muslim.uz

muslim.uz

Шу йилнинг 10-11 май кунлари Қозон шаҳрида "Россия – Ислом дунёси: KazanSummit 2018" X Халқаро иқтисодий саммит доирасида йиллик RUSSIA HALAL EXPO - Ҳалол саноати халқаро кўргазмаси ўтказилади. RUSSIA HALAL EXPO кўргазмасининг асосий мавзуси бу йил “Ҳалол ҳаёт тарзи сифатида” шиори бўлиб қолади.
Кўргазмада Россия ва Татаристондан ташқари Туркия, Малайзия, Индонезия, Белоруссия, БАА, Эрон, Хитой, Миср, Афғонистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон каби давлатларнинг ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компаниялар иштирок этади. RUSSIA HALAL EXPO кўргазмасига 5 мингдан ортиқ киши ташриф буюриши кутилмоқда.
"Россия – Ислом дунёси: KazanSummit 2018" X Халқаро иқтисодий саммит қатнашчилари, шунингдек, халқаро компаниялар, улгуржи ва чакана савдо компаниялари, савдо тармоқдари, ресторанлар ва меҳмонхоналар вакиллари, потенциал дилерлар кўргазманинг фахрий меҳмони бўлишади. RUSSIA HALAL EXPO кўргазмаси доирасида компанияларнинг тақдимоти, маҳсулотларни таътиб кўриш, тренинглар, маҳорат дарслари ва танловлар ўтказилиши режалаштирилган.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

vendredi, 26 janvier 2018 00:00

Томирингизни ўйғотинг!

Мидия подшоси Кир миллий қаҳрамонимиз Томир онадан мағлуб бўлгунга қадар кўплаб мамлакатларни забт этган ва барча жангларида зафар қучган эди. У навбатдаги жанглардан бирида милоддан аввалги 546 йил Лидия подшоси Крезни асир олади. Аммо ўз юртига қайтиб улгурмасиданоқ лидияликлар қўзғолон кўтаради. Бундан Кирнинг жаҳли чиқиб лашкарларига бу бадбахт юртни хонавайрон қилинг, одамларини битта қолдирмай ўлдиринг! дея фармон беради. Бундан  чўчиган Крез ўз мамлакатининг кўз ўрнида харобага айланишидан чўчиб Кирга бундай маслаҳат беради. “Эй шоҳ! лидияликларга яна бир марҳамат қил! Улар яна ғалаён кўтармаслигининг чораси бор. Бунинг учун уларга қурол олиб юришни тақиқла, халатининг тагидан хитон (юнонларнинг узун  кийими) кийишга, оёғига эса баланд пошнали этик кийишига амр қил. Ундан кейин эса, уларга айт! болаларига кифар ва лирни (юнон торли асбоблари) чалишни ўргатсин ва майда-чуйда нарсалар савдоси билан шуғуллансин. Ўшанда уларнинг эркаклик хусусиятларидан айрилиб аёл кишига айланиб бораётганини кўриб ҳайрон қоласан, муҳими, улар ҳеч қачон ғалаён кўтармайди”.

Қуйлиқ бозоридан шаҳар марказига қараб юрадиган автобуслар тўхтайдиган бекатда қўққисдан шовқин-сурон бўлиб қолди. Нима гап экан десак, ўша ерда жасади девни ҳуркитадиган ўттиз ёшлар атрофидаги навқирон бир йигит столча қўйиб олиб сигарет сотаётган экан, бекатда мижоз пойлаб турадиган таксичилардан бири сигарет ёқиб олайин деб ундан гугурт сўрабди-да, яна уч-тўрт дона гугурт чўпни чўнтакка ҳам урибди. Жанжал ана шу гугурт чўплари устидан чиқибди. Қарасангиз, таксичининг ҳайбати ҳам чайқовчиникидан кам эмас: баҳайбат, ёш, айни кучга тўлган палласи. Лекин иккаласида ҳам нимадир етишмайди...

Улар бизнинг кўзимиз ўрганган баланд-баланд иморатлар барпо этувчи қурувчиларга, оғир-оғир шпаллар ётқизаётган темир йўлчиларга, ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиб, елиб-югуриб юрган тадбиркорларга, шошилиб давлат ишига бораётган зиёлилар ёки зиёлинамо кишиларга ҳеч ўхшамайди.  Бу инсонлар юзида барқ уриб турган ўз ишидан мамнуният, замондан миннатдорлик каби туйғулар буларнинг юз-кўзида кўринмайди. Аксинча, уларнинг қарашларида тамаъ, иддао ва яна сўз билан ифодалаш қийин бўлган ёқимсиз бир нималар кўзга ташланади.

Ана шу тоифа кишиларни учратганда киши мустақилликдан ҳам ҳар ким ўз табиатига, тийнатига мосини олар экан-да,  деб ўйлаб қолади. Истиқлолга   эришганимизга йигирма  етти йил тўлмоқда. Ўтган давр ичида юртимизда қанча ўзгаришлар бўлди. Ўтган бир йилда қандай катта ўзгаришлар юз берди. Юрагида журъати бор кишилар катта ишларга қўл уриб қанчадан қанча иш ўринлари яратиб ҳам ўзи фойда оляпти, ҳам давлатга фойда етказяпти, ҳам кўплаб кишиларни иш билан таъминлаяпти. Биргина мисол, камина яқиндан биладиган бир одам, хорижий корхоналардан бирига оддий ишчи бўлиб ишга кирди. Полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонада ишлаш ўта оғир юмуш. У шу ерда етти-саккиз йил ишлаб иш ўрганди, тажриба орттирди, маблағ йиғди. Кейин эса ўзи худди шундай корхона очиб мустақил иш бошлади, ҳозир беш-олти нафар кишини ишга олган. Корхонасини янада кенгайтириш мақсадида яна янги технологиялар олиб келди, уларни ҳам ўрнатиб ишга туширса, яна шунча иш ўрни очилади ва давлатга бюджетига тушадиган тўловлари ва солиқ миқдори ошади.

Солиқ ҳам тўламай, ўтирган жойи учун патта ҳам олмай, бекатдаги ягона дарахт соясини ҳам эгаллаб, олдига тўрт қути сигарет қўйиб олиб, бойўғлига ўхшаб шумшайиб ўтириш бунинг қўлидан келмасмиди?! Келарди. Лекин унинг инсоний ғурури бунақа паст ишни қилишга асло йўл қўймайди. Борди-ю,  бу ишни қилганида ким билади у ҳам Крез айтгандек, аёлмижоз эркаклар тоифасига кириб қолармиди. Аёлмижоз эркаклар эса динимизда қаттиқ қораланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ва эркакларга тақлид қилувчи аёлларни лаънатладилар» (Бухорий, Абу Довуд ривояти).

     

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

                                                                                                                                

ЎМИ Матбуот хизмати

vendredi, 26 janvier 2018 00:00

Икки илм

Ҳар бир жамиятнинг тараққиёт асосида илм туради. Илмсизлик эса уни қолоқлик ва жаҳолатга етаклайди. Илгари илмни диний ёки дунёвий деган турга ажратилмаган. Фиқҳ, тафсир ва бошқа диний илмлар қаторида олам ва борлиқ жумбоқларини кашф этиш, коинотнинг сирли тилсимларини очиш мақсадида дунёвий фан соҳалари билан шуғулланилган. Ўша вақтда қайси илмга зарурат пайдо бўлса, ўша илмни ўрганишни олимлар ўзларини бурчли деб билганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Охират учун дунёни тарк этган киши ёки дунё учун охиратни тарк этган киши сизларнинг яхшиларингиз эмас. Лекин яхшиларингиз унисидан ҳам, бунисидан ҳам олган кишидир”, деганлар. Шундан ҳам биламизки, дунёвий илмни деб диний илмни, диний илмни деб дунёвий илмни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Диний илм соҳасида Имом Бухорий, Имом Термизий, Замахшарий, дунёвий илмда Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий ва бошқа олимларимиз жаҳонга танилдилар.  

Илгари қайси бир юрт ёки шаҳарда таниқли илм даргоҳи ёки мадраса бўлса, ўша юртга илмсевар талабалар отли-пиёда етиб борганлар ва таниқли олимлар ҳузурида таҳсил олганлар. Бунинг осон эмаслигини Навоий бобомиз қуйидагича тасвирлайди:

Эгнида авроқу китоби анинг,

Қилғали таҳсил шитоби анинг.

Қушдек ўлуб сайр муяссар анга,

Эгнида авроқи бўлуб пар анга.

Ҳозирги вақтда ҳам диний, ҳам дунёвий илм соҳаларини ўрганишга юртимизда шарт-шароит ва имкониятлар етарли. Олдинги аждодларимиз ҳар икки илм соҳасини теран ўрганиб, ҳар иккисида ибрат ва намуна бўлганларидек,  илм йўлида фидойилик билан таҳсил олинса, бундан халқимизга катта манфаатлар етади. 

Олдинги аждодларимиз  ҳам дунёвий, ҳам диний илм соҳаларида оламшумул кашфиётларни амалга оширганларини кўп гапириб, фахр-ифтихор билан тилга оламиз-у, лекин нега бу анъана давом этмасдан олис тарихда қолиб кетгани, бунинг асл илдизи нимадан иборатлиги хусусида ўйлаб кўрмаймиз.”Аниқки, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас” (Раъд, 11-оят), деган ояти карима хусусида теранроқ мулоҳаза юритсак, фойдадан холи бўлмайди. Ўз юртимизда кейинги бир-икки аср давомида бошқа юртлардан келтирилган оддий техника ва жиҳозларни кўрганда юртдошларимиз анча вақтларгача унинг олдига боришга ботинмаганини ва токи кўзлари ўргангунича одамлар анчагача ажабланиб юрганига нима дейсиз?

Айни вақтда ва имконият борида ғайрат отини қамчилаш керакки, илмнинг забт этилмаган чўққиларини эгаллашда аждодларимиздек ғайрат-шижоат билан тадбир ва тадоригини кўриш фойдадан холи эмас. 

 

Бобомурод ЭРАЛИ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

vendredi, 26 janvier 2018 00:00

Гўзал хулқ – комилликдир

Гўзал хулқ билан кишининг имони мукаммал бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қайси мўминнинг имони комил ҳисобланади”, деб сўрашганида: “Гўзал хулқли мўминнинг”, деб жавоб берганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Гўзал хулқли киши тунлари бедор, кундузлари рўзадор бўлган одам даражасини қўлга киритади, деган ривоятлар ҳам бор. Энг гўзал хулқ эгаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам ҳақларида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз» (Қалам, 4). У зотнинг ўзлари ҳам: “Мен яхши хулқларни камолига етказиш учун юборилдим”, деганлар. Ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳодан Пайғамбаримизнинг ахлоқлари ҳақида сўрашганида: “Ахлоқлари Қуръон эди”, деб жавоб қилганлар. Шу сабабли у зот барчага ўрнак бўлиб, Аллоҳга яқинликни ва охират саодатини истовчилар учун намуна эдилар. Расулуллоҳнинг гўзал хулқларидан ибрат олганлар улуғ ажр ва мукофотларга эришадилар.

Гўзал хулқ, юксак маънавият аждодларимиздан мерос. Бу эзгу қадрият бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Масалан, йўл четида кўчани кесиб ўтиш учун шайланиб турган кекса отахон ёки онахонларни кўрсак, дарҳол уларга кўмаклашишга уринамиз. Автобусда кетаётган ёшлар ўзидан катталарга жой беришади. Бири-биримизга салом беришимиз, Аллоҳ таолодан тинчлик, раҳмат ва мағфират тилашимиз ҳам чиройли хулқ кўринишларидир. Бу ҳолатлар динимизда инсон қадри нақадар улуғланишига далилдир.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг тунда уйқудан воз кечиб, кўчаларни айланадиган одати бор эди. У киши аҳоли хотиржамлигини ўйлар ва одамларнинг ташвишлари билан яшар эди. Бир куни алламаҳалда бир уйдан ингроқ овози эшитилади. Яқинроқ бориб билса, тўлғоқ тутаётган аёл оғриқдан инграётган, ён-атрофдан ёрдам кутаётган экан. Халифа тез уйига қайтиб, аёлини бошлаб келади. Хотини доялик қилади, ўзи эса кўзи ёриган аёлга овқат пиширади.

Бу динимиз тарихида бўлиб ўтган воқеалардан бири. Унинг замирида инсон тақдири, келажак авлод ҳаётига ғамхўрлик ётгани яхши маълум. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг бундай халқпарварлиги ҳали-ҳанузгача мусулмонлар учун гўзал намуна бўлиб келаётир.

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Қибрай тумани  “Дўрмон” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top