бирор нарсани восита қилиб иккинчи шахс орқали ишини битказиб олса,  иши битганидан кейин унга миннат қилиши ҳам мумкин бўлиб қолади. Чунки у ҳам бу ишдан озми-кўпми манфаат кўрган бўлади. Васила қилишда эса фақатгина бир тараф, яъни банда манфаатдор бўлади. Зеро Аллоҳ таоло бандаларидан манфаат кўришдан олий бўлган Зотдир.
  3.  Восита қилишда бир тараф иккинчи тарафга у билмаган нарсани кимдир ё нимадир ёрдамида билдиришга ҳаракат қилади. Васила қилишда эса ошкора ва махфий барча нарсаларни билгувчи Зотга Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилинади.    

   Шунинг учун васила қилувчида ушбу тушунчалар ҳақида тўғри тасаввур бўлиши лозимдир.

 Қуръони каримда васила ахтаришга буйруқ келган:   

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ

  “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтаринглар”[2].

Ушбу оятнинг тафсирида Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу оят Аллоҳга исён қилишдан сақланиш билан Унга муқарраб бўлишга урининглар” маъносини англатади”, деган.   

Василанинг бешта тури бўлиб, улардан тўрттасининг жоиз эканида бирор ихтилоф йўқдир:

  1. Замон. Арафа куни, Рамазон ойи, Зул ҳижжанинг ўн куни, ҳар кечанинг охирги қисми ва ҳакозо васила қилинадиган маълум бир вақтлар бўлиб, уларни васила қилиб дуо қилиш мумкин ҳисобланади. Масалан, “Эй Аллоҳим, Рамазон ойини васила қилиб сўрайман”, дейиш мумкин.
  2. Макон. Каъба, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари, Масжидул ақсо ва ҳакозо васила қилинадиган маълум бир маконлар бўлиб,  уларни васила қилиб дуо қилиш мумкин ҳисобланади. Масалан, “Эй Аллоҳим, Каъбани васила қилиб сўрайман”, дейиш мумкин.  
  3. Ҳол. Яъни васила қилинадиган маълум бир ҳолатлар бор. Масалан, суянадиган ҳамма нарсасидан умиди узилиб, ҳеч илож топа олмай чорасиз қолган киши ўзининг ночор ҳолатини васила қилиб сўраши мумкин ҳисобланади. Бундай ҳолатга тушгани кишининг дуолари қабул бўлиши Қуръонда баён қилинган;

  أَمَّنْ يُجِيبُ الْمُضْطَرَّ إِذَا دَعَاهُ

Ёки музтар (ночор) одам дуо қилганда ижобат этадиган[3].

Шунинг учун ҳам суяниладиган ҳамма нарсадан умид узилиб, чорасиз қолган пайтда беихтиёр Аллоҳ таолога ёлворишга, Унга илтижо қилишга ўтиш барча инсонларнинг табиатида бор бўлган хусусиятдир.    

  1. Амаллар. Яъни васила қилинадиган маълум бир амаллар бор. Масалан, намоз ўқиб, рўза тутиб, садақа бериб, ҳаж қилиб, умра қилиб, Қуръон тиловат қилиб, зикр ва тасбеҳ айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб, истиғфор айтиб, дуо қилиб, мўминларнинг дуоларини олиб, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини айтиб, савоб ишлар қилиб ва ҳаром ишлардан воз кечиб васила қилиш мумкин.

Василанинг ушбу тўртта турининг жоизлигида ихтилоф йўқ. Аммо қуйидаги бешинчи тури ҳақида ихтилоф қилинган.

  1. Маълум шахсларни васила қилиш. Яъни маълум шахсларни васила қилиш мумкин. Аммо бундай васила қилиш мумкин эмас деганлар ҳам бор. Василанинг ушбу тури ҳақидаги ихтилофларни умумий уч қисмга ажратиш мумкин:

А. Мўътазила ва хавориж фирқалари бирор шахсни васила қилишни мутлақ инкор қилишган. Ўзларининг бу даъволарига  Қуръон ва суннатда келган умумий хабарларни далил қилиб келтиришган. Масалан: Қуръони каримда фақатгина Аллоҳдан ёрдам сўраш баён қилинган:

 وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ

“Ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз”[4].  

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

 إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللَّهَ وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللَّهِ

“Агар сўрасанг Аллоҳдан сўра, агар ёрдам сўрасанг Аллоҳдан ёрдам сўрагин”. Термизий ривоят қилган.

Ушбуларга ўхшаш оят ва ҳадисларнинг зоҳирларини далил қилишиб, бирор шахсни васила қилиш мумкин эмас, деганлар.

Б. Баъзи уламолар бирор улуғ шахсни васила қилиш жоиз фақат у тирик бўлиши шарт, дейишган. Ўзларининг бу қарашларига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирадилар:

 عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ كَانَ إِذَا قَحَطُوا اسْتَسْقَى بِالْعَبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ فَقَالَ اللَّهُمَّ إِنَّا كُنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّنَا صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَتَسْقِينَا وَإِنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِعَمِّ نَبِيِّنَا فَاسْقِنَا قَالَ فَيُسْقَوْنَ.      رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб агар қурғоқчиликка дуч келсалар Аббос ибн Абдулмутталиб билан (васила қилиб) ёмғир сўраб шундай дерди: “Эй Аллоҳим биз сенга Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб сўрар эдик, Сен бизга сув берар эдинг. Биз энди Сендан Набиййимизнинг амакиларини васила қилиб сўраймиз, бизларга сув бергин”. Сўнгра уларга сув берилар эди”. Бухорий ривоят қилган. 

Яъни, ушбу ривоят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни вафот этганларидан сўнг васила қилиб бўлмаслигига далолат қилади, дейдилар.    

В. Аҳли суннанинг жумҳури бирор улуғ шахсни васила қилиш жоиздир, васила қилиш учун у зотнинг тирик бўлиши шарт эмас, деганлар. Аҳли сунна жумҳури юқоридаги ҳадисни далил қилиб келтирганларга бир қанча раддиялар қилганлар:

- Мазкур ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни вафот этганларидан сўнг васила қилиб бўлмаслигига далолат қиладиган бирорта ҳам очиқ-ойдин лафз йўқ;

-  Ушбу ривоятнинг ўзини аслида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиш жоизлигига далил дейиш ҳам мумкин. Чунки Умар розияллоҳу анҳу “Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб сўрар эдик”, деган. Маълумки, ушбу қурғоқчилик йили Миср фатҳ этилгандан сўнг ўн саккизинчи ҳижрий йилдан кейин бўлган. Шунга кўра, бу ривоят ўтган йиллар мобайнида ҳаётда бўлмаганлари учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор марта ҳам васила қилишмаган, деган маънога далолат қилмайди.   

  Мана шу қараш бизнинг васила қилиш ҳақидаги эътиқодимиздир.

 Аллоҳ таоло барчаларимизни мусаффо этиқод билан яшаб, унинг самараларидан дунёю охиратда баҳраманд бўлиш бахтига муваффақ қилсин. 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

[1] Ҳаж сураси 32 оят.

[2] Моида сураси 35-оят.

[3] Намл сураси, 32-оят.

[4] Фотиҳа сураси, 5-оят. 

Видеолавҳалар

Top