muslimuz

muslimuz

mardi, 10 octobre 2023 00:00

Аёл меҳр билан онадир!

Қуръони карим эркагу аёлга, ҳуру қулга бирдек нозил бўлди. Оятлар сабаб синфий гуруҳлар орасидаги масофалар қисқарди, инсонлар бир-бирига яқинлашди, ғазаб босилди, хиёнат камайди, муҳаббат ва садоқат энг юқори даражага етди. Аёл хизматкорликдан турмуш ўртоқ бўлиш мақомига кўтарилди, буюмдек сотилишдан қутулди. Эркак у билан ўз камчиликларини тўлдирди, у билан бутун бўлди. Оила ҳузур-ҳаловат масканига айланди.

Жоҳилият тугади, саодат келди. Жоҳилият даврида қилган зулмидан ҳузурланганлар ҳидоят таъмини тотгач, мазлум ва мазлумаларнинг озодлиги учун курашадиган бўлдилар.

Қуръони карим: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошлардан бўлган ўтдан сақланг...” (Таҳрим сураси, 6-оят), деб хитоб қилгач, мўминлар хонадонларига жиддий эътибор қарата бошлашди. Ушбу ҳолат аста-секинлик билан алоҳида оилалардан жамиятга кўчди.

Инсонларнинг руҳида ўчмас из қолдирган Абдуллоҳлар, Анас ибн Моликлар ўша уйларда вояга етдилар. Хўш, уларни қандай оналар тарбиялади? У шундай онаки, қиблага юзланиб, саждага бош қўйган, ойнинг шуъласида юзлаб хатмлар қилган ва Қуръонга сидқидилдан, ихлос ила амал қилган! Аслида, аёл фақат фарзанд дунёга келтириши билан эмас, меҳри билан она. Она фарзандига хизмат қилишдан чарчамайди ҳам, эринмайди ҳам. “Ярим кечаси нега мени уйғотасан?” деб фарзандини уришмайди. Уйқусида ҳам, уйғоқлигида ҳам боласининг бошини силаган мушфиқ онанинг қўллари ҳамиша меҳрлидир.

Совуқ уйларни ҳам онанинг тафти иситади. Биласизми, мактабдан уйга қайтган бола биринчи бўлиб онасини сўрайди! Меҳрибон онасини кўриши, уни қучоқлаши, мактабда устозидан танбеҳ олган ёки мақтов эшитган бўлса, буни аввало волидасига айтиши керак. Чунки қалбни кўпроқ она яхши тушунади. Бола тўрт девордан иборат уйни яхши кўришининг сабаби ҳам онасидир. Бизга оёққа туришни ўргатган ҳам, қавму қариндошларга меҳрли қилиб қўйган ҳам онадир. Касаллик исканжасида азоб чекиб ётган кўз қорачиғи учун жарроҳлик хонаси ортида дуо қилаётган тўқсон ёшли момога куч берган ҳис ҳам оналик туйғусидир...

Аҳроржон ИСКАНДАР ўғли

“Мўминалар” журналининг 2023 йил 2-сонидан олинди.

mardi, 10 octobre 2023 00:00

Фаоллик ва рағбат

 

Обуна–2024  

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйининг "Ҳидоят" ва "Мўминалар" журналлари ҳамда "Ислом нури" газетасига 2023 йил учун обуна тарғиботида фаол қатнашган имом-хатибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйи муҳаррирлари Абдулатиф Абдуллаев, Азизбек Холназаров иштирок этди.

Тадбирларда мазкур нашрларга 2024 йил учун обунани уюшқоқлик билан ташкил этиш, ҳар бир хонадонга зиё кириб боришига ҳисса қўшишнинг фойдалари, савоблари ҳақида сўз борди.

Фаол имом-хатиблар "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйининг эсдалик совғалари ва ташаккурномаси билан тақдирланди.
Йиғилишлар хайрли дуолар билан якунланди. 

 

Ўз мухбиримиз

Ҳижрий 1445 йил Рабиул аввал ойи муносабати билан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида эълон қилинган “Октябрь – Сийрат ва ислом тарихи фани ойлиги” доирасида 2-курс талабалари ўртасида “Сиз Пайғамбар алайҳиссаломни танийсизми” номли сийрат мусобақаси бўлиб ўтди.

Тадбирда  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори, институт ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, профессор-ўқитувчилар ва талабалар қатнашди.

Қуръон тиловати билан бошланган мусобақа қуйидаги шартлар асосида ўтказилди:

  1. Сийратга бағишланган мақола ёки шеър ёзиш ва уни ифодали ўқиб бериш ё видеоролик тайёрлаш;
  2. Сийратга оид қисқа савол-жавоблар: “Сиз Пайғамбарни танийсизми?” китобининг 2-жузи асосида;
  3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шамоилларини баён қилиш Қози Иёзнинг “Аш-шифо” китоби асосида;
  4. Мавзуга оид саҳна кўриниши.

2-курс талабалари ўртасида ўтган “Сиз Пайғамбар алайҳиссаломни танийсизми” номли Сийрат мусобақасида қуйидаги натижалар қайд этилди:

1-ўрин: 202-гуруҳ талабалари;

2-ўрин: 201-гуруҳ талабалари;

3-ўрин: 204-гуруҳ талабалари.

Аввал хабар берганимиздек, Робиул ойи муносабати билан Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси томонидан талабалар ўртасида “Расулуллоҳ умматимиз! сийрат танлови ўтказилган эди.

“Сиз Пайғамбар алайҳиссаломни танийсизми” номли сийрат мусобақасида мазкур танлов ғолиблари ҳам тақдирланди. 19 нафар талаба қатнашган танловда қуйидаги натижалар қайд этилган эди: 

1-ўрин: Рихсибоев Абдулазим, 2-курс талабаси;

2-ўрин: Қодиров Абдулазиз, 4-курс талабаси;

3-ўрин: Икромжонов Абубакр, 4-курс талабаси.

Шунингдек, томошабин иштирокчилар ўртасида ўтказилган қисқа саволларга тез ва тўғри жавоб берган талабаларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.

Тошкент ислом иститути

Матбуот хизмати

 

Индонезияда мусулмонлар оқсоқоллари кенгаши томонидан “Динлар ва иқлим ўзгариши” мавзусида анжуман ташкил этилди.

Aнжуман доирасида “Диний эътиқодлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича хабардорликни қандай шакллантиради” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Мусулмонлар оқсоқоллар кенгаши аъзоси, Малайзиянинг собиқ Дин ишлари вазири доктор Зулкифли Муҳамад Aл-Бакри одамларни экологик муаммолардан хабардор қилишга қаратилган диний тушунча ва қадриятлар ҳақида маълумот берди.

Aл-Бакрий диннинг маънавий-ахлоқий нуфузи ва сайёрамиздаги миллиардлаб одамлар онгига чуқур таъсири туфайли ХХI асрда атроф-муҳитни муҳофаза қилишда улкан аҳамият касб этиши мумкинлигини таъкидлади, деб ёзади “Islamnews” see.news га таяниб.

Индонезиянинг “Наҳдатул-улама” ислом ташкилоти раиси ўринбосари Зулфа Мустофа диндорлар учун кўрсатма ва тавсияларни шакллантириш учун экология мавзусида диний-ҳуқуқий тадқиқотлар олиб бориш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Энди қайтиш чиптаси ва камида 6 ой амал қиладиган хорижий паспортга эга Ўзбекистон фуқаролари Қатарга визасиз ташриф буюриши мумкин.

Жорий йилнинг 5 июндан бошлаб Қатар фуқаролари учун ҳам Ўзбекистонга киришда 30 кунлик визасиз режим жорий этилди, деб ёзади Кун.уз.

Қатар ҳукуматининг электрон визалар расмий порталида Ўзбекистон визасиз кириш мумкин бўлган 101 давлат қаторига киради. Қайд этилишича, Қатарга визасиз кириш учун бир қанча шартлар мавжуд.

Хусусан, чет элга чиқиш учун паспортнинг амал қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги, ташриф буюрувчининг бошқа давлатга қайтиш ёки чиқиш чиптаси бўлиши керак.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари ушбу мамлакатда 30 кун давомида визасиз қолишлари мумкин.

Жорий йилнинг июнь ойида Қатар Aмири Шайх Тамим бин Ҳамаднинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Қатар фуқароларининг Ўзбекистонга кириши учун визасиз режим жорий қилингани маълум қилинган эди.

Мазкур фармонга мувофиқ, қатарликлар Ўзбекистонга 30 кун муддатга визасиз киришлари мумкин.

Шу йилнинг 21 август куни “Centrum Air” авиакомпанияси Ўзбекистон ва Қатар пойтахтлари ўртасида биринчи тўғридан-тўғри чартер рейслари бошланганини эълон қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top