www.muslimuz

www.muslimuz

Сўнгги вақтларда Интернет тармоқларида айрим нохушликларни ислом шиорларига боғлаш – “имом ундай бўлди”, “масжид бундай бўлди” дейиш ҳолатлари учраётгани ижобий ҳодиса эмас. Аввалроқ “Деновда ҳамшаҳрига марихуана берган масжид ноиби қўлга олинди”, “Уйи томсиз қолган имомга ёрдам берайлик”, “Даҳшатли алангадан мўъжиза туфайли омон қолган имом зудлик билан операция қилиниши зарур” каби мақолалар эълон қилинган эди. Булардан мақсад нима? Шундай нохолис йўл орқали омманинг эътиборини жалб қилиш ё нашр рейтингини оширишми?

Ўтган куни эса “Қўқонда имом ёрдамчиси гиёҳванд моддалар билан қўлга тушди” сарлавҳали хабарда косибчилик билан шуғулланиб, шу билан бирга, Қўқон шаҳридаги масжидлардан бирида имомга ёрдамчилик қилиб келган бир шахс гиёҳванд моддалар билан қўлга тушиб, жазо тайинлангани ҳақидаги хабар эълон қилинди.

Шу ўринда бир мулоҳаза, асосий касби косибчилик бўлган инсоннинг имомга ёрдамчилик қилганини (“ёрдамчи” деган штат йўқ) сарлавҳага олиб чиқишдан мақсад нима? Нега сарлавҳа «Косиб гиёҳванд моддалар билан қўлга тушди» шаклида эмас?.. Боз устига мазкур шахс ўтган йили ишдан бўшаб кетганига нима дейсиз?..

Жиноят қилган одамнинг динга муносабати, масжидга алоқаси олдинги планга олиб чиқилмаслиги лозим. Бу одам жиноят қилган экан, қонуний жазосини олди. Бироқ ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш илинжида диний идора, масжид ё имом умуман, ислом шиорларини ёмонотлиқ қилишга уриниш дуруст эмас, балки гуноҳдир.

Интернетдаги бетизгин эркинлик сабабли баъзилар ҳурмат-эҳтиром каби инсоний туйғуларга, қонун-қоида каби меъёрларга риоя қилмаётгани ҳам кўзга ташланмоқда.  Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”, деб баён қилган (Қоф сураси, 18-оят).

Ушбу ояти каримадан журналистларнинг ҳам айтганлари ва ёзганларини муаккал фаришталар ёзиб бориши, вақти етиб дафтар кўтарилганда бугун ёзганларимиз эртага ўзимизнинг фойдамиз ёки зараримизга ҳужжат бўлиши аён бўлмоқда. Шундай экан, ёзган материалларимизни одамларни ҳайратга соладиган қилиш учун Ислом шиорларига боғлашдан сақланайлик!

Ҳаммани лол қолдирадиган материал ёзаман, дея арзон шуҳратга учиб, Ислом шиорларига зарар етказиш – журналистика этикасига ҳам, миллатимиз ахлоқига ҳам, динимиз таълимотига ҳам мутлақо тўғри келмайди.

Ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, аждодларимиз ибрати, Ислом дини қадр-қиммати пайдо бўлса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик.

Зотан, қалам аҳлларининг шарафли касбида қўлга киритадиган ютуқларини таъмин этувчи муҳим омил ҳам шу эмасми, ўзи!

Умуман олганда, ўша жиноятчининг асл касби қолиб, имомга ёрдамчи эканининг сарлавҳага чиқарилишининг ҳам ўзига яраша сабаблари бор:

диндор одам жиноятчи бўлмайди;

диндор одам оғуфурушлик билан шуғулланмайди;

диндор одамнинг бу каби қабиҳлик билан шуғулланиши бошқаларникидан икки чандон даҳшатли ҳодиса саналади;

косиб – ҳунарманд, имомлик эса пешволик...

Мақолага сарлавҳа қўйилганда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилган. Бироқ ўқувчини қизиқтириш, жиноятнинг кўламини бўрттириб кўрсатиш учун қўлга тушган жиноятчиларнинг намоз-ниёзи борини динга боғлайвериш одамларда дин ва диндорларга нисбатан салбий фикрни шакллантиришга, улардан ҳадиксирашга сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Ана шундан эҳтиёт бўлган маъқул, азизлар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан muslim.uz сайти таркибида аёллар учун расмий диний-маърифий телеграм канал иш бошлади. Унда аёл-қизларга оид шаръий масалалар, солиҳа аёллар ҳаёти, оилавий муносабатлар, фарзанд тарбияси тўғрисидаги мақолалар ҳамда турмуш ҳаётда керакли бўлган масалаларга психолог тавсиялари бериб борилади.

Қуръони каримнинг дастлабки сураларидан бирини “Нисо” – “Аёллар” деб номланиши Ислом динида аёл ҳақ-ҳуқуқларининг эътибори юқори эканига далил.

Агар аёл киши ҳаётда маънан соғлом бўлса, жамият мустаҳкам бўлади. Чунки фарзандлар оналар сабабидан дунёга келади ва бошланғич таълим-тарбияни ҳам оналардан олади. Шундай экан, келажак авлоднинг баркамол бўлиши аёлларнинг қанчалик маърифатли бўлишига ҳар жиҳатдан боғлиқ.

Аллома Абдулҳамид ибн Бодиснинг “Агар ўғил болага таълим берсанг, бир шахсга таълим берган бўласан. Агар қиз болага таълим берсанг, бутун умматга таълим берган бўласан”, деган ҳикматида жуда катта маъно мужассамдир.

Янги телеграм канал ишига Аллоҳ таолодан муваффақиятлар тилаймиз.

?@muminauz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muminauz  | @muslimuzportal | Muslim.uz

Иймонли кишиларнинг бутун борлиғини муборак Рамазон ойининг шукуҳи тўла қамраган онлар… Масжидларимизда Аллоҳнинг сўнгги Китоби, муқаддас каломи хатм қилинмоқда. Қалблари Қуръонга ташна мўминлар жомеъларда қоим бўлиб, илоҳий каломга сомеъ бўлмоқдалар.

Бугун 19 Май, Муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси, 14-кунларидир. Тошкент шаҳридаги бир неча жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.

Бугун 19.05.2019 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:

“Эшонгузар”жоме масжиди. (Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Каттабоғ кўчаси, 58-уй. Тел: +93 551-12-98, +94 680-32-46)

Қорилар: Умаралиев Хасан, Аҳмаджонов Абдулазиз, Жамолов Нодир

“Оқ тунукали” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Ҳувайдо маҳалласи, Зафаробод кўчаси 43-уй. Тел.: +90 980-42-81)

Қорилар: Супиев Абдураҳмон, Парпиев Зохидилло

“Мирза Ғолиб” жоме масжиди. (Олмазор тумани, Мирза Ғолиб 3-тор кўчаси 36-уй. Тел.: +90 963-82-07, +93 543-35-35)

Қорилар: Исломов Ёрбек, Нуриддинов Аъло, Теляков Иброҳим

“Мулла Холмирза ота” жоме масжиди. (Манзил: Мирзо Улуғбек  тумани, “Шўртепа” маҳалласи,  Гулсара кўчаси 15-уй. Тел.: +998 71 265 26 46, +90 187-70-47, +93 386-63-74)

Қорилар: Абдулахадов Собитжон,  Дадаев Фатҳулло, Нишонов Улуғбек

“Қорасоқол ота” жоме масжиди. (Бектемир тумани, Бинокор маҳалласи Шоликор кўчаси 1 уй.. Тел: + 98 311-00-81, + 90. 347-67-65)

Қорилар: Бойбулов Умирузоқ.

“Ислом нури” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Шофайзи маҳалласи, Қизилғунча 4-тор кўчаси 4-уй. Тел.: +71 243 46 95, +93 509-42-25)

Қорилар: Собиров Аҳадхон, Убайдуллаев Ислом, Маннопов Рустамжон

“Мўйи муборак” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Самарқанд дарбоза кўчаси “Чорсу” маҳалласи 13-А уй. Тел.: +71 245 44 19, +91 137-00-66, 90-126-39-91)

Қорилар: Мирадилов Жасур, Миродилов Абдулазиз, Рашидзода Абдулазизий

“Оқилон” жоме масжиди. (Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Кўкча Дарбоза кўчаси 27-уй. Тел.: +71 242 50 63, +93 397-96-94)

Қорилар: Мухторов Муҳаммадамин, Обиджонов Машҳурбек, Мамадалиев Одилжон

“Имом Аъзам” жоме масжиди. (Яшнобод тумани Висол кўчаси, 90А уй. Тел: +71 283 00 48, +90 950-17-79)

Қорилар: Миродилов Мирзиёд, Каримжонов Исроил, Жўрабоев Илҳомжон

 “Катта Қозиробод” жоме масжиди. (Чилонзор тумани, Катта Қозиробод маҳалласи, Чилонзор кўчаси, 82а-уй. Тел: +71 277 56 85, +98 308-08-09)

Қорилар: Тожиддинов Абдулбосит, Мирзаев Шамсиддинхон

 “Кўзи ожизлар” масжиди. (Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 28а-уй.  Тел: +71 273 49 79, +93 516-07-71)

Қорилар: Искандаров Шоилёс, Искандаров Шомуҳаммад

 “Яккасарой” жоме масжиди. (Манзил: Яккасарой тумани Яккасарой кўчаси 5-уй. Тел: +71 250 54 09, +97 430-87-17, +90 905-41-61)

Қорилар: Ғанижонов Мухаммадсодиқ,  Пирхонов Насибилло, Худойбердиев Фаррух, Мухсинов Муминжон

 “Раҳимжон хожи ота” жоме масжиди. (Яккасарой тумани, Академик Сирожиддинов кўчаси, 48 уй. Тел.: +71 253 45 60, +94 658-88-81.)

Қорилар: Қодиров Орифжон, Халматов Комил, Юлдашев Мухиддин.

 “Юнусобод оқтепа” жоме масжиди. (Юнусобод тумани, Чинобод кўчаси 127-уй.  Тел. :+71 222 27 82 , +94 357-44-44)

Қорилар: Обидов Нуруллоҳ, Холматов Воситжон, Паттахонов Мухибулла

 “Омина” масжиди. (Юнусобод тумани, Обод маҳалласи, Ўртасарой кўчаси 30 уй.  Тел. :+998 71 289 00 91, +97 753-46-05)

Қорилар: Абдухамидов Абдулмажид, Сайфуддинов Абдуқодир, Қодиров Ёсинбек

 “Қўшқўрғон” жоме масжиди. (Манзил: Сирғали  тумани, Қўшқўрғон маҳалласи У.Маҳмудов кўчаси 1уй. Тел.: +998 71 292 55 04, +99 841-66-16)

Қорилар: Абдуваҳобов Аҳмаджон,  Рахимжонов Рахматулло, Мубашширов Муҳаммадзоҳид, Тошпўлатов Иброҳим

 “Саид Ваққос ота” жоме масжиди. (Учтепа тумани, М.Уйғур кўчаси, 591-уй. 147, 53, 114, автобусларнинг “Назарбек” бекати.  Тел.:+998 71 247 50 02, +97 380-10-05, +97 745-03-66.)

Қорилар: Бойлармирзаев Мухаммадхон, Одилов Абубакр.

 “Абу Талҳа” жоме масжиди. (Учтепа тумани, “Абдулла Қодирий” маҳалласи, Тавалло кўчаси, 12-уй. Тел.:+998 71 228 52 49, +97 771-91-60)

Қорилар: Валиев Абубакир, Эргашев Абдусалом.

 

Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг азизлар!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб Тоҳир Малик (Ҳобилов Тоҳир) 2019 йил 16 май куни 73 ёшида вафот этди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси адибнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади.

Тоҳир Малик (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович) (1946 йил, 27 декабрь, Тошкент) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси (2000). Ўзбек адабий фантастикасининг асосчиларидан бири.

Биринчи йирик асари – «Ҳикмат афандининг ўлими» (1972). «Заҳарли ғубор» (1974), «Фалак» (1975), «Сомон йўли элчилари» (1978), «Чорраҳада қолган одамлар» (1982), «Бир кўча, бир кеча» (1983), «Алвидо, болалик» (1989), «Сўнгги ўқ» (1990), «Ов» (1995) каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машҳур.

«Шайтанат» романи (1-китоб, 1992; 2-китоб, 1995; 3-китоб, 1997; 4-китоб, 2000; 5-китоб, 2011) Тоҳир Маликнинг йирик асарларидан. Асар асосида кўп серияли телефильм яратилди. Романда турли қиёфадаги замондошларимизнинг образлари ёрқин лавҳаларда катта маҳорат билан чизилган, муҳим маънавий-ахлоқий муаммолар кўтарилган.

Кишиларни жиноятнинг разил оламидан эҳтиёт бўлишга чақирувчи ушбу огоҳлантирувчи асар мазмуни Тоҳир Маликнинг «Жиноятнинг узун йўли» (2004) илмий-таҳлилий рисоласида давом эттирилган. «Меҳмон туйғулар» (2003) номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўпламида адабий жараёндаги муаммолар акс этган.

Тоҳир Маликнинг ёзувчи Мирзакалон Исмоилий ижодий фаолиятини ёритувчи «Ёзувчининг бахти ва бахтсизлиги» (1988), Асқад Мухтор ижодини таҳлил этувчи «Собир» (2003), Ўлмас Умарбеков ижодига бағишланган «Қиёмат қарз» (2002) ҳамда Абдулла Қодирий романлари тахлил этилган «Ибрат мактаби» (1993) бадиалари ҳам бор.

Аллоҳ таоло бу табаррук инсонни Ўз раҳматига олсин, барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, саҳву хатоларини авф қилсин, гуноҳларини мағфират қилиб, раҳматига ноил, жаннатига дохил айласин!
Жаноза бугун, 16 май куни аср намозидан кейин Кўкча масжидида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Муслим ТВ” интернет телеканалида Рамазон ойига бағишланган турли аудио-видео материаллар мунтазам эълон қилиб борилмоқда.

«Муслим ТВ» интернет тармоғида катта аудиторияга эга бўлган «ITV.uz» интерактив телевидениеси билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётганидан хабарингиз бор.

Рамазон ойига бағишланган аудио-видео материалларни интернет тармоғидаги «ITV.uz» сайтидан рўйхатдан ўтган ҳолда телеканал кўрсатувларини томоша қилиш мумкин. Мобил қурилмалар учун эса «ITV.uz» мобил дастурини кўчириб олиш керак бўлади. Яна бир қулайлик, «ITV.uz» сайти TAS-IX тармоғида жойлашган бўлиб, ундаги материалларни интернет трафиги сарфламасдан бепул кўриш мумкин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top