www.muslimuz

www.muslimuz

✅ Бугун, 26 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ таниқли уламолар пешин намозига Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги масжидларга ташриф буюриб, ҳудуд мўмин-мусулмонларига илмий-маърифий суҳбатлар ўтказишлари режа қилинган.

? Уламоларимиз бугун пешин намозига Ургут туманидаги қуйидаги масжидларга боришлари кўзда тутилган:

? “Ургут марказий” масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари;

? “Шайх Муҳиддин ” масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакили ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов;

? “Ғовсул Аъзам” жомесига Тошкент шаҳар “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби Исмоил домла Муҳаммад Содиқ;

? “Бешкапа 1” жомесига Тошкент шаҳар “Баланд” масжиди имом-хатиби Аъзамжон домла Эргашев;

? “Боғишамол” жомесига Тошкент шаҳар “Имом Термизий” масжиди имом-хатиби Исоқжон домла Бегматов;

? “Бешкапа-2” жомесига Тошкент шаҳар “Исломобод” масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ домла Юлдошев;

? "Мулла Бобомурод" жомесига Тошкент шаҳар “Тўхтабой” масжиди имом-хатиби Зокиржон домла Шарифов;

? “Ғиштли” жомесига Тошкент шаҳар “Дорул омон” масжиди имом-хатиби Абдулҳамид Жуманов;

? “Баҳрин” жомесига Тошкент шаҳар “Кўкча Оқтепа” масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ Ғуломов;

? “Ғойиб ота” жомесига Тошкент шаҳар “Али ибн Абу Толиб” масжиди имом-хатиби Фазлиддин Аллаёров;

? “Ғузни маҳалла” жомесига Тошкент шаҳар “Яккасарой” масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Ташанов;

? “Домла Қурбон” жомесига Тошкент шаҳар “Усмон бин Маъзун” масжиди имом-хатиби Ўткир домла Ҳакимов;

? “Ёқуб Охун” жомесига Тошкент шаҳар “Бешқайрағоч” масжиди имом-хатиби Билол қори домла ибн Султонмурод;

? “Имом Ҳасан маҳалла” жомесига Тошкент шаҳар “Коҳ ота бузрук” масжиди имом-хатиби Абдуҳаким домла Пирназаров;

? “Ипакли” жомесига Тошкент вилояти “Абу Бакр Сиддиқ” масжиди имом-хатиби Нурали домла Мавлонов.

? Аллоҳ таоло уламоларимизнинг ташрифларини хайрли ва манфаатли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

#УЛАМОЛАРНИНГ_ТАШРИФИ #САМАРҚАНД

Хабар берганимиздек, бугун, 25 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Самарқанд шаҳрига ташриф буюрдилар.

Муфтий ҳазратларини Самарқанд темир йўл вокзалида вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов кутиб олиб, сафар давомида ҳамроҳлик қилмоқда.

Ташриф давомида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари “Хўжа Исҳоқи Вали” масжидида бўлиб, жамоат билан пешин намозини адо этдилар.

Намоз ва дуолардан сўнг Зайниддин домла Эшонқулов жамоатга Муфтий ҳазрат бошчилигидаги уламолар ташрифи, уларнинг маъруза, панд-насиҳатларидан фойда олишга ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида гапирди. Шунингдек, Муфтий ҳазратга ташриф учун миннатдорлик билдириб, мавъиза қилиб беришлари учун минбарга таклиф этди.

Муфтий ҳазратлари сўзлари аввалида вилоятга ташрифнинг илк учрашувидаёқ ушбу жоме қавми билан суҳбат бўлаётганидан хурсанд эканлари, уламолар олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар ишитирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказиш, ҳудуд аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш ҳам кўзда тутилганини баён қилдилар.

Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари холис амалнинг икки дунёда фойдаси, аксинча риё, сумъа аралашган амалнинг офати ҳақида оят-ҳадис ва ҳаётий мисоллар ила гўзал маъруза қилиб бердилар. Жумладан, Аллоҳ учун қилинган амал дуо мустажоб бўлишига васила эканини айтиб, қуйидаги ибратли воқеани сўзлаб бердилар:

“Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч киши пиёда йўлга чиқди. Кейин ёмғирда қолиб, тоғдаги бир ғорга кириб олишди. Бирдан олдиларига (ғор оғзига) бир харсанг тушди. Шунда улар бир-бирларига: «Аллоҳга ўзингиз қилган энг афзал амал ила дуо қилинглар», дейишди. Улардан бири: «Аллоҳим! Менинг ёши улуғ, кекса ота-онам бор эди. Мен чиқиб, қўй боқар эдим, кейин келиб, сут соғар ва уни ота-онамга олиб келар эдим. Уни улар ичишарди, сўнгра гўдакларим ва аҳлу аёлимга ичирар эдим. Бир кеча ушланиб қолдим. Келсам, икковлари ҳам ухлаб қолишибди. Уларни уйғотгим келмади. Болалар эса оёғим остида изиллаб йиғлашар эди. Мен ҳам, ота-онам ҳам тонг отгунча шу ҳолда бўлдик. Аллоҳим, агар мени шу ишни Сенинг розилигингни истаб қилган, деб билган бўлсанг, бизга бир тирқиш очгин, ундан осмонни кўрайлик», деди. Шунда уларга тирқиш очилди. Бошқаси эса: «Аллоҳим, Ўзинг биласанки, мен амакимнинг қизларидан бирини эркак кишининг аёлларни энг қаттиқ севишидек севар эдим. (Қиз) «Юз динор бермагунингча бунга етиша олмайсан», деди. Мен шунга (пулга) уриниб юриб, ниҳоят уни тўпладим. Кейин унинг икки оёғи орасига чўккалаганимда, у: «Аллоҳдан қўрқ! Ҳақини бермай туриб муҳрни очма!» деди. Шунда мен ўрнимдан туриб кетдим ва уни тарк этдим. Агар мени шу ишни Сенинг розилигингни истаб қилган, деб билган бўлсанг, бизга бир тирқиш очгин», деди. Шунда уларга учдан икки қисм очилди. Кейингиси: «Аллоҳим! Ўзинг биласанки, мен бир фарақ* маккажўхори эвазига мардикор ёллаган эдим. Кейин унга шуни берган эдим, олишдан бош тортди. Мен ўша бир фарақни атайлаб экиб, шунинг орқасидан сигирлар ва уларнинг молбоқарини ҳам сотиб олдим. Кейинроқ у келиб: «Эй Аллоҳнинг бандаси, ҳақимни бер», деди. Мен: «Анави сигир ва унинг молбоқарига бор, улар сеники», дедим. У: «Мени масхара қиляпсанми?» деди. Мен: «Сени масхара қилаётганим йўқ, улар сеники», дедим. Аллоҳим, агар мени шу ишни Сенинг розилигингни истаб қилган, деб билган бўлсанг, бизни қутқаргин», деди. Шунда уларга (йўл) очилди». * Фарақ – ўн олти ратл (олти ярим литрдан кўпроқ) сув сиғадиган мис идиш. У Ҳижозда шу ном билан юритилган” (Икки шайх ва Насаий ривояти).

Суҳбат давомида Муфтий ҳазратлари ушбу ҳадисдаги воқеани мисол қилиб ҳар ким ўзига менинг ана шундай фақат Ҳақ таоло розилиги учун қилган амалим борми, дея савол бериши лозимлигини таъкидлади. Мазмунли ва таъсирли маърузани қавм диққат билан тинглаб, кўзлари намланиб, қалблари юмшади. Шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Якунда Ҳақ таолодан юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб дуои хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

lundi, 25 juillet 2022 00:00

Исломда кийиниш одоби

Ислом инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралар ичида либос масаласи ҳам бор. Бу масалада инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартаба экани, гўзаллик ва зийнат экани бир нечта китобларимизда зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади: «Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар» (26-оят).

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадигани ҳисобланади. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шунингдек, либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ кийган инсон зийнатли ҳисобланади.

Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо барча соҳада ҳаддида турмаган инсон бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлади. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айнан авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина кийдилар. Бу эса юксак инсоний шарафни ерга урадиган ҳолатдир. Шунинг учун ҳам Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди.

Бошқа динлар, тузумлар ва халқларнинг бу борадаги тасарруфларига қарайдиган бўлсак, Исломдаги каби мўътадилликни кўрмаймиз. Улар ёки у тарафга, ёки бу тарафга оғиб кетган бўладилар.

Уларнинг баъзилари еб-ичиш, кийиш ва садақа ишларида тарки дунё йўлини тутиб, имкони бор нарсани қилмасдан, ўзини ўзи қийнайди. Албатта, ҳозирда бу тоифадагилар оз.

Баъзилар эса ҳаётни еб-ичиш, кийинишу ўйин-кулгидан иборат, деб хаёл қилади. Бутун имкониятларини мазкур нарсаларга сарфлайди.

Еб-ичишда ҳам, кийинишда ҳам, садақа қилишда ҳам доимий ва чегарасиз равишда исрофга йўл қўядилар. Энг ёмони, бу масалада дунёқарашлари нотўғри бўлгани сабабли ейдиган таомлари, ичадиган ичимликлари, киядиган кийимлари ва қиладиган садақалари ила манманлик, мутакаббирлик қиладилар. Ҳозирда худди шу тоифа кўпчиликни ташкил этади.

Минг афсуслар бўлсинким, баъзи мусулмонлик даъвосини қилиб юрганлар ҳам Ислом таълимотларидан узоқлашиш, уларга амал қилмаслик оқибатида бу масалада хатога йўл қўядилар. Оқибатда турли-туман муаммолар келиб чиқади.

 

Манбалар асосида тайёрланди

 Сўфиев Абдулҳаким

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Поп тумани бош имом-хатиби

Айни кунларда Макка шаҳрида тоат-ибодатда бўлиб турган ҳожиларимиз билан маърифий суҳбатлар ўтказилмоқда.

Ана шундай мазмунли учрашув Жиззах вилоятининг 8 та (1-8) гуруҳидаги 400 га яқин зиёратчи учун ташкил этилди. Унда ҳожилик мақоми ва унга муносиб бўлиш каби мавъизалар билан бирга юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишлар мазмун-моҳияти, уларнинг барчаси инсон қадри учун амалга оширилаётгани, ҳожиларимиз Ватанга қайтгандан сўнг маҳаллалар ҳаётида фаол иштирок этиши, ўзи яшаётган жойда одамларга намуна бўлиши, ёшларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиши, нотинч бўлиб турган оилаларга соғлом муҳитни олиб кириши, бир сўз билан айтганда, эзгулик тарғиботчиси, маҳалла фаоли ва суянчи бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Суҳбат давомида ҳожилар ҳам сўз олиб “Ҳаж – 2022” мавсуми жуда гўзал бўлгани, ишчи гуруҳи, элликбошилар юқори даражада хизмат кўрсатишгани эътироф этилиб, бунинг учун Юртбошимиз ва мутасаддиларга миннатдорчилик изҳор этишди. Шунингдек, диёрга қайтгач, одамларни яхшиликка чорлаш, ёмонликдан қайтаришда фаол бўлишларини таъкидлашди. Якунда хайрли дуолар қилинди.

Эслатиб ўтамиз, зиёратчиларимизнинг юртга қайтиб келишлари 4 августга қадар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
#Ҳаж2022
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Page 66 sur 637

Видеолавҳалар

Top