muslim.uz

muslim.uz

Шавкат Мирзиёев Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Зиёрат чоғида президент Ақтўбеда юртдошларимиз вафот этганидан чуқур қайғуда эканини айтиб, уларнинг яқинларига таъзия билдирди. Марҳумлар ҳақига дуо қилинди. 

Кеча тонгда Актўбе области Ирғиз тумани ҳудудидан ўтувчи «Самара-Чимкент» автомобил йўлининг 1068 кмда Калибой аҳоли яшаш пунктидан 10 км узоқликда йўловчи автобус ёниб кетди. Setra русумли автобус ҳаракатланаётган вақтида аланга олган. Автобус Қозоғистон жанубидан Россиянинг Қозон шаҳрига йўл олганди. Унда 57 киши бўлган, фақат 5 киши чиқа олган, қолган 52 киши ҳалок бўлган. Айни вақтда автобус ёниб кетиши оқибатида ҳалок бўлган 52 кишидан 32 нафарининг шахси аниқланган. Уларнинг аксар қисми Наманган вилоятидан бўлган.

Манаба: http://kun.uz

2018 йилда Саудия Арабистони Ҳиндистон мусулмонлари учун Ҳаж квотасини 5 мингга кўпайтирган ва ушбу йилда ҳиндистонликларни 175 минг нафари зиёратга бориши келишилган эди. 

Ҳиндистон ҳукумати юз минглаб одамларга мўлжалланган Ҳаж мавсуми имтиёзларини бекор қилди. Миллий озчилик ишлари бўйича вазирлик раҳбари Мухтор Аббосхон Нақвининг айтишича ҳукумат озчиликни ташкил этувчи аҳолининг қадр-қимматини ҳурмат қилади ва ҳеч қачон шавқатсизликка йўл қўймайди. Бу ҳақда Анадолу агентлиги хабар берган. 

Эндиликда Ҳаж учун ажратилган маблағлар қизларнинг таълимини ривожлантиришга сарфланади. 

Ҳиндистон Олий суди 2012 йилда ҳукуматдан Ҳаж имтиёзларини 2022 йилга қадар босқичма босқич бекор қилишни сўраб мурожаат қилган эди. 

Конгрессдаги мухолифат партия вакиллари Моди ҳукумати сўровномани қабул қилади ва Ҳаж учун ажратилган маблағ ҳуқуқсиз жамоалар равнақи учун сарфланишига умид қилмоқда. 

Ҳукумат Ҳаж имтиёзларини Олий суд сўраганидан 4 йил аввал бекор қилди, мутасаддилар қаршиликлари йўқ эканини айтиб ўтганлар. Бироқ айрим гуруҳлар буни “ҳуқуқни поймол этувчи, демократик тамоилларга зид” деб баҳоламоқдалар. 

Маълумот учун, берилган имтиёз ҳаво транспорти компаниялари учун амал қилган. Имтиёз ташиш ҳаражатларини пасайтирилишига сабаб бўлган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 16-26 январь кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва Умра ишлари вазири таклифига биноан Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси мазкур давлатга хизмат сафарини амалга оширмоқда. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар берди. 

Делегация Саудияда Ҳаж тадбирларини ташкил этишга масъул бўлган идора ва ташкилотлар билан Жидда, Макка ва Мадина шаҳарларида учрашувлар ўтказмоқда. 

Белгиланган жадвалга мувофиқ 17 январь куни Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси Бош бошқармаси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. 

Ўзбекистон Ҳаж делегацияси томонидан Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси Бош бошқармаси раҳбарияти ва Саудия Ҳукуматига “Ҳаж-2017” мавсумини намунали ташкил этгани учун ташаккур изҳор этилиб, тегишли масалалар юзасидан фикр алмашдилар. 

Шу куни Жидда шаҳрида “ал-Ҳидоя” ширкати раҳбарияти Солиҳ Баҳвини ва Усома Тошкандий билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида долзарб масалалар, ҳаж тадбирларини ўтказиш бўйича ҳамкорлик ишлари муҳокама этилди. Навбатдаги Умра ва Ҳаж мавсумларида зиёратчиларимизга янада қулай шароитлар яратиш мақсадида Макка шаҳрида ижарага олиниши режалаштирилаётган меҳмонхоналар, у ердаги ҳожилар учун белгиланган хизматлар ва Мино, Арафот ва Муздалифада бажариладиган ташкилий масалалар, бўйича фикр алмашилди. 

18 январь куни Ўзбекистон делегацияси Ҳаж ва Умра вазирлигининг Макка шаҳридаги қароргоҳида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва Умра ишлари вазири ўринбосари Абдулфаттаҳ Сулиман Машат томонидан қабул қилинди. Учрашувда вазирликнинг ҳаж ишларини ташкил этиш бўйича бошқа вазир ўринбосари ва мутасаддилар ҳам иштирок этдилар. 

Учрашувда Абдулфаттаҳ Сулиман Машат томонидан ўтган ҳаж мавсумида ўзбекистонлик ҳожиларнинг Саудия ҳудудидаги амалларини тартибли ва намунали тарзда бажаргани, жумладан, ишчи гуруҳи фаолиятига юқори баҳо берилгани, келгуси ҳаж мавсумида ҳам биргаликда шундай яхши натижаларга эришишга умид билдирилди. 

Ўзбекистон ҳаж делегацияси ўтган ҳаж мавсумини тартибли ва юқори даражада ўтказишда кўрсатилган ёрдам учун шахсан ҳаж вазири Солиҳ Бентин жаноблари ҳамда вазирлик тасарруфидаги барча идора ва вакилликларга миннатдорчилик билдирди. 

Учрашувда делегация раҳбари Ў.Ҳасанбоев Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси асосида муқаддас динимизга, ҳусусан, Ислом маърифатига берилаётган юксак эътибор ва ҳурмат, диний таълим тизимини янада такомиллаштириш, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этилиши ва зиёрат туризми бўйича атрофлича маълумот тақдим этди. 

Шу куни Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Саудия Ҳаж ишлари вазири томонидан ташкил этилган қабул маросимида Ҳаж ишлари вазири Солиҳ Бентин томонидан Ўзбекистон буюк алломалар юрти экани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистон Ҳаж делегациясига юксак эътибор кўрсатилди. 

Шунингдек, Туркия, Европа, Америка ва Австралия ҳожилари учун хизмат кўрсатувчи миллий муассаса ҳайъати раиси Тариқ бин Муҳаммад Анқави билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам охирги йилларда Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳи билан муассаса ўртасидаги узвий ҳамкорлик алоқалари такомиллашиб бораётгани, бунинг натижасида ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳаж амалларини бажаришларида қулайлик ва енгилликлар яратилаётганини таъкидлаб, ўтган ҳаж мавсумида бошқа давлатлар орасида ўзбекистонлик ҳожиларга юқори баҳо берилди. 

Ҳозирги кунда делегациянинг ташрифи давом этмоқда

ЎМИ Матбуот хизмати

Юртимиздаги барча масжидларда кеча, 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган ҳалокат қурбонларининг ҳақларига жума намозларидан сўнг дуолар қилишиб, Аллоҳ таолонинг раҳматини сўрашмоқда. 

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб ўзбекистонликлар Қуръон тиловат қилишиб, марҳумлар ҳаққига савобларини бағишлаш бўйича ҳамдардлик лойиҳасини оммалаштирмоқдалар. 

Қайд этиш жоиз, ҳалокат содир бўлган куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган эди. 

Тошкент ислом институти ўқитувчи ва талабалари ҳам 21 марта Қуръони каримни хатм қилишиб, бугунги жума намозида савобини ҳалокат қурбонларига бағишладилар. Бу ҳақда “Islaminstitut.uz” сайти хабар берди. 

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда юртимиз бўйлаб давом этаётган Қуръони карим мусобақаси ташкилотчилари ва иштирокчилари 18 январь куни Самарқанд вилоятининг Пастдарғом ва Пайариқ туманларида бўлиб ўтган кўрик-танловдаги тиловатларни марҳумлар ҳаққига бағишлаган эдилар. 

ЎМИ Матбуот хизмати

«Буюк аллома Ҳаким ат-Термизий бобомиз диний ва дунёвий илмларни чуқур эгаллаган. Маълумотларга қараганда, мутафаккир бобомиз 400 дан ортиқ асар ёзган. Уларнинг 50 дан зиёди бизгача етиб келган. «Наврўзнома» асари, айниқса, машҳур», деб ёзади ЎзА. 

Амударё бўйида жойлашган буюк мутафаккир зиёратгоҳи мустақиллик йиллари вилоятдаги энг обод, энг кўркам масканлардан бирига айланди. Бу муқаддас даргоҳга зиёратга келувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Мажмуа ижрочи директори Абдураим Чориевнинг айтишича, ўтган йили бу ерга 600 мингдан ортиқ маҳаллий ва мингга яқин хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йили Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида мажмуани янада ободонлаштириш, зиёратчиларга қулай шароитлар яратиш борасида топшириқлар берган эди. Хусусан, мақбара ички безакларини сурхондарёча услубда, шунингдек, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси ва пойтахтимиздаги Минор жоме масжидида қўлланилган безаклардан фойдаланган ҳолда таъмирлаш лозимлигини таъкидлаган эди. 

Ўтган давр мобайнида бу ерда кенг кўламли таъмирлаш ишлари бажарилди. Мақбаранинг ички қисми тўлиқ реконструкция қилиниб, нақшинкор жило берилди, муқаддас Қуръон оятлари битилди. 

Буюк аждодимиз мангу қўним топган муқаддас гўша нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам севимли масканига айланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top