muslim.uz

muslim.uz

Муҳтарам жамоат! Барчаларингизни ушбу орзиқиб, интизор кутилган муборак айёмга эсон-омон етишганимиз муносабати билан самимий муборакбод этамиз. Яхшиликлар, савоблар кўпайтирилиб бериладиган ушбу ойда барча ибодатларни, солиҳ амалларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига мувофиқ адо этишимизга муяссар айлашини сўраб, Аллоҳ таолога илтижолар қиламиз.

Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини Қуръони каримнинг Бақара сурасида қуйидаги оят билан фарз қилди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ  

(سورة البقرة/183)

яъни, “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Рўзадорларга бериладиган ажр-мукофотлар нақадар улуғ бўлиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

("إِنَّ  فِي  الْجَنَّةِ  بَابًا  يُقَالُ لَهُ  الرَّيَّانُ  يَدْخُلُ  مِنْهُ  الصَّائِمُونَ  يَوْمَ  الْقِيَامَةِ  لا يَدْخُلُ  مِنْهُ أَحَدٌ  غَيْرُهُمْ  يُقَالُ  أَيْنَ الصَّائِمُونَ فَيَقُومُونَ لا يَدْخُلُ  مِنْهُ أَحَدٌ  غَيْرُهُمْ مِنْهُ  فَإِذَا  دَخَلُوا  أُغْلِقَ  فَلَمْ  يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ." (رواه البخارى

яъни: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар турадилар. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Сўнг у эшикдан  бошқа ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).

Рўзадор кишининг сифатлари қандай бўлиши ҳақида ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

("الصِّيَامُ جُنَّةٌ  فَلا يَرْفُثْ وَلا يَجْهَلْ وَإِنِ امْرُؤٌ قاتَلَهُ أوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّي صَائِمٌ مَرَّتَيْنِ وَالَّذِي نَفْسِي  بِيَدِهِ لَخُلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أَطْيَبُ عِنْدَ اللهِ تَعَالَي مِنْ رِيحِ الْمِسْكِ يَتْرُكُ طَعَامَهُ وَ شَرَابَهُ وَشَهْوَتَهُ مِنْ أَجْلِي الصِّياِمُ لي  وَأَنَا أَجْزِي بِهِ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا" (رواه البخارى

яъни: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, Ўзим унинг мукофотини бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир», деган (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло розилиги учун рўза тутиш қалқондир: дунёда гуноҳлар хорлигидан, охиратда дўзах ўтидан ҳимоя қилади; рўза лаънати шайтон устидан ғалаба гаровидир, жисмимиз закотидир, жаннатга элтувчи кўприкдир. Энди ким Рамазон ойига етиб келса, ўзи бемор ёки сафарда бўлмаса, Рамазон рўзаси унинг зиммасида фарздир. Ўзи тутади, тутолмаса мискинга фидя беради. Зеро, "Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди". Аллоҳ таоло сизларни рўза баракотларидан бенасиб қолдирмаслиги учун сизни икки дунё саодатига эриштирувчи ҳидоят йўлига йўллагани, ибодатларга бошлагани учун У Зотни улуғлаш, берган неъматларига шукр айтиш лозим. Бу ҳақда Салмон Форсий розияллоҳу анҳу жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилган:

" يَا اَيُّهاَ النَّاسُ. قَدْ اَظَلَّكُمْ شَهْرٌ عَظِيمٌ شَهْرٌ مُبَارَكٌ شَهْرٌ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ اَلْفُ شَهْرٍ جَعَلَ اللهُ صِيَامَهُ فَرِيضَةً وَقِيَامَ لَيْلِهِ تَطَوُّعًا مَنْ تَقَرَّبَ فِيهِ بِخَصْلَةٍ مِنَ الْخَيْرِ كَانَ كَمَنْ اَدًّى فَرِيضَةً فِيمَا سِوَاهُ وَ هُوَ شَهْرُ الصَّبْرُ وَالصَّبْرُ ثَوَابُهُ الْجَنَّةُ وَمَنْ اَدَّى فَرِيضَةً فِيهِ كَانَ كَمَنْ اَدَّى سَبْعِينَ فَرِيضَةً فِيمَا سِوَاهُ وَهُوَ شَهْرُ الصَّبْرِ وَشَهْرُ الْمُوَاسَاةِ وَشَهْرٌ يَزْدَادُ فِيهِ رِزْقُ الْمُؤْمِنِ مَنْ فَطَّرَ فِيهِ صَائِمًا كَانَ لَهُ مَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ وَعِتْقُ رَقَبَةٍ مِنَ النَّارِ وَكَانَ لَهُ مِثْلُ اَجْرِهِ مِنْ غَيْرِ اَنْ يُنْتَقَصَ مِنْ اَجْرِهِ شَيْءٌ "

(رواه ابن خزيمة في صحيحه بطرق مختلفة)

яъни: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқин келди. Бу ойда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ой  рўзасини фарз, тунлардаги ибодатларни суннат қилди. Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда етмиш фарзни адо этган каби бўлади. Бу ойда сабр ойидир. Сабрнинг жавоби жаннатдир. Бу кўмак ва ёрдам ойидир. Бу ойда мўминниг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади, дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан эса ҳеч нарса камаймайди".

Муҳтарам жамоат! Бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса аввало, қилажак яхшилигимизни ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз таълимотига мувофиқдир. Зеро, ҳадиси муборакда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

.(مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَاناً وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ (متفق عليه

яъни: “Кимки рамазон рўзасини имон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.  

Зеро, мусулмонларимиз бу ойда эҳсон-саховатларини ҳар қачонгидан кўпайтиришлари, оилаларга, бемор-ногиронларга ёрдам қўлини чўзишлари, муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари фазилатли ва савобли ишлардан саналади. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом одамларнинг энг сахийси  бўлганлар, Рамазон ойида эса бошқа ойларга қараганда саҳийликлари янада зиёда бўлиши ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуданривоят қилинади:

"كَانَ النَبِيُّ صَلَّي الله عَلَيه وَسلم أَجْوَدَ النَّاسِ بالخَيرِ وَكَانَ أَجْوَدَ ما يَكُونُفي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ  وَكَانَ جِبْرِيلُ عَلَيهِ السَّلاَمُ  يَلْقَاهُ كُلَّ لَيْلَةٍفي رَمَضَانَ حَتَّي يَنْسَلِخَ يَعْرِضُ عَلَيْه النَبِيُّ صَلَّي الله عَلَيه وَسلم القُرْانَ فَإذا لَقِيَهُ جِبْرِيلُ عَلَيهِ السَّلاَمُ كَانَ أَجْوَدَ بالخَيْرِ مِنَ الرِّيحِ المُرْسَلَة"

(رواه البخارى)

яъни: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар ичида яхшилик қилишда энг сахийси эдилар. У зотнинг Рамазон ойида янада сахийликлари ортиб кетарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларига қадар Рамазон ойининг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эдилар. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ул зотдан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Жаброил алайҳиссалом келган пайтда сахийликлари майин эсган шамолдек бўлиб кетар эди» (Имом Бухорий ривояти).

Муҳтарам жамоат! Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, ибодатларимизни бекаму-кўст Аллоҳ буюрганидай адо этишга муваффақ бўлаётирмиз.

 Олдинги йиллардагидек, бу йилги Рамазон ойида ҳам деярли барча масжидларимизда Қуръон карим  хатмларини ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, таровеҳ намозлари, бошқа ибодатлар адо этилади, юртимиз равнақи, эл-юрт тинчлиги, ризқ-рўзимиз мўл бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо ва илтижолар қилинади.

Айниқса, бу сафарги Рамазон ойи яна шу билан шарафлики, ушбу йил, “Соғлом она ва бола йили” деб ном олган йилда юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳар бир оиладаги она ва болалар жисмонан соғлом, ақлан етук бўлишлари йўлида ва барча оилалар ўртасида ўзаро аҳиллик, муҳаббат, тарбия ва руҳий фароғат қарор топиши учун тинмай ҳаракат қилишга бел боғлаганлар. Оилаларимизнинг намунали бўлиши, оила аъзолари ўртасида меҳр-оқибат, тотувлик, ўзаро ҳурматнинг барқарорлиги, болаларга чиройли тарбия бериш, ёш оилаларга турмуш сабоқларини эринмай ўргатиш каби омилларнинг рўёбга чиқиши эса ҳаммамизга боғлиқ. Чунки динимиз ҳар бир киши ўз қўл остидаги кишилар учун масъулдир, деб таълим беради. Бу ҳақда жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.) ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда:

(" كُلُّكُمْ رَاعٍ وَ كُلُّكُمْ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ " (رواه البخارى

яъни: “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулсиз”, - деб алоҳида таъкидланади.

Ҳурматли жамоат! Кейинги йилларда Рамазон ойи арафасида ушбу муборак ойни муносиб ўтказиш тўғрисида алоҳида қарорлар эълон қилиниши эзгу ва гўзал анъанага айланди. Унда халқимиз томонидан асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, саховат ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида нишонланиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятига эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жамиятимизда қатор қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадирятларимизни асраб авайлаш ва улуғлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъна ва урф-одатларимизни эъзозлаш ва қадрлаш ҳамда ўз Ватанига садоқатли бўлиш руҳида тарбиялашга тарғиб ва ташвиқ этилмоқда.

Айни пайтда, жамоат ташкилотлари, хусусан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг вилоятлардаги вакилликлари, сиз муҳтарам жамоат билан биргаликда ушбу муборак ойда амалга ошириб келинадиган хайрия ишлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллалардаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларнинг таълим тарбияси бўйича олиб бориладиган ишларни янада кучайтиришга алоҳида  этибор қаратиб, муборак Рамазон ойини миллий-диний қадриятларимизга мос ва монанд равишда ўтказишимизга асло шубҳа йўқ.

Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойини барчаларимизга қутлуғ ва баракотли этсин, ушбу ойни Қуръон хатмлари, таровеҳ намозлари, амри маъруф ва наҳйи мункар ва солиҳ амаллар билан ўтказишимизни насиб айласин! Кириб келаётган Рамазон ойи барчаларингизга муборак бўлсин, омин!

Видеолавҳалар

Top