muslimuz

muslimuz

lundi, 22 avril 2024 00:00

Аллоҳнинг ёрдами

"Мўминларга нусрат бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган" (Рум сураси, 47-оят).

Аллоҳнинг ёрдами келиши учун қилинадиган 5 шартни эътиборингизга тақдим қиламиз. Албатта, унинг сабаб ва шартлари фақатгина шу 5 та билан чекланиб қолмайди. Биз 5 тасинигина эслатиб ўтишни лозим деб топдик.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу айтадилар: "Йўлда, дастурхон атрофида, бозорда юрганингизда, қаерда бўлманг истиғфорни кўп айтишни одат қилинг. Чукни Аллоҳнинг мағфирати қаерда нозил бўлишини билмайсиз".

Шунда Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: "Биз Роббимизга истиғфор айтамиз. Лекин яна гуноҳ қилаверамиз. Истиғфор айтганидан сўнг, яна гуноҳга қайтса, сўнгра яна истиғфор айтиб кейин яна гуноҳга қайтишдан банда Роббисидан ҳаё қилмайдими?".

Ҳасан Басрий жавоб бердилар: "Шайтон мана шу борада сизни мағлуб этишни истайди. Ҳеч қачон истиғфор айтишдан тўхтаманглар!".

Қисқа истифғор калималари:

أَسْتَغْفِرُ اللهَ

Ўқилиши: “Астағфируллоҳ”.

أَسْتَغْفِرُ اللهَ وَأَتُوبُ

Ўқилиши: “Астағфируллоҳа ва атуубу илайҳ”.

أَستغفِرُ اللهَ الَّذي لا إلَهَ إلَّا هو الحيُّ القيُّومُ وأَتوبُ إليه

Ўқилиши: “Астағфируллоҳаллазий лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи”.

رَبِّ اغْفِرْ لِي وَتُبْ عَلَيَّ إِنَّكَ أَنْتَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ

Ўқилиши: “Роббиғфир лий ва туб ъалаййа иннака антат тавваабур роҳийм”.

سُبْحَانَكَ وَبِحَمْدِكَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ

Ўқилиши: “Субҳаанака ва биҳамдика астағфирука ва атуубу илайк”.

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ

Ўқилиши: “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва атуубу илайк”.

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака афуввун кариймун туҳиббул афва фаъфу ъанний”.

أَللَّهُمَّ مَغْفِرَتُكَ أَوْسَعُ مِنْ ذُنُوبِي وَرَحْمَتُكَ أَرْجَى عِنْدِي مِنْ عَمَلِي

Ўқилиши: “Аллоҳумма мағфиротука авсаъу мин зунуубий ва роҳматука аржаа ъиндий мин ъамалий”.

أسْتغفرالله ربي من كلّ ذنبٍ وأتوبُ إليه

Ўқилиши: “Астағфируллоҳа Роббий мин кулли занбин ва атуубу илайҳ”.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

lundi, 22 avril 2024 00:00

Сахийлар амири

Абдуллоҳ ибн Жаъфар саҳобалар каби Набавий тарбияни олишга мушарраф бўлди. У кўп хайр-эҳсон қиладиган, ҳалим ва хушфеъл киши эканлиги ҳақида кўплаб нақл ва ривоятлар бор. Айтишларича, уни “Жувдул баҳр” (“Саховат денгизи”) ёки “Қутбус сахо” (“Сахийлар сахийси”) дейишган. 

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳумо ҳам саховат бобида таниқли бўлишига қарамай: “Абдуллоҳ ибн Жаъфар бизни саховатга ўргатди”, дея уни мақтарди. Абдуллоҳнинг қўли очиқлиги ва жўмардлиги зарбулмасалга айланиб, баъзан уни маломат ҳам қилишган. Унинг ўзи бу ҳақда: “Аллоҳ мени бир одатга ўргатган ва мен одамларни бир одатга ўргатганман. Агар бу одатимни тарк қилсам, менга ҳам мол-дунё келмай қолишидан қўрқаман”, деган экан. Яъни Аллоҳ таоло Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларини ижобат этиб, Абдуллоҳ ибн Жаъфарга баракали мол-дунё берди. У эса шуни муҳтожларга бериб, уларни ўзига ўргатиб қўйган эди.

Кўпинча Абдуллоҳ ибн Жаъфар Муовия ибн Абу Суфённинг олдига борар, у эса Абдуллоҳни иззат-икром қиларди. Ҳазрат Муовиянинг бу иши хотини Фохита бинти Қаразага унча ёқмасди. Аёл Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо ҳақида баъзи ножоиз гапларни ҳам айтиб юборарди. Бир кеча Абдуллоҳ ибн Жаъфар уларникида меҳмон бўлди. Тун охирлаб қолганида ҳазрат Муовия Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг қироатини эшитиб уйғонди. Сўнгра хотини Фохитани ҳам уйғотиб, “Мана буни эшитиб қўй”, деб унга танбеҳ берди.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар Муовия ибн Абу Суфённинг бу ҳурматидан ўғилларидан бирига Муовиянинг исмини қўйди. Бир куни ўша Муовия ибн Абдуллоҳдан: “Отангнинг карами қандай эди?” деб сўрашади. У: “Отамнинг моли одамлардан бошқа жойда бўлмаган. Ночорлар унинг молида шерик эди. Отам ким ёрдам сўраса, уни қуруқ қўймаган. Моли камайиб кетса ҳам, асло ташвиш қилмас, ўзи муҳтож ҳолга тушса ҳам, йиғиб-тўплашни ўйламасди”, деб жавоб берди.

Абдуллоҳ халифа Муовия олдига келгани­да ҳар йили унга миллион дирҳам ҳадя бе­рарди. Шунга қарамай, Абдуллоҳ хайрияни кўп қилганидан одамлардан яна беш юз минг дирҳам қарз бўларди. Кўпинча унинг олдига қарзини сўраб келганларга: “Муовиянинг олдига бориб келгунимча сабр қилиб туринглар”, деб тинчлантирарди. Бир куни Муовия унинг бемаҳал келганини кўриб: “Нега келдинг, эй Абу Жаъфар?” деди ҳайрон бўлиб. Абдуллоҳ ибн Жаъфар эса нима бўлганини айтди. Муовия розияллоҳу анҳу: “Қарзинг қанча, эй Абу Жаъфар?” деб сўради. “Беш юз минг дирҳамга етди, эй амирал мўминин”, деди. Унга сўраган пулини бериб, миллион дирҳам одатдагидек ўз вақтида етиб боради, деб қўшиб қўйди. Ҳазрат Муовиянинг бу саховати ва ҳилми аҳли байт вакилларини қанчалик ҳурмат-эҳтиром қилишидан далолатдир.

Ҳазрат Муовия ўғли Язидга: “Мадинаи мунавварада бир дўстим бор, уни ҳурмат қил ва унга яхшилик қил”, деди. Ўғли у кимлигини қизиқиб сўради. Ҳазрат Муовия: “У Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб, Мадина шаҳрининг сахийлар амири”, деди. Ҳазрат Муовиянинг вафотидан кейин Абдуллоҳ ибн Жаъфар Язиднинг олдига келганда у отаси берганидан ҳам кўпроқ ҳадя берарди. Ибн Жаъфар унга: “Ота-онам сенга фидо бўлсин”, деди. Язид яна бир миллион дирҳам қўшиб бериб: “Аллоҳга қасамки, бундан кейин ҳеч кимга ота-онамни фидо бўлсин, демайман”, деди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар Язиднинг ҳузуридан чиқаётиб унга яна икки миллион беришни буюрди.

Бир куни Язид ўз ҳожибидан: “Бу туялар нега эшик олдида турибди?” деб сўради. Ҳожиб: “Эй амирул мўминин, бу тўрт юз туяда турли моллар келган”, деди. Язид: “Бу туяларни устидаги моллари билан Абу Жаъфарга бериб юборинглар”, деди. Муовия ҳам, унинг ўғли Язид ҳам Абдуллоҳ ибн Жаъфар бу моллардан ўзига олмай, муҳтожларга тарқатиб юборишини яхши билган.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу Набавий ҳадисларни ёд олиб, бошқаларга етказган кишилардан биридир. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Абдуллоҳ ибн Жаъфар Расулуллоҳ алайҳиссаломдан жами 25 та ҳадис ривоят қилган”, деб келтиради. Унинг ривоятидаги ҳадислар “Сунан”, “Мустадрак” ва ундан бошқа ҳадис китобларида нақл қилинган. Абу Яълонинг “Муснад”ида у ривоят қилган 18 та ҳадис ва Имом Аҳмад “Муснад”ида 22 та ҳадис мавжуд. 

“Сунан” ва “Муснад” китобларида Аб­дул­лоҳ ибн Жаъфардан марҳумга таом тайёр­лаш ҳақидаги ҳадис ривоят қилинган: «Жангда қатлга учраб Жаъфарнинг ўлими хабари келгач, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Жаъфар оиласига таом тайёрланглар, уларни машғул қиладиган иш келди”, дедилар». Намоз ва саждаи саҳв мавзуси билан боғлиқ Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ким намозда шакка тушса, салом берганидан кейин икки марта сажда қилсин”, дедилар (Имом Аҳмад, Абу Яъло ва Абу Довуд ривояти). 

Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Жаъфарга ўндан ошиқ фарзанд ато этди. У фарзандларига анбиёлар ва саҳобаларнинг исмла­рини қўйган.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ҳижрий 80 йили Мадинаи мунавварада 80 ёшида вафот этди. Жанозасида Мадина ва унинг атрофида яшайдиган тумонат одам йиғилди. 

Ўшанда шаҳар амири Абон ибн Усмон эди. У Абдуллоҳ ибн Жаъфарни ювиш ва кафанлашга ҳам бош бўлиб, жанозасини ҳам ўзи ўқиди. У тобутни “Бақиъ” қабристонига етиб боргунча бировга бермади. Кўзлари ёшларга тўлиб тураркан: “Аллоҳга қасамки, сен яхши эдинг. Ёмонлигинг йўқ эди. Аллоҳга қасамки, сен шариф, зариф ва асил эдинг”, дер эди. 

Абдикарим АБДУЛЛАЕВ,

Қумқўрғон тумани “Хўжа Мир Саид”

жоме масжиди имом-хатиби

Гуноҳи кабиралардан бири, “ёмонликларнинг онаси” бўлган маст қилувчи ичимликларни ичиш Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан тақиқланган: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?! (Моида сураси, 90-91-оятлар).

Араб тилида маст қилувчи ичимликни “хамр” деб аталади. “Хамр” луғатда “бекитмоқ”, “тўсмоқ” маъноларини билдиради. Чунки у ақлни тўғри фикрлашдан тўсади, фикр йўлини беркитади.

Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир маст қилувчи нарса майдир ва ҳар бир май ҳаромдир” деганлар (Имом Муслим, имом Насоий ва Имом Ибн Можа ривояти).

Умму Салама розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштиргувчи нарсадан қайтарганлар(Имом Абу Довуд ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Зино қилгувчи мўмин ҳолида зино қилмайди, ўғри мўмин ҳолида ўғирлик қилмайди. Ароқ ичгувчи ҳам мўмин ҳолида ароқ ичмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.

“Таъзиядаги бидъатлар”

  • “Маййитнинг кийимларини тезда тарқатиб юборинглар, акс ҳолда у дунёда кийимсиз бўлади”.
  • “52” маросимини қилиш керак, чунки маййит 52 кунда эти суягидан ажралади”.
  • “Ўликнинг ҳурмати йўқми, ҳеч бўлмаса, 20 сигача таъзияда бўлайлик”.
  • “Таъзия бўлган жойда бир йилгача тўй қилиб бўлмайди”.
  • “Ўлик чиллага тирик чиллани аралаштирмаслик керак!”.
  • “Келинингиз ҳомиладор бўлса, бармоғига ип бойлаб олсин, ҳомилага ўликнинг таъсири бўлмайди!”.

Манбалар кўп, уламоларимиз суҳбатларини тинглаш имкони яратилган ҳозирги пайтда таъзия бўлган хонадонларда юқоридагига ўхшаш ҳолатларга дуч келамиз. Афсуски, бундай бидъат-хурофотларга диний тус берилиб, ота-боболаримиздан қолган одат деб қаралади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” (Ҳаж сураси, 78-оят). Ислом енгиллик динидир.

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси.

Page 85 sur 265

Видеолавҳалар

Top