muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Қаффол Аш-Шоший номи билан машҳур бўлган Абу Бакр Муҳаммад ибн Али аш-Шоший (904-976) – ислом олими, муҳаддиси ва тилшуносидир. У Ҳазрати Имом номи билан таниқли бўлган.

Қаффол Аш-Шоший машҳур мусулмон илоҳиётчилари ва олимлари Имом ал-Бухорий ва Муҳаммад ат-Термизийларнинг шогирди ва маънавий вориси ҳисобланган. Мусулмон динига чуқур эътиқод қилган олим Маккани бир неча бор зиёрат қилган. Вафотидан сўнг Тошкентда унинг қабри устида мақбара барпо этилган бўлиб, у ҳозирга қадар мусулмонлар томонидан зиёрат қилинади.

Қаффол Аш-Шошийнинг асарлари бугунда ҳам қайта нашр этилмоқда. 2007 йилда Байрутнинг Dar al-Kutub al-‘Ilmiyah (Ливан) нашриёти томонидан ислом фиқҳи бўйича “Маҳасину шариат” китоби чоп этилди.
Мақбаранинг 10-асрга оид биринчи биноси ҳам сақланиб қолган. Сағана бирламчи шаклида сақланмаган.

Мақбара бу шаклда хоннинг ўша пайтдаги меъмори Ғулом Ҳусайин томонидан 1542 йилда қурилган. У асимметрик гумбазсимон мақбара – ҳонақодан иборат. Ҳонақо зиёратчиларга турар жой сифатида ҳам беришга мўлжалланган. Мақбаранинг ёнида Қаффол Шошийнинг издоши бўлган Хожа Аҳрор яшаган уй ҳам сақланиб қолган.

Ушбу ёдгорлик катта тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлиб, Ҳазрати Имом мажмуи таркибига киради.

2007 йилда мақбара қайта таъмирланган.

Манзил: Зарқайнар кўчаси, Чорсу бозоридан шарқда, Ҳазрати Имом майдони яқинида.

 

Кийиниш талаблари: Ўзбекистонда аёллар диний диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишда тананинг очиқ қисмларини (елкалар, орқа ва оёқлар) ёпиб юриши мақсадга мувофиқ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари халқаро анжуманда иштирок этиш учун Бишкек шаҳрида бўлиб турганлари ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, ушбу тадбир доирасида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига Қирғизистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан дўстлик ва яқин қардошлик рамзи бўлган 1-даражали “Ынтымоқ” медалини топширгани ҳақида маълум қилинганди. Ушбу хайрли сафар ва муҳим учрашувлар давом этмоқда.
13 сентябрь куни Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси Максатбек Тохтамушев ва муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан мулоқот бўлиб ўтди. Учрашув Қуръон тиловати билан бошланиб, икки халқ биродарлиги абадий бўлишини тилаб дуо қилинди.


Мулоқотда Қирғизистон томонидан Бишкек, Ўш, Иссиқкўл вилоятлари бош имом-хатиблари Ўзбекистон томонидан Диний идоранинг халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад-Акмалхон Шокиров ва Тошкент шаҳридаги “Бўри жар” жоме масжиди имом-хатиби Мирзатилло Алихонов қатнашди.
Қирғизистон муфтийси М.Тохтамушевнинг таклифига биноан Ўзбекистон делегациясининг ташриф буюргани учун миннатдорлик билдириб, Қирғизистон мўмин-мусулмонларининг саломларини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва ўзбек халқига етказишни илтимос қилди.
Икки қардош мамлакат президентлари томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар, айниқса, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, фиқҳ, калом, ақида, тасаввуф, ҳадис илми каби илмий мактабларнинг фаолияти йўлга қўйилганини бутун дунё кузатиб турганини алоҳида қайд этди. Муфтий М.Тохтамушев сўзида давом этиб, Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги мўмин-мусулмонлар муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан учрашишга муштоқ эканлари, айниқса, ёши улуғ инсонлар кўришиш истагида эканини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари самимий қабул ва юксак эҳтиром учун миннатдорлик билдирди. Дўст қирғиз халқига ўзбек халқининг саломларини етказдилар. Марказий Осиё халқлари қадим-қадимдан дўсту биродар бўлиб яшаб келгани, буни янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар. Шундай савобли ишлар аввалида дин пешволари жонбозлик кўрсатишлари бугунги куннинг талаби эканини изоҳладилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзида давом этиб, ҳозирги кунда мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда кенгаяётгани, айниқса, минтақа мамлакатлари диний идоралари ўртасидаги биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этдилар. Ўтган ҳаж мавсумида Арафот водийсида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон мусулмонлари идоралари вакиллари учрашиб, мулоқот ўтказганлари тарихий вофеа бўлганини изоҳладилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларининг якунида, мана бу каби юқори савияда ўтказилган “Маънавий ипак йўли: Буюк инсоний қадриятлар ва замонавий таҳдидлар” номли нуфузли халқаро анжуман ҳам бошланган хайрли ишларимизнинг давоми бўлади, деб ишонч билдирдилар.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари халқаро анжуманда иштирок этиш учун Бишкек шаҳрида бўлиб турганлари ҳақида маълум қилган эдик.

Муфтий ҳазратларининг ташрифлари қирғизистонлик мусулмонларнинг қалбларини қувончга тўлдирди. Буни Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси Мақсадбек Тўхтамишев Усмонхон Алимовга икки томонлама учрашув вақтида маълум қилди. Қирғизистон муфтийси Ўш вилояти мусулмонлари муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан учрашишга муштоқ эканликларини ҳам қайд этиб ўтди. Ёши улуғ оқсоқоллар учрашиш учун Бишкекка кела олишмаганини, имконият пайдо бўлганда Ўшга ташриф буюришларини таклиф қилишгани айтилди.

Муфтий ҳазратлари Қирғизистон муфтийсига кўрсатилган эҳтиром, юқори савияда ўтказилган халқаро анжуман учун миннатдорлик билдирдилар.

Бундан ташқари, ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими мудири М.А.Шокировнинг маълум қилишича, Россия мусулмонлари диний идораси раиси Равил Гайнутдин билан ўтган учрашув сўнггида Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини жорий йилнинг декабрь ойи биринчи ўн кунлигида Францияда ўтказиладиган конференцияга таклифнома тақдим этилган.

Россия муфтийси европалик мусулмонлар Марказий Осиё, Россия, Озарбайжон мусулмонлари бир бирлари билан иноқликда, аҳил яшашларига юқори баҳо беришини билдирганларини ҳамда бу тўғрисида Европа минбарларида маъруза қилишлари лозим эканини айтиб ўтди. Бунга қандай эришилганини билишга қизиқаётганликларини таъкидлади.

Мамлакатларимиз орасида ҳамкорлик янги йил тақвимларини бамаслаҳат, Ҳайит ва Рамазон ойи саналарининг биргаликда тузилганида ва бошқа кўплаб учрашувларда намоён бўлади.

Жорий йилдаги Ҳаж мавсумида Минода озарбайжон, қозоқ, қирғиз, ўзбек, тожик ҳаж делегацияларининг учрашиб бир-бирларини табриклаганликлари, суҳбатлар ташкил этилгани ҳам бу ҳамкорликнинг яққол далили экани таъкидланди.

Учрашувда зиёрат туризмини оммалаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Қирғизистонликларнинг зиёрат мақсадида келаётганликлари соҳадаги ишлар яхши йўлга қўйилгани англатади.

Муфтийлар ўзаро ҳадялар алмашишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

vendredi, 14 septembre 2018 00:00

Ҳижрий 1440-йил муборак!

هُوَ الَّذِي جَعَلَ الشَّمْسَ ضِيَاءً وَالْقَمَرَ نُورًا وَقَدَّرَهُ مَنَازِلَ لِتَعْلَمُوا عَدَدَ السِّنِينَ وَالْحِسَابَ مَا خَلَقَ اللَّهُ ذَٰلِكَ إِلَّا بِالْحَقِّ يُفَصِّلُ الْآيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ

 

У қуёшни зиё ва ойни нур қилган ҳамда сизлар йилларнинг ададини ва ҳисобини билишингиз учун унинг манзилларини ўлчовли қилган зотдир. (Юнус сураси 5-ояти).

 

Бизга бир йилда ўн икки ой борлигини ўзини каломи шарифида билдирган Роббитаалога беадад ҳамду саноларимиз, буни илмини тушунишликни бизга тўлиқ таълимотини берган суюкли ҳабибимиз Мухаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд саломларимиз бўлсин.

 

Мана бугун ҳижрий 1440 йилни муборак биринчи куни, қаранки ой, йиллар шамолдай елиб вақитлар ўтиб бормоқда. Кеча 1439-йил билан муборакбод этган эдик, қаранки яна сиз азизларимизни 1440-йил билан муборакбод этиш бахти насиб этиб турибди. Умир оқар сув, кўзимизни очиб юмгунимизча табаррук ёшларга бориб қоламиз, Кимдир вақитни ғанимат билиб, ҳар-бир дақиқадан унумли фойдаланиб, охирати учун фойда келтирадиган амаллар қилса, кимлардир уни кўкларга совуради.

Аллоҳ ўзининг каломи шарифида шундай марҳамат қилади.

 

الْمَالُ وَالْبَنُونَ زِينَةُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَالْبَاقِيَاتُ الصَّالِحَاتُ خَيْرٌ عِندَ رَبِّكَ ثَوَابًا وَخَيْرٌ أَمَلًا

 

Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолгувчи солиҳ амаллар Роббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир. (Ҳа, молу мулк, бола-чақа бу дунёнинг зийнатидир, аммо қиймати эмасдир. Исломда зийнатга ҳам ҳалол-пок бўлиш шарти ила изн берилган. Аммо зийнатлар ҳаёт қадрини ўлчовчи қийматга айлантирилмаган. Зийнатга зийнат деб қаралган. Исломда боқий қолувчи солиҳ амаллар қиймат саналади. Инсонга унинг иймони ва яхши амалига қараб қиймат берилади.) (Кахф сураси 46-ояти.)

 

Мана шу оятни жиддий ўрганиб унга доим амал қилиб зийнатга эмас, ўзлари учун манфаатли бўладиган солиҳ амалларда бардавом бўлсалар, иншааллоҳ икки дунё саодатига эришадиган бандаларидан бўладилар.

Мен барча юртдошларимиз ва бутун дунё мусулмонларини ҳижрий 1440- йил билан муборакбод этаман. Аллоҳ янги йилда дунёга тинчликни ато этиб, юртимизни тинчлигини абадий қилсин. Барчаларимизни ўзини соф ислом дини йўлида адаштирмасин, Юртимиз ва динимиз мунданда юксалаверсин. Келаси йил ҳам тинчлик ва омонликда сиз азизларимизни муборакбод этиш баҳти бизларга насиб этсин.

Амин йа роббал аламин!

 

ЖАМШИД НАЗАРОВ.

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top