www.muslimuz

www.muslimuz

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркия давлатига сафарлари давомида Туркий давлатлар ташкилоти директори Бағдод Амраев билан учрашдилар.

Мулоқотда томонлар ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, келгусида амалга ошириши лозим бўлган вазифалар ва мўмин-мусулмонлар бирдамлиги янада мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашдилар.

Хусусан, бугун инсоният турли муаммоларга дуч келаётган бир пайтда Ислом уламоларининг ҳамжиҳатлиги ва мусулмон умматининг бирлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани, шу маънода ўтказилган тарихий йиғилишнинг амалий аҳамияти жуда юқори экани қайд этилди.

Бағдод Амраев Ўзбекистонга ташрифи чоғида жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлгани, диний-маърифий, ижтимоий-иқтисодий каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ эканини эътироф этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Мматбуот хизмати

15 апрель куни шом намози адо этилиб, ифторлик қилингач, Туркий давлатларнинг дин пешволари хуфтон ва таровиҳ намозларини адо этиш учун “Абу Айюб Ансорий” масжидига ташриф буюрдилар.

Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош ҳуфтон ва таровеҳ намозларини ўқиб берди. Шундан сўнг, ушбу муҳташам ва табаррук жомеда йиғилган бир неча ўн минглаб намозхонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Рамазон ойи фазилатлари ҳақида мавъиза қилиб бердилар.

Мана шундай шукуҳли, дуолар ижобат бўладиган фурсатларда дин пешволари таровиҳ намозларида юртларимиз ҳақига кўплаб дуолар қилдилар. Мусулмонларнинг бирдамлиги янада мустаҳкам бўлишини Аллоҳ таолодан сўрадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Muslim.uz
#Халқаро_анжуман #Муфтий #Туркия #Сафар
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Бугун, 15 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг I йиғилишида иштирок этиб, бугун мусулмон олами олдида турган муҳим масалалар юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдириб, бир қатор таклифларни илгари сурдилар.

Муфтий ҳазратлари нутқларида қуйидаги муҳим жиҳатларга алоҳида диққат қилдилар:

“Бугун мўмин-мусулмонлар иттифоқлиги ҳар қачонгидан ҳам бугун жуда муҳим бўлмоқда. Қуръони каримнинг бир неча оятларида Ислом умматини бирлашишга чақиради. Ҳақ таоло айтади: “Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!” (Оли Имрон сураси 103-оят). Бошқа ояти каримада: “Албатта, мўминлар ўзаро биродардирлар...” (Ҳужурот сураси 10-оят), дейилади.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзаро ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида қуйидаги таклифларни билдираман:

Биринчи, халқларимизнинг урф-одати, ҳаёт тарзи азалдан муштарак бўлган. Шу боис, бугунги глобаллашув ва таҳдидлар зўрайган даврда мўмин-мусулмонлар эътиқодий бирлигини таъминлаш ҳамда иттифоқлигини мустаҳкамлаш мақсадида, Туркий давлатлар диний идоралариаро Фатво ҳайъатини ташкил этишни таклиф этамиз.

Охирги 5 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон уламолари билан Рамазон ойи, Ийдул Фитр ва Ийдул Азҳонинг биринчи куни, намоз вақтларини аниқлаш ҳамда замонавий шаръий масалаларда фатво ишлаб чиқишдаги ҳамкорлигимиз ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Мазкур Фатво ҳайъатини ташкил этиш орқали ушбу ишларнинг фаолият кўлами ва жўғрофияси янада кенгайиб, туркий халқлар ҳамжиҳатлигини оширишга эришилади, инша Аллоҳ.

Иккинчи, ҳозирги мураккаб замонда Имом Мотуридий ақидавий таълимотларининг нақадар пухталиги ва Ҳанафий мазҳабининг шаръий масалалари ниҳоятда халқчил эканини англаб етилмоқда. Аллоҳга шукрки, қадимдан туркий халқларимиз ақидада Имом Мотуридий йўналишига, фиқҳда Абу Ҳанифа мазҳабига эргашадилар.

Ақидамиз ва мазҳабимизга турли томондан таҳдидлар бўлаётган бир паллада Имом Мотуридий ва Ҳанафий мазҳаби таълимотларини халқларимиз онгу-шуурига чуқур сингдириш мақсадида, ҳар йили бир марта Имом Мотуридий таълимотларини тадқиқ этиш ва кенг ёйишга бағишланган Туркий давлатлар уламоларининг Форумини ўтказиш, шунингдек, йилда бир марта Ҳанафий мазҳаби мўътадиллигини кенг тараннум этадиган Туркий давлатлар уламолари Симпозиумини ўтказишни таклиф этамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Имом Мотуридий таълимотларини тадқиқ этишга бағишланган биринчи Туркий давлатлар уламолари Форумини ушбу аллома туғилиб, ижод этган Самарқанд заминида ташкил этиш таклифини тақдим этамиз.

Учинчи, Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий, Имом Термизий ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий марказлар ташкил этилиб, ислом уламолари асарларини тадқиқ этиш ишлари йўлга қўйилди. Бундай ишлар қардош давлатларда ҳам олиб борилаётганидан хабаримиз бор. Шу боис, мана шундай тадқиқ этилган нодир ва ноёб асарларни қардош тилларга ҳам таржима қилиш ва мўмин-мусулмонларга етказиш каби илмий лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этаман.

Тўртинчи, сўзга чиққан нотиқлар қайд этганларидан маълум бўлмоқдаки, бугунги глобаллашув даврида диний соҳа ходимларининг масъулияти янада ошиб бормоқда. Шу боис, диний кадрларни касб-маҳоратларини ошириш борасида ҳам соҳа ходимларининг тажриба алмашишларини жорий этиш яхши натижаларни беради.”

Муфтий ҳазратларининг таклиф ва мулоҳазалари анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотиб, бу таклифларни бир овоздан маъқулладилар.

Айниқса, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош амалий ва долзарб аҳамиятга эга бўлган мана шундай таклифлар учун миннатдорлик билдириб, уларни амалги оширишда борасида барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг I йиғилиши якунланганидан сўнг дин пешволари Истанбул шаҳрининг марказида жойлашган “Айюб Султон” мажмуасига ташриф буюрдилар.
Дастлаб анжуман иштирокчилари мазкур мажмуада жойлашган масжидда шом намози ўқидилар. Шом намозига муфтий Нуриддин домла ҳазратлари имомлик қилдилар.
Намоздан сўнг Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари “Айюб Султон” зиёратгоҳига ташриф буюриб, саҳоба Абу Айюб Ансорийнинг руҳи покларига Қуръон тиловат қилиб, у кишининг ҳақига дуолар қилдилар.

Тарихий маълумотларга кўра, Истанбул тупроқларига саҳобалар фатҳ мақсадида илк марта мелодий 668 йил келишган. Бу қўшин таркибида 63 саҳоба ҳам бўлган. Шу жангда саҳобалардан Абу Айюб ал-Ансорий ва Абу Шайба ал-Ҳудрий шаҳид бўлганлар.

Абу Айюб Ансорийнинг васиятига кўра, у Константинополь деворлари остига дафн этилган. У зотнинг қабри бугунги Истанбулнинг қоқ марказида. Бу зиёратгоҳ “Айюб Султон ота” деб аталади. Айюб Султон масжиди Истанбул фатҳидан сўнг 1558 йилда қурилган илк катта жоме масжид саналади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Muslim.uz
#Халқаро_анжуман #Муфтий #Туркия #Сафар
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

 

vendredi, 15 avril 2022 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний-маърифий соҳада хизмат қилиб келган Навоий вилояти собиқ Бош имом-хатиби ҳамда Нурота туманидаги "Чилустун" жоме масжиди имом-хатиби бўлган Насриддин ҳожи домла Атоевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум домламизни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳум домламизнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Аллоҳ таоло марҳум домламизнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Page 94 sur 637

Видеолавҳалар

Top