www.muslimuz

www.muslimuz

Шу йил 11-12 май кунлари Тошкент шаҳрида «Халқ дипломатияси – тараққиёт сари ўзаро ҳамжиҳатлик» шиори остида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Халқ дипломатияси форуми бўлиб ўтмоқда. Унда халқаро ташкилотлар вакиллари, ШҲТга аъзо мамлакатлар парламентлари, нодавлат тузилмалар ва илмий-таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Нуфузли форумда Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси ўринбосари, ШҲТнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси раиси Шен Юеюе ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов, шунингдек, юртимиздаги турли давлат ва нодавлат ташкилот вакиллари, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов қатнашмоқда.

Анжуманнинг биринчи кунида юртимизнинг ШҲТга раислиги ва республикамиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар юқори баҳоланди. Делегациялар ШҲТга аъзо давлатлардаги ёш авлод салоҳиятини самарали рўёбга чиқариш, ҳар йили ШҲТ маданий ва сайёҳлик пойтахти мақомини бериш амалиётини жорий этиш, “ШҲТ Эзгу ният элчиси” институтини ташкил этиш сингари мамлакатимиз таклифлари қўллаб-қувватлади.

Форум доирасида анжуман иштирокчилари томонидан ишлаб чиқилаётган лойиҳалар мамлакатларимизни янада яқинлаштириш йўлида муҳим қадам бўлишини бир овоздан эътироф этишяпти. Маҳаллий ва хорижий ташкилотлар вакиллари турли ғоя ва таклифларни илгари суришиб, муҳим ташаббуслар, қизиқарли тақдимотлар билан чиқиш қилишмоқда.

Маълумот учун, форум якунлари бўйича ШҲТ халқ дипломатиясининг Тошкент коммюникесини қабул қилиш режалаштирилган. Халқаро тадбир 12 май куни якунланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

mercredi, 11 mai 2022 00:00

Бидъат нима?

Асли диндан бўлмаган нарсани динга киритиш "бидъат" дейилади.

"Бидъат" сўзи "янги пайдо бўлган нарса" маъносини англатади.

Шаръий истилоҳда эса, дин комил бўлгандан кейин унда пайдо қилинган нарса бидъатдир.

Динга янгилик киритиш харом саналади. Нега десангиз, Ислом дини Аллоҳ таоло кўрсатган йўл-йўриқлардан иборат. Банда ўз ақлига, ҳавойи нафсига суяниб динга бирор нарса киритса, қаттиқ адашибди. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Динда янги пайдо бўлган нарсадан четланинглар. Ҳар қандай янги пайдо қилинган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолатдир".
Яна бир ҳадиси шарифда: "Ким динимизга-унда бўлмаган нарсани қўшса у қайтарилади" дейилган.(бухорий ва муслим ривояти)

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозим: мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган, Ислом дини асосига тегишли бўлмаган нарсалар бидъат ҳисобланмайди. Яъни динга зид, дин далилларига, қоидаларига хилоф ҳар қандай бидъат рад қилинади. Аммо динга зид бўлмаган, унинг асосларига таянган холда кейинчалик динни химоя қилиш ёки мусулмонлар ҳаётида қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган амаллар рад этилмайди.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ким Исломда яхши суннат (яъни, йўл) пайдо қилса, унга ўшанинг, ўзидан кейин амал қилганларнинг савоби камайтирилмасдан берилади" (муслим, насоий доримий ривояти).

Бу ерда айтилишича, Ислом шариатига мувофиқ яхши нарсаларни жорий этиш жоиз. Унинг савоби ўша ишни бошлаб берган одамга ёзилади.

Базиларимиз ўйлаганимиздек агар янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлаверса, унда мусулмонлар жуда танг ахволда қолишарди. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Қуръони карим ҳам китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар алоҳида бўлиб шаклланмаган, ва китоблар ҳам ёзилмаган эди. Албатта буларнинг барчаси кейин пайдо бўлган.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни хақ йўлдан адаштирмасин.

Машҳад мозор масжиди имом хатиби А. Турсунов. Манба асосида тайёрлади.

Шу йил 17 апрелдан 1 майга қадар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Ўзбекистон делегацияси таркибида Россия Федерациясида бўлиб қайтди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари мазкур мамлакат расмийлари ва иш берувчи ташкилот раҳбарлари билан учрашиб, у ерда вақтинча меҳнат қилаётган, таълим олаётган юртдошларимизга муносиб шароитлар яратиш бўйича мулоқотлар ўтказиб, мавжуд муаммолар ҳал қилинди.

Мулоқотларда Россия ва Ўзбекистон вакиллари томонларидан бу йил “Маънавий ипак йўли” V халқаро илмий-диний анжумани ўтказилиши режалаштираётгани айтилди.

Шунингдек, мазкур мамлакат тадбиркорлари, ўзбекзабон ишбилармон вакиллари билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб боришди.

Ташриф давомида Иброҳимжон домла Иномов мазкур мамлакатнинг Москва, Санкт-Петербург, Тула, Воронеж, Мурманск, Калининград шаҳарлари ва вилоятларида олий ўқув даргоҳларида, турли ташкилот ва корхоналарда мусофир ҳамюртларимизга диний-маърифий мавзуларда маърузалар қилиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.

Хусусан, Иброҳимжон домла Иномов Россия Федерацияси мусулмонлари идораси раиси, Россия муфтийлари кенгаши раиси, муфтий Шайх Равиль ҳазрат Гайнутдин билан учрашув ўтказди.

Самимий учрашув чоғида Иброҳимжон домла Иномов муфтий Шайх Равиль ҳазрат Гайнутдинга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг дуои-саломлари, рамазон табрикларини етказди. Ўзбекистонлик мигрантларга Россияда ўқиш ва меҳнат қилиш учун муносиб шароит яратиш муҳокама қилинган асосий мавзулардан бири бўлди.

Дўстона мулоқотлар давомида икки давлат диний соҳа вакилларининг илиқ муносабати, яхшилик йўлидаги ҳамкорлиги яхши натижалар бериши қайд этилди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон делегациясининг икки ҳафталик сафари давомида Россия Федерациясининг кўплаб шаҳар ва туманларида мамлакат расмий вакиллари билан яхши ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, тегишли келишувларга эришилди, ўқиш ё иш масаласида ушбу давлатга борган ватандошларга муносиб шароитлар яратишга келишиб олинди.

Маърифий суҳбатларда мусофир ҳамюртлар диний ва ижтимоий, ҳуқуқий мавзуларда маърузалардан баҳра олиб, ўзларини ўйлантираётган масала ва саволларга жавоб олишди.

Учрашувлар давомида Ўзбекистон делегацияси вакилларига Диний соҳа раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев номларига ташаккурнома ва миннатдорчиликлар изҳор этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу йил 11 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ҳуқуқшунослик бўлими “Zoom” платформаси орқали Қашқадарё вилояти вакиллиги ва масжидлар ишини юритувчи масъул ходимлар билан онлайн учрашув ўтказилди.

Масофадан туриб ўтказилган тадбирни Ҳуқуқшунослик бўлими мудири в.в.б. Жаҳонгир Хотамов ва бўлим масъул ходими Элёр Минаваров олиб борди.

Онлайн тадбирда Жаҳонгир Хотамов иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси лойиҳасидаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, масофавий учрашувда масжидлардан коммунал тўловлар учун ортиқча ҳақ ундиришни назорат килиш, 2003 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишларини ва фаолиятни янада такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида”ги 364-қарори ва шу йилдаги 525-сонли ВМ фармойиши амалда экани, диний ташкилотлар барча коммунал тўловларни жисмоний шахслар билан бир хилда тўлаши белгилангани тушунтирилди ва бу тўғрида ҳудуддаги диний соҳа вакилларига етказиш айтилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Энг яхши совға – китоб, энг фойдали машғулот – илм олишдир. Улуғ ажрлар ваъда қилинган муқаддас Рамазон ойида пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги “Раҳим ҳожи ота” жоме масжиди маъмурияти ташаббуси билан олий ўқув юртлари талабаларига китоблар эҳсон қилингани ниҳоятда хайрли ва ибратли ишлардан бири бўлди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу тадбир ёшларнинг танловидан келиб чиқиб амалга оширилди. Яъни масжид маъмурияти Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан ҳамкорликда талабалар ўртасида “Китобхонларни қизиқтирувчи китоблар” номли сўров ўтказилиб, уларнинг таклиф ва қизиқишлари асосида рўйхат шакллантирилди. Ушбу рўйхат бўйича ҳар бир олийгоҳ ахборот ресурс марказларига саховатпеша ҳомийларни жалб қилган ҳолда ўн миллион сўм миқдоридан ортиқроқ қийматдаги ўқув қулланмалари, бадиий ва тарихий асарлар ва ҳамда диний адабиётлар тақдим қилинди.

Жумладан, “Раҳим ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммад Зариф домла ва Тошкент давлат педагогика университетининг Бошланғич таълим факультети талабалари иштирокида бўлиб ўтган ушбу совғани топшириш маросими чинакам маърифий суҳбат тусини олди.

– Муқаддас динимизда илм-маърифат юксак даражада улуғланади, ҳар бир мўмин-мусулмон банда уни эгаллашга даъват этилади, – дейди Муҳаммад Зариф домла. – Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дедилар. Келгусида болаларга ҳарф танитиш, уларда дастлабки ўқиш ва ёзиш, қолаверса, ахлоқ-одоб кўникмасини ўргатиш билан шуғулланувчи мутахассисликни эгаллаётган сиз талабалар бу борада катта масъулиятга эгасиз. Яъни зиммангизга жажжи қалбларда ўрганиш, илм олиш ҳавасини уйғотиш, билим пойдеворини мустаҳкам қўйиш вазифаси юкланади. Бунинг учун кенг билим ва дунёқарашга эга бўлиш талаб этилади. Ишонамизки, биз туҳфа этаётган китоблар ҳам бу борада сизларга яхши кўмакчи бўлади.

Мазкур китоблар жамламасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ҳадис ва ҳаёт”, Муҳаммад Саид Тантовийнинг “Пайғамбарлар тарихи”, Имом Шамсиддин Заҳабийнинг “Машҳур даҳолар сийрати” каби ислом маърифатидан сабоқ берувчи қимматли асарлар, шунингдек, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти намуналари, жаҳон адибларининг асарларини кўриш мумкин. Айтиш жоизки, ушбу туҳфа талабаларга катта қувонч бағишлади. Ёшларнинг юз-кўзларида туҳфа қилинган китобларга катта қизиқиш, уларни тезроқ қўлларига олиб ўқиш иштиёқи сезилиб турарди.

Дарҳақиқат, илм-маърифат инсонни етукликка эриштиради. Ўтмишда буюк алломалар етиштириб берган халқимиз ҳаётида китоб муҳим ўрин эгаллаган. Бугун ҳам қадимий эзгу анъаналар тирилиб, турли мол-матоҳ ўрнига китоблар совға қилишга одатлансак, маънавий оламимизда жуда катта ўзгариш содир бўларди.

– Талабаларимиз жуда илмга чанқоқ, – дейди Бошланғич таълим факультети деканининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Комилжон Абдуллаев. – Ўқиб-ўрганиш уларнинг бугунги кундаги вазифаси ҳисобланади. Талабаларда билим олишга рағбатни кучайтириш мақсадида турли тадбирлар уюштиряпмиз. Мазкур учрашув бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.

– Бизга совға қилинган илм-маърифат хазинаси бўлган бир-биридан қизиқарли, ҳикматга тўлиқ китобларни кўриб хурсанд бўлдим, – дейди талаба Нигора Эштўхтарова. – Уларнинг ҳаммасини ўқиб чиқиш ниятидаман. Чунки бу асарлар бизнинг билимимизни бойитади, дунёқарашимизни кенгайтиради. Ҳақиқий муаллим бўлиб етишишимиз учун бу нарса жуда зарур.

Тадбирда талабалар исломий масалаларга оид, турмушда дуч келинадиган турли муаммолар ечимига берган саволларига батафсил жавоб олишди.

Бундан ташқари, муборак ойда масжид маъмурияти саъй-ҳаракати билан маҳаллалардаги ёлғиз яшовчи, ногирон, кам таъминланган инсонлар, ётоқхоналарда яшовчи ижтимоий химояга муҳтож, ногирон, кўзи ожиз талабаларга ифторлик озиқ-овқат жамланмаси ҳадя сифатида етказиб берилди.

Тўлқин ШЕРНАЕВ

Page 85 sur 637

Видеолавҳалар

Top