muslim.uz

muslim.uz

Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори эълон қилинган эди. Ана шу фармон ва қарорга асосан мамлакатамизда фахрийларимизга кўплаб моддий ва маънавий эътибор ва эҳтиром кўрсатилди. Ҳукуматимиз томонидан берилаётган эътибор Маккаи мукаррама шаҳрида ҳам давом этмоқда. Кеча эрта тонгдан  Макка шаҳри "ал-Ҳидоя" меҳмонхонаси жуда чиройли тарзда безатилди.

Шу куни Иккинчи жаҳон уруши фахрийларимизга бағишлаб байрам тадбири ўтказилди. Бошлари узра атиргуллар сочилди, мушку анбарлар сепилди. Муборак зам-зам суви ва ширинлигу хурмолар билан сийланишди. Байрам тадбирига ташриф буюрган санъаткорлар томонидан шукроналик оҳанглари  ва салавотлар куйланди.

Тадбирда сўзга чиққан уруш фахрийлари Юртбошимиз бошчилигида ҳукуматимиз томонидан кексаларга  катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдамлар кўрсатилаётгани, нуронийларга ҳурмат-эътибор берилаётганини алоҳида эътироф этишди.

Шунингдек, тадбирга ташриф буюрган Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги раҳбарлари, "ал-Ҳидоя" халқаро ширкати раҳбари Солиҳ Салим Боҳвиний ва бошқа мутасаддилар сўзга чиқиб, халқимизни  истиқлолимизнинг 26 йиллиги билан самимий муборакбод этдилар  ва фахрийларимизни эл-юрт тинчлиги йўлида қилган буюк хизматларини юксак эътироф этишди.

Тадбир сўнгида фахрийларимизга эсдалик совғалари улашилди. Муҳтарам биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган аждодларимиз ҳақларига Қуръони карим тиловат қилиниб, уларнинг руҳи ёдга олинди. Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги сўраб дуои хайрлар қилинди.

Учрашув барчада катта таассурот қолдирди ҳамда самимий ва кўтаринки руҳда ўтди.

 

Маккаи мукаррамага соғ-саломат етиб келган Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари ишчи гуруҳ ва гуруҳбошилар ҳамроҳлигида махсус автобусларда Каъбаи муаззамага йўл олдилар.

Шунингдек, саломатликларини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида шифокорлар гуруҳи ҳам уларга ҳамроҳлик қилдилар. Масжидул Ҳарамга етиб келган зиёратчиларимизнинг барчалари Умра ибодатини мукаммал адо этдилар.

 Фахрийларимиз ўз ибодатларини амалга оширар эканлар халқимиз фаровонлиги, юртимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлиши, мана шундай шароитларни яратиб берган муҳтарам Юртбошимиз ҳақларига дуои илтижолар қилдилар.

Ахборот хизмати

Айюб алайҳиссалом 80 йил яшади. 14 ўғил-қиз кўрди, саломатликка ва одамларнинг муҳаббатига сазовор бўлди.

Сўнг Аллоҳ таоло бу неъматларни олишни ирода қилди. Натижада Айюб алайҳиссаломнинг фарзандлари вафот этди, ўзи эса қаттиқ касалликка чалинди. Ҳатто ҳаракат қила олмайдиган даражагача етиб борди. Тана аъзолари бирин-кетин тўкила бошлади. Одамлар ундан қочадиган бўлди. Аёлидан бошқа ҳеч ким атрофида қолмади. Айюб алайҳиссаломнинг бу хасталиги 18 йил давом этди. Қандай оғир кунлар! Бунга ким сабр қила олади?! Ҳатто аёли барча мол-мулкини сарфлади, пайғамбарнинг уйида ейиш учун ҳеч нарса қолмади! Шунда аёли кўчага чиқиб, одамларнинг хизматини қила бошлади. Мусибатларнинг кетма-кетлигини кўринг! Аёл тўшакка михланиб қолган эрига луқма олиб келиш учун ишлаяпти! Аёли: «Аллоҳга шифо беришини сўраб дуо қилмайсизми?», деганида, Айюб алайҳиссалом: «Аллоҳ менга 80 йил неъмат берди. Мен саккиз йил сабр қила олмасдан Унга қандай қилиб дуо қиламан», деди. Айюб алайҳиссалом аёли сочини кесиб сотишга мажбур бўлгунича сабр қилдилар. Аёлининг сочини сотганини билгач, Аллоҳга дуо қилдилар. Лекин «Ўн саккиз йил сабр қилдим» ёки «Нега менга бунча балоларни юбординг?» деб миннат қилмади. Балки «... «(Эй, Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан», деди (Анбиё, 83). Дуосининг ижобати эса қуйидаги оят бўлди: «Бас, Биз уни (яъни дуосини) ижобат қилиб, ундаги заҳматни кетказдик ҳамда ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилувчиларга эслатма бўлсин, деб (Айюбга) оиласини ва улар билан қўшиб, яна уларнинг баробарида аҳлу авлод ато этдик» (Анбиё, 84).

Ривоятларда келишича, Аллоҳ Айюб алайҳиссаломга 28 та фарзанд ато этди ва сиҳатини қайтариб берди. Субҳаналлоҳ! Сабрнинг ажойиблигини қаранг! Шунинг учун ҳам орадан минглаб йиллар ўтган бўлса-да, Айюб алайҳиссалом сабр қилиш борасида ибрат бўлиб келмоқда. «Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилувчи деб топдик. У нақадар яхши бандадир! Ҳақиқатан, у (Аллоҳ йўлига) бутунлай қай­тувчидир» (Сод, 44). Сабрни Айюб алайҳиссаломдан ўрга­нинг.

Юсуф алайҳиссаломнинг сабрига ўзингизнинг сабрингизни тенглаштириб кўринг! Юсуф алайҳиссаломга ёғилиб келган балоларни эсланг! У зот ўз оиласини йўқотди, ватанидан жудо бўлди, 20 йил ғурбатда юрди, акаларидан зулм кўрди, қудуқда азобланди, қул бўлиб сотилди, ҳолбуки, ота-боболари ҳур ва мартабали пайғамбарлардан эди, аёлларнинг фитналарига учради, 9 йил зиндонда азият чекди, мол-мулк ва ижтимоий мавқе билан имтиҳон қилинди. Бу мусибатлар ҳар қандай инсонни ҳам қулатади, айниқса, қудуқдаги азоблар. Қуръонда Юсуф алайҳиссаломнинг қудуқда кечирган ҳолати «Улардан бир сўзловчи деди: «Юсуфни ўлдирмангиз, балки агар (бирор нарса) қилмоқчи бўлсангиз, уни қудуқ қаърига ташлангиз, (шунда) уни баъзи йўловчилар олиб кетар!» (Юсуф, 10), дея тасвирланган. Сўнг аёл фитнасига учради. Аёлнинг ўзи рағбат билдирса, фитнанинг қанчалар оғир бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Шуларга қарамай, Юсуф алайҳиссалом бу мусибатларнинг барчасига сабр қилдилар. Аллоҳ у зотга нажот берди! Сиз қанча мусибатга йўлиқдингиз? Сиз ҳам Юсуф алайҳиссаломга ўхшаб сабр қилдингизми?

Шу ўринда бир масалага ойдинлик киритиб ўтиш лозим. Юқоридаги пайғамбарларнинг қиссаларини ўқиб «Ахир, улар пайғамбар-да, мен эса оддий одамман», деган хаёлга боришингиз табиий. Йўқ, оддий инсон ҳам пайғамбардек сабр қилишга қодир. Масалан, саҳобийлардан бири Имрон ибн Ҳасин розияллоҳу анҳу қаттиқ касал бўлиб, тўшакка михланиб қолдилар. Бир неча йил шу ҳолда ётдилар. Зиёратига келганлар унинг аҳволини кўриб, йиғлаб юборардилар. Саҳобий уларга қараб қуйидаги ажойиб сўзни такрорлар эди: «Аллоҳ нимани яхши кўрса, мен ҳам шуни яхши кўраман».

Бирларини «Улар пай­ғамбар-ку» деб, бошқасини «Ахир, у киши саҳобий» деб ўзингизни оқлашга уринманг! Энди мана бу ҳикояга эътибор қилайлик.

Бир аёлнинг қўли кесилди. Аёл қўли кесилганда кула бошлади. Одамлар: «Оғриқни сезмаяпсанми?» деб сўрашди. У эса: «Савобнинг ҳаловати оғриқнинг азобини сездирмаяпти!» деб жавоб берди. Бу қан­дай ҳам чиройли сабр!

Мана яна бир мисол. Саҳобий аёллардан бири Умму Салим розияллоҳу анҳонинг бир фарзанди бор эди. Эр-хотин фарзандини жуда яхши кўрардилар. Бир куни тунда фарзанди касалликдан вафот этади. Аёл шу кеча узоқ сафардан қайтган эрининг бу мудҳиш хабардан изтиробга тушишини хоҳламайди. Фарзанд доғида қовурилаётган аёл эрининг ишдан келиб: «Боланинг аҳволи яхшими?» деган саволига: «Тинчиб қолди», деб жавоб беради. Эри «Аёлим бола дам олаяпти, демоқчи, шекилли», деб ўйлайди ва: «Аллоҳга шукр», деб қўяди. Аёл зийнатланиб, гўзал ҳолатда кечани эри билан бирга ўтказади. Тонг отгач, аёл эрига: «Агар бизда қўшнимизнинг омонати бўлса ва уни сўраб келса, қайтариб берармидингиз?» деб сўрайди. Эри: «Албатта, қайтариб бераман», дейди. Аёл шунда Аллоҳ ўз омонатини олганини айтади...

Бу қандай гўзал сабр! Сиз шундай сабр қила оласизми?

Азиз синг­лим, сиз-чи? Ҳаракат қилинг! Аллоҳ сиз билан бирга.

Таваккалжон МУКАРРАМОВ,

Марҳамат туманидаги “Шомат” масжиди имом-хатиби

 

Маълумки, Зулҳижжа ойи уруш ҳаром қилинган тўртта ҳурматли ойларнинг бири саналади. Аллоҳ таоло еру осмонни яратган вақтдан бошлаб бу ойни ҳурматли қилди. Бу ойда урушиш, гуноҳу маъсият амалларни қилиш оғир гуноҳ саналади. 

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз ﷺ нинг қатор ҳадисларида баён этилган. Жумладан, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

 

(وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَّعْلُومَاتٍ  (سورة الحج/28

 

яъни: “Маълум кунларда Аллоҳ номини зикр қилиш учун” (Ҳаж сураси, 28-оят). Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه оятдаги “маълум кунлар”ни “Зулҳижжанинг аввалги ўн куни”, деб тафсир қилганлар. Бу кунларда қурбонлик қилишни ният қилган мўмин-мусулмонлар жонлиқларни ҳозирлайдилар, ўнинчи куни Қурбон ҳайити намозидан кейин қурбонлик қиладилар. Шунингдек, Арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб такбири ташриқни айта бошлайдилар. Шунингдек, Қуръони каримда келган:

(وَلَيَالٍ عَشْرٍ (سورة الفجر/2

яъни: “Қасамёд этаман “Ўн кеча” билан” (Фажр сураси, 2-оят)ининг жумласини ҳам Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва Мужоҳид رضي الله عنه лар “Зулҳижжанинг аввалги ўн куни”, деб тафсир қилганликлари ворид бўлган.

Пайғамбаримиз ﷺ Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

عن عبد الله بن عمر أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "ما مِن أيَّامٍ أعظَمُ عندَ اللَّهِ وَ لاَ أَحَبُّ إليهِ فيهنَّ العَمَلُ من هَذِهِ الأَيَّامِ: عشرِ ذي الحِجَّةِ فأَكثِروا فيهنَّ منَ التَّهليلِ و التَّسبيحِ والتَّكبيرِ والتَّحميدِ 

(رواه أبو بكر بن أبي شَيْبَة ، و عبد بن حميد وأبو يعلى، والبيهقي في الشعب بسند صحيح)

яъни: Абдуллоҳ ибн Умар رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Пайғамбар ﷺ дедилар: “Ҳеч бир кун ва унда қилинган бирорта амал Аллоҳнинг наздида Зулҳижжа ойининг ўн кунида қилингандан буюкроқ ва Унга маҳбуброқ эмас. Бас, бу кунларда таҳлил, тасбиҳ, такбир ва таҳмидни кўп айтинг” (Имом Абу Бакр ибн Шайба, Имом Абд ибн Ҳумайд, Имом Абу Яъло, Имом Байҳақийларнинг ривояти).

Дарҳақиқат, бу кунларда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш имконияти мавжуд. Шунинг учун бундай фазилатли кунларни ғанимат билиб, қўлдан келганча тоату ибодат, зикру тасбиҳ ва хайру саховат қилиш мақсадга мувофиқдир.

Шундай улуғ кунларда, айниқса, ота-она, қавм-қариндошлар, қарздорлар, моддий жиҳатдан қийналган, эҳтиёжманд кишиларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳожатларини чиқариш энг савобли амаллардан саналади. Меҳрибонлик уйларидаги норасида гўдаклар, ногиронлар шифохонасидаги ёрдамга муҳтож кишилар, ҳатто, руҳий хаста одамларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш ҳам айни савобдир. Бундай ишларни қилган киши савоб топишдан ташқари, ўзининг ҳолатига шукрона қилишга ҳам ўрганади. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ дан шундай ҳадиси шариф ворид бўлган:

 

(عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "انْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ أَسْفَلَ مِنْكُمْ وَلَا تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوْقَكُمْ  فَهُوَ أَجْدَرُ أَنْ لَا تَزْدَرُوا نِعْمَةَ اَللَّهِ عَلَيْكُمْ" (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

яъни: “Дунёвий неъматлар борасида ўзингиздан қуйироқ даражадаги кишиларга қарангиз, ўзингиздан устунроқ кимсаларга боқмангиз, зеро бу Аллоҳнинг сизга берган неъматларига беписанд бўлмаслигингизга (шукр қилишингизга) сабаб бўлади” (Муттафақун алайҳ). Ҳадиснинг маъноси шуки, агар инсон бемор бўлса, ҳаётда ундан ҳам оғирроқ хаста кимсалар бор эканлигини мулоҳаза қилиши лозим. Агар фақир бўлса, ундан ҳам камбағалроқ кишилар ҳам бор эканлиги ҳақида фикр юритиши керак. Агар бошига бирор ташвиш тушган бўлса, одамлар орасида ундан ҳам нотинчроқ кимсалар борлиги ҳақида ўйлаши керак. Шунда у ўзининг ҳолатига шукр қилади ва унинг қадрига етишга ҳаракат қилади.

Азизлар! Бу улуғ кунларда қилинган ибодатларнинг савоби ҳам кўп бўлади. Хусусан, нафл рўза тутиш ҳақида Пайғамбаримиз ﷺ дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

(قال النبي صلى الله عليه و سلم: "صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ وَالسَّنَةَ الَّتِي بَعْدَهُ" (رواه الامام مسلم

яъни: Пайғамбаримиз ﷺ: “Арафа кунининг рўзаси ўтган йилги ва келаси йилги гуноҳларга каффорат бўлади, деб Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).  

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни унда энг улуғ ибодатлар жам бўлгани учун ҳам қадрлидир. Яъни, Арафа куни Ҳаж ибодати адо этилади, Қурбон ҳайити куни Ҳайит намози ўқилади ва Қурбонлик амаллари бажарилади, улардан хайру саховатлар амалга оширилади.

Бу кунда ҳамма, бою камбағал баробар хурсанд бўладиган кундир, бу кунда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари устига ёғилади. Зеро, мусулмонларнинг энг мўтабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. Қурбон ҳайити Ҳаж ибодатлари тамом бўлгани муносабати ила ва Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида қурбонлик қилишга тайёрликни изҳор қилишлик учун шариатга киритилган байрам ҳисобланади.

Қурбонлик қилиш тўғрисида Қуръони каримда қуйидагича келган:

 

(فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ  (سورة الكوثر/2

 

яъни: “Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг! (Кавсар сураси, 2-оят). Ушбу ояти каримани олимларимиз қурбонликнинг вожиб эканлигига далолат қилади, деб тафсир қилишган.

Динимиз буюрган молиявий ибодатлардан бири зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидан бирида қурбонлик қилишдир. Қурбонлик кимларга вожиб бўлиши тўғрисида Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” китобида қуйидагича баён қилинган: “Қурбонлик озод, мусулмон, муқим, қурбонлик кунларида қодир бўлиб қолса ўзи ва вояга етмаган боласи номидан сўйиши вожибдир”. Мазкур шартлар топилган кишининг мулки закот нисобига етган бўлса ёки айнан қурбонлик куни қодир бўлиб қолса бажариш вожиб бўлиб қолади.

Шунингдек, қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Паёғамбаримиз صلى الله عليه وسلم шундай деганлар:

 

عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ" (رواه الإمام البخارى).

яъни: “Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизни аввал ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик билан бошламоғимиздир. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким, ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, юқорида келтирилган ҳадиси шариф ва бошқа далилларни ҳужжат қилиб олимларимиз Қурбонлик вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит намози ўқилганидан сўнг бошланиб, ўн иккинчи куни шом кирмасидан тугашини белгилаб қўйишган. Ҳайит намози ўқилмасидан олдин қурбонлик қилиш мумкин эмас. Қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвонлар:
- беш ёшга тўлган туя;

- икки ёшга тўлган қорамол;

- бир ёшга тўлган қўй ва эчки қурбонлик қилинади. Олти ойлик қўйни ҳам, агар жуссаси бир ёшга тўлган қўй жуссасидек бўлса, қурбонлик учун сўйиш мумкиндир.

Қўй ва эчкини фақат бир киши қурбонлик қилади. Туя ва қорамолни етти киши биргаликда қурбонликка сўйишса бўлади. Улар улушларини килолаб тортиб олишлари керак.

Икки кўзи ё бир кўзи кўр, юролмайдиган даражада чўлоқ, ориқ, қулоқ ва думи кесилган ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар қулоқ ва думининг учдан бири ё бундан ками кесилган бўлса, қурбонлик қилиш мумкин. Ҳайвон қурбонлик учун ётқизилганида айбли бўлиб қолса, масалан, оёғи синиб қолса, қурбонликка ўтади.

Қурбонлик қилган киши қурбонлигининг гўштидан ейди, истаган кишиларга ҳадя қилади ва бир қисмини кейин ейиш учун олиб қўяди. Агар оиласи катта бўлса, қурбонлик гўштининг ҳаммасини оила учун олиб қолиши мустаҳабдир.

Аллоҳ таоло сизу бизга қалбимиздаги ниятимизга кўра муомала қилади. Чунки, Қуръони каримда марҳамат қилинади:

 

لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ  (سورة الحج/37).

 

яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).

Ҳақиқатан ҳам, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир.

Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этамиз. Уларни кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очишлари лозим бўлади. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир. Яна шуни ёдда тутмоғимиз лозим бўладики, Қурбон ҳайити байрам бўлгани учун, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал ҳисобланади, лекин булар ҳайит байрамига асло таъсир қилмаслиги лозим.

 

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин!

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

Насриддин Мирзаев

Доғистон пойтахти Махачкалада Россиядаги энг катта музей иш бошлайди.

“Россия – менинг тарихим” номли ушбу музей жорий йилнинг 1 октябрида очилади.

Доғистон раҳбари Рамазон Абдулатипов Россия Федерацияси Президенти идораси ички сиёсат ишлари бўйича бош маслаҳатчиси Роман Балашов ва Ижтимоий лойиҳалар Фонди директори Иван Есин билан янги музей очилиши, янги лойиҳани тадбиқ этиш ва у билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилишди.

Доғистон раҳбари Рамазон Абдулатипов музейда ўлканинг тарихини бутунлигича ёритувчи бўлим бўлиши кераклигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

Халқаро алоқалар бўлими

Page 82 sur 264

Видеолавҳалар

Top