www.muslimuz

www.muslimuz

 

УЧИНЧИ ФАСЛ

УСМОН ИБН АФФОН РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

(халифалик даври: ҳижрий 23 йил зулҳижжа ойининг охирги кунидан 35 йил 18 зулҳижжагача; милодий 644 йил 6 ноябрдан 656 йил 16 июнгача)

Насаблари ва ҳаётларининг дастлабки босқичи

Насаб илми уламолари ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг насаблари ҳақида қуйидаги силсилани келтирадилар:

У киши – Усмон ибн Аффон ибн Абул Ос ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф ибн Қусай.

У кишининг оналари – Арво бинт Карийз ибн Рабийъа ибн Ҳабиб ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф ибн Қусай.

У кишининг оналарининг онаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари Байзо бинт Абдулмутталибдир.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг насаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан ҳам ота тарафдан, ҳам она тарафдан бирлашади.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу машҳур «Фил ҳодисаси»дан олти йил кейин, саҳиҳ қавлга кўра, Маккада таваллуд топганлар. Демак, у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ёш кичик бўладилар.

У кишининг оталари Макканинг энг бой тижоратчиларидан эди. Катта тижоратчининг ўғли Усмон ҳам катта тижоратчи бўлдилар.

Ибн Асокирнинг ривоят қилишича, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўрта бўйли, яъни новча ҳам, пакана ҳам эмас, чиройли, оппоқ юзли, яноқлари қизғиш, юзида чечакдан қолган излар бор, серсоқол, икки елкаси кенг, болдирлари кичкина, билаклари узун, билакларини тук қоплаган,  жингалаксоч, бошининг тепасида сочи йўқ, олд тишлари энг гўзал одам эдилар. Сочлари қулоқларидан пастга тушиб турарди. Уларни сарғиш ранг билан хиналаб олардилар. Тилла тиш қўйдирган эдилар.

Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Ҳазм Мозинийдан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни кўрганман. Ҳеч қачон ундан кўра чиройлироқ эркак ёки аёлни кўрганим йўқ».

У киши ёшликларидан гўзал ахлоқ, олий инсоний фазилатларга одатланиб бордилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ниҳоятда ҳаёли ва иффатли зот эдилар. Мазкур сифатлар билан бир қаторда, у киши жуда ҳам сахий бўлиб, ўз қавмларига хайр-эҳсонни кўп қилар эдилар. Шундай қилиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ёшлик даврларидаёқ ўз қавмлари бўлмиш Бану Умайя ичида катта обрўга эга бўлган эдилар.

У кишининг Исломга киришлари ва фазллари

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу 34 ёшларида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қўлларида Исломга кирганлар. У киши дастлаб мусулмон бўлган тўққиз кишидан бири ҳисобланадилар.

Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича, Хадийжа, Абу Бакр, Алий ва Зайд ибн Ҳорисадан кейин Исломга кирган киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бўлганлар.

Албатта, бошқалар қатори, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам мусулмон бўлишлари билан кофирларнинг озорларига дучор бўлдилар. У кишини биринчилардан бўлиб амакилари Ҳакам ибн Абул Ос Исломдан қайтаришга ҳаракат қилди. У ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга: «Ота-боболарингнинг динидан юз ўгириб, янги пайдо бўлган динга кирасанми?!» деди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу унинг гапига кирмадилар. Шунда Ҳакам у кишини арқон билан боғлаб, қамаб қўйди ва: «Ушбу динни тарк қилмагунингча арқонни ечмайман», деди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эса «Аллоҳга қасамки, бу динни тарк қилмайман, ундан ажралмайман» деб туриб олдилар.

Охири амакилари ноумид бўлиб, қўйиб юборди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қизлари Руқайя розияллоҳу анҳони жуфти ҳалолликка сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлдилар. Шундай қилиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кейинчалик ўзларига асосий сифат бўлиб қоладиган икки нурдан бирига ноил бўлдилар.

Мусулмонлар бирин-кетин келиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга кофирларнинг озорлари ҳаддан ошиб, ер юзи ўзлари учун тор кўриниб кетаётгани ҳақида арз қила бошладилар.

Мазкур арзчиларга Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва у кишининг жуфти ҳалоллари Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам қўшилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Ҳабашистон ери томон ҳижрат қилишни маслаҳат бердилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг оилалари ҳам дину диёнат учун она юртни тарк этиб, ҳижратга чиқди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Мадинада Ислом жамияти қурилиб, мусулмонлар у зотнинг раҳбарликларида Аллоҳ таолонинг ҳукмларини адо этиб яшай бошладилар. Эр-хотин жуда ҳам аҳил-иноқ яшар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан ҳар доим хабар олиб турар эдилар.

Ибн Асокир Усома ибн Зайддан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Усмоннинг уйига ичида гўшти бор лаган билан юбордилар. Кирсам, Руқайя розияллоҳу анҳо ўтирган эканлар. Мен бир Руқайя нинг юзига, бир Усмоннинг юзига қарай бошладим. Қайтиб борганимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: «Уларнинг олдиларига кирдингми?» деб сўрадилар.

«Ҳа», дедим.

«Улардан кўра гўзалроқ эр-хотинни кўрганмисан?» дедилар.

«Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дедим».

Ҳижрий иккинчи йилнинг Рамазон ойида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан Бадр урушига сафарбарлик эълон қилинди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу урушга чиқишга биринчилардан бўлиб тайёргарлик кўра бошладилар. Аммо у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламдан алоҳида истисно тариқасидаги амр келди. Бу фармонга биноан, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу урушга бормай, баданига тошма тошиб, қизамиқ касаллиги сабабли тўшагига боғланиб қолган умр йўлдошлари Руқайя розияллоҳу анҳога қарашлари лозим эди. Итоаткор инсон ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бу амрни ҳам сидқидилдан бажардилар.

«Усудул ғоба», «Мухтасари тарихи Дамашқ» ва бошқа китобларнинг соҳиблари улкан саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Усмон ўз аёли – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайя вафот этганида йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нега йиғлаяпсан, эй Усмон», дедилар.

«Сиздан қудачилик алоқам узилиб қолганига йиғламоқдаман», деди Усмон.

«Мана, Жаброил алайҳиссалом менга Аллоҳ азза ва жалладан (Руқайянинг) синглисини никохлашим ҳақидаги амрини етказмоқда», дедилар у зот.

Бошқа бир ривоятда: «Сенга унинг синглисини – Умму Кулсумни унинг маҳрига ўхшаш маҳр ва муомаласига ўхшаш муомала шарти ила никоҳлаб беришим ҳақидаги...» дейилган.

Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қизларига – олдин Руқайяга, у киши розияллоҳу анҳонинг ўлимларидан олти ой кейин Умму Кулсум розияллоҳу анҳога уйланганлар. Шунинг учун у киши «Зуннурайн» Икки нур соҳиби деган номни олганлар.

Ҳазрати Усмоннинг икки ажойиб сифатлари бор эди:

  1. Ҳаё. Усмон розияллоҳу анҳу одамларнинг энг ҳаёлиси эдилар. У киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари ичидан чиққан, олдида Аллоҳнинг фаришталари ҳам ҳаё қилган бир инсондир. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кишидан ҳаё қилар ва: «Малоикалар хаё қилган одамдан мен қандай ҳаё қилмай», дер эдилар.
  2. Саховат. Қурайшда ҳазрати Усмондан кўра саховатлироқ киши йўқ эди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча ғазотларда иштирок этганлар. Ҳижрий 6 йил зулқаъда ойида (милодий 628 йилда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Маккага умра мақсадида келганларининг хабарини бериш учун Қурайшга элчи қилиб юборганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанда Мадинадаги мусулмонлар билан бирга Маккаи мукаррама яқинидаги Ҳудайбия деган жойга келиб туш-ган эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу бу вазифани яхшилаб адо этдилар. Қурайш у кишини ўзларига мойил қилиб олиш мақсадида кўп нарсаларни ваъда қилишди. Лекин ҳазрати Усмон: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавоф қилмагунларича мен қилмайман», деб ҳатто тавоф ҳам қилмадилар. У киши ҳақпарида «Усмон ўлдирилди» деган миш-миш тарқалди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу қавм билан урушмагунимизча ортга қайтмасдан, шу ерда турамиз», дедилар. Мусулмонлар жангдан қочмаслик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатсизлик қилмаслик ҳақида байъат қилдилар ва бу байъат «Ризвон байъати» деб номланди. Ушбу байъат ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг шарафларига амалга оширилган эди.

Табук ғазотида одамлар қийинчиликда қолишганида, Усмон розияллоҳу анҳу Шомга юборишга тайёрлаб қўйган икки юз туялик карвонини устидаги анжомлари билан, яна саккиз минг дирҳамни (кумуш танга) ҳам қўшиб, Аллоҳ йўлида эҳсон қилдилар. Сўнг яна юзта туяни эгар-жабдуқлари билан келтириб бердилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига минг динор (олтин танга) олиб келиб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугундан кейин Усмон нима қилса ҳам зарар қилмайди», дедилар[1]. Усмон розияллоҳу анҳу кейин ҳам қайта-қайта эҳсон қилдилар, ҳатто улар пуллардан ташқари тўққиз юз туя ва юзта отга етган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳудан рози ҳолда вафот этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир набийнинг ҳамроҳи бордир. Менинг жаннатдаги ҳамроҳим Усмондир», деганлар[2].

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида у киши Умар розияллоҳу анҳудан кейинги шахс сифатида давлат ишларини юритишда доим бирга бўлар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу давлатнинг иккинчи шахси бўлганлар.

У кишидаги юмшоқлик билан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудаги шиддат қўшилиб ўртача, мўътадил ҳолат юзага келар, бу Эса давлат ишларини юритишда жуда ҳам муҳим эди.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг халифаликлари

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзлари жароҳатланганларидан кейин олти кишидан иборат саҳобалар маслаҳат кенгашини туздилар. У кишининг дафнларидан кейин мазкур олти киши жамланиб, мажлис қуришди. Улардан ҳар бирлари бу ўта масъулиятли ишдан ўзини олиб қочар эди. Охири Усмон розияллоҳу анҳуни ихтиёр қилдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлганларида қамарий 70 ёшда эдилар.

Ҳазрати Усмон даврларидаги фатҳлар

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврлари фатҳларга тўла бўлди. У киши Умар розияллоҳу анҳу даврларидаги фатхдарни тугатиш бўйича муҳим ишларни олиб бордилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг фатҳлари ҳам қуруқликда, ҳам денгизда давом этиб турди. У киши бу борада ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг сиёсатини охирига етказдилар.

  1. Ғарбий жабҳа

Ҳижрий 25 (милодий 646) йилда Искандария ахдни бузди. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу уларни қайтадан бўйсундирди.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Африқонинг ичкариларига кириб боришга рухсат бердилар. Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ ҳижрий 27 (милодий 647) йилда Тароблусдан ўтиб, Византиянинг аскарлари билан Субайтилада тўқнашди ва катта ғалаба қозонди. Шундай қилиб Барқа, Тароблус, Мисрнинг ғарбий ўлкалари ва Нуба юртининг баъзи жойлари Ислом давлатига қўшилди.

Муовия ибн Абу Суфён ҳижрий 28 (милодий 649) йилда Қибриз (Кипр) оролларини фатҳ қилди. Умар розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг денгиз орқали юришларини ман қилган эдилар, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу бу ишга pyxcaт бердилар.

Зотус-саворий жанги

(ҳижрий 31; милодий 651)

Мусулмонлар денгизда олиб борган биринчи жанг мана шу жанг бўлди. Мусулмонлар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида денгиз флотига эга бўлишди. Бу Румнинг зиддига бўлган эди. Мазкур биринчи денгиз жангида мусулмонлар Муовия ибн Абу Суфён томонидан тайин қилинган Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ қўмондонлиги остида ҳаракат қилдилар. Бу жангда Рум императори Константин ҳалок бўлди ва улар шармандаларча мағлубиятга учрашди. Муовия Румга юриш қилди, душманни Анқара шаҳри яқинидаги ерларгача қувиб борди. Бу ишлар ҳижрий 31 (милодий 651) йилда бўлиб ўтди[3].

  1. Шарқий жабҳа

(ҳижрий 29; милодий 649)

Қўмондон Умайр ибн Усмон Фарғонагача, Абдуллоҳ Лайсий Қобулгача, Убайдуллоҳ Тамимий Син дарёсигача етиб бордилар. Саъид ибн Ос Журжонни фатҳ қилди. Форс давлати тугади, уни Абдуллоҳ ибн Омир бўйсундирди. Яздажир Кирмонга, сўнг Хуросонга қочиб кетди ва ўша ерда қатл қилинди.

Аҳдини бузган минтақалар қайтадан фатҳ қилинди. Шундай қилиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида жуда кенг миқёсда фатҳлар бўлди. Африқо ҳудудидаги кўпгина янги юртлар Исломга кирди. Кипр, Арманистон, Синд, Қобул, Фарғона, Балх, Ҳирот ва шунингдек, Форсда, Хуросонда, Бобул абвобда сулҳни бузган қавмлар яна қайтадан Исломга киритилди.

 

ИЧКИ ЖАБҲАДАГИ ФАОЛИЯТЛАР

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ташқи жабҳаларда олиб борилган ишлар жуда ҳам кўп. Фатҳлар ҳақидаги китобларда улар хусусидаги маълумотлар тўлиб ётибди. Биз эса ички жабҳада олиб борилган аҳамиятли ишлардан баъзиларини эслаб ўтишни лозим деб топдик.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифаликлари давомида ўзларидан аввалги халифаларнинг ишларини давом эттириб, мусулмонлар оммаси учун фойдали бўлган катта ишларни амалга оширишда ижтиҳодлар қилдилар. Келинг, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодлари ила у зот томонларидан жорий қилинган, мусулмон умматига катта фойдалар келтирган баъзи ишларни эслаб ўтайлик.

Қуръоннинг жамланиши

Вақт ўтиши билан Ислом жамиятининг чегараси кенгайиб, кўплаб халқлар мусулмонликни қабул қила бошладилар. Мусулмонларнинг сони кўпайгач, Қуръонни ўқишда турли келишмовчиликлар чиқа бошлади. Орада катта фитна чиқиш хавфи туғилди. Бу хавфни биринчи бўлиб Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу англаб етдилар. У киши халифани бундан огоҳ қилиб, фитнанинг олдини олиш учун чора кўришни таклиф қилдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу чора кўришга киришдилар.

Бу ҳақда имом Бухорий «Саҳиҳ»ларида Ибн Шиҳобдан, у киши Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Ҳузайфа ибн Ямон Усмоннинг олдига келди. У Шом аҳли билан Арманистон фатҳида, Ироқ аҳли билан Озарбайжон фатҳида урушда эди. Ҳузайфани уларнинг қироатдаги ихтилофлари қўрқувга солган эди. Ҳузайфа Усмонга: «Бу умматнинг Китоб тўғрисида насоро ва яҳудларнинг ихтиляфига ўхшаш ихтилоф қилишининг олдини олинг!» деди.

Шунда Усмон Ҳафсага одам юбориб: «Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз», дедилар.

Ҳафса уларни Усмонга юборди. У Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилди. Улар мусҳафларга нусха кўчирдилар. Усмон қурайшлик учлик гуруҳига: «Агар сизлар Қуръоннинг бирор нарсасида Зайд ибн Собит ила ихтилоф қилиб қолсангиз, ўшани Қурайш тилида ёзинглар, чунки у уларнинг тилида нозил бўлган», деди.

Улар амрни бажо келтириб, саҳифалардан мусҳафларга нусхалар кўчирдилар. Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтариб берди. Улар нусха олганларидан кейин ҳар томонга биттадан мусҳаф юборилди. Ундан бошқа саҳифаларда ва мусҳафда Қуръондан бўлса, куйдириб юборишга амр қилди».

Халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бу ишларини барча Ислом уммати катта қувонч ва қўллаб-қувватлаш билан кутиб олдилар. Унга катта ғайрат билан амал қилишга киришдилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу марказларга биттадан мусҳаф юбориш билан кифояланмадилар. Ҳар бир мусҳаф билан бирга уни одамларга ўқитадиган қорини ҳам юбордилар.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни Мадина мусҳафига, Абдуллоҳ ибн Соибни Макка мусҳафига, Муғийра ибн Шиҳобни Шом мусҳафига, Абу Абдурраҳмон Суламийни Куфа мусҳафига ва Омир ибн Қайсни Басра мусҳафига қори этиб тайинладилар.

Шундай қилиб Аллоҳ таолонинг Китоби йўлида мислсиз хизмат қилинди; Ҳозирги ҳар бир Қуръон нусхасига «Бу нусха Усмон нусҳасига мувофиқдир» деб ёзиб қўйилишининг ўзи ҳам бу ишда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг тутган ўринлари қанчалик буюк эканини кўрсатади.

Масжиди Набавийни кенгайтириш

Тарихчиларимизнинг таъкидлашларича, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қилган муҳим ва тарихий ишларидан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини кенгайтириш бўйича олиб борган ишларидир.

Ҳазрати Усмон узоқ вақт халифалик қилдилар. Бу давр мобайнида Ислом жамияти мислсиз равишда кенгайди. Турли халқлар Исломга кирдилар. Мусулмонларнинг сони ниҳоятда кўпайиб кетди. Саҳобаи киромлар ҳам турли юртларга тарқалиб кетдилар. Шунга ўхшаш яна бошқа кўпгина ўзгаришлар содир бўлди. Ана шу давр ичида ҳазрати Усмон ҳам анчагина ишларни амалга оширдилар. Бу ишларнинг кўпчилиги янгилик ҳисобланар эди. Мазкур янгиликлар асосан давр тақозоси билан юзага чиққан янгиликлар эди. Ана шу янгиликлар ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини кенгайтириб, янгидан қуриш ҳам бор эди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг юқоридаги ривоятларида айтилганидек, ҳазрати Усмон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб қўшимчалар қилдилар. Аввало, уни анчагина кенгайтирдилар. Қолаверса, тамоман бошқа қурилиш ашёларидан фойдаландилар. Хом ғишт ўрнига нақш солинган тош ва пишиқ ғишт ишлатдилар. Устунларини ҳам хурмо ёғочи ўрнига нақшинкор тошлардан ясадилар. Шифтини эса хурмо шохлари ўрнига Ҳиндистондан келтирилган саж ёғочларидан қилдирдилар. Масжиди Набавийнинг узунлигини бир юз олтмиш зироъ, энини бир юз эллик зироъ қилдилар.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг бу ишлари ўз тарафдорлари томонидан маъқулланган. У кишининг ўзлари баёнот бериб: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатдан бир уй бино қилади» деганларини эшитган эдим, шунинг учун қилдим», деганлар.

Жума намозида биринчи азоннинг зиёда қилиниши

Имом Бухорий, Термизий, Насоий ва Абу Довудлар Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Жума кунининг аввалги «нидо»си Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарнинг даврларида имом минбарга ўтирганида бўлар эди. Усмон (халифа) бўлганида одамлар кўпайиб кетиб, Завронинг устида учинчи «нидо»ни зиёда қилди».

Бошқа бир ривоятда: «Иш шундай собит қолди», дейилган.

Ушбу ҳадисдаги «нидо»дан мақсад азондир. Нидонинг «учинчи» дейилиши эса азон ва иқома эътиборидандир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва икки халифа, яъни ҳазрати Абу Бакр ҳамда ҳазрати Умар даврларида имом минбарга чиққанида азон айтилар, хутба ўқиб бўлиб, минбардан тушганида, иқома айтилиб, намоз ўқилар эди.

Аммо ҳазрати Усмон халифа бўлган пайтларида Ислом диёри кенгайиб, мусулмонлар сони кўпайган эди. Имом минбарга чиққанидан кейин азон айтилиб, хутба қилар, шундан сўнг жума намози ўқиладиган бўлса, узоқроқцаги кишилар азонни эшитгандан сўнг ҳаракат қилиб, масжидга келсалар, намозга кечикадиган бўлиб қолдилар, чунки у пайтларда соатлар йўқ эди. Кишилар намоз вақтининг кирганини азон айтилганидан билар эдилар.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида одамлар намозга кечикаётганлари кузатилгач, уларни олдинроқ хабардор қилиш учун жума намозининг вақти кириши билан бир қўшимча азон айтиш жорий қилинди.

Бу азон Мадинаи мунавваранинг бозори ичидаги «Завро» деб аталган жойда, бир уйнинг томида айтилар эди. Бозор қилиш ва бошқа ишлар билан машғул бўлиб юрган одамлар ўша биринчи азонни эшитиб, жума намозининг вақти кирганидан хабардор бўлар, ишларини йиғиштириб, таҳорат қилиб, масжидга тўпланар эдилар. Пешин намозининг ҳақиқий вақти бўлганида эса имом минбарга чиқар ва муаззин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳазрати Абу Бакр ва Умарлар давридаги каби азон айтар ва одатдагидек давом эттириб кетилар эди. Бу иш ўз самарасини кўрсатди. Мусулмонлар жума намозига кеч қолмайдиган бўлдилар. Бу амал ҳаммага маъқул келиб, жума намозига икки марта азон айтиш ҳамма жойларда жорий қилиниб, собит бўлиб қолди.

Бу нарсага ҳозир ҳам ҳамма жойларда ва мазҳабларда амал қилинади. Бирорта одам «Нима учун бундай?» деб эътироз билдирмайди. Шундай бўлиши керак ҳам.

Қўриқхоналар ташкил қилиш

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халқнинг камбағал тоифаси манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамият ихтиёрида бўладиган қўриқхоналарга кўплаб ер ажратишни йўлга қўйдилар. Шу тариқа ерларга бой-бадавлат кишилар эга чиқиб олишлари тартибга солинди.

Масжидларни хушбўй қилиш

Авваллари масжидларни хушбўй қилиш эҳтиёжи бўлмагани учун бу нарса ҳеч кимнинг ёдига келмаган эди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида одамларнинг кўпайгани, уларнинг табиатлари ҳам ўзгаргани эътиборга олиниб, масжидларни турли нохуш ҳидлардан асраш учун «халуқ» номли хушбўй модда сочиб туриш йўлга қўйилди. Бу эса ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қанчалик нозик дид эгаси бўлганларини кўрсатади.

Муаззинларга маош белгилаш

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларигача муаззинларга маош белгиланмаган эди. Уша пайтдаги ҳаётнинг соддалигидан, муаззинларга ажратилган ишнинг озлигидан бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб, масжидлар катталашди, жа-моатлар сони ниҳоятда ортди. Бинобарин, муаззинларнинг хизмати ҳам кўпайди. Энди муаззинлар ажралиб чиқиб, муаззинлик қилишлари лозим бўлиб қолди. Фақат муаззинлик билан машғул бўлган одам эса маош билан таъминланиши зарур эди. Шунинг учун ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кенг Ислом жамиятининг барча жойларида муаззинларга маош беришни жорий қилдилар.

Миршабликни жорий қилиш

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб, барча шароитлар ўзгарган. Узгарганда ҳам, салбий маънода ўзгарган эди. Ҳар бирлари «тирик Қуръон» бўлган улуғ саҳобийларнинг кўпчилиги шаҳид бўлган, вафот этган ва турли юртларга тарқаб кетган эдилар. Жамиятда турли-туман халқ, миллат ва элатларнинг турли одамлари ҳам кўпайган эди. Уларнинг ичида одоблилари ҳам, бошқачалари ҳам бор эди. Бунинг устига, мусулмон бўлмаганлар ҳам, Исломни ғаразгўйлик билан қабул қилганлар ҳам оз эмасди. Бу ва шунга ўхшаш омиллар миршабликни жорий этишни талаб қилар эди. Шунинг учун ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу миршабликни йўлга қўйдилар.

Масжидда бошлиққа алоҳида жой қилиш

Бу ишни ҳам шароит тақозо қилган эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бир нобакор шахс қўлида фожиали равишда қатл этилишлари ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу учун катта дарс бўлган эди. Шу боис у киши масжидда ўзларига ана шундай тўсатдан бўлиши мумки бўлган ҳужум ва суиқасдларнинг олдини олиш учун ало ҳида жой қилдилар.

 

ФИТНА

(ҳижрий 30—35; милодий 651 – 656)

Фитнанинг сабаби

Ислом оламидаги катта фитнанинг учи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ғаразгўй кучлар томонидан суиқасд уюштирилиб, у кишининг ўлдирилишларидан бошланган эди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг олиб бораётган музаффар сиёсатлари кўпчилик душманларнинг «жигарини еб бораётган» эди. Улар Исломнинг бутун ер юзи бўйлаб яшин тезлигида тарқалиб бораётганини мутлақо кўра олмас эдилар.

Худди ана шундай кучлар ҳазрати Умарнинг вафотларидан кейин Рум ва Форс томонларда қуролли хуружлар қилиб, Ислом жамияти қарамоғидан чиқиб, эски тузумларини қайта ўрнатмоқчи бўлишди. Аммо халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларнинг бу хуружларини ўз вақтида бартараф қилдилар.

Ҳарбий томондан кучи етмаган ғанимлар ички томондан турли фитналар чиқаришга ўтишди. Улар ўз мақсадлари йўлида турли омилларни ишга солишди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврлари бошқа давр эди. У вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган, турли синовларда чиниққан, иймон ва ихлосда тенги йўқ саҳобаи киромлар кўпчиликни ташкил қилар эдилар. Улар орқали жамият ичида ҳар қан-дай сиёсатни осонлик билан жорий қилиш мумкин эди. Жамият аъзолари фитна нималигини билмас эдилар. Фитна у ёқда турсин, баъзи Қуръони Карим ва эътиқод бўйича шубҳали саволлар берган шахсларнинг ҳам адаблари бериб қўйиларди. Ана ўша умумий руҳ ва халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўша руҳдан келиб чиқиб юритаётган сиёсатлари баъзи бир бузғунчи табиатли шахсларнинг ҳам танобини тортиб турар эди.

Аммо вақт ўтиши билан шароитлар ўзгарди. Ҳазрати Умарнинг шиддатли сиёсатларини бардавом олиб бориш қийин эди. Буни ҳамма тушунарди. Шунинг учун саҳобаи киромлар янги халифа сайлаш вақтида бошқача сиёсат юргизадиган шахсни изладилар. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг номзодларидан кўра Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг номзодларини устун кўришларига ҳам ҳазрати Алийнинг шиддатлари сабаб бўлди. Саҳобалар «Умарнинг шиддатидан кейин Алийнинг шиддати қўшилса, тўғри келмайди» деган фикрга бордилар.

Бунинг устига, катта саҳобалар камайиб қолган эдилар. Арабларнинг ичида ҳам кейин мусулмон бўлган, Ҳижознинг ўзидан эмас, атрофидан бўлган қабилалар кўпайган эди. Энг асосийси, яшин тезлигида тарқалган фатхдар да-вомида турли халқлар Исломни қабул қилган бўлиб, уларда ўзларининг аввалги динлари, эътиқодлари ва фикрлари таъсири ҳали кучли эди. Уша халқлар ичида хўжакўрсинга мусулмон бўлганлари ҳам бор эди. Энг хатарлиси, фитнабоши Абдуллоҳ ибн Сабаъга ўхшаб Исломга ички томондан зарба бериш мақсадида ўзини мусулмон қилиб кўрсатаётганлар ҳам йўқ эмас эди.

Ана шулар аста-секин фитнага замин тайёрлай бошладилар. Уларнинг баъзи ишларини юқоридаги сатрларда ҳам бироз ўргандик. Улар аввалига ишни баъзи волийлар устидан шикоят қилишдан бошлашди. Бу иш биринчи бўлиб Куфадан бошланди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу тайин қилган волий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу билан харож омили Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳулар ўртасида волийнинг Байтулмолдан олган қарзини вақтида тўлаши ҳақида низо чиқди.

Иккалаларига ўзига яраша тарафдор ва қаршилар тўпланди. Халифа волийни ишдан олиб, ўрнига Валид ибн Уқбани қўйдилар. У киши ўша пайтда Умар розияллоҳу анҳу томонларидан Ҳижознинг ғарбий томонига волий этиб қўйилган ерида ишлаб турган эди. Уни куфаликлар хурсанд бўлиб кутиб олдилар. Бу ишдан айниқса олдинги волийга қарши бўлган кишилар хурсанд бўлишди. Одатда фитначилар янги раҳбарнинг қўйнига киришга ҳаракат қилишади. Бу ерда ҳам шундай бўлди. Янги волий ҳамма билан яхши алоқада бўлишга ҳаракат қилди. Ҳамма ишлар яхши кетиб турганда, бир ҳодиса содир бўлди. Ана шу ҳодиса туфайли ишлар бошқачасига айланиб кетди.

Бир гуруҳ куфалик ёшлар бировнинг уйини тешиб кириб, уй эгасини ўлдиришди. Бу ишдан хабар топган бир қўшни одам миршабларни чақирди. Улар жиноятчиларни тутиш-ди. Улар орасида Зуҳайр ибн Жундуб Аздий, Муварриъ ибн Абу Муварриъ Асадий ва Шубайл ибн Убай Аздийлар бор эди. Маҳкамада уларнинг жиноятлари собит бўлди ва шариат хукмига биноан қатл этилдилар. Уларнинг оталари ва қариндошлари бу иш учун волий Валиддан хафа бўлиб, унга қарши пайт пойлай бошлашди. Унинг кечқурун олиб бориладиган суҳбати бор эди. Бу суҳбатда турли одамлар, жумладан, Абу Зайд Тоий ҳам қатнашар эди. У асли насроний бўлиб, кейин Исломни қабул қилган ва ароқ ичиш одати бор эди. Бир куни ҳалиги ҳасадгўйларнинг олдига биров келиб: «Валиднинг Абу Зайд билан хамр тановул қилишидан хабарингиз борми?» деди. Улар айни шу гапни кутиб туришган эди. Бу гапни бирпасда ҳамма тарафга тарқатишди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб, бу гапни айтишган эди, у киши: «Биз ўзини беркитган одамнинг авратини очмаймиз», дедилар. Валид бу гапни эшитиб, хафа бўлди. «Сендек одам фитначи қавмга шундай жавоб берадими?! Мен нимани беркитибман?! Бу ғариб – нотаниш одам хақида айтиладиган ran», деди. Шу билан икковларининг ораларига ҳам совуқчилик тушди.

Фитначилар бу билан ҳам кифояланиб қолишмади. Дорул хилофага бориб, Валиднинг устидан шикоят қилишга қарор қилишди. Улар ичларидан икки кишининг гувоҳликка ўтишига келишиб олиб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига боришди. Фитначиларнинг сафида волий Валид томонидан ишдан бўшатилган аламзадалар ҳам бор эди. Одатда фитначиларнинг доимо шунга ўхшаш кишиларни излаб топиб, ўз сафларига қўшиб олишлари синалган тажрибадир. Улар бориб, ўз мақсадларига эришдилар. Волий Валид ибн Уқба ибн Абу Муъайт чақирилиб, дарра урилди ва ишдан олинди. Бу иш фитначилар томонидан қилинган уйдирма эди.

Мазкур куфалик фитначиларга Молик ибн Ҳорис Аштар Нахаъий, Собит ибн Қайс Нахаъий, Кумайл ибн Зиёд Нахаъий, Зайд ибн Сувҳон Абдий, Жундуб ибн Зуҳайр Ғомидий, Жундуб ибн Каъб Аздий, Урва ибн Жаъд, Амр ибн Жаъд ва Амр ибн Ҳамиқ Хузоъийлар раҳбарлик қилишар эди.

Улар фитна қилиб юриб, Саъид ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ҳам ишдан бўшатилишига эришдилар.

Аммо ҳамма балонинг боши Мисрда эди. Абдуллоҳ ибн Сабаъдек фитнабоши ҳамма ердан қувилса ҳам, бу ерда ҳурмат-эътибор топган эди. У Мисрга жойлашиб олиб, ўз режасини амалга оширишга замин тайёрлар эди. У кўпчилик орасида ўз таълимотларини тарқатиб борарди. У одамларга: «Ҳар пайғамбарнинг бир васийси бор. Муҳаммаднинг васийси Алийдир. Муҳаммад хотамул анбиё, Алий эса хотамул авсиёдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятига амал қилмай, у зотнинг васийсига ҳамла қилиб, умматнинг ишини ўз қўлига олган одамдан ҳам золимроқ кимса борми? Усмон ноҳақдан халифа бўлиб олган. Алий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васийси. Унга ёрдам бериш керак. Бу ишни адо этиш учун қўзғалинг! Ҳар ким ишни ўз амирига айб қўйишдан бошласин. Сиртдан амри маъруф, наҳйи мункар қилаётган бўлиб кўрининглар. Ушанда одамлар сизларга мойил бўладилар. Уларни ўз ишимизга унданглар!» дер эди.

У ўз тарғиботчиларини ҳар тарафга юборди. Турли жойлардаги фитначилар билан мактублар орқали хабарлашувни яхшилаб йўлга қўйди. Улар Абдуллоҳ ибн Сабаъга ҳар тарафдан хат юбориб туришарди. Фитначилар бир-бирлари билан ўз амирларини айблаб хат ёзишарди. Олган мактубларини иложи борича кўпроқ одамларга ўқиб беришарди.

Фитначилар ўз мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтишмас эди. Улар ҳар бир кишини ўз сафларига тортишга ҳаракат қилар, ҳар бир ҳолатдан ўз фойдалари учун бирор нарса чиқаришга уринишарди. Энди фитначилар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни асосий мўлжал қилиб олишган, у кишини айблаш йўлида турли бўҳтонларни тўқишар, бу бўҳтонларни одамлар ўртасида тарқатишга жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишарди. Софдил мусулмонлар уларнинг бундай бўҳтонларига қарши қўлларидан келган чораларни кўрар эдилар.

Бўҳтонлар осонлик билан рад қилинар, аммо фитначилар тиним билишмасди. Ҳазрати Усмонга нисбатан қилинган энг катта туҳматлар икки қисмга бўлинади: бири – ҳукм тарафдан, иккинчиси – иқтисодий тарафдан.

Ҳукм тарафидан бўлган айблов «Атрофига қариндошларини йиғиб, кўпгина юқори мансабларга уларни қўйган» деган туҳмат асосида бўлган. Аслида эса Усмон розияллоҳу анҳу буни қариб қолганлари, ёрдамчиларга муҳтож бўлганлари учун қилган эдилар, чунки энг ишончли одамлар қариндошлар бўлади.

Бегонадан кўра кўпроқ уларга суянилади. Уларнинг нималарга имконлари борлигини, қандай ишларга қодирлигини олдиндан билгани учун улар билан ишлаш осон бўлади.

Иқтисодий тарафдан бўлган эътирозларга келсак, маълумки, Усмон розияллоҳу анҳу жуда ҳам бой, қўли очиқ, бахиллик нималигини билмайдиган, Аллоҳ таолонинг йўлида молининг ҳаммасини нафақа қилиб, тарқатган одам бўлганлар. Байтулмолга эга бўлганларида ундаги молдан ўзлари олганлар, қариндошларига ва сўраганларга берганлар. Баъзи вақтда исроф бўлган, деган туҳматлар ҳам бўлган.

У киши Ислом йўлида барча молларини нафақа қилган, мусулмонларнинг, халифаликнинг иши учун ўзларининг сон-саноқсиз молларини сарфлаган эдилар. Демак, Байтул-молдан ҳожатлари учун ёки қийналмасдан яшаш учун керакли миқдорда олишга ҳақлари бор эди.

Фитначилар мана шу нуқталарни ушлаб олиб, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга қарши қўзғалон кўтаришди. Бу кўр-кўрона фитна кенг тарқалди. Ғазабини тия олмаган кўплаб одамлар Мадинаи мунавварага келиб, халифа билан жангу жадал қилишди. Куфалик, басралик, мисрлик фитначилар Мадинага бир вақтда кириб келишди. Уларнинг йўлини ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу тўсиб чиқиб, қилаётган ишлари хатолигини тушунтирдилар, халифани мудофаа қилдилар. Шундан кейин қўзғалончилар орқага қайтиб кетишди.

Фитначиларнинг хуружи

Фитнабошилар Мадинадан қайтиб боришлари билан халифага қарши чиқишга махфий равишда тайёргарликни бошлаб юборишди. Улар ўзаро мактуб ёзишиб, ўзларини ҳажга бораётган қилиб кўрсатиб, Мадинада учрашишга ва ўша ерда режаларини амалга оширишга келишиб олишди.

Мисрликлар тўрт гуруҳ бўлиб чиқишди. Уларнинг тўрт амири бор, сонлари эса минг киши атрофида эди. Уларнинг бош амири Ғофиқий ибн Ҳарб эди. Улар одамларга урушга кетаётганларини айтишга журъат қилолмай, ўзларини ҳаж-га кетаётган қилиб кўрсатишди. Фитнабоши яҳудий Абдуллоҳ ибн Сабаъ ҳам улар билан бирга эди.

Фитначилар ўз ишларининг ноҳақ эканини билишади. Ниятларини халқ оммаси билиб қолса, уларнинг нафратига учрашларини ҳам яхши билишади. Шунинг учун асл мақсадларини яшириб, савобли ишларни ниқоб қилиб олишади. Тажрибаларнинг кўрсатишича, ҳатто ўзлари билан кетаётган кишиларга ҳам асл ниятни эмас, ниқоб қилиб олинган шиорни айтишади. Уларга одам керак. Агар асл ниятни билса, одамлар айниб қолишлари мумкин. Шунинг учун олиб бораётган одамларига нисбатан ҳам алдамчилик қилишади.

Куфалик фитначилар ҳам тўрт гуруҳ бўлиб, тўрт амрф билан йўлга чиқишди. Уларнинг ададлари ҳам мисрликларнинг ададича бор эди. Куфаликларнинг бош амири Амр ибн Асам исмли одам эди.

Басралик фитначилар ҳам тўрт гуруҳ бўлиб, тўрт амир билан йўлга чиқишди. Уларнинг ададлари ҳам мисрликларнинг ададича бор эди. Басраликларнинг бош амири Ҳурқус ибн Зуҳайр Саъдий исмли одам эди.

Улар ҳижрий 35 йил шаввол ойида уч томондан Мадинаи мунавварага яқинлашиб келиб, уч жойга – басралик фитначилар Зухушубга, куфаликлар Аъвасга ва мисрликлар Зулмарвага тушишди. Уларнинг ниятлари турлича эди. Мисрликлар: «Алий ибн Абу Толибни халифа қиламиз», дейишарди. Басралик фитначилар Талҳани ва куфаликлар эса Зубайрни халифа қилиш ниятида эдилар.

Уларнинг ниятлари турли кишиларни халифа қилиш бўлса ҳам, ҳаммалари бараварига ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши эдилар. Хўш, бу фитначи тўдадаги одамлар кимлар эди? Улар ўзлари даъво қилаётганларидек, дину диёнат равнақи учун курашчилармиди ёки бошқа одамлармиди?

Уламолар уларнинг кимлигини илмий асосда жуда синчиклаб ўрганиб чиққанлар. Ана шундай уламолардан энг машҳури Абу Бакр ибн Арабий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-авосим минал қавосим» номли китобида қуйидагиларни ёзадилар:

«Явмуд-дор куни Исломга қарши жиноятда иштирок этганлар бир неча даражадаги тоифалардир:

  1. Динда ғулувга кетганлар, яъни ҳаддидан ошганлар. Улар арзимаган нарсаларни бировга катта айб қилиб қўйишди. Ўзлари эса уларни инкор қиламан деб, ҳалокатга олиб борувчи гунохларни қилишди.
  2. Қурайшлик катта саҳобийларга қарши яманликларга тарафкашлик қилиб, мутаассиблик қилганлар. Бундайларнинг Исломда эришган ҳеч бир муваффақияти йўқ эди. Шунинг учун Исломда пешқадам бўлиб, қилган хизматлари ва фатҳлари учун мукофот олган қурайшликларга ҳасад қилишди. Ўзларининг ҳеч қандай хизмати, эришган муваффақияти бўлмаса ҳам, улар сазовор бўлган мартабаларга етишишни хоҳлашди.
  3. Ўзларининг баъзи қариндошларига шаръий жазо қўлланганидан дарғазаб бўлганлар. Ана шу сабабдан уларнинг қалблари хиқду ҳасадга тўлган эди.
  4. Сабаъчилар ақлларининг пастлигидан фойдаланиб, фисқу фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларга бошлаган аҳмоқлар эди.
  5. Ҳазрати Усмоннинг яхшилигини, одамгарчилигини билмай, ҳовлиққан кимсалар эди. Улар ўзларининг ҳақлари бўлмаган раҳбарлик лавозимларга тама қилиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг яхшиликларига нонкўрлик қилишди.

Ислом одобларига қарши ишлар содир этишгани учун ҳазрати Усмон томонидан таъзири берилганлар эди. Усмон розияллоҳу анҳу жорий этган шаръий таъзир уларнинг ғазабини қўзғатди. Улар ҳазрати Умардан ундан кўра шиддатлироқ таъзир еганларида ҳам, жимгина бўйинларини эгиб юришган эди.

  1. Ўзлари муносиб бўлмай туриб, раҳбарлик лавозимларига эришишга шошилганлар. Ҳикматлари бўлмаса ҳам, зеҳнларининг ўткирлиги ва фасоҳатлари уларни ғурурга кетказган эди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қалби меҳрга тўла экани, ниҳоятда раҳмдиллиги кўпчиликни тамагир қилиб қўйган эди. У кишининг меҳрибонлигидан ўзларининг ҳавои нафсларини қондиришга восита сифатида фойдаланишди».

Улар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлисини қамал қилишди.

Халифанинг шаҳид бўлиши

Қўзғалончилар Мадинага қайтиб келиб, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларини қамал қилишганида, у киши Мадинаи мунавварани ҳимоя қилиш учун лашкар юборишни талаб қилиб, волийларга одам юбордилар. Шунда Мадинадаги низом бузилди, Усмон розияллоҳу анҳу саҳобалардан уруш қилмасликни маҳкам туриб талаб қилди-лар. Бу билан ўзларининг сабабидан ёмон ҳодиса бўпмаслигини ихтиёр қилган эдилар. Мададлар етиб келишига оз қолгани тўғрисида хабар келди. Қўзғалончилар қўрқиб, девордан ошиб тушиб, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларига киришди. Уша пайтда у зот Аллоҳ таолонинг «Кишилар уларга: «Одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда бу уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли, У қандай яхши вакил!» дедилар» оятини қироат қилиб ўтирар эдилар (Оли Имрон сураси, 173-оят).

У киши уларга эътибор ҳам бермасдан тиловат қилавердилар. Фитначилар ўзларининг жирканч жиноятларига қўл уришганида ҳам ҳеч қаршилик қилмай, Аллоҳнинг Китобини ўқийвердилар. Фақат хиёнат қиличининг бир зарбаси қўлларини кесганида: «Аллоҳга қасамки, бу қўл Қуръон оятларини биринчи бўлиб ёзган қўл эди», дедилар, холос. Қон отилиб, мусҳаф саҳифаларига тушаётганини кўриб, дарҳол қўлларини ўзларига тортиб олдилар.

Аллома Ибн Касир «Ал-Бидоя ван-ниҳоя»да Ислом ва мусулмонларнинг бу улкан фожиаси қандай содир бўлганини қуйидагича ёзадилар:

«Ғофиқий ибн Ҳарб у кишига ҳамла қилиб, темир (қилич) ила урди ва ўқиб ўтирган мусҳафларини тепиб юборди. У кишининг қонлари мусҳафнинг устига тўкилди. Савдон ибн Ҳумрон қиличини кўтариб, ҳамла қилиб келган эди, халифанинг хотини йўлини тўсди. У аёлнинг панжаларини кесиб юборди. Жиноятчилар ҳазрати Усмонни ўлдиришганидан кейин бошини кесмоқчи бўлишган эди, қизлари ва хотинлари Ноила ва Уммул Банийнлар тўсиб қолишди. Фитначилардан бири: «Биз учун унинг моли ҳам худди қони каби ҳалолдир!» деб қичқирди. У кишининг уйлари-ни талон қилиб, кейин Байтулмолга қараб юришди. Қоровуллар билан жанг қилиб, уни ҳам талашди. Бу иш ҳижрий 35 йил 18 зулҳижжа, жума куни содир бўлди».

У кишининг халифаликлари ўн икки йилу ўн саккиз кун давом этди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ТЎРТИНЧИ ФАСЛ:

АЛИЙ ИБН АБУ ТОЛИБ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ:

Ҳазрати Алийнинг ҳаётлари ва Исломга киришлари;

Халифаликлари;

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг сиёсатлари;

Басрадаги туя жанги;

Шомнинг шарқий тарафидаги Сиффин жанги;

Наҳравон жанги;

Мисрдаги қўзғолон;

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари;

Ҳасан ибн Алийга байъат қилиниши;

Рошид халифалар давридаги энг муҳим ҳодисалар.

ХУЛОСА.

РОШИД ХАЛИФАЛАР ДАВРИ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР.

 

[1] Имом Аҳмад, Ҳоким, Табароний ва бошқалар ривоят қилган.

[2] Имом Термизий, Абу Яъло, Ибн Асокир, Ибн Можа ва бошқалар ривоят қилган.

[3] Зотус-саворий («Елкан эгалари») жанги қачон рўй бергани ҳақида тарихчилар бир тўхтамга келмаганлар, жумладан, 33/653, 34/654, 35/655 каби турли саналарни келтиришган.

Видеолавҳалар

Top