muslim.uz
Suspendisse at libero porttitor nisi aliquet vulputate vitae at velit. Aliquam eget arcu magna, vel congue dui. Nunc auctor mauris tempor leo aliquam vel porta ante sodales. Nulla facilisi. In accumsan mattis odio vel luctus.
Рамазон ойи файзу баракали бўлсин!
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Хайру саховат, меҳр-оқибат, силаи раҳм мавсуми бўлмиш Рамазон ойини ато қилган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин! Рамазонни чинакам яхшилик ойи сифатида ўтказишда умматга намуна бўлган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломларимиз бўлсин!
Бутун ислом умматини, хусусан, азиз халқимизни муборак Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло бу фазилатли айёмни бутун дунё учун тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт ва икки дунё саодатига элтувчи ой қилсин!
Аллоҳ таоло Рамазон рўзаси ҳақидаги ояти каримада бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Бу ойда ҳар бир мусулмоннинг одобу ахлоқи сайқалланади. Тақвоси зиёда бўлади. Бунинг сабабидан жамиятда яхши кайфият, аҳиллик ва бирдамлик ҳукм суради.
Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ойни ғанимат билишга чорлаб, бундай деганлар: “Сизларга Рамазон ойи келди. У муборак ойдир. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Унда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши кеча бор. Ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, (барча яхшиликлардан) маҳрум бўлибди”. (Имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таоло ойлар ичида Рамазонни фазилатли қилди. Бу ойда Қуръон нозил бўлган, рўза тутиш фарз қилинган. Рўза танага ҳам, руҳга ҳам файзу қувват бағишлайди. Ушбу ойда Аллоҳга ҳар қачонгидан-да яқинлашиш, улуғ ажру мукофотларга сазовор бўлиш имконияти кўп.
Бу ойда Ер юзининг турли тарафидаги мусулмонлар муштарак қараш ва эзгу мақсад билан бирлашади. Шубҳасиз, Қуръон хатми, таровеҳ ва ифторликлар мусулмонларни янада жипслаштиради, меҳр-оқибат, дину диёнатни шакллантиради.
Имом Табароний Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Сизларга барака ойи — Рамазон келди. Унда Аллоҳ сизларни беҳожат қилади, раҳматини нозил қилади, хатоларни ўчиради, дуоларни ижобат қилади”, дея марҳамат қилинади.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда эълон қилинган қарорида халқимиз учун эзгулик, бирдамлик, олижаноблик ва шукрона тимсоли бўлган қутлуғ Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда улуғлаш бўйича қатор вазифалар белгилангани барча юртдошларимизни беҳад хурсанд қилди.
Аллоҳ таолога шукр, янги Ўзбекистонда барча соҳа қатори диний-маърифий жабҳада ҳам салмоқли ишлар қилинди. Айниқса, масжид-мадрасалар кўпаяётгани, Қуръони каримни ўргатиш курслари фаолияти, ҳаж, умра қилувчилар сони ошаётгани ва алломаларга эҳтиром кўрсатилиб, асарлари она тилимизга таржима қилинаётгани барчани мамнун этди. Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган анжуман иштирокчилари — таниқли муфтийлар, забардаст уламолар ва олим-профессорлар мамлакатимиздаги тарихий ўзгаришларни юқори баҳолади.
Юртимиз уламоларининг нуфузли исломий ташкилотларга аъзо бўлиши диний-маърифий ислоҳотларнинг мусулмон дунёси томонидан юксак эътироф этилиши бўлди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний-маънавий, илмий-маърифий, умуминсоний қадриятларни эъзозлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг ёрқин ифодасидир.
Рамазон ойида меҳр-оқибат янада зиёда бўлади. Шу сабабли халқимиз бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлсин, мўминлар қалбига шодлик кирсин деб кўпроқ хайр-саховат қилишга, закот беришга ошиқади.
Айни кунларда ижтимоий ҳимоя соҳасида кенг кўламли ишлар бошланди. Кам таъминланган оилалар, ногиронлиги борлар, етимларга ёрдам бериш, касб-ҳунар ўргатиш, уларни ўқитиш ва ишга жойлаштириш борасида ҳам аниқ ва манзилли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Биз — уламолар бу йил Рамазон ойини юртимизда меҳр-мурувват, хайру саховат мавсумига айлантиришни ўзимизга шиор қилиб олдик. Токи қутлуғ ойда ҳар бир хонадон, ҳар бир кишининг қалбига хурсандлик кириб борсин. Шунда муродимиз ҳосил, Яратган биздан рози, халқимиз ҳар йили Рамазонни орзиқиб кутадиган бўлади, иншааллоҳ.
Азиз халқимиз, айниқса, саховатли дўсту биродарларимиз бу ойда имкон қадар хайрия ишларини кўпайтирсин, юртимизда эҳтиёжманд киши қолмасин, ҳар бир уйда шодлик, қувонч муҳити ҳукм сурсин.
Бинобарин, инсониятга ксак намуна бўлган ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда сахийроқ бўлар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқур эдилар” (муттафақун алайҳ).
Шундай экан, умид қиламизки, қўли очиқ, саховатпеша юртдошларимиз ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар ҳамда кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват қўлини чўзади, беморлар ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини кўтаришда пешқадам бўлади.
Бу йил 2 мингдан зиёд масжидда таровеҳ намози адо этилади. Шундан 1 минг 600 тасида Қуръон хатм қилинади. Рамазон ойининг 27 куни давомида масжидларда каломуллоҳнинг саҳифалари бир хил ададда ўқилади.
Аллоҳ насиб этса, барча масжидда Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси, яъни Қадр кечаси куни Қуръон хатми якунланиб, бир вақтнинг ўзида бир неча миллион юртдошимиз Ҳақ таолога дуо қилади. Мана шундай жамулжам илтижо ижобатидан юртимиз янада равнақ топади, ҳаётимиз фаровон бўлади. Юртимизга илоҳий нур, барака ёғилади, иншааллоҳ.
Ҳадиси шарифда “Рўзадорнинг дуоси мақбулдир” дейилади. Шунинг учун ҳам бу қутлуғ ойда чин қалбдан, астойдил дунё ва охират саодатини сўраб дуо қилишимиз керак. Аллоҳ таолодан ушбу қутлуғ ойда азиз халқимизга мустаҳкам соғлиқ, битмас-туганмас куч-қувват, оилавий бахт-саодат ва фаолиятида улкан зафарлар ёр бўлишини сўраймиз. Яратганнинг Ўзи юртимизни турли бало ва офатлардан омон сақласин. Парвардигори олам юртимиз тинчлигини барқарор, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон, муборак Рамазондаги хайрли ишларни йил бўйи бардавом қилсин.
Нияти пок, мақсади улуғ халқимизнинг, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг дуо ва илтижолари рўёбга ошсин! Муборак Рамазон ойи билан барча мўмин-мусулмонларни, азиз халқимизни яна бир бор самимий қутлаймиз.
Барчамизга фазилатли Рамазон ойи муборак бўлсин! Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Рамазонга тайёрмисиз...?
РАМАЗОН ОЙИНИНГ БИРИНЧИ КУНИ ТЎҒРИСИДА
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Озарбайжон каби туркий давлатлар Фатво ҳайъатларининг онлайн мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда уламолар ва соҳа мутахассислари томонидан Рамазон ойи ҳилолини кузатиш бўйича қилинаётган ишлар, фалакий ҳисоб-китоблар, астрономик маълумотлар атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, дунёдаги йирик фатво идоралари ва нуфузли астрономия институтлари ахборотлари батафсил кўриб чиқилди.
Туркий давлатлар уламолари фиқҳий қоидаларга таянган ҳолда фалакий ҳисоб-китоб ва астрономик кузатувларни эътиборга олиб, ҳижрий 1445 йил Рамазон ойининг биринчи куни милодий 2024 йил 11 март, душанба кунига тўғри келиши ҳақида якдил фикрга келдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистонда тақиқланган гуруҳлар фаолияти дунё ҳамжамиятида ҳам ман этилмоқда
Диний ташкилотлар ҳам «Меҳир ҳаракати» доирасидаги хайрия тадбирига ўз ҳиссаларини қўшмоқда
Бугунгидай қишнинг қахратон, қировли кунларида бева-бечоралар, боқувчисидан айрилган ва ёрдамга муҳтож оилаларга амалий ва маънавий томондан ёрдам бериш, уларнинг ҳолидан хабар олиш инсонийлик фазилатлардан.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган «Меҳир ҳаракати» доирасидаги хайрия тадбирида Қорақалпоғистон Республикасидаги барча идора, кархона ва ташкилотлар томонидан ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга ёрдамлар берилмоқда.
Ушбу хайрия тадбирига диний ташкилотлар ҳам ўз ҳиссасин қўшиш мақсадида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов ҳомийларни жалб қилган ҳолда Нукус шаҳридаги ёрдамга мухтож 20 оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, фарзандларига қишки иссиқ кийимлар, иситиш ускуналари ва уй-рўзғор буюмларидан ёрдамлар берди.
Бақара сураси 271-оятда: «Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир», деб марҳамат қилади.
Ояти каримада айтилганидек, бир-биримизга ёрдам қўлимизни чўзиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, амалий ва моддий ёрдамлар бериш инсонийлик бурчимиз.
Хайрия тадбири давом этмоқда
Давудбой БЕКАНОВ, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими.