www.muslimuz

www.muslimuz

jeudi, 19 mai 2022 00:00

Ҳақиқий ишқ

“Муҳаббат” сўзи “ ҳубб” созининг ўзагидан олинган бўлиб, лозим тутиш ва сабот маъноларини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим тутади ва унда собит туради.

Муҳаббатнинг истеълоҳий маъноси ҳақида уломолар бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:

Роғиб: “Муҳаббат нафснинг ўзи яхши деб билган ва гумон қилган нарсага мойил бўлишидир. У икки хил бўлади. Бири табиий бўлиб, у инсонда, ҳайвонда ва гоҳида жонсиз нарсада ҳам бўлади. Бошқаси ихтиёрий бўлиб у фақат инсонга хос бўлади “, деган.

Кафавий: “Муҳаббат ҳаддан ошган розиликдир. У икки қиимдан иборатдир. Биринчиси ҳар бир мукаллафда бўлади. У иймонда лозим ва лобуд нарсадир. Унинг ҳақиқати Аллоҳ таоладан келган нарсанинг ҳукмига ва тақдирига бўйсунган ҳолда, ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилишдир. Иккинчиси фақатгина мақомат эгаларида бўлади. Унинг ҳақиқати қазо қилинган нарсадан қалбнинг қувонч ва сурурга тўлиши ва розилигидир”, деган.

Жалолиддин Румий шундай дейди: “Тўғри, муҳаббат олам гардишини айлантирмайди. Муҳаббат шу гардиш айланишига маъно бағишлайди”.

Инсон ҳар бир аъзосининг алоҳида вазифаси бор. Масалан, кўзнинг вазифаси кўриш, қулоқники эшитиш, тилга сўзлаш вазифаси юклатилган, қалбнинг иши эса севишдир. Қалб ё Аллоҳ таолони севади ёки У зотнинг маҳлуқларини яхши кўради. Банданинг қалбида ё охират ё дунё муҳаббати бўлади. Охиратнинг муҳаббати билан қалб яхшиликларга шошади. Дунё муҳаббати борасида эса, ҳадиси шарифда бундай таърифланади: “Дунё муҳаббати барча ёмонликларнинг бошидир”.

Муҳаббат - бу инсон табиатини завқлантирувчи туйғудир. Муҳаббат энг олий даражаси ИШҚ дейилади.

Илоҳий ишқ сувга ўхшайди. Агар сув бўлмаса, дарахт ям - яшил бўлиб ўсмайди. Унга сув қуйилсагина у гуллайди, мева беради. Инсондаги илоҳий ишқ ҳам дарахтнинг суви кабидир. Агар инсонда илоҳий ишқ бўлса, унинг иймони гуллай бошлайди ва ундан мўминлик ифори таралади ва ён - атрофни ҳам ўраб олади.

Аллоҳ таоло: “Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур”, деган. Марям сураси 96-оят

“Аллоҳ сизни севадир” Оли Имрон 31-оят

Мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам улуғроқ бахт, саодат борми!

Айтадиларки, ҳақиқий муҳаббат 3 нарсада билинади:

- Севган суйганининг сўзини бошқаларнинг сўзидан устун қўяди;

- Севган суйганининг суҳбатини бошқаларнинг суҳбатидан устун қўяди;

- Севган суйганини мамнун этишни бошқаларни мамнун этишдан устун қўяди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон Аллоҳ бир бандасига муҳаббат қилса, Жаброилни чақириб: “Мен фалончига муҳаббат қилдим. Сен ҳам унга муҳаббат қил”, дейди. Бас, Жаброил унга муҳаббат қилади ва осмонга нидо қилиб:“ Аллоҳ фалончига муҳаббат қиладир. Сен унга муҳаббат қил!” дейди. Шунда аҳли осмон унга муҳаббат қилади. Сўнгра унинг учун ер аҳлида қабул йўлга қўйилади. Қачон Аллоҳ бир бандани ёмон кўриб қолса, Жаброилни чақириб: “Мен фалончини ёмон кўрдим. Сен ҳам уни ёмон кўр”, дейди. Бас , Жаброил уни ёмон кўради ва осмонга нидо қилиб: “Албатта, Аллоҳ фалончини ёмон кўради. Сен уни ёмон кўр !” дейди. Шунда аҳли осмон уни ёмон кўради. Сўнгра унинг учун ерда ёмон кўриш йўлга қўйилади.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий шундай деган:” Аллоҳ севгисининг аломати Қуръон севгисидир. Қуръон севгисининг аломати Пайғамбар севгисидир. Пайғамбар севгисининг аломати унинг суннатига ва гўзал аҳлоқига тобе бўлмоқдир. Суннатга тобе бўлишликнинг аломати охират ҳаётини унутмаслик. Охират ҳаётини унутмасликнинг аломати дунёга ҳирс қўйишдан , ҳаромдан қочишдир.

Муҳаббатнинг зидди – ғазаб, нафрат, ёмон кўришдир. Ғазаб араб тилида “шиддатли”, “қаттиқ” деган маъноларни англатади.

Уламоларимиз ғазабни шундай таърифлайди: “Ғазаб – бу озор етказган томондан интиқом ҳосил қилиш”. Ғазаб Аллоҳ таолонинг феълий сифатларидан бири бўлиб, У Зотнинг жалолига мувофиқ бўлади.

“ … Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.

Аллоҳга нисбатан содир этилган илк гуноҳ нима эканини биласизми? Кибр! Ҳа, Иблисни Аллоҳнинг буйруғига қарши чиқишига ундаган нарса кибр эди: “Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга : “Одамга сажда қилингиз!- деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди” ( Бақара сураси, 34-оят). Шунинг учун Аллоҳ ушбу шайтоний хулқни ва бу разил иллат билан хулқланганларни суймайди.

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ “Нисо” сурасидаги 34-оятни шарҳлаб, шундай ёзган. “ Кибрли” сўзи “ Ихтияалун” ўзгидан олинган бўлиб, бир нечта маъноларни англатади:

- Мутакаббир;

- Ўта ёлғончи, фирибгар;

- Гердайиб юрувчи;

- Ёмон сўзни ошкора айтувчилар

“Аллоҳ ёмон гапни ошкор қилишни хуш кўрмайди. Магар мазлумдан бўлса, майли. Аллоҳ эшитувчи ва билгувчи Зотдир. Нисо сураси, 148-оят

Ушбу оятда Аллоҳ суймаган бандаларнинг яна бир сифати баён қилинган.У ҳам бўлса, ёмон сўзни ошкора айтиш. Аллоҳни севган итоаткор банда бундай номақбул сўзларни айтмайди,бировларни ғийбат қилмайди,ҳатто бу каби сўзларни ҳаёлига ҳам келтирмайди.

Мулла Али Қори айтади: ”Агар банда Аллоҳнинг ҳамма нарсани эшитиб билиб туришини билганида эди, нафс тарғиб қилган кўп сўзларни айтишдан ҳаё қилган бўлар эди. Ҳикматли нақлда айтилганидек, ҳақни мақташни одамларни ёмонлашдан устун билмаган инсон комиллик даражасига ета олмайди”.

Мужоҳид айтади: Ёмон сўзни ошкор қилиш – бир одам меҳмонга борса-ю, мезбон уни яхши зиёфат қилмаса, у у ердан чиқиб, фалончи мени ҳурматимни жойига қўймади, яхши зиёфат қилмади”, деб гапиришидир.

Бугун Аллоҳ таолодан мол-дунё сўрайдиганлар кўп. Обрў-мартаба сўрайдиганлар ҳам етарлича топилади.Лекин У зотдан Ўзини сўрайдиганлар афсуски жуда оз.Икки кафтини очиб: Ё Роббим! Мен Сенинг розилигингни сўрайман.Мен Сенинг муҳаббатингни сўрайман”деб дуо қиладиганлар кам учрайди.Агар киши обрў-мартаба,хотин,бола-чақа,борди-ю ҳатто бутун дунёнинг молини сўрасалар ҳам аслида улар Аллоҳ таоладан ҳеч нарса сўрамабдилар. Дунё матоҳларининг барчаси Аллоҳнинг ишқи олдида арзимас нарсадир. Шунинг учун бутун вужудимиз билан Ундан томиримиздан гуноҳ илдизларини суғуриб ташлайдиган Ишқини сўрайлик!

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

4- курс талабаси Алимова Одина

Бугун, 19 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоевлар “Декларациялар мулақоти” номли халқаро анжуманда қатнашиш учун Бухоро вилоятига ташриф буюрдилар.

Диний соҳа раҳбарлари ушбу вилоятдаги сафарларини эрта тонгдан табаррук масканлардан бири Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилишдан бошладилар.

Зиёрат асносида ўтганлар хотирасига Қуръони карим оятлари тиловат қилинди. Муфтий ҳазратлари Аллоҳ таолодан юртимизга тинчлик-фаровонлик, халқимизга саломатлик ва саодат тилаб дуо қилдилар.

Сафар тафсилотини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда кузатиб боринг!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

917-CАВОЛ: Мен танишимга 3 йил муддатга нехиа3 автомабилини насия савдога 9540 долларга сотдим. Хозиргача 3500 доллар берди. Мен закотни 3500 доллардан чиқараманми ёки 9540 доллардан?

 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Сиз умумий ҳаққингиз бўлган 9540 дан закот чиқарасиз. Агар олган 3500 пулингизни эҳтиёжларингизга ишлатиб юборган бўлсангиз, уни чиқариб юбориб, қолган суммадан закот чиқарасиз.

أَرْبَعِينَ دِرْهَمًا مِنْ الدَّيْنِ الْقَوِيِّ كَقَرْضٍ وَبَدَلِ مَالِ تِجَارَةٍ فَكُلَّمَا قَبَضَ أَرْبَعِينَ دِرْهَمًا يَلْزَمُهُ دِرْهَمٌ.

“Билинки, Имом(Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ)нинг наздида қарзлар уч хил бўлади: Кучли, ўрта, заиф. Қарзлар нисобга етиб, бир йил тўлса, қарзлардан закот бериш вожиб бўлади. Лекин, тезда эмас. Балки қарз, тижорат молининг бадали каби кучли қарзлардан энг камида қирқ дирҳам қўлига текканда (ундан бир дирҳам) закот беради. Қачон қирқ дирҳам олса, ундан бир дирҳам закот чиқариб бораверади (Қўлига тегмаган қарзларидан то қўлига тегмагунича закот бермай турса бўлади. Қўлига теккач ўтган йилларнинг закотини беради)” (Роддул муҳтор). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази Бош котиби Туркий Муҳаммад аш-Шувайъир билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Т.Шувайъир сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан яхши хабардор эканлигини маълум қилар экан, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги икки томонлама алоқалар сифат ва мазмун жиҳатидан кун сайин ривожланиб бораётганини айтди.

“Икки давлат тегишли вазирлик ва идоралари вакилларидан иборат делегацияларнинг ўзаро амалий сафарлари тобора фаоллашаётгани, эришилаётган келишувлар ва ўтказилаётган тадбирлар бу фикрни яққол тасдиқлайди. Жумладан, Ўзбекистон ва Саудия Арабистонидаги илмий-таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланиб бораётир, улар ўртасида ҳамкорликка оид имзоланаётган Англашув меморандумлари ҳар икки томон манфаатларига бирдек хизмат қилади”, деди у.

Бош котиб 2021 йил январь ойида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази ўртасида имзоланган Англашув меморандуми асосида ҳозирги кунда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича қатор ижобий натижа ва муваффақиятларга эришилганлигини таъкидлади.
У мамлакатимиз буюк аллома ва мутафаккирларга бешик бўлгани, улар Ислом цивилизацияси равнақига улкан ҳисса қўшганларини қайд этар экан, ўзининг Ўзбекистон заминига сафари унутилмас таассуротларга бой бўлганини маълум қилди.

Суҳбатдош ҳозирги кунда Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази дунёнинг бир неча давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатгани, улар билан ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилгани, марказ томонидан нашр этиладиган нашрлар ҳамда Марказдаги қўлёзмаларни асраш, рақамлаштириш ва архивлаштириш бўйича ихтисослаштирилган бўлинмалар фаолияти ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашди.

Учрашув доирасида икки давлат илмий-таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада жадаллаштириш ва уларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш бўйича элчихона томонидан қатор таклифлар ўртага ташланди.

Т.Шувайъир мазкур таклифларнинг Саудия Арабистони тадқиқот марказлари ва таълим муассасалари учун муҳим эканлигини инобатга олиб, уларни муҳокама этиш мақсадида Ўзбекистондан келадиган делегация аъзоларини кутиб олишга тайёр эканлиги ва бўлажак сафар самарали ўтиши учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этажагини маълум қилди.

Бош котиб Т.Шувайъир Ўзбекистон Ислом цивилизация марказининг Подшоҳликда филиалини очиш, Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари марказининг кутубхонасини эса Тошкентда барпо этиш таклифларни қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази томонидан чоп этиладиган китоб ва журналларни ҳам Ўзбекистонга тақдим этишга тайёр эканлигини билдирди.

Учрашув якунида Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари марказига Саудия Арабистони Подшоҳлигида араб тилида чоп этилган “Ўзбекистон – уламолар замини. Имом Бухорий юртига саёҳат” номли китоб туҳфа этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясида турли мамлакат диншунос олимлари ва амалиётчи мутахассислари иштирокида ўтаётган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумида кўплаб халқаро экспертлар фикр-мулоҳаза билдиришмоқда, хабар бермоқда ЎзА.


Крис Сайпл, АҚШ Глобал ҳамкорлик институти президенти:

— Диний эътиқод эркинлиги мавзусини муҳокама қилиш, мавжуд барча анъаналарга муносабат билдириш мақсадида Тошкентда йиғилдик. Дарвоқе, мен AҚШ ва Ўзбекистон муносабати ҳақида диссертация ёзганман. Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан сўнг амалга оширилаётган ислоҳотлар ақл бовар қилмас даражада тез ва самарали тус олди.

Бутун дунё ана шу тараққиётни, мамлакатнинг БМТ фаолиятидаги етакчилигини, масалан, маърифат ва бағрикенглик резолюцияси қабул қилинганини эътироф этмоқда. Эндиликда биз қонунчилик соҳасида, кишилар вақтида ўз фикрини билдира олишини таъминлаш йўлида ишлаяпмиз. Бу галги халқаро форум давомида алоҳида аҳамиятга эга муҳим халқаро ҳужжат – “Бухоро декларацияси” қабул қилиниши кутиляпти.

Мазкур ҳужжат аввалги Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунто-дел-Эстеда декларацияларини тўлдиради, деган умиддаман. Анжуман диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро даражада қарор топтиришга Ўзбекистоннинг салмоқли ҳиссаси бўлиб қўшилиши аниқ.

 

Умар Санд Аҳмад, Гана қуролли кучлари бош имоми, мамлакатнинг Мисрдаги собиқ элчиси:

– Ўзбекистонда эканимдан жуда мамнунман. Умуман, республикада амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳайратдаман. Аминманки, нуфузли халқаро форумнинг асосий натижаси бўлиши кутилаётган “Бухоро декларацияси” Ўзбекистонда яшаётган турли дин вакиллари эътиқод эркинлигини янада мустаҳкамлайди. Бу заминдан жаҳонга машҳур Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Мотуридий каби буюк зотларни етишиб чиққан. Юртимга қайтгач, ҳаммага “Ислом дини маркази”да бўлганимни айтиб бераман.

 

 

Жеймс Чен, АҚШ Глобал жалб қилиш институти вице-президенти:

– Ўзбекистонда 3-марта бўлишим. Илк бор 2018 йил келганман. Ҳар ташрифим давомида мамлакатда эътироф этса арзигулик ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўляпман. Юртингизда маданиятлараро диний саводхонлик борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, диний қатламга эътибор йилдан-йилга ортмоқда. Мазкур форум турли дин вакиллари эътиқод эркинлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинлигини халқаро миқёсда фаол тарғиб этишга ёрдам бериши шубҳасиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Page 78 sur 637

Видеолавҳалар

Top