muslimuz

muslimuz

Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фуқароларни қабул қилиш куни этиб белгиланган. Сўнгги йилларда бу қабулларга ташриф буюрувчилар сонининг ортиб бораётгани юртдошларимизнинг муаммолари ечим топаётгани ҳамда мулоқотларнинг самарали бўлаётганидан далолат беради.

Ушбу хайрли анъана муборак рамазон ойида ҳам давом этмоқда. Бугун 3 апрель, фазилатли чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов идорага мурожаат ва таклифлари билан келган фуқароларни қабул қилди.

Қабулда юртимизнинг турли ҳудудларидан, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари тингланди, керакли маслаҳат ва тавсиялар берилди, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.

Самимий қабулдан мамнун бўлган фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига ўз ташаккурларини изҳор этдилар.

Эслатиб ўтамиз! Бу каби қабул жараёнлари ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликларида ҳам амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Комил мусулмон – Исломнинг фарзларига тўлиқ амал қилувчи кишидир. Зеро, динимиз бешта асос устига бино қилинган. Бу ҳақда Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ислом беш нарса устига қурилгандир: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш, Рамазон рўзасини тутиш” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда намоз ва Рамазон рўзаси бир қаторда зикр қилинмоқда.

Умуман олганда намоз ва рўза алоҳида-алоҳида ибодатлар бўлганидан намоз ўқимаган киши ҳам рўза тутиши мумкин. Лекин, ўрни келганда намозни қадри жуда юксак эканини, уни тарк қилиш катта гуноҳлигини эслатиб ўтамиз. Намоз ҳар бир балоғатга етган, ақлли кишига фарзи айндир. Қиёматда ҳам биринчи сўраладиган амалдир. Ҳар куни беш марта такрорлангани сабабли, намозни тарк қилган киши бир кунда беш марта катта гуноҳ иш қилган бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Устоз Яҳё домла Убайдуллоҳ ўғли,
''Имом ат-Термизий'' жоме масжиди имом хатиби.

«Ва Самудга биродарлари Солиҳни (юбордик). У: "Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди. Бас, Унга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим яқин ва ижобат қилгувчидир", деди» (Ҳуд сураси, 61-оят).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

«Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир" (Оли Имрон, 92).

Имом Насафий (рaҳимаҳуллоҳ) оят тасфсирида: “Муҳтожларга қилaётган инфоқ-эҳсонингиз ўзингиз яхши кўрган ва афзал деб билган мол-мулкингиздан бўлсин”, деган.

Мазкур оятнинг «...яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар...» жумласидан “Яхши бандалардан бўлолмайсиз” ёки “Аллоҳнинг ажру савобига эришолмайсиз”, деган маънолар тушунилади. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Аллоҳ розилиги учун яхши кўрган нарсасини – гарчи у бир дона хурмо бўлса ҳам – садақа қилган киши мазкур оятга амал қилган бўлади", деган. Имом Воситий (рaҳимаҳуллоҳ) эса: “Яхшилик (жаннат)га эришиш” яхши кўрган нарсаларнинг маълум қисмини инфоқ-эҳсон қилиш билан бўлади”, дейди. Муҳаммад ибн Ҳусайн (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилинади: “Имом Суддий (раҳимаҳуллоҳ): “Оятдаги “яхшилик”дан мурод жаннатдир”, деган.

Банда ўзи яхши кўрган нарсани муҳтожларга эҳсон қилса, буюк ажрга эга бўлади. Умар ибн Абдулазиз шакар сотиб олиб, уни садақа қилар эди. У зотга: “Нега шакарни пулини садақа қилиб қўя қолмайсиз?” дейилди. У зот: “Ўзим яхши кўрган нарсани эҳсон қилишни хоҳлайман”, деган.

Ўзида бўлишини хоҳлаган нарсасини, бошқага бериши кишининг имони комиллигига ишорадир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Инсон яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам илиниб, унда шу нарса бўлишини яхши кўрмагунча комил мўмин бўлолмайди", дедилар (Имом Бухорий ривояти).    

Манбаларда айтилишича, Ойша (розияллоҳу анҳо) Қуръони карим тиловат қилаётиб, «Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар оятига етганларида тўхтаб, тилла суви юритилган Мусҳафларини сотиб, пулини садақа қилиб юборганлар.

Мазкур оятнинг «...Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир» қисмини Имом Абу Жаъфар (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай тафсир қилган: “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат этиб, Унгагина ибодат қилинг. Ундан умид қилинаётган яхшилик, Аллоҳ таоло сизларни жаннатга киритиб, дўзах азобидан халос этишидир.

Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) Мадина шаҳридаги ансор саҳобаларнинг мол-мулки кўпларидан бири эди. Унинг Масжиди Набавий рўпарасида Байраҳо номли боғи бўлиб, уни жуда яхши кўрарди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам боққа кириб, ундаги булоқнинг сувидан ичар эдилар. Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: «Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар...» ояти нозил бўлган пайтда, Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, менинг энг яхши кўрган нарсам Байраҳо номли боғим. Уни Аллоҳ йўлида садақа қилдим. Мен уни охиратга захира бўлишини умид қиламан. Боғни Аллоҳ буюрган жойга ишлатинг”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сенга барака берсин! Бу жуда фойдали мол бўлди, жуда фойдали мол бўлди. Эй Абу Талҳа, уни ўзингнинг муҳтож яқинларингга сарфлашингни фойдали деб ўйлайман”, дедилар. Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу): “Боғни қариндошлари ва аммакиларининг ўғилларига бўлиб берди” (Имом Бухорий ривояти).

Ояти каримада ихтиёрий эҳсон-садақа қилишнинг меъёри баён қилинмоқда. Унга кўра, инсон инфоқ қилишда қўлидаги арзимас, яроқсиз нарсани эмас, балки, ўзига маҳбуб-севимли, сифатлисининг маълум қисмини чин кўнгил билан бериши лозим. Фарз эҳсонлар – закот ва ушр каби садақаларни эса молнинг ўртачасидан бериш лозим экани манбаларда зикр қилинган. Зеро, оятнинг сўнгида «...Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир» деб, севимли ва сифатли нарсани инфоқ қилишга тарғиб этилмоқда.

Аллома Шаъровий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «“Аллоҳ таоло банда яхши кўрган нарсасини инфоқ қилгани эвазига яхшилик – жаннатни беради. Инсон ҳақиқатда яхши кўрганини инфоқ қилгани ёки яроқсиз нарсани бергани Аллоҳ таолога маълум. Эй мўминлар, бу борада ўзингизни алдашга уринманг! Зеро, Аллоҳ қалбнинг тубида ҳаммадан яширин бўлган сирларни ҳам билур. Шунинг учун оятнинг сўнгида Нимани инфоқ қилсансиз, Албатта Аллоҳ уни билгувчидир, деб огоҳ этмоқда!»

Инсон дунёда яхши кўрган нарсасини беҳуда сарфламайди. Балки унинг ортидан яхшироқ нарсага эришишга ишонса, уни шунга сарфлайди. Демак, ўзи учун севимли нарсани дўстига эҳсон қилган киши охиратда қайта тирилиши, ҳисоб-китоб бўлиши, ажр-мукофот олиши ва берганидан кўпроғига эга бўлишига ишонади.

Эҳсон қилинадиган нарса сифатли бўлиши лозим. Ҳадяни олган одам, ўзини камситилгандек ҳис қилмаслиги керак. Балки хурсанд бўлиб, очиқ юз билан қабул қиладиган совға бўлсин. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Эй имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ Зотдир» (Бақара, 267).

Баъзи кишилар закот ёки садақа берадиган бўлсалар, сифатли ва марғуб молларидан эмас, балки нуқсонли ва паст навли нарсаларидан берадилар. Ваҳоланки, ўша нарсалар ўзларига берилса, олмаган ёки ноиложликдан олган бўлур эдилар. Бу ояти кариманинг нозил бўлишига сабаб баъзи мусулмонларнинг ўша даврда закотга бериш учун энг паст навли хурмоларни ажратганликлари бўлган.

Аллоҳнинг ғанийлиги, яъни бой ва беҳожат экани тўғрисида қайд этилишининг сабаби Унинг бутун борлиқ ва мулкка эга экани ҳамда одамларнинг берадиган эҳсон ва садақаларига мутлақо муҳтож эмаслиги, балки қилинадиган хайр-эҳсонлар ва закоту ушрлар бандалардан олиниб яна уларнинг муҳтожларига берилишидир.

Аллоҳ таолони эслатишидан мурод бандаларига буюрган ёки уларга тақиқлаган ишларини У билим ва ҳикмат асосида қилишини, бирор ишни беҳуда ёки бесабаб қилмаслигини эслатишдан иборатдир (Шайх Абдулазиз Мансур).

 Тафсир китоблари асосида

ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси

ўқитувчиси Баҳодир домла АЪЗАМОВ тайёрлади.

mercredi, 03 avril 2024 00:00

Ҳар тунги қутлуғ фурсат

«Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Роббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса. Яна айтингки: «Эй Раббим! Мени (қабрга) содиқлик билан (гуноҳларим кечирилган ҳолимда) киритгин ва (тирилтирганингда ҳам) содиқлик (розилигинг билан) чиқаргин ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мадад берувчи ҳужжат ато қилгин». Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро, 79–81).

«Тунда (ярим кечада) уйғониб, ўзингиз учун таҳажжудни (нафл) намозини ўқинг!..»

Луғатда тунда ухлаб қайта уйғонишга таҳажжуд дейилади. Шариат истилоҳида эса таҳажжуд дейилганда, тунда бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз тушунилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тунги намоз фарзлардан кейинги энг афзал ибодатдир”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Таҳажжудни хуфтон намозидан кейин ухлаб туриб, кечанинг учдан бирининг охирги қисмида ўқиш фазилатлидир.

Таҳажжуд намозини ўқиб бўлгач, бундай дуо қилиш суннатдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечаси таҳажжудга турсалар бундай дуо қилардилар: “Ё Аллоҳ, Сенга ҳамд бўлсин, Сен Осмонни мунаввар қилувчисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Еру Осмонни сақлагувчисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Еру Осмон ва улар орасидагиларнинг Парвардигорисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Ҳақсан. Сенинг ваъданг ва сўзинг ҳақ. Сени кўриш ҳақ. Жаннат ҳақ. Дўзах ҳақ. Пайғамбарлар ҳақ. Қиёмат ҳақ. Ё Аллоҳ, Сенга бўйсундим, имон келтирдим, таваккал қилдим. Сенга қайтдим. Сенинг ёрдаминг (Қуърони карим оятларидан далил-ҳужжатлар ёрдамида бошқалар) билан тортишдим, Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Олдинги ва кейинги ҳамда сир қолган ва маълум бўлган гуноҳларимни кечиргин. Сен менинг Илоҳимсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ”»(Имом Бухорий ривояти).

«...Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса».

Оятнинг «...мақтовли мақом», деб таржима қилинган “мақомам маҳмуда” муборак жумласи турлича тафсир қилинган. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса» мазмунли оят ҳақида бундай деганлар: “Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафоати билан мўминларни дўзахдан чиқаради. Шу мақтовли мақомдир”».

Баъзи олимлар: «“Мақтовли мақом”дан мурод Қиёмат куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўлларида бўладиган ҳамд байроғидир», дейишади. Бу фикр юқорида айтилган фикрга зид келмайди. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қиёмат куни ҳамд байроғини тутиб, умматларини шафоат қиладилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Қиёмат куни Одам болаларининг саййиди бўламан. Бу фахрланиш эмас. Қўлимда ҳамд байроғи бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким азон нидосини эшитган пайтда: “Ушбу мукаммал чақириқ ва адо этиладиган намоз Рабби Аллоҳ! Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га васила ва фазилат бергин ҳамда ваъда қилганинг мақтовли мақомда тирилтиргин” деса, унга Қиёмат куни менинг шафоатим насиб қилади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматимни шафоат қилган жойим мақтовли мақом бўлади”, деганлар (Имом Табарий ривояти). Шунингдек, банданинг ҳам улуғ ишлар учун турган жойи Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мақомга ўхшайди.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Макка шаҳрида эдилар. Сўнг, ҳижрат этишга амр қилинди. Аллоҳ таоло: Эй Раббим! Мени (қабрга) содиқлик билан (гуноҳларим кечирилган ҳолимда) киритгин ва (тирилтирганингда ҳам) содиқлик (розилигинг билан) чиқаргин”, оятини нозил қилди».

Ҳақ таоло Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Мадинага кирар вақтда: «Мени содиқлик билан киритгин», Макка шаҳридан кетадиган пайтда: «содиқлик билан чиқаргин», дейишларини амр қилди. Бу оят турлича тафсир қилинган. Бир муфассир: “Мени динда собит қилгин! Мени куфрдан сақлагин!” деб таъвил қилган. Бошқа бирлари эса: “Мени дунёдан содиқлик билан чиқариб, жаннатга киргизгин!” деб тафсир қилган. Яна бошқалари эса бу оятдан: “Мени қабрга содиқлик билан киргизгин ва ундан содиқлик билан чиқаргин”, деган маънони чиқаришган.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дуоларини Аллоҳ таоло ижобат этиб, бундай марҳамат қилади: «...Аллоҳ Сизни одамлар (зарари)дан сақлагай...» (Моида, 67), бошқа оятда: «У ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтирмаса-да, барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган Зотдир» (Саф, 9).

«Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро, 81).

“Ҳақиқат”, деб таржима қилинган оятдаги “ҳақ” калимасидан мурод Ислом дини ва Қуръондир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фатҳ куни Макка шаҳрига келдилар. Каъбанинг атрофида 360 дан ортиқ бут-санам бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларидаги таёқ билан бутларни бирма-бир уриб йиқита бошладилар ва: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро, 81) «...Ҳақиқат (Қуръон) келди. Сохталик (қайтадан ширкни) бошлай олмас ва (уни аслига ҳам) қайтара олмас» (Сабаъ, 49) оятларини ўқидилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур оятларни ўқиётган пайтда, бут-санамлар юзтубан ерга тушарди.

Имом Қуртубий, Фахриддин Розий,

Самарқандий, Ибн Касир

тафсирлари асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли

тайёрлади.

Page 102 sur 265

Видеолавҳалар

Top