www.muslimuz

www.muslimuz

Кеча, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга рихлат этганлари ҳақида қайғули хабар берган эдик.

 Бугун, 16 август, душанба куни Муфтий ҳазратларининг жаноза намозлари ва таъзия маросимлари Самарқанд вилояти Иштихон тумани Орлот қишлоғи “Эшони Темирхон Тўра” (аввалги “Орлот” масжиди) жоме масжидида бўлиб ўтди.

Муфтий ҳазратларини сўнги манзилга кузатиш маросимида юртимиз ва хориждаги таниқли уламолар, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, ҳазратимизнинг қавму қариндошлари, дўсту биродарлари, шогирд ва мухлислари, бутун Ўзбекистоннинг турли жойларидан ҳамюртларимиз, хориждаги ватандошлар ва мўмин-мусулмонлардан иборат 10 мингдан ортиқ жамоат иштирок этди.

Ҳазратимиз таваллуд топган қишлоқларидаги “Эшони Темирхон Тўра” жоме масжидида пешин намозидан сўнг таниқли уламолар, муфтий ҳазратнинг шогирдлари у кишининг ҳаёти ва фаолияти, динимиз ривожига қўшган ҳиссалари, инсоний фазилатлари ҳақида ибратли маъруза қилдилар. Сўнг жаноза намози ўқилди.

Шунингдек, Республикамизнинг барча масжидларида пешин намозидан кейин муфтий ҳазратлари ҳақига Хатми Қуръонлар бағишланди, муборак Қуръон оятлари тиловот қилинди, минг-минглаб мўмин-мусулмонлар Ҳақ таолодан кўзларида ёш, дилларида ўтинч билан дуои-хайрлар қилдилар.

 Аллоҳ таоло муфтий ҳазратларининг дини мубинимиз йўлидаги беқиёс хизматлари, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин! 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳамдардлик

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари умр ҳақида бундай ёзган эдилар: «Умр инсонга берилган неъматлар ичра энг қадрлисидир. Кунлар кетидан ҳафталар, ойлар, йиллар ўтиб боряпти. Инсон умри чекланган. Шу боис уни ғанимат билиб, манфаатли ишларга сарфлаш зарур. Чунки ўтиб кетган вақтни ортга қайтаришнинг сира иложи йўқ.

Акани укадан, отани боладан, онани қиздан, бойни молдан жудо қилиб, ҳаёт лаззатларини кесадиган ўлимни эсда тутиш ва шунга яраша Аллоҳ розилиги учун ҳаракат қилиш кишининг умрига барака киритади...»

Муфтий ҳазратлари ўзларининг ана шу сўзларига амал қилиб яшадилар. Афсуски, ўлим у кишини биродарларидан, фарзандларидан, барча яқинларидан жудо қилди.

Инсон умри қанча яшалгани билан эмас, балки қандай яшалгани билан аҳамиятлидир. Чунончи, Абдураҳмон ибн Абу Бакра розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, қайси инсон яхши?” деб сўради. У зот: “Умри узун ва хайрли амаллари кўп бўлган киши”, деб жавоб бердилар» (Имом Термизий ривояти).

Ярим асрга тенг Аллоҳ таолонинг ҳаниф дини хизматида бўлиш – катта шараф, улкан бахт ва саодатдир. Ана шундай бахт ва саодатни қўлга киритган улуғ олим, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари оғир хасталикдан сўнг Раббимиз ҳузурига риҳлат қилдилар.

Ҳазратнинг ҳаёт йўлларига назар солсак, у кишида мўмин-мусулмонлар учун намуна бўладиган сифатлар, хислатлар, фазилатлар жуда кўп эди. Айниқса, ҳалимликлари, ҳар бир масалани ётиғи билан тушунтириб, мулойим муомала қилишлари биз учун ибратдир.

Ҳалимлик Расулимиз алайҳиссалом мақтаган хислатлардандир. У зот: “Албатта, Аллоҳ таоло мулойимликни яхши кўрадиган Ҳалим зотдир. У мулойимлик (соҳибига)ка қўполлик ва ундан бошқа нарса (хислат)ларга берилмайдиган нарса (ажр-мукофот)ни беради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Усмонхон Алимов ҳазратлари 15 йил муфтийлик қилган бўлсалар, ўша даврда юртимизда диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Кўплаб масжидлар очилди, мадрасалар фаолияти йўлга қўйилди. Биргина сўнгги уч-тўрт йилда пойтахтимизда бунёд этилган, қайта қурилган ўнлаб масжидларда бугун мўмин-мусулмонларимиз эмин-эркин. Яйраб-яшнаб ибодат қилишмоқда.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо айтади: «Илм кўтарилмасидан бурун уни ўрганинглар. Илм олимларнинг вафоти туфайли кўтарилади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган кишилар (қиёмат кунида) олимларга берилган каромат-даражаларни кўриб: “Кошки бизни ҳам Аллоҳ олим қилиб тирилтирса”, деб орзу қиладилар. Зеро, ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди. Илм ўрганиш таълим олиш билан эгалланади».

Муфтий ҳазрат умрини илм олишга ва маърифат тарқатишга бағишлаган олим эди, десак янглишмаймиз. У киши таълиф этган “Тафсири ирфон”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Имом Бухорий баракоти”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ёшлар – келажагимиз”, “IX–XI асрларда Самарқанда калом илмининг ривожланиши”, “Суннат ва ҳадис” каби кўплаб китоблари муқаддас динимизнинг соф ақидасини, асл мазмун-моҳиятини юртимиз мўмин-мусулмонларига етказишда асрлар оша муҳим манбалар бўлиб хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Ҳадиси шарифда: “Қайси бир мусулмоннинг сочи Исломда оқарса, унга ҳар бир оқ тола баробарида савоб ёзилади ва бир хатосини ўчирилади” (Имом Абу Довуд ривояти), дейилган.

Муфтий ҳазратлари коронавирус пандемияси туфайли вазият қалтис бўлиб турганига қарамасдан, атрофига уламоларни йиғиб, халқимизга, мўмин-мусулмонларга Исломнинг соф таълимотни етказиш, юртимизнинг чекка ҳудудларида яшаётган аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаш, имкон қадар уларга ёрдамлашиш мақсадида сафарлар уюштирдилар.

Водий вилоятларига сафарлари давомида маҳаллама-маҳалла юриб, хонадонларга кириб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга “Вақф” фондининг совғаларини улашдилар. Ана шу хайрли амаллар туфайли қанчадан-қанча оилалрга қувонч кирган бўлса, бугун оғир жудоликни эшитиб ана шу оилалар, бутун Ўзбекистон халқи катта уламосидан айрилгани туфайли қаттиқ қайғуга чўмди.

На чора, жоннинг эгаси Аллоҳ таоло. У Зот хоҳлаган пайтда омонатини қайтариб олишига шубҳа йўқ. Бизга таскин берадиган жиҳати шуки, Усмонхон Алимов ҳазратларидан халқимиз учун жуда ката садақаи жорий қолди.

Муфтий ҳазратлари жуда кўпчилик мўмин-мусулмонларнинг,  олимларнинг жанозаларини ўқиганларида бир сўзни кўп такрорлар эдилар: “Ал-бақоу лиллаҳи ваҳдаҳ”, яъни боқийлик, мангулик ёлғиз Аллоҳ таолога хосдир.

Аллоҳ таоло марҳум устозимизнинг бу дунёда қилган барча хайрли ишларига ажру савобларни кўпайтириб берсин. Охиратларини обод қилиб, у кишини набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар билан жаннатларда бирга қилсин. Ўзи ваъда қилган мукофотлар билан сийласин!

Иннã лиллаҳи ва иннã илайҳи рожиуън!

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

  1. Дард ҳам, шифо ҳам Аллоҳдан эканига қалбдан таслим бўлиш, бунга қатъий ишониш. Ҳар бир яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридандир. Бунга қалб ила таслим ва рози бўлиш лозим. Ҳар қандай синовларни розилик билан қабул қилиш мусибатларни енгишнинг гўзал муолажасидир. Аксинча, синовларга ношукрлик қилиш, жазавага тушиш мусибат устига мусибатдир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир” (Ҳадид сураси, 22-оят).

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Имоннинг юксак даражаси Аллоҳнинг ҳукмига сабр қилиш ва тақдирга рози бўлишдир”.

 

  1. Дардга шифо излаш. Шифо Аллоҳдан эканига имон келтирган ҳолда, шифога олиб борувчи ҳалол йўл ва сабабларни излаш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Даволанинглар! Аллоҳ азза ва жалла қайси бир дардни берган бўлса, унинг шифосини ҳам берган”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Албатта, шифони ёлғиз Аллоҳ беради. Қуръони каримда бундай дейилади: “Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур” (Шуаро сураси, 80-оят).

Аммо истъемол қиладиган дори-дармонимиз бир сабаб, холос. Сабабни тарк этиш бандани ҳалокатга дучор этади.

 

  1. 3. Беморлик сабабли гуноҳлар мағфират этилишига умид қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат – ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам – ғуссами, ҳаттоки тикан киришими етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, деганлар.

 

  1. Дуо қилиш.

Аллоҳ таолодан нафақат ўзингиз ёки оилангиз, балки бутун мусулмонларнинг ҳаққига сиҳат-саломатлик сўраб дуо қилинг.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки бирор ерлари оғриса муборак қўлларини оғриётган жойга қўйиб уч маротаба “Бисмиллаҳ” деб, етти маротаба бундай дер эдилар: “Аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳозиру” (Имом Аҳмад, Имом Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом барча касалликларга ва иситма чиққанида:

“Бисмиллаҳил Карийм, аъузу биллаҳил аъзийм, мин шарри кулли ҳирқин наҳҳар ва мин шарри ҳаррин нар”, деб айтишни ўргатганлар (Имом Ибн Сунний ривояти).

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кимки касал бўладими, ё соғ бўладими ҳамиша Аллоҳнинг розилигига интилиш лозим. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага Қодир, неъматларини беминнат берувчи ва ҳар нарсадан хабардор Зотдир.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

Муфтий ҳазратларини сўнги манзилга кузатиш маросимида таниқли уламолар, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, ҳазратимизнинг қавму қариндошлари, дўсту биродарлари, шогирд ва мухлислари, бутун Ўзбекистоннинг турли жойидан келган ҳамюртларимиз ҳамда хориждаги ватандош мўмин-мусулмонлар иштирок этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Халқимиз оғир жудоликка учради. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 15 август куни хасталик туфайли вафот этди.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи, ҳамдардлик сўзлари оғир жудоликка учраган кўнгилларга таскин бўлди. Марҳумнинг ҳақига дуо қилинди.

Президентимиз муфтий ҳазратнинг эзгу ишларини ёдга олди:

– Ҳаммамиз учун катта йўқотиш бўлди. Улуғ инсон эдилар. Билими, меҳнатсеварлиги, камтаринлиги билан элимизда обрў топган эдилар. Бу бало бутун дунёга азоб олиб келди, қанча йўқотишлар бўлаяпти. Қўлимиздан келган ҳамма ҳаракатни қилдик. Лекин Аллоҳнинг иродаси экан. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. У кишини яхши ном билан эслаб, ишларини давом эттириб, руҳларини шод қилайлик.

 

 

Видеолавҳалар

Top