muslim.uz

muslim.uz

Ҳиндистоннинг Пажанкалимеду ва Нагапалли қишлоғида истиқомат қилувчи жами 250 нафар оила Ислом динини қабул қилиш истагини билдиришди.

Улар Ҳиндуизм динидаги Шудра кастасига мансуб кишилар бўлиб, доимо юқори каста вакиллари томонидан таъқибга учраб, камситиб келинган. Маълумки, Ҳиндуизмда касталарнинг тўртта асосий тури бўлиб, улар:  Брахманлар - руҳонийлар, Кшатрийлар- жангчилар, Вайшийлар - ҳунарман ва савдогарлар ҳамда Шудралар - қуллардир. Шудра кастасига мансуб кишилар энг тубан “ҳазарли кишилар” деб аталади, чунки улар олий каста вакилларига яқинлашса, гўёки олий зотларни ҳаром қилади, деб ҳисоблашади.

Ҳиндистонлик мусулмонларнинг айтишича, инсоннинг қадр-қиммати ва ҳурмати Ислом динида юқори эканини англаган аксарият кишилар Исломни қабул қилмоқда.

Илҳом МАЪРУПОВ

таржимаси.

lundi, 26 septembre 2016 00:00

СИЗГА ХУШХАБАР

Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони карим мўмин-мусулмонлар учун ҳидоят ва башоратдир. Башорат сўзи одатда хушхабар, яхшиликни етказиш, маълум қилиш маъносида ишлатилади. Мўминларга хушхабар етказишдек шарафли ишни Аллоҳ таоло башариятдан танлаб олган Ўзининг пайғамбарларига тайин қилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Биз пайғамбарларни фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчилар сифатидагина юборурмиз» (Каҳф, 56). Шунингдек, бошқа оятда «Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман»(Аъроф, 188) дейилади.

Бироқ баъзан бу сўзни ёмон, нохушхабарларни, хусусан, турли бало-офатлар, мунажжмимларнинг бахтсизлик, омадсизлик тўғрисидаги хабарларини етказишда ҳам истифода этмоқдалар. Аслида эса юқорида таъкидланганидек, башорат фақатгина яхшилик ҳақидаги хушхабардир. Қуръонда мўминлар учун Роббилари томонидан бир қанча башорат, яъни хушхабарлар нозил бўлган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Мўминларга (охират мукофотлари ҳақида) хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!» (Бақара, 223).

Оятда келган мўминларга бериладиган хушхабар, мукофотлар нималар эканлигини Аллоҳ таоло қуйидаги оятда марҳамат қилади:

«Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга хушхабар берингки, улар учун (жаннатда) остиларидан анҳорлар (суви) оқиб турувчи боғлар бордир» (Бақара, 25).

Демак, оятга кўра, мўмин бўлиш учун тил билан имон келтириб, қалб билан иқрор бўлиб ва имонининг тасдиғи сифатида солиҳ амаллар қилиш лозим. Шунда улар учун улкан мукофот – жаннат бордир. Абу Муъин Насафий агар имон фақатгина тил билан айтишдан иборат бўлса, унда мунофиқ билан мўминнинг ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмайди, дейди.

Бошқа бир сурада Аллоҳ таоло юқоридаги оятда келган «боғлар»ни жаннат боғлари эканини таъкидлайди: «Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат, ризолик ва улар учун неъматлари доимий (бўлмиш) жаннат (боғ)лари тўғрисида хушхабар берур» (Тавба, 21).

Аллоҳ барчаларимизни бу дунё ва охират мукофотларидан тўлиқ баҳраманд этсин! «Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар».

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Неъматга шукр қилиш мусулмон одам сифатланиши лозим бўлган энг улуғ ва гўзал ахлоқий сифатлардан биридир. Шукр - эзгулик улашган кишига чиройли мақтов ва яхшилик эвазига қилинадиган мукофотдир. Шукр луғатда-  мақтов, миннатдорчилик билдириш, раҳмат ва ташаккур этиш деган маъноларни ифодаласа, неъмат эса, ҳузур-ҳаловат, фаровонлик, мўлчилик, фаровон турмуш, мол-мулк, бойлик ва неъмат каби маъноларда қўлланилади.

Истилоҳда, мусулмон киши бирор бир яхшиликка эга бўлса ёки унга бирор бир неъмат етса, буларнинг барчаси Аллоҳ таолодан деб эътироф этиш, уни бошқаларга сўзлаш ва неъматга шукр қилиб уни ўз ўрнига ишлатишга айтилади.

Ҳақиқатан, аслида неъмат эгаси Аллоҳ таолонинг ўзидир. Аммо, баъзи неъматлар етишида воситачи бўлади. Худди, инсон ҳақ йўлни топишида ёки бирор бир илм ё касб эгаси бўлишида пайғамбарлар,  уламолар ва устозлар воситачи бўлганлари каби. Зотан, ота-она инсонни бу ёруғ дунёга келишига сабабчи бўлсалар, устоз ва мураббийлар дунё ва охират яхшиликларига эга бўлишларига сабабчи зотлардир. Шу боис доно халқимиз”Устоз отангдек улуғ”-дея тавсифлашади. Демак, биз бирор неъматга эришдикми дарров неъмат эгасига ташаккуримизни изҳор қилишмиз лозим бўлар экан.

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир яхшиликка эришса, бас, уни зикр қилсин. Ким зикр қилиб эсласа, батаҳқиқ уни шукрини адо этибди. Ким яширса, демак куфрона неъмат қилган бўлади”-дедилар. (Табароний ривояти).

Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади.

Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса қайтариш айнан олижанобликдир.

Инсон нимага эришган бўлса, авваломбор Аллоҳнинг ўлчови қолаверса сабабият оламидаги сабабларга боғлиқдир. Биз доимо хушёр ва сергак бўлиб неъматларни ўз ўрнида қадрлашимиз шу билан биргаликда атрофимиздаги инсонларга ҳам тез-тез эслатиб туришимиз лозим. Шунда бизга етган неъматни қадрлаган бўлишлигимиз билан бирга зиёдасига ҳам эга бўлиш бахти туради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси,7-оят).

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг ҳадди – чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: “Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак, қандоқ бўларкин”. Агар уларнинг қулларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам – ҳаммалари нажот топурлар”. (Имом Бухорий ривоят қилган).

Ватанимиз осмони мусаффо, тинчлик-осойишта бу ҳаётимизни шукрини қилиш шу азиз юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳам қарзи ҳам фарзи бўлиши даркор. Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс бу ҳақиқатни теран англайди. Бу ишда ҳар ким қўлидан келган ҳиссасини қўшмоғи матлубдир. Билиб туриб бепарво бўлишига ҳеч ҳаққимиз йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг шукрлиси одамларга шукр қилганларидир”-деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти).  

Шукр қилишнинг рукни учтадир.

  1. Неъмат берган Зотга муҳаббат қилган холда, неъматни эътироф қилмоқ;
  2. Аллоҳ таолога мақтов айтмоқ;
  3. Неъматни Аллоҳ таоло розилигида унинг тоатига сарф қилмоқ ва унга осий бўлишдан сақланмоқ.

Шукр қилиш фазилати нимада? Киши неъматни ўз эгаси бўлган Яратувчисидан эканини тан олишлиги дунёдаги энг катта бахт ва саодатдир. Зеро, бу дунёда неъматнинг шукри эвазига зиёда бўлса, охиратда Роббисини розилиги ва жаннатига сазовор бўлиб, азобидан омонда қолишидадир.

Шукр ва мақтов орасида қандай фарқ бор? Икки жиҳатдан фарқ қилади;

  1. Шукр тана аъзолари орқали адо этилади, мақтов эса, тил ва қалб ила адо этилади. Шунинг учун шукр саждаси деган сўзни эшитамиз мақтов саждаси деб эмас. Чунки, шукр аъзолар билан адо этилади.
  2. Шукр неъмат етган пайтида айтилади. Мақтов эса, ҳамма холатда ҳам айтилаверади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари агар бирор хурсандчилик етса, “Алҳамдулиллоҳиллазий бинеъматиҳи татиммус солиҳат”

Деб дуо қилсалар, бирор бало ё кўнгилсизлик етса, “Алҳамдулиллаҳи ала кулли ҳал” дер эдилар.

Ҳулоса ўрнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳикам ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларини  келтирамиз: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофатласин. Бирор нарса топа олмаса, уни ҳаққига дуо қилсин”-деганлар (Табароний ривояти).  

Яратган Ўзи бераётган неъматларини зиёда қилсин. Юртимизни тинч, мустақиллигимизни абадий айласин!

 Жалолиддин Ҳамроқулов, ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

 

Яратган Раббимизга чексиз ҳамд ва шукуроналар бўлсин. Кечагина мустақиллик байрамимизнинг 25 йиллигини нишонлаш олдидан – 2016 йил 29 август куни бутун юртимиз ҳожилари қатори Андижон вилояти Марҳамат туманидан ҳам 32 нафар юртдошимизни муборак хаж сафарига кузатган эдик.

“Умр оқар – дарё” деганларидек кўп ўтмай, 24 кун мобайнида муқаддас Мадина ва Макка шаҳарларида ибодат ва зиёратларни адо этган юртдошларимиз ўз ватанлари, оилалари бағрига қайтиб келдилар. Азиз ва мукаррам жойларда юрсалар-да, ўз она юртини қумсаган ҳожиларимиз муборак ибодатларини адо этиб қалблари сурурга тўлган ҳолда келишди.

Ҳожилар ўша муборак заминда Ватанимиз ободлиги, тинчлик неъматининг бардавом бўлишини тилаб дуолар қилишди, марҳум юртбошимизнинг руҳларига ҳам такрор ва такрор дуолар қилишиб қайтдилар.

М. Шарофуддинов,

Марҳамат тумани бош имом-хатиби

                                                                                             

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни  ўрта махсус ислом билим юрти мудири Н.Қодиров эрталабки сафланиш пайтида талабаларга марҳум Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида олиб борган ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни ва роли ҳақида гапириб ўтди. У Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш –энг олий саодатдир” номли асари ҳақида гапирар экан, Президентимизнинг “Ким эдигу ким бўлдик? Эртага ким бўлишимиз, қандай марраларни эгаллашимиз керак” деган гапларини мазмун- моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, йиғилишда сўз олган билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир муовини в.б. М.Тўрақулов ҳам ушбу асар мазмун-моҳияти ҳақида йиғилганларга кенг тушунча бериб ўтди. Йиғилиш якунида жорий йилнинг 21 – 22 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов порлоқ хотирасига бағишлаб гуруҳлараро спортнинг “Волейбол” тури бўйича ўтказилган “Хотира турнири” якунлари бўйича 1-ўринни эгаллаган 2-курс 66-гуруҳ талабалари, 2-ўринни эгаллаган 4-курс 62-гуруҳ талабалари ва 3-ўринни эгаллаган 1-курс 69-гуруҳ талабалари махсус диплом ва билим юрти маъмурияти томонидан ажратилган эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Билим юрти кадрлар бўлими бошлиғи

Қаҳрамонжон ИСРАИЛОВ


 

 

Видеолавҳалар

Top