www.muslimuz

www.muslimuz

2021 йил 10 август куни ҳижрий-қамарий ҳисобдаги янги йил – 1443 йил кириб келади ва унинг илк ойи муҳаррамнинг биринчи санаси бошланади. Одатда ушбу муносабат билан мусулмонлар бир-бирларини табриклашади.  

Луғатда “муҳаррам” сўзи ҳурматланган, ҳаром қилинган, улуғланган маъноларини англатади. Демак, Муҳаррам ҳурматли ой экан.  

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг” (Тавба сураси, 36-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни шарҳлаб: “Бу тўрт ой – Зул қаъда, Зул ҳижжа, Муҳаррам  ва Ражабдир...” деганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти). 

 Шу боис ушбу ойларида мўмин-мусулмонлар бир-бирларини ва бошқа дин вакилларини ранжитиб қўйишдан жуда эҳтиёт бўлишлари зарур. Унинг ўрнига бу ойда ҳар кимнинг ҳурматига риоя қилиши лозим.

Дарҳақиқат, муҳаррам ойи Рамазондан кейинги мартабада туради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, дедилар. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.  

Муҳаррам ойида энг улуғ кунлардан бири – Ашуро куни бор. У араб тилида “Ашур” – “ўнинчи” деган маънони билдиради. Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ “Танбиҳул ғофилин” номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: «Ашуро куни Одам алайҳиссаломнинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушиб, бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутган кундир. Сен ҳам ўша куни рўза тутишга қодир бўлсанг, албатта тутгин».

Демак, шу куни инсоният тарихида жуда кўп муҳим воқеалар содир бўлган экан. Унинг шукронасига ўша куни ўтган пайғамбарлар ва уларнинг қавми рўза тутишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳивасаллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: «Нима бу? (яъни, нима учун рўза тутяпсиз?)», дедилар. Улар: «Бу яхши кундир. Бу кунда Аллоҳ таоло Бани Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо рўза тутган», деб жавоб беришди. Шунда у зот: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман»,  дедилар ва шу куни рўза тутдилар ҳамда бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ривоят қилган). Демак, айни шу куни мусулмонлар ҳам рўза тутиши лозим.

Яна бир ҳадиси шарифда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро куни рўза тутинглар ва унда яҳудийларга хилоф қилинглар. Ундан олдин бир кун ёки ундан кейин бир кун рўза тутинглар», ­ дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилган). Шунга кўра, уламолар Ашуро кунининг рўзасига ундан олдин ёки ундан кейин яна бир кунни қўшиб рўза тутиш мустаҳабдир, дейишган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳивасаллам: «Ашуро кунининг рўзасини олдинги йил (гуноҳлари)га каффорат бўлишини Аллоҳ таолодан умид қиламан», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган). Бундай улкан савоб Аллоҳ таолонинг фазли-раҳматидир.

Уламолар беш вақт ва жума намози, рамазон рўзаси ва фазилатли кунлардаги рўзалар каби ибодатлар аввал кичик гуноҳларга каффорат бўлади, кейин эса катта гуноҳларни ҳам ювади, сўнгра банданинг даражаси кўтарилишига сабаб бўлади, деганлар.

Демак, улуғ муҳаррам ойида нафл ибодатларни кўпайтирсак, жумладан, ундаги Ашуро куни ва ундан бир кун олдин ёки кейинги кун нафл рўза тутсак, кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўламиз, иншааллоҳ.

Ашуро кунининг яна бир ажойиб фазилати бор. Мўмин-мусулмонлар бу кунларда рўзғорни бут қилиб қўйиши суннатдир. Оила аъзолари учун одатдагидан кенг-мўл сарф-харажат қилса, Аллоҳ таоло бу куннинг ҳурматидан унга йил бўйи кенглик қилиб беради.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, деганлар (Имом Тобароний ва Имом Байҳақийлар ривояти).

Аллоҳ таоло муҳаррам ойи кириши билан бошланадиган 1443 ҳижрий йилни барчамизга муборак қилсин! Бу йил ҳаммамиз учун хайру барака йили бўлишини насиб этсин.

 

Манбалар асосида

Баҳриддин Хушбоқов

тайёрлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида янги ташкил этилган “Қуръон тажвидини ўргатиш” бўлими мудири ўринбосари вазифасига Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори, таниқли блогер Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) тайинланди.

Аброр Мухтор Алий Андижон вилоятида жойлашган “Саййид Муҳйиддин Маҳдум” мадрасасидаги тайёрлов курсида таҳсил олиб, Наманган шаҳридаги “Мулла Қирғиз” (ҳозирги “Ҳидоя”) ўрта-махсус диний таълим муассасасида ўқиган. Шундан сўнг Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олган.

2008 йил Республика қорилар мусобақасида иштирок этиб, “мужаввид қорилар” йўналиши бўйича 3-ўринни олган. 2008 йил Тошкент вилояти “Олимжон ота” жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаган. 2008-2009 йилларда Хоразм вилоятидаги “Фахриддин ар-Розий” ўрта-махсус диний таълим муассасаси ўқитувчи вазифасида хизмат қилган. 2009-2011 йилларда Ўзбекистон Миллий университетининг Олий журналистика курсларида таҳсил олиб, магистрлик даражасини олган.

Машҳур аллома Изуддин Байянунийнинг “Таҳорат ва намоз ҳукмлари” номли китобини ўзбек тилига таржима қилган. “Олтин силсила” ҳадислар тўплами таржимонларидан бири ҳисобланади.

Аброр Мухтор Алий блогер сифатида ҳам катта шуҳрат қозонган. Воқеа-ҳодисаларга тезкор ва илмий асосли муносабат билдириши ҳам эътиборга моликдир.

 Ҳақ таоло Аброр Мухтор Алийга масъулиятли ва шарафли вазифасини муборак айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

фахрий доктори, қироат илми устози Алижон қори янги бўлим мудири этиб тайинланди

 Ўзбекистон мусулмонлари идорасида янги ташкил этилган “Қуръон тажвидини ўргатиш” бўлими мудири вазифасига Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори, қироат илми устози, мударрис, серғайрат олим Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Ҳайдаров тайинланди.

Маълумот ўрнида, фазилатли устоз Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли 1995 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар университетига ўқишга юборилган. 1998 йил университетнинг Эъдодия-тайёрлов бўлимини, 2001 йилда эса Санавия- бошланғич бўлимини тамомлаган.

2002–2007 йилларда Шариат ва Қонун факультетида таълим олган. 2008 – 2012 йилларда Улумул Қуръон ва қироат илмларига хосланган илм даргоҳида таҳсил олган. Ҳозирда эса Ал-Азҳар университетининг Даъват факультетида таълимни давом эттирмоқда.

Қироат илми устози Алижон қори Қуръони карим ва тажвид илми матнлари бўйича энг мўътабар уламоларнинг ижозаларини олган. Шунингдек, у дунёдаги машҳур қироат алломаларига Аллоҳнинг каломини табаррукона ўқиб берган.

Бугунги кунда қироат олими Алижон қори дунёнинг кўплаб қироат илми уламолари томонидан эътироф этилган забардаст қорилардан биридир. У ўн хил қироат соҳиби бўлиб, 30 йиллик умрини Қуръонга бағишлаган. Қуръон таълимида минглаб шогирдларнинг устози саналади.

Ислом дини манбаларида инсон Қуръонни ўрганиши бир фазилат бўлса, уни бошқаларга таълим бериши яна бир фазилатдир. Қуръонни ўрганиш − улуғ иш. Бу одамдан қунт, истеъдод ва сабр талаб қилади.

 Ҳақ таоло ҳофизи Қуръон Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғлига масъулиятли ва шарафли вазифасини муборак айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Аллоҳга шукрки, юртимиз аҳолисининг диний-маърифий эҳтиёжларини қондириш йўлида бир қатор хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Мана шундай ишларнинг узвий давоми сифатида Қуръони каримга мухлис халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Қуръон тажвидини ўргатиш” бўлими очилди.

Ушбу бўлим Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари, илмий мактаблар, тадқиқот марказлари, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида фаолият юритаётган “Қуръони карим ва тажвид” курсларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, бошқариш ва ривожлантириш каби ишлар билан шуғулланади.

Шунингдек, “Қуръони карим ва тажвид” курслари устозларини тайёрлаш, мавжудларини суҳбатдан ўтказиш, уларнинг маҳоратларини тизимли ошириб бориш ва Қуръон таълимини ўргатишдаги энг илғор услубларни қўллашда амалий кўмак беради.

Муҳтарам Президентимизнинг “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу – муваффақият бўлади. Элимизга нур келади!”, деган эдилар.

Мана шу юксак эътироф сабаб юртимизда Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш борасида жуда кенг кўламда ишлар амалга оширилди. Айниқса, Қорилар мусобақалари ўтказилиши, Мусҳафи Шариф чоп этилиши, Қуръон ва тажвид курслари фаолияти кенгайиши ва қироат илмлари кенг тадқиқ этилиши, хусусан, мазкур янги бўлим ташкил этилиши фикримизни янада қўллаб-қувватлайди.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш ҳақида Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифларида: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

 Аллоҳ таоло “Қуръон тажвидини ўргатиш” бўлими фаолиятини муваффақиятли қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин

 

Мўминлар учун ҳар куни 5 маҳал дуолари ижобат бўладиган вақт бор. Унда қилинган дуолар Аллоҳ таолонинг наздида қабулдир. Бу вақт – муаззин азон айтган лаҳзалардир. Бу ҳақда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: "Азон ва иқомат орасидаги дуо рад қилинмайди", дедилар. Шунда саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима деб дуо қилайлик?" деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таолодан дунё ва охират офиятини сўранг", дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Саҳобалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муаззинлар биздан кўра кўпроқ фазилатга эга-ми?" деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачонки азон эшитсанг, муаззин айтаётган нарсани айт. Азон тугагач эса Аллоҳга дуо қил. Сўраган нарсанг берилади", дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

Саъд ибн Абу Ваққос ибн Уҳайб Зуҳрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким муаззин айтган нарсани айтса ҳамда “ҳаййа ала” (ҳаййа алас солат ва ҳаййа алал фалаҳ) ларда “Лаа ҳавла ва лаа қуввата” деса жаннатга киради», дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачонки муаззиннинг овозини эшитсангиз, унинг айтганларини қайтаринг, сўнгра менга салавот айтинг. Зеро, ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот йўллайди", дедилар (Имом Муслим ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким азонни эшитгандан кейин “Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит таммати вас солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазийлата вабъасҳу мақомам Маҳмудан аллазий ваъадтаҳ” деса, қиёмат куни унга шафоатим ҳалол бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ким муаззинни эшитганда: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу. Розийту биллаҳи Роббан ва би Муҳаммадир Расулан ва бил Ислами дийнан” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Расулидир. Аллоҳни Робб деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар деб, Исломни дин деб рози бўлдим”) деса, гуноҳлари мағфират қилинади", дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Аллоҳ таоло Ўзига ихлос ила дуо қилишимизга тавфиқ ато этсин. Дуоларимизни қабул қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Видеолавҳалар

Top