muslim.uz

muslim.uz

Қуръони каримнинг “Каҳф” сурасида Хизр алайҳиссалом билан Мусо (алайҳиссалом)нинг ўртасида бўлиб ўтган мулоқот зикр қилинган. Унда жумладан шундай дейилади:

 فَانْطَلَقَا حَتَّى إِذَا لَقِيَا غُلَامًا فَقَتَلَهُ قَالَ أَقَتَلْتَ نَفْسًا زَكِيَّةً بِغَيْرِ نَفْسٍ لَقَدْ جِئْتَ شَيْئًا نُكْرًا

яъни: “Сўнгра яна йўлга тушдилар. Бориб бир болани учратганларида (Хизр) уни қатл этди. (Буни кўрган Мусо) деди: Ҳеч кимни ўлдирмаган бир бегуноҳ жонни ўлдирдинг-а?! Ҳақиқатан, (сен) хунук иш қилдинг!”” (Каҳф, 74).

Ояти каримада баён қилинишича, Мусо (алайҳиссалом)нинг Хизр (алайҳиссалом)га эътироз тарзида берган саволи ўринли эди. Чунки, норасида гўдакни ўлдириш Мусо (алайҳиссалом)нинг шариатида ҳам ман этилган эди.

Тафсир китобларида келтирилишича, боланинг исми Жайсур бўлиб, у ота-онасининг ёлғизгина суюкли арзандаси эди. Ота-онаси уни еру кўкка ишонмас, унга нисбатан муҳаббатлари ҳаддан ташқари эди. Бироқ, унинг тақдирида “кофир бўлиши” ёзилган эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Хизр (алайҳиссалом)ни огоҳ этган эди. Чунки, Хизр (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло келажакда бўладиган ишларни ҳам илмини билдирган бўлиб, Мусо (алайҳиссалом) бундай илмга эга эмас эдилар. Мусо (алайҳиссалом) Хизр (алайҳиссалом)га ҳамроҳ бўлган вақтларида у кишининг бир қанча ғайриоддий ишлар содир этганларига гувоҳ бўлдилар, бироқ уларнинг ҳақиқатини англаб етишга илмлари етмасди. Шунинг учун ҳам Хизр (алайҳиссалом) Мусо (алайҳиссалом)га норасида болани ўлдиришининг сабабини айтиб беришига тўғри келди.

 قَالَ هَذَا فِرَاقُ بَيْنِي وَبَيْنِكَ سَأُنَبِّئُكَ بِتَأْوِيلِ مَا لَمْ تَسْتَطِعْ عَلَيْهِ صَبْرًا

яъни: “У (Хизр) айтди: Мана шу сен билан менинг ажрашимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман(Каҳф, 78).

وَأَمَّا الْغُلَامُ فَكَانَ أَبَوَاهُ مُؤْمِنَيْنِ فَخَشِينَا أَنْ يُرْهِقَهُمَا طُغْيَانًا وَكُفْرًا

яъни: “Ҳалиги боланинг эса, ота-онаси мўмин кишилар эди. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик(Каҳф, 80).

       Бир бегуноҳ жонни ўлдириш барча пайғамбарларнинг шариатида ҳам ҳаром қилинган. Аммо, бу ерда Хизр (алайҳиссалом) томонидан бу боланинг ўлдирилишига сабаб, унинг мўмин бўлган ота-онасининг имонини сақлаб қолиш эди. Чунки, бола катта бўлгач, ота-онасини ҳам имондан воз кечиб, унинг динига ўтишга мажбур қилар эди.

فَأَرَدْنَا أَنْ يُبْدِلَهُمَا رَبُّهُمَا خَيْرًا مِنْهُ زَكَاةً وَأَقْرَبَ رُحْمًا

яъни: “Шу сабабдан, уларга Парвардигорлари у (бола)дан кўра покизароқ ва ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал (эваз) қилиб беришини истадик” (Каҳф, 81).

       Оятнинг тафсирида баён этилишича, Хизр (алайҳиссалом) болани ўлдирган вақтда Аллоҳ таоло унинг онасига ҳомила ато этган эди. Вақти соати етиб қиз бола туғилди. Вояга етгач, ўша даврнинг пайғамбарига турмушга чиқди ва унинг зурриётидан етмишта пайғамбар чиқди (Руҳул баён тафсири).

       Ушбу воқеа устида чуқурроқ мулоҳаза юритадиган бўлсак, ундан фарзанд тарбиясида қўллашимиз мумкин бўлган бир қанча фойдаларни олишимиз мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда тарихда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида зикр этар экан, уларни мўминларга ибрат бўлиши учун нозил қилганлигини баён этади.

 لَقَدْ كَانَ فِي قَصَصِهِمْ عِبْرَةٌ لِأُولِي الْأَلْبَابِ مَا كَانَ حَدِيثًا يُفْتَرَى وَلَكِنْ تَصْدِيقَ الَّذِي بَيْنَ يَدَيْهِ وَتَفْصِيلَ كُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

яъни: “Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун (катта) ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган гап эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (манбаи бўлган бир Китоб)дир”. (Юсуф, 111).

       Ушбу воқеанинг фарзанд тарбиясидаги аҳамияти:

  1. Ота-она фарзандига бир кўзда меҳр ва бир кўзда қаҳр билан боқиб, тарбияни олиб бормоғи лозим. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Бирор нарсага ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиш кўзни кўр, қулоқни кар қилиб қўяди”. Хизр (алайҳиссалом) қатл этган боланинг ота-онасининг унга бўлган муҳаббати уларни кўр қилиб қўйган эди. Ота-онасига боланинг айби кўринмас эди. Ота-она унинг учун ҳамма нарсага рози эдилар. Агар у катта бўлиб, ота онасини имонларидан кечиб, кофир бўлишларини талаб қилса, ота-она унинг бу талабини ҳам қондиришга тайёр эди.
  2. Ота-она кези келганда фарзандини эркалаши, унинг кўнглига ҳам қараши керак. Бироқ доимо шундай бўлиш ярамайди. Кўнгли тусаганини муҳайё қилиб турган ота-онанинг фарзанди олдида қадри қолмайди. Бир кун келиб фарзандининг раъйини қайтарган ота ёки онасига фарзанд зуғум ўтказиши, ҳатто улардан юз ўгириб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ҳозирги кунда баъзи ота-оналар биз кўрмаган нарсани фарзандимиз кўрсин, деб болаларининг кўнгли нимани тусаса, шуни қилиб беряпти. Албатта, ота-онанинг топгани фарзанди учун, бу маълум. Лекин, миллийликка, мусулмончиликка тўғри келмайдиган нарсаларни талаб қилганда ота-она фарзандининг бундай талабларини ҳам қондириб беравермаслиги керак.
  3. Имон ва эътиқод масаласи энг муҳим масала ва у ҳамма нарсадан қадрлидир. Ояти каримада баён қилинишича, боланинг ота-онаси имонли кишилар эди. Шундай экан, уларни имонидан айирадиган фарзанднинг боридан йўғи... Ота-онасига турли туман жафолар етказадиган фарзандлар йўқ эмас. Аммо, бузуқ ақидаларга эргашиб, имонли ота-онасини ҳам ўз эътиқодига эргашишга даъват қилса, унинг эътиқодига юрмаганлари учун уларни имонсизликда айбласа, бундан оғир жафо, бундан оғир гуноҳ йўқ.
  4. Тарбияли фарзанд ота-онасини бошига кўтаради, уларга раҳмат олиб келади. Ноқобил тарбия топган фарзанд эса, охир оқибат ота-онасини эл-юрт орасида юзини қора, бошини хам қилади.

“Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!” (Фурқон, 74).

 

Ҳомиджон Ишматбеков,

 “Муҳаммад Носир ҳожи” жоме масжиди

имом-хатиби                                                  

 

 

 

 

 

 

 

Раҳмдиллик – инсон табиатидаги энг гўзал туйғу бўлиб, айнан мана шу туйғу орқали инсон ўзгаларнинг ғам-андуҳларини ҳис қилади, уни бартараф этишга ошиқади, хато ва камчиликларига ўкинади ва доимо тинчлик ва хотиржамлик бўлиши орзуси билан яшайди. Ер юзидаги барча мавжудот ва махлуқотларнинг ўзаро меҳрибон ва раҳмдилликлари Аллоҳ таолонинг уларга Ўз раҳматидан берган бир бўлагининг тажаллисидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

«Аллоҳ таоло Ўз раҳматини юз бўлак қилди ва ундан бир бўлагини ерга нозил қилди. Ана шу биргина бўлак туфайли махлуқотлар бир-бирига меҳр кўргазади, ҳатто ҳайвон ҳам боласини босиб олишдан қўрқиб, туёғини кўтаради» (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларининг аксари раҳмат, карам, фазл ва афв маъноларидан келиб чиққан бўлиб, бу Парвардигоримизнинг башариятни мағфират қилиши улардан интиқом олиши ва ғазабланишидан кўра кўпроқ содир бўлишини англатади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Албатта, раҳматим ғазабимдан ғолибдир», деган бўлса (Имом Муслим ривояти), Қуръони каримда эса бандаларига: «Роббим!(Гуноҳларимизни) мағфират қил ва раҳм айла! Сен раҳм қилувчиларнинг яхшисидирсан», деб айтинг», деб таълим берган (Муъминун сураси, 118-оят).

Ислом дини таълимоти инсонларни нафақат одамзодга нисбатан, балки атрофимиздаги барча мавжудотларга ҳам бирдек меҳрибон бўлишга тарғиб қилади. Ҳатто жамият учун хавф туғдирадиган унсурларни бартараф этиш ҳам, зарарли ҳайвон ёки ҳашаротларни ўлдиришга изн берилиши ҳам қайсидир маънода инсоният учун қилинган меҳрибончиликнинг бир кўринишидир. Жарроҳ ҳам жароҳатни даволаш учун беморнинг танасига тиғ уради, аъзоларини кесади ва албатта, буни фақат беморни даволаш мақсадида, унга нисбатан раҳм-шафқат юзасидан қилади.

Инсон шунчалик ожиз бандаки, гоҳида билиб ёки билмай гуноҳ ишга қўл уриб қўйганда тавба ва истиғфор билан бирга Аллоҳ таолонинг «Ғофурур Роҳийм» сифатидан умид қилади. Бу эса ҳар бир инсон Аллоҳнинг нақадар кечиримли ва марҳаматли Зот эканини эътироф этишини англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: «Аллоҳнинг хулқлари билан хулқланинглар», деб марҳамат қилганлар. Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлган одам ўзгаларга ҳам марҳаматли бўлиши лозимдир. Мана шуни таъкидлаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга раҳмли бўлмаган кимсаларга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса:«Кимки жаннатда ўзи учун бинолар қурилишини, даражалари кўтарилишини ҳоҳласа, зулм қилганни авф этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин», деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, ўзгаларга раҳмдил ва мурувватли бўлиш энг улуғ фазилатлардан бўлиб, ҳар бир инсон ўзида мазкур фазилатни зиёда бўлишига ҳаракат қилмоғи лозим. Зеро, раҳмдиллик туйғуси қонимизга шунчалик сингиб кетганки, ўзаро меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат ҳамда кечиримли бўлиш ҳисси ҳалқимизга хос фазилатга айланган.

Шунинг ифодаси ўлароқ, ҳар йили Конституция байрами ёки истиқлол байрами арафасида Юртбошимиз томонидан авф эълон қилинади. Бу йил ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан, инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда, турли жиноятлар билан жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни авф қилиш ҳақида қарор эълон қилиниб, уларга қилган хатоларини бундан кейинги ҳаётларида Ватанга, халққа хизмат қилиб оқлаш учун имконият берилди. Бундай оталарча ғамхўрликнинг асли ҳам юқорда айтилган раҳмдиллик, меҳр-мурувват фазилатларига бориб тақалади.

Меҳрибонлик, раҳмдиллик Аллоҳ таолонинг сифатидир, Роббимизнинг пайғамбарларига ато этилган фазилатдир, хусусан, охир замон пайғамбари ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлган энг улуғ хислатлардандир. Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни Қуръони каримда кўп марта таъкидлаган: «Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизни ардоқловчи, мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул келди», «Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Тавба сураси, 128-оят; Анбиё сураси, 107-оят).

Аллоҳ таоло бу неъматни Ўзининг суйган бандаларигагина беради. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ раҳмли бандаларигагина раҳм қилади», деганлар».

Шундай экан, ҳар биримиз ўз аҳлимизга, атрофимиздагиларга, бутун инсониятга раҳмдил, меҳрибон бўлишимиз лозим. Бу дунёнинг ўткинчи матоҳлари учун ҳеч нарсадан тап тортмай, қон тўкаётган, юртларни вайрон қилиб, харобага айлантираётганлар кўпайиб қолган ҳозирги кунда динимизнинг раҳмдиллик, меҳр-мурувват ҳақидаги илоҳий кўрсатмалари айниқса долзарб аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, яхши ниятлар билан ўстираётган фарзандларимизни, ёш авлодни халқимизнинг минг йиллик қадриятлари, инсонийлик, саховат, кенгбағирлик каби фазилатлар руҳида тарбиялашимиз лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг меҳрибонлик, раҳмдиллик сифатлари билан сифатлаб, икки дунё саодатига эриштирсин.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом хатиби

 

dimanche, 04 septembre 2016 00:00

Ҳасад учқунлари

Бир маҳаллада икки қўшни иноқ яшашарди. Вақтлар ўтиб, улар орасидан ола мушук ўтди: “Уйни ким баландроқ қуради”, деган рақобат бошланди. Агар биринчи қўшни уйининг томи иккинчи қўшниникидан озроқ баланд бўлса, иккинчиси ёз келиши билан томни очиб, қўшнисиникидан ҳеч бўлмаса бир қарич баланд қилиб қайта қурарди. Шу зайлда йиллар ўтди. Кунларнинг бирида содир бўлган зилзила оқибатида ҳар икки уй қулаб, ҳовлилар қўшилиб қолди. Оқибатда, қўшниларга эс кириб – уйларини тиклар экан, бир-бирига ёрдам беришиб, аввалгидай яна иноқ яшай бошлашди. Чунки ҳасад учқунлари ўша зилзила туфайли ер қаърига сингиб, йўқолган эди.

Ҳа, инсон ўз хатоларини тузатиш, ҳусусан, юқорида зикр этилган қўшнилар каби кибр балосидан қутулиш учун бу дунёда Аллоҳдан ишоратлар бор...

Байт:

Кўп кибрланма, бўлгин сен хокисор,

Камтарлик-ла камол топгайдир инсон.

 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

dimanche, 04 septembre 2016 00:00

Янги ўқув йили бошланди

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларида янги 2016 – 2017 ўқув йили бошланди.

Янги ўқув йилининг биринчи дарси Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган “Хотира дарси” билан бошланди. Хотира дарсида Ислом Абдуғаниевич Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, дунёда “Ўзбек модели” деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган, буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида ўчмас ва ёрқин из қолдирди.

Халқимиз ўзининг қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда айнан Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг беқиёс хизматлари деб билишади.  

Мухтасар қилиб айтганда, Ислом Каримов Ўзбекистон давлати ва давлатчилигини барпо қилиш, демократик фуқаролик жамияти қуриш асосларини яратди, мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини ишлаб чиқди, юртимизнинг ёруғ истиқболи йўлида кўпмиллатли халқимизни бирлаштириб, уни улуғ мақсадлар сари бошлаб борганлиги ҳақида тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари ташриф буюрган меҳмонлар бугунги кунда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамликни қадрига етиб, янги ўқув йилида янги марраларга эришиш, илм олишда шижоат билан ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида сўзлаб, панд-насиҳатлар қилдилар.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишлаб Қуръони карим тиловатидан сўнг, дуои фотиҳа қилинди.

 Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

Ватанимиз, бутун ўзбек халқи ўта оғир жудоликка учради. Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов шу йил 2 сентябрь куни оғир касалликдан сўнг вафот этди. 

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. Ўрта Осиё политехника институти ва Тошкент халқ хўжалиги институтини муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликлари бўйича тугатди. 

Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлади. 1961 йилдан 1966 йилгача Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади.

1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. 

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1983 йилда Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, Республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди. 

У 1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби лавозимида ишлаб, ўзининг катта раҳбарлик ва ташкилотчилик қобилияти, фидойилиги ва қатъияти, эл-юрт дардини, одамларнинг ташвиш ва муаммолари, уларнинг талаб ва манфаатларини юракдан ҳис қилиши билан ғоят оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволга тушиб қолган вилоятдаги вазиятни қисқа вақт ичида тубдан ўзгартиришга эришди. 

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1989 йилнинг июнидан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб сайланди. 

Ўша пайтда республикамиз фуқаролар уруши, қон тўкиш, миллатлар ва конфессиялараро можаролар ёқасида турган эди. Воқеаларнинг худди шундай ривожи қўшни мамлакатларда амалга оширилган эди. Ана шундай ўта оғир даврда у ўзининг воқеаларни олдиндан кўра билиш қобилияти, кучли иродаси ва қатъияти билан халқимиз ва мамлакатимизни шундай ачинарли қисматдан сақлаб қолди. 

Айнан ўша даврда халқимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов тимсолида мард, букилмас ирода эгаси ва содир бўлаётган фавқулодда мураккаб ҳодисаларнинг моҳиятини давлат манфаатлари нуқтаи назаридан кўра оладиган, ўз Ватани ва халқи, ҳар бир юртдошининг тақдири учун алоҳида масъулиятни ҳис эта оладиган ҳақиқий раҳбарга эга бўлди. 

1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб сайланди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов 25 йил давомида мустақил Ўзбекистонни бошқариб, очиқ фуқаролик жамияти ва бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг чуқур ўйланган стратегиясини ишлаб чиққан ва уни амалга оширган буюк давлат арбоби сифатида мамлакатимизда ва халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонди. 

Ўзбекистоннинг суверенитети ва мустақиллигини сақлаш ва мустаҳкамлаш Президент Ислом Каримов учун ҳамиша энг олий устувор вазифа бўлиб келди ва у олиб борган сиёсатнинг асосий ўзак тамойили бўлиб қолди. 

Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган барча оламшумул ютуқлар ва натижаларни мамлакатимизнинг Биринчи Президенти номи ва фаолияти билан узвий боғлиқ деб билади. 

У ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи бўлиб, уни ҳаётга амалий жиҳатдан татбиқ этишнинг ҳақиқий кафолатига айланди. 

1991 йилда Ўзбекистон пахта яккаҳокимлигининг ҳалокатли таъсири оқибатида иқтисодиёти бирёқлама, мўрт ва ночор ривожланган, аҳолининг ҳаёт даражаси ғоят ачинарли аҳволга тушиб қолган қолоқ аграр мамлакат эди. Республика ҳаётий муҳим товарларнинг кўпгина турларини, биринчи навбатда ғалла ва энергия ресурслари бўйича маҳсулотларни ўзида ишлаб чиқармас ва бу борадаги ўз эҳтиёжларини таъминлай олмас эди. 

Ислом Абдуғаниевич Каримов иқтисодий мустақилликка эришмасдан туриб, сиёсий мустақилликни таъминлаш мумкин эмас, деган фикрнинг қатъий тарафдори эди. Айнан шунинг учун ҳам Юртбошимиз томонидан машҳур беш тамойил асосида бутун дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб эътироф этилган Ўзбекистон иқтисодиётини тубдан ислоҳ этиш ва таркибий ўзгаришларни амалга ошириш дастури ишлаб чиқилди. Бу моделнинг туб негизини “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган стратегик йўналишни амалга ошириш ташкил этади. 

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистонда кенг кўламли таркибий ислоҳотлар амалга оширилди, нефть кимёси, кимё, автомобиль саноати, қишлоқ хўжалиги ва темир йўл машинасозлиги, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик саноати, замонавий қурилиш материаллари саноати каби юқори технологияларга асосланган мутлақо янги саноат тармоқларига асос солинди. 

Устюрт ва Шўртан газ-кимё мажмуалари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар корхонаси, Андижон, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги автомобиль заводлари сингари дунё миқёсидаги ноёб саноат объектлари барпо этилди. 

Республикамизда замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари, жумладан, Қамчиқ тоғ довони орқали ўтадиган ноёб туннелни ўз ичига олган Ангрен – Поп темир йўл тармоғи, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўли бунёд этилди. Тошкентдан Самарқанд, Бухоро ва Қарши шаҳарлари йўналишлари бўйича юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар қатнови йўлга қўйилди, халқаро аэропортлар модернизация қилинди, “Навоий” аэропорти негизида халқаро логистика маркази ташкил этилди ва Ўзбек миллий автомагистрали қурилиши якунига етказилди. 

Ўзбекистоннинг дунёда энг жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган иқтисодиётга эга бўлган бешта давлат қаторидан жой олгани Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан олиб борилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди. 

Ислом Абдуғаниевич Каримов қишлоқ хўжалигидаги чуқур ўзгаришларни амалга ошириш, ернинг ҳақиқий эгаси бўлган янги мулкдорлар синфи – фермерлик ҳаракатини шакллантиришнинг ташкилотчиси эди. Унинг ташаббуси билан жаҳон амалиётида ўхшаши бўлмаган, қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган, қишлоқ аҳлининг ҳаёт даражаси ва сифатини шаҳардагидан кам бўлмаслигини таъминлайдиган намунавий уй-жойлар қуриш дастури амалга оширилмоқда. 

Ислом Абдуғаниевич Каримов Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони сифатида Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини, унинг ҳудудий яхлитлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган замонавий Қуролли Кучларни тубдан ислоҳ этиш, уларнинг жанговар салоҳияти ва қудратини оширишни таъминлади. 

У туб негизида бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва вужудга келаётган қарама-қаршилик ва можароларни фақатгина тинч, сиёсий йўл билан ҳал этишга асосланган тинчликпарвар сиёсат мужассам бўлган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсат концепциясини ишлаб чиқди ва амалга оширди. Давлатимиз раҳбари минтақамизда ва бутун дунёда тинчлик ва барқарорликни сақлашга улкан ҳисса қўшди.

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуси асосида, эски қолип ва мезонлардан бутунлай воз кечган ҳолда, кенг миқёсдаги Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, таълим-тарбия тизимини энг замонавий халқаро стандартлар бўйича тубдан ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар дастури ишлаб чиқилди ва ҳаётга жорий этилди. 

Ислом Абдуғаниевич Каримов мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги кунининг ҳал қилувчи кучига айланиб бораётган ёшларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқарашини бутунлай ўзгартирган, навқирон авлодни тарбиялаб вояга етказишнинг янги принципиал тизимини ташкил қилиш ва уни ҳаётга жорий этиш ишларига бевосита раҳбарлик қилди. 

Мамлакатимиз раҳбари миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтарди, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини оширишга катта ҳисса қўшди. 

У фуқаролик жамияти институтлари, аввало, маҳалланинг давлат ва жамият бошқарувидаги нуфузини ошириш, уларнинг ваколат ва ҳуқуқларини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. 

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг пойтахтимиз Тошкент шаҳри, мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқлари қиёфасини замонавий меъморлик талаблари асосида тубдан ўзгартириш борасидаги кенг кўламли бунёдкорлик ишларини эл-юртимиз яхши билади ва юксак қадрлайди. 

Ислом Абдуғаниевич Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатгани учун Ўзбекистон Қаҳрамони унвони, «Мустақиллик» ва Амир Темур орденлари билан тақдирланган. 

Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси эди. Айни вақтда у иқтисодиёт, илм-фан, таълим-тарбияни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун кўплаб хорижий мамлакатлар университет ва академияларининг фахрий фан доктори ҳамда академиги этиб сайланган. Шунингдек, у бир қанча хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан ҳам мукофотланган эди. 

Ислом Абдуғаниевич Каримов ўз халқини чексиз меҳр-муҳаббат билан севар эди ва ўзининг сўнгги кунларига қадар бутун ҳаётини Ўзбекистонга хизмат қилишга бағишлади. 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, ўзбек халқининг буюк фарзанди Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сўнмас хотираси барча миннатдор юртдошларимизнинг, бутун халқимизнинг қалбида абадий сақланиб қолади. 

Ш.М.Мирзиёев, Н.Т.Йўлдошев, Н.М.Исмоилов, Р.Р.Иноятов, Р.С.Азимов, Д.А.Назармуҳамедов, Х.М.Султонов, Ш.И.Солиҳов, И.М.Мирзаалиев

Видеолавҳалар

Top