muslim.uz

muslim.uz

mardi, 26 juillet 2016 00:00

Шукроналаримиз чексиз

Истиқлол шарофати билан юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, диёримиз мусулмонларининг асрий орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади. Асосий қонунимизда эътиқод эркинлиги кафолатланди.  Айни пайтда “Виждон эркинлиги  тўғрисида” ги Қонунда  эътиқод қилувчиларнинг хақ-хуқуқлари белгилаб берилди.

Биз буларни нималарда кўрамиз?

Аввало, эътиқод қилувчиларнинг эхтиёжлари эътиборга олиниб, масжид ва мадрасалар сони кўпайтирилди. Шўро замонида нафақат вилоятда,  балки бутун бир ҳудуд – Қуйи Амударё минтақасида ёшларнинг диний таълим олиши учун бирорта ҳам махсус ўқув юрти – мадраса йўқ эди. Истиқлолнинг илк даврида Урганч шахрида иш бошлаган Имом Фахриддин Ар-Розий номидаги мадрасада ўтган даврда  320 дан ортиқ ёшлар таҳсил олдилар ва бугун улар масжидларда имом хатиблик ва бошқа вазифаларда ишлашмоқда, динимиз аҳкомларини  мўмин – мусулмонларга  тушунтириш ишларида хизмат қилишмоқда.

Истиқлол даврида бир қатор янгидан масжидлар бунёд этилди. Хазорасп туманидаги  Сулаймон Боқирғоний, Боғот туманидаги Саййид Одина эшон, Урганч туманидаги  Ғоиб ота каби ўнлаб масжидлар шулар жумласидан. Замонавий услуб ҳамда шарқона меъморчилик анъанаси асосида қурилган ўнлаб масжидларимизни кўриб, ҳатто хорижлик сайёҳлар ҳам ундаги шароитларга қойил қолишмоқда.

Бугун вилоятимизда  97 та расмий масжидлар фаолият юритмоқда. Бу рақамни собиқ шўро даври – истиқлолгача бўлган вақтга қиёсласак, нисбат бир неча карра ошганига гувоҳ бўламиз.

Ўтмишда “эскилик сарқити”  ва ҳатто “жаҳолат уяси” деб камситилган, хароба ҳолига келиб қолган ўнлаб қадамжолар – улуғ бобокалонларимиз ҳоклари ётган, қадамлари теккан масканлар – зиёратгоҳлар обод қилинди. Хива шаҳридаги Паҳлавон Махмуд, Шовот туманидаги Юсуф Ҳамадоний, Қўшкўпирдаги Замахшарий, Хазорасп туманидаги Боқирғоний зиёратгоҳлари ва бошқа ўнлаб зиёратгоҳ – қадамжоларни мисол қилиб келтириш мумкин. Муқаддам ҳатто бориш тақиқланган бу масканлар ҳар томонлама ободонлаштирилиб, юртдошларимизнинг севимли зиёратгоҳларига айлантирилганини ҳам фахр билан истиқлол неъмати деб биламиз.

Муқаддам вилоятимизда ҳатто бармоқ билан санарли кишилар ҳаж  ва умра зиёратларига боришарди. Ҳозирда ҳар йили хукуматимиз яратиб берган шарт-шароитлар туфайли юзлаб фуқароларимиз ҳаж ибодатни тўла-тўкис адо этишяпти. Ўтган даврда вилоятимиздан 5000 нафардан ортиқ  киши ҳаж зиёратини адо этиб қайтишди.

Қомусимизнинг 31-моддасида ҳамда 1998-йил 2-майда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги Қонунда мазкур йўналишдаги фаолиятнинг ҳуқуқий асослари мужассам этилган. Динлараро  бағрикенглик, миллатлараро тотувлик принциплари кундалик ҳаётимиз, турмушимизнинг муҳим қисмига айланган. Урганч шаҳрида  3та ноисломий ибодатхоналар, яъни христианлар черкови, проваслав ва католик  ибодатхоналари қурилиб, фаолият юритаётгани юқоридаги фикримизнинг яққол далилидир. Гарчи вилоятимизда бошқа динларга эътиқод қилувчилар сони нисбатан озчиликни ташкил қилса-да, уларнинг барчаси тенг асосда ўз динлари амалларини бажаришига, диний байрамларини  нишонлашига ҳар тамонлама имкон ва шароитлар яратилган. Буларнинг ҳаммаси турли миллат ва динлараро аҳилликни, бу эса ўз навбатида юртимизда тинчлик, тотувликни таъминловчи, унинг бардавомлиги ва мустаҳкамлигини белгиловчи муҳим омилдир.

Кенг омманинг диний билимларни ўзлаштиришлари, ислом динимизнинг инсонпарварлик, тинч-тотувликка асосланган аҳкомларини фуқароларимизга етказишда оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган. Имом хатибларимиз, уламолар электрон ва бошқа оммавий ахборот  воситаларида мунтазам чиқишлар қилишяпти. Шунингдек, кенг  омма орасида ўтказилаётган турли тадбирларда ҳам ўз ўрнимиз, айтар сўзимиз бор.

Сўнги йилларда вилоятдаги масжидларда имом хатиблик қилаётган ходимларимиз томонидан динимиз тўғрисида, унинг ахкомлари борасида бир қатор рисолалар ёзилгани ва чоп қилинишга хозирланганини ҳам мамнуният билан айтмоқчиман.  Бу ҳам истиқлолнинг бизга яратиб берган энг улуғ инъомларидан биридир.

Мухтасар қилиб айтганда, бугун истиқлол шарофатидан  муқаддас динимиз ривож топгани, биз аҳли мўминлар юрт фаровонлиги, фуқаролар тинчлиги учун биргаликда хизмат қилаётганимиз учун Яратганга шукроналаримиз чексиз.

 

Х. Кенжаев,

 Урганч шаҳар бош имоми

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин 25 йилдирки тинчлик, осойишталик ва мустақиллик неъматида яшаб келмоқдамиз.

Ана шу қисқа муддат ичида эришилган ютуқларимиз ва қўлга киритган зафарларимизни жаҳон тан олаётгани ҳеч кимга сир эмас.  Истиқлол неъмати туфайли бугун инсоний қадриятларимизни асосини ташкил этган Ислом дини таълимотидан  элимиз янада бахраманд бўлиб келмоқда. Ҳаммамиз учун табаррук уч сўз бор: Имон, Ватан ва Истиқлол. Бу сўзларнинг мазмун моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис этиб яшамоғимиз лозимдир. Истиқлолимиз туфайли юртимизда Ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар яратилди. Этиқод эркинлиги, барча миллий ва диний қадриятлар тикланди ва масжид, мадраса бинолари мусулмонларга қайтариб берилди. Мусулмонларнинг бемалол ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари  ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлар учун барча шароитлар яратилди.

Рўза ҳайити ва Қурбон ҳайитиниг биринчи куни дам олиш куни, деб белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди. Юртбошимиз ташаббуслари билан Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро марказнинг фаолият бошлаши маънавий ҳаётда катта воқеа бўлди. Ва булардан ташқари бир қанча жаҳон тамаддунига ривож қўшган атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг тўйлари кенг нишонланди, қадамжолар обод килинди. Қуръони карим ва унинг маънолари, ҳадис тўпламлари бир неча марта чоп қилинди. 2007 йил Ислом конференсияси ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ISESCO ташкилоти Тошкентни Ислом маданияти пойтахти, деб эълон килгани Ўзбекистоннинг Ислом оламидаги нуфузи ва обрўси ошиб бораётганининг яна бир бора ёрқин исботини топди. Ҳозирги пайтда Ҳаж ва Умра зиёрати бўйича;  5000 дан зиёд мусулмонлар Ҳаж зиёратига ва 6000 дан зиёд мусулмонлар Умра зиёратига бориб зиёрат қилиб элимизни юртимизни тинчлиги учун  дуои хайр қилиб эсон-омон бориб келмоқдалар. Буларнинг барчаси юртбошимизнинг ташаббуслари биландир .

Мустабид даврида ўтган авлодларимиз Ҳаж ва Умра зиёрати у ёқда турсин, ҳаттоки жаноза намозига қатнашишдан ва масжидларда намоз ўқишга қўрқар эдилар. Худога шукрлар бўлсин мустакиллигимиз шарофатидан бундай ёвузликлар бартараф қилинди.

Бу ютукларга  ўз-ўзидан эришилмайди, Муҳтарам юртбошимиз истиқлолнинг илк кунлариданок миллий ўзлигимизни англаш, тарихимизни тикланишига, бизнинг юртимизда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликни қарор топтириш алоҳида ўрин эгаллайди ва истиқлол ғоясининг асосий пойдевори ҳисобланади. Юртбошимизнинг “Асрлар давомида халқимиз умумбашарий, умуминсоний кадриятларга катта ҳисса қўшган турли миллат вакилларига ҳурмат ва уларга эҳтиром, ҳамжиҳатликда яшаш, диний бағрикенглик, дунёвий билимларга интилиш, ўзга халқларнинг илғор тажрибаларини ва маданиятини ўрганиш каби хусусиятлар халқимизда азал-азалдан мужассам”, деган сўзлари ҳақиқатан ҳам ўринлидир. Мустақиллик йилларида диний бағрикенгликни таъминлаш йўлида давлат ғамхўрлиги ниҳоятда   эътиборлидир. Ҳозирги пайтда юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари  ўзаро тинч тотув яшаб келмокдалар.

16 та диний конфессия, 2200 дан ортиқ диний ташкилот ҳамжиҳатликда иш олиб бораётгани сўзимизни далилидир.  2038 та масжид 2 та диний марказ, Тошкент Ислом университети, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти,  жами 174 та диний ташкилотларга ҳавас қилгудек даражада шарт шароитлар яратилган. Мусулмонлар учун қандай шароитлар яратилган бўлса, бошка дин вакилларга ҳам шундай шароитлар яратилган.  Бугунги кунда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ботил ғояларни йўлини қирқишда энг самарали восита эканлигини ҳаётни ўзи қайта-қайта исботлаб келмокда. Қайси бир замон, макон бўлишидан қатъий назар унинг миллати, халқи ривожланишга интилар экан, бу каби муаммолар ўз ечимини топиб бораверади. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак қайси бир халқ маърифатли ва қудратли бўлса, уни бундай балолар асло безовта қилмайди. Илмга бепарво жамиятнинг эса  муаммодан боши чиқмай қолади.

 

Сапаев Санжарбек,

Хива тумани бош имоми

 

mardi, 26 juillet 2016 00:00

Истиқлол шукронаси

Мамлакатимизнинг истиқлолга эришуви халкимизнинг азалий орзу истаклари бўлган. Бугун шундай улуғ кунга етишган эканмиз бунёдкорлик тараққиёт йўлидан адашмай дадил келажак сари интилмоқдамиз. Бинобарин ҳозирги кунда жамиятимизнинг иктисодий, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ва саноат ишлаб чиқариш каби турли соҳаларда ривожланишлар катта. Бу эса тараққиётнинг «Ўзбек модели» нақадар пухта ва инсон манфаати, фаровон ҳаёти учун йўналтирилганининг тўла исботидир.

Истиқлол туфайли юртимизда барча таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор берилди. Ёшларимиз учун илм масканлари очилиб, барча шароитлар яратилди.

Шунингдек диний маърифий  соҳада ҳам кенг имкониятлар яратилди. Бу йўналишда мустақиллик йилларининг ҳар бир кунига солномалар битса арзийди.

Мустақилликдан илгари вилоятимизда 4 тагина масжид бўлган бўлса, бугунги кунда 198 та масжид фаолият кўрсатиб, барчаси замон талабига мувофиқ мўъмин-мусулмонларга хизмат қилмоқда. Барча масжид имом-хатиблари диний ўқув юртларини битирган бундан ташқари халқимиз ва миллатимзнинг онгу шуури маънавий илмий мероси асосчилари бўлган юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир алломаларимиз ҳакиму авлиёларимизнинг юбилейлари муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан халқаро миқиёсида тантанали равишда нишонланмокда. Мен ғурур ва ифтихор билан эътироф этаманки қомусий олим ғарбда “Алфраганус” номи билан машҳур Аҳмад Фарғоний, Ислом оламида муҳаддислар султони деб шарафланган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Фиқҳ илмининг улуғ имоми Али ибн Абдужалил Бурҳониддин Марғиноний Калом илмининг асосчиси “Имамул-Ҳуда” номи билан улуғланган Абу Мансур Мотуридий, валийлик денгизининг марвариди бўлган Баҳоуддин Нақшбанд каби ўнлаб олим фузалоларимизнинг таваллуд саналари муносабати билан улар қолдирган бой маънавий-илмий асарлар қайта-қайта нашр этилмоқда. Уларнинг ҳоки пойлари мангу қўним топган қадамжолар қайта тикланди, таъмирланиб зиёратгоҳларга айлантирилмоқда. Вилоятимизнинг ўзида табаррук масканлардан Ҳазрат Али Шоҳимардон, Хўжамназар Ғоибназар ўғли Ҳувайдо, Зиёвуддин тўра Хазиний, Биби Убайда, Пошшопирим каби мутафаккир ва авлиёларимизнинг тарихан мавжуд меъморий мажмуа ва обидалари қайта тикланиб таъмирланди. Энг муҳими улар тўғрисида асоссиз равишда бузиб тарғиб этилган тарихий ҳақиқатлар илмий жиҳатдан холисона тадқиқ этилди.

Бундай залворли меҳнат ва ютуқлар халқимизнинг эртанги кунга ишонч, энг асосийси ёшларимизнинг баркамол авлод этиб тарбиялашимизда маънавий ва маданий озуқа бўлиб, ҳал этувчи омиллардан биридир. Зероки, бугунги таҳликали, ахборот алмашинуви изчил бўлган глобаллашув даврида маънавий-маърифий ишларни янада ривожлантириш, миллий ўзликни англашдек масъулиятли вазифа ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.     

Мен истиқлол шарофати билан эришган ютуқларимизни ўз соҳам мисолида баҳоли қудрат камтарона битдим холос. Қувонарлиси шуки халқимизда Ватан тақдири билан ўз тақдирида дахлдорлик ҳисси ва масъулияти шаклланди. Бу эса маънавий-маърифий ишларимизнинг улкан самарасидир.

Юртбошимизнинг фармонлари билан Тошкент  Ислом университети ташкил этилиши айниқса, катта тарихий воқеа бўлди. Диёримиз мусулмонларининг Ҳаж ва Умра ибодатларини эмин эркин адо этиб келмокдалар. Бу борада ҳажга борувчилар учун яратилган қулайликлар барчаси Мустақиллигимиз шарофати эканини билмоғимиз зарур.

Биз Мустакиллик неъматини авайлаб асрашимиз, кўз қорачиғидек эҳтиёт қилишимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло муборак каломида “Мен берган неъматга шукр қилсаларингиз неъматимни кўпайтириб бераман”, деган муборак каломига мувофиқ доимо ҳушёр доимо шукр қилиб, бу неъматни қадрига етайлик.

 

Т. Эрбўтаев,

Фарғона вилоят бош имом-хатиби

mardi, 26 juillet 2016 00:00

«Сарҳисоб» танлови

Истиқлол йиллари мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этишда фаоллик кўрсатган ижодкорларни тақдирлаш бўйича «Сарҳисоб» танлови

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети билан ҳамкорликда мустақиллик йиллари Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида «Сарҳисоб» танловини ўтказади. 

Тез орада танлов шартлари ҳақида батафсил маълумот берамиз

بسم الله الرحمن الرحيم

 Муҳтарам жамоат! Ёшлик ҳар бир инсонга бир марта бериладиган тенги йўқ неъматлардан бири бўлиб, унинг қадрига етмоқ керак. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг илмий ва маънавий салоҳиятини ошириб борган инсон ўз зиммасидаги энг олий вазифани уддалаган ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Ҳар бир фарзанднинг шахсияти оилада шаклланади. Демак, оила баркамол авлод пойдевори ҳисобланади. Шундай экан оилада фарзандларни аҳлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.

Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири ҳисоблашади. Ватандошимиз буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий: «Нажот фақат илмдадур», деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизлик – жаҳолатдан, жаҳолат эса – такаббурлик, мутелик ва бузғунчиликдан келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки динни илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради», – деб айтган ҳадислари ўз мазмунини йўқотган эмас.  

Маълумки, Қуръони каримда:

(لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ... (سورة البقرة/256

яъни: «Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…» (Бақара, 256), деб марҳамат қилинган. Дарҳақиқат, Конституциямизда ҳам бирон фуқарони бирон динга мажбурлаб киритиш тақиқланган, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги ва кафолатлангани хусусида шундай дейилган: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади.

          Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди». Диний бағрикенглик тамойили Конституциямизнинг барча моддаларида ўз аксини топган десак хато бўлмайди. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари қонунимиз доирасида аниқланиб, белгилаб қўйилган.

Бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш муқаддас динимизнинг таълимотларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

(خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ (سورة الأعراف/199

яъни: «Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!» (Аъроф, 199). Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил (а.с.)дан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: «Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!» – деган эканлар.

Аллоҳ таоло барчани дунёда бирдам ва тенг бўлишга, алоҳида фирқаларга бўлиниб кетмасликка чақиради. Аллоҳ Қуръони каримда фирқа ва оқимларга бўлинишни қаттиқ қоралаб бу йўлдан  уларни огоҳлантиради. Қуръони каримнинг:

(وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا ... (سورة آل عمران/ 103

яъни:  Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг” (Оли Имрон, 103), деган оятидаги “арқон”дан мақсад  жамоат дейилган. Бошқа  бир ўринда “арқон”дан мақсад Қуръон ва  суннат деб келтирилган. Бу оят ҳукми билан муфассирлар айнан бу оят барчани фирқаларга бўлинмасликка очиқ далолат қиладиган ҳукм бўлиб, унга эргашиш ҳамда амал қилиш барчага баробар вожиб эканлиги таъкидланган. Мазкур оят ҳукмига биноан, ислом тарихида фирқа ва оқимларнинг фаолияти ва улар томонидан амалга ошириладиган ишлар эътиқодий ёки фиқҳий бўлсин танқидий назар билан қаралган. Уларнинг фаолияти тўхталишига қаратилган қаттиқ чоралар кўрилган. Шунга қарамай, Қуръони каримдаги муташобиҳ оятларга эргашиш, ўз нафслари хоҳишига қараб оят маъносини таъвил қилишга, бу таъвил ортидан катта фитналар келиб чиқишини билган ҳолда унга зўр бериш ҳаракатлари олиб борилган ва бунинг натижасида кўплаб фирқа ва оқимлар ажралиб чиққан. Фирқаларнинг чиқиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврида башорат қилганлар ва бу башорат орадан кўп вақт ўтмай ўз ҳақиқатини зоҳир қилган.

Муҳтарам жамоат! Ёшларимизни турли хил ёт оқимлардан ҳимоя қилишда диний омиллар – Қуръон оятлари ва ҳадислардан кенг фойдаланиш ҳамда диннинг асл моҳиятини англатиш ҳам лозим. Диний экстремизм ва терроризм муқаддас Ислом динига алоқадор бўлмасдан,  муайян диний конфессия ва ташкилотлардаги ашаддий мутаассибона унсурларнинг фаолияти мафкурасининг натижаси эканлигини ҳар бир ёш авлодга тушунтириш бугунги куннинг долзарб мавзуларидандир. Ҳолбуки, динда мутаассибона эътиқодда бўлиш ва соф исломий эътиқоддан бехабарлик диний экстремизм ва терроризмнинг асл манбаи ҳисобланади.

Ислом таълимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Бундай кимсаларга нисбатан Аллоҳ таоло Қуръони каримда хитоб қилиб шундай дейди:

(... كُلُوا وَاشْرَبُوا مِنْ رِزْقِ اللَّهِ وَلَا تَعْثَوْا فِي الْأَرْضِ مُفْسِدِينَ  (سورة البقرة/60

яъни: “...Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”. (Бақара, 60).

Диний ақидапарастлик жаҳолатидан ўзини асраш эса ҳар бир эътиқодли инсоннинг мусулмон сифатидаги бурчидир. Чунки Исломнинг ўзида яхшини ёмондан, тафаккурни жаҳолатдан, илмни кўр-кўроналикдан ажратиш меъёрлари белгилаб берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди:

(قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ (سورة الزّﻣﺮ/9 

 яъни:     “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?”.

Қадрли намозхонлар! Ҳозирги кунда мафкуравий-ғоявий жиҳатдан диний асосга таянадиган турли инқилобий ҳаракатлар дунёнинг турли жойларида, айниқса, Яқин Шарқ мамлакатларида митинг, иш ташлаш, намойиш, йиғин, исёнлар ва аҳолининг турли табақалари жамият билан ҳокимият ўртасида ҳарбий қуролли тўқнашувлар тусида амалга оширилмоқда. Шахс ва жамият, диний маслак ўрни тўғрисида тўғри тасаввурга эга бўлмаган ёш йигит-қизлар кўпинча ана шундай инқилобий тўс-тўполонлар ғилдирагини айлантиришга кўмаклашмоқда.

Бузғунчи ғояларнинг тез тарқалишига сабаб бўлаётган ижтимоий тармоқлар ёшлар тарбиясига салбий таъсир этаётгани кўпчиликни жиддий ташвишга солмоқда. Айниқса, ёшларнинг кўпи “Odnoklassniki”, “Facebook”, “Vkontakte”, “Мой мир”, “Twitter” каби­лардан фойдаланишади. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар интернетга кирувчиларнинг ўзаро мулоқот қилиш ва маълумот алмашишлари учун жуда қулай воситадир.

Ўтган йиллар давомида ижтимоий тармоқлар ривож­ланиб, такомиллашиб борди. Илк босқичда улар ёрдамида фақат ёзишмалар амалга оширилган бўлса, сўнгги йилларга келиб, иштирокчилар мусиқа ва видео файлларни қўшиш ва кўчириш имконига ҳам эга бўлишди. Интернет саҳифаларидаги айрим ҳаё, одоб-ахлоқ, андиша каби миллий урф-одатларимизга хилоф мазмундаги нарсалар оила тинчлиги, мустаҳкамлиги ва фаровонлигига ҳамда фарзандларимиз тарбиясига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.  Биз учун оила муқаддас ҳисобланиб, ундаги тартиб-қоидалар долзарб аҳамиятга эга. Умуман, оилада ўрнатилган ўзига хос қоидалар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим бўлиб келган. Масалан, Марказий Осиё ҳудудига ислом дини ёйилгач, оилага доир қонун-қоидалар ушбу дин таълимотлари асосида шаклланди. Яъни, оилада эрнинг мавқеи баландлиги, шу билан бир қаторда, хотин ҳам тенг ҳақ-ҳуқуқларга эга экани, фарзандлар билан ота-оналари ўртасида одоб, ҳурмат чегараси борлиги, ўзаро яхши муомалада бўлиш кабилар.

Ижтимоий тармоқдаги турли кимсалар азалдан шаклланиб келаётган ана шундай қоидаларни фарзандлар онгида ўзгартиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу билан уларни ўз ота-оналарига қарши қилиб қўйишмоқда. Натижада ана шундай руҳда катта бўлган ўғил-қизлар вақти келиб, оила қурганларида ҳаёт синовларига чидолмасдан, енгил ҳаётни афзал кўриб, оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда.

Муҳтарам жамоат! Бизнинг Мовароуннаҳр мусулмонлари ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб Имоми Аъзам (ҳанафий) раҳматиллоҳу алайҳ мазҳаби кўрсатмаларига риоя қилиб келганлар. Ўтган уламоларимизнинг деярли ҳаммаси ҳам шу мазҳаб асосида асарлар битиб қолдирганлар. Халқимиз ҳам шу мазҳаб йўл-йўриқларига амал қилишга ўрганиб қолганлар. Уларга бошқа мазҳаб ҳукмларидан гапирилса ёки бошқа мазҳабдаги мусулмонларнинг бошқача намоз ўқиётганликларини кўрсалар, таажжубга тушишлари табиий.

Аммо ақидапараст оқим тарафдорлари диёримиз мусулмонларининг ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли манбалардан ўқиган ёки эшитган бошқа мазҳабларга оид ёки динимиз таълимотларига зид фикрларни оммага тарқатиб, мўмин-мусулмонлар орасида иккиланишларни келтириб чиқаришмоқда. Ҳатто, бу борада бошқалар билан баҳс-мунозараларга ҳам киришадилар. Аллоҳ таоло бундай дейди:

(وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا (سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/70

яъни: «(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсаларга эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)» (Исро, 36).

Мустақиллик йилларида динимизга берилган имкониятларни, афсуски, суиистеъмол қилган баъзи ёт тоифа ва фирқалар кишилар ўртасида турли ихтилофларнинг авж олишига сабаб бўлдилар. Буни биринчи бўлиб, ўзини «соф ислом таълимоти ҳимоячиси» сифатида таърифлаган оқимлар бошлаб берди.

Бу оқимлар ўзининг илк фаолиятини ҳанафий мазҳаби кўрсатмаларига қарши курашишдан бошлади. Улар ҳаёт моҳиятини ҳали англаб етмаган, ғўр ёшларни ўз таъсирига торта бошладилар. Чунки умри давомида маълум мазҳабда ибодат қилиб келган, кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган кексаларни йўлдан оздириш улар учун маҳол эди. Бу оқим динга эътиқод қилишда ҳеч қандай мазҳабга ёки имомга эргашишни шарт қилмайди.  Қуръон ва ҳадисдан ҳар ким ўзи мустақил фатво олиб эътиқод ва ибодат қилиши лозим, деган даъвони илгари сурди. Шунингдек, асосий ҳужумни масжид имомларини танқид ва айблаб, соддадил ва ғўр мусулмонларни ўз ортларидан осон эргаштирди.

Лекин улар ўзлари қилаётган даъволарига зид равишда, «раҳнамо»ларининг фикри ва фатвосига қараб иш тутардилар. Биринчи ихтилоф намоз ибодатини адо қилиш борасида юзага келди.

Оқим тарафдорлари ҳанафий мазҳабида қабул қилинмаган: намозда «Фотиҳа» сурасидан сўнг «омин»ни баланд овоз билан айтиш, «рафъул-ядайн», яъни рукудан олдин ва кейин икки қўлини кўтариш каби амалларни намозхонлар орасида ёйишга уриндилар.

Натижада маҳаллий мусулмонлар орасида тамойиллар жиҳатдан ихтилоф юзага келди. Бу нарса соғлом эътиқодли мўмин-мусулмонларнинг қалбини ларзага солди. Улар ўз мазҳабларини ҳимоя қилишга киришдилар.

Аммо баъзи «аҳли илм»ларнинг масжидда ҳар ким хоҳлаганича намоз ўқиши мумкин, кексаларнинг ёшлар билан иши бўлмасин, асосийси, қанақа йўл билан бўлса ҳам намоз ўқияпти-ку, дея ихтилофларга лоқайд муносабатда бўлишлари оқим тарафдорлари тегирмонига сув қуйди. Улар янги-янги зиддиятларни авж олдиравердилар, намозда оёқни кериб туриш, суннат намозини ўқимаслик, фарз намозидан кейин бошқалар суннатни ўқиётган пайтларида ўтириб олиб, тасбеҳ айтиш ва ҳоказо янгиликларни бирин-кетин киритавердилар.

Муҳтарам жамоат! Мусулмонлар «Аҳли Сунна вал-Жамоа» сифатида бирор-бир мазҳабга эргашишлари лозим. Аммо ихтилоф юқорида зикр қилинган «аҳли илм»лар ўйлаганидек, фақат намоз масаласида бўлиб қолмади, балки у мафкуравий зиддиятга айланиб кетди. Оқим тарафдорлари ҳанафий мазҳабига зид тарзда, ўзгаларни кофирга чиқариш, Аллоҳга ширк келтиришда асоссиз айблаш каби бузуқ ақидаларни тарқата бошладилар.

Хўш, оқим аъзоларининг бундан мақсадлари нима эди? Нима учун кофирликда айблаш улар учун керак бўлиб қолди? Шу ўринда дунёдаги қўпорувчи оқимлар учун хос бўлган ва бир-бирига боғлиқ икки иллат тўғрисида тўхталиш ўринли:

  1. Кофирликда айблаш.
  2. Кофирларга қарши кураш – уруш эълон қилиш.

Бундай иллатлар барча бузғунчи оқимларда учрайди. Зеро, бузғунчилар ўз тарафдорларини ғоявий жиҳатдан бошқалардан ажратиб олиш мақсадида ўзига эргашмаганларни кофир деб айблайдилар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида одамларни «кофир» деб ҳақоратлашдан қайтариб шундай деганлар:

.(عن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال النبي صلى الله عليه وسلم: "أيُّمَا رَجُلٍ قَالَ لِأَخِيهِ يَا كَافِرُ فَقَدْ بَاءَ بِهَا أحَدُهُمَا" (متفق عليه

яъни: “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир! деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар, (яъни, агар кофирликда айбловга ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади, башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади).

Шунингдек, бузғунчилари инсонлар орасида фитна қўзғаш, парокандаликни юзага келтириш ҳамда шу орқали ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш учун турли хил услуб ва воситалардан фойдаланмоқда. Шулардан бири, маълум бир давлатни «куфр диёри» деб атаб, у ердан «ҳижрат» қилиш лозим, шунингдек, бундай «куфр диёрлари»га қарши уруш олиб бориш керак, деган ғоядир. Марҳум Муҳаммад Рамазон Бутийнинг “Фиҳқ ас-сийра” китоби 96-бетида  ҳижрат қилиш ҳақида шундай дейилган: “Дорул-исломдан ҳижрат қилишнинг ҳукми вожиб, жоиз ва ҳаром ўртасидадир. Вожиб ҳижрат қайсики, мусулмон киши намоз, рўза, азон ва ҳаж каби ислом арконларини адо этиши мумкин бўлмаган тақдирида бўлади. Жоиз ҳижрат эса мусулмон киши бошига уни қийин аҳволга солиб қўядиган бало офат келганда бўлади. Шу ҳолларда унга бошқа жойларга ҳижрат қилиши жоиз бўлади. Аммо мумкин бўлмаган ҳижрат, бу мусулмон кишининг ўзига вожиб бўлган ислом арконларини бажаришда бепарво бўлишга олиб келса. Масалан, ота-онаси ва оиласини нафақа билан таминлаш каби вожиботлар”.

Бундан мақсад ўз юртида тинч ва осуда яшаб турган дили пок одамларнинг кўнглига ғулғула солиб, «сизлар нотўғри йўлдасизлар» деб, уларни ўз юртидан кетиб, жангариларга қўшилишлари учун ўйлаб топилган ёлғон йўл саналади. Чунки Ислом давлатига ўз армиясини аскарлар билан тўлдириш учун ёшлар керак, улар инсоний заҳираларини тўлдиришлари даркор. Бинобарин, мазкур бузғунчи ташкилот аъзолари ҳижратни ўз қора мақсадларига мос равишда талқин қилиб, масжидларда жамоат билан беш маҳал намоз адо этилиб турган, мусулмонлар ислом арконларига эмин-эркин амал қилиб келаётган мамлакатларни ҳам «дорул ҳарб» (уруш диёри) ёки «дорул куфр» (куфр диёри)га чиқармоқдалар.   

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлида бардавом айласин. Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидаги солиҳ бандалари қаторида бўлиб, турли фирқа, адашган оқим ва залолат йўлларидан барчамизни хифзу ҳимоясида сақласин. Яратганнинг Ўзи келажагимиз, орзу умидимиз бўлмиш ёшларимизни турли ёт ғоя ва фикрлардан узоқда қилиб, илму маърифат, одобу ахлоқ фазилатлари билан зийнатласин. Омин.

Видеолавҳалар

Top