muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мисрнинг Aл-Aзҳар ислом тадқиқот академияси қошидаги Қуръони Карим ва суннати набавия илмий мўъжизалари қўмитаси “Барқарор ривожланишга эришиш учун инсон салоҳиятини оширишда Қуръони Карим ва Суннати набавиянинг мўжизакорлиги” мавзусидаги тадқиқот мусобақасини икки ой муддатга узайтиришга қарор қилди. Кўп сонли иштирокчиларнинг талабларига биноан илмий мавзулардаги тадқиқотларни тақдим этилишининг охирги муддати этиб 30 апрель куни этиб белгиланди.
Ислом тадқиқотлари академиясининг Илмий мўъжизалар қўмитаси ўтган йилнинг декабр ойида танлов ва унинг шартларини эълон қилган эди. Унда танловга тақдим этилган тадқиқот иши араб ёки инглиз тилларида бўлиши, олдин тақдим этилган тадқиқот мавзуларига такрор бўлмаслиги, тадқиқот муаллифининг илмий даражага эга бўлиши, тадқиқот ишининг бошқа мусобақаларга тақдим этилмаган бўлиши талаб қилинган.
Қўмитанинг маълум қилишича, мусобақада биринчи ўрин соҳибига 15 000 фунт стерлинг, иккинчи ўрин соҳибига 10 000 фунт стерлинг ва учинчи ўрин соҳибига 5 000 фунт стерлинг тақдим этилади. Қолган иштирокчилар рағбатлантирувчи мукофот ва ташаккурномалар билан тақдирланадилар.

ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.

Ўзбекистон мусулмонлари учун барча шаръий масалалар юзасидан фатволар чиқариш, аҳолининг диний саволларига жавоб бериш, одамлар ўртасидаги муомилат масалалари бўйича ҳукмларни баён қилиш мақсадида 2022 йилда Ўзбекистон мусулмонлар идораси қошида Фатво маркази ташкил этилди.

Марказда 15 нафар уламо хизмат қилмоқда. Марказнинг 2022 йилдаги фаолиятига назар ташаласак, мутахассислар томонидан 2115 та масжидга 50дан ортиқ жума тезиси ва уларга 25дан зиёд илова тайёрлаб етказдилар. Шаръий масалаларнинг ҳукмини сўраб келган 7000дан ортиқ фуқаро қабул қилинган бўлса, кунига 100га яқин телефон қўнғироғи бўладиган Call-марказда жами 146000та саволларга жавоб берилди.

http://fatvo.uzhttp://t.me/savollarmuslimuzbothttp://savollarmuslim.uzhttp://t.me/diniysavollar сайт ва каналларда ҳам жами 230 000 дан зиёд масалаларнинг ҳукми баён қилган.

Фиқҳий ва ақидавий масалалар юзасидаги фатволар, ихтилофли масалалар ечимлари борасида https://t.me/AhliSunnaValJamoaUz канали орқали халқимизга зарур илмларни етказилмоқда.

Фатво маркази томонидан “Фатволар тўплами”“Таҳоратга оид фатволар”“Долзарб ақидавий ва фиқҳий масалаларга ечимлар” китоблари нашрга тайёрланди.

Марказда “Медиа”“Фатво ва маъруза тайёрлаш”“Телефон орқали саволларга жавоб бериш” каби бўлимлар бўлиб, у ерда Тошкент ислом институтини битирган ёш ва илмли мутахассислар фаолият юритмоқдалар.

Олий маъҳаднинг Модуль таълим тизими талабалари Ўзбекистон мусулмонлар идораси қошида Фатво марказига ташриф буюрдилар ва у ердаги иш жараёни билан яқиндан танишдилар.

 

Марказ яқинда ташкил қилинганига қарамасдан қисқа вақт ичида жуда ҳам салмоқли натижаларга эришди. Бу ерда ҳизмат кўрсатаётган юртимизнинг кўзга кўринган олимлари халқимиз томонидан бериладиган саволларга илмий асосларга таяниб, мунтазам жавоб бериб келмоқадалар. Мурожаатчилар ўз саволларига жавобларни телефон орқали олишлари, телеграм бот воситасида билишлари ёки келиб шу ердаги олимлар билан юзма-юз ўтириб билиб олишларини ташкил қилингани марказнинг иш самарадорлигини янада оширмоқда.

Институт талабалари фатво бериш жараёнини ўз кўзлари билан кўриш билан бир қаторда шу ерда фаолият олиб бораётган устозлардан ўзлари учун муҳим кўрсатма сабоқларни ҳам олдилар.

Боғланиш:

Call-марказ: (+998-78) 150-33-44

Манзил: Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қорасарой кўчаси, 47-уй

Локация: https://goo.gl/maps/NUj4EJ2MdpCZejoz7

Почта: Cette adresse e-mail est protégée contre les robots spammeurs. Vous devez activer le JavaScript pour la visualiser.

Сайт: http://fatvo.uz

Савол йўллаш: http://t.me/savollarmuslimuzbot

Телеграм канал: http://t.me/diniysavollar

 

ТИИ Матбуот хизмати

1 март куни Малайзияда «Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази» мавзусидаги фотокўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ушбу суратлар кўргазмаси Малайзия Ислом санъати музейида Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Малайзия Ислом санъати музейи 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, у ислом цивилизацияси тарихи ва санъатига бағишланган Жанубий-Шарқий Осиёдаги энг йирик музей ҳисобланади. Музей коллекциясида бутун ислом олами маданияти ва санъатини акс эттирувчи экспонатлар мавжуд. Энг нодир экспонатлардан бири Ўзбекистондан 8 асрга оид ипакдан тикилган сўғдийлар либосидир.
Кўргазманинг очилиш маросимида Малайзия томонидан Туризм, санъат ва маданият вазири Тионг Кинг Синг фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, қироллик оиласи аъзолари, Малайзия вазирлик ва идоралари вакиллари, Куала-Лумпур мэрияси, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси, маданият ва санъат намояндалари, илмий ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этишди.
Кўргазмада ислом тарихи, ислом цивилизациясининг Марказий Осиёга кириб келишидан то ҳозирги кунгача илм-фан, таълим ва меъморчилик ривожига қўшган ҳиссаси, турли цивилизацияларга хос бўлган маданий осори-атиқалар, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида сақланиб қолган қадимий ва бой маданий меросга оид фотосуратлар ва маълумотлар намойиш этилмоқда.
Тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, шунингдек, илмий мажмуа ва музей мажмуаси қурилиши ҳақидаги атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Шарқ Уйғониш даврининг жаҳон цивилизацияси ривожидаги аҳамияти, жумладан, буюк аллома ва қомусий илм соҳиблари Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбекнинг аниқ фанлар тараққиётидаги ўрни, машҳур мутафаккир ва муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий асарларининг ислом фалсафаси ва ислом ҳуқуқи ривожидаги улкан ҳиссаси қайд этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тақдимоти ҳам ташкил этилди. Хусусан, мамлакатимиз ҳукумати томонидан сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, «зиёрат туризми» салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган эътиборга молик чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Вазир Тионг Кинг Синг маданий-гуманитар соҳадаги Малайзия-Ўзбекистон ҳамкорлигининг юксак даражасини мамнуният билан қайд этар экан, Ўзбекистонда ислом цивилизациясининг бой маънавий-интеллектуал меросини ҳар томонлама ўрганиш, авайлаб асраш ва тарғиб этиш, бағрикенглик маданиятини ривожлантириш, ислом динининг инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларга юксак баҳо берди.
Малайзия аҳолиси ва меҳмонларининг Ўзбекистон эга бўлган жозибали маданий мерос тўғрисидаги хабардорлигини ошириш мамлакатимизнинг «зиёрат туризми» йўналиши сифатида янада оммалашишига ва сайёҳлар сонининг изчил ортиб боришига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Ислом санъати музейи мувофиқлаштирувчиси Зулкифли Исхоқ икки ой давомида Малайзиянинг кенг жамоатчилигини Ўзбекистоннинг серқирра маданияти, кўп асрлик тарихи, меъморчилик анъаналари билан яқиндан таништиришга хизмат қиладиган мазкур қўшма лойиҳанинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.
Музейнинг ички безатиш ишларида ўзбекистонлик иқтидорли ҳунармандларнинг бевосита иштирок этгани республикамизнинг бой санъат ва ҳунармандчилигига ҳурмат ҳамда эҳтиром белгиси сифатида қайд этилди.
Фотокўргазма 27 апрелга қадар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top