muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Шу йил 25 август куни АҚШ Конгресси Сенати аъзоси Гари Питерс бошчилигидаги делегация пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюрди.

Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигидаги диний соҳа вакиллари кутиб олди.

Меҳмонлар Ҳазрати имом мажмуаси, хусусан, “Мўйи Муборак” мадрасасида сақланаётган Қуръони каримнинг қадимий нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафи билан яқиндан танишди.

Ташриф асносида Ҳомиджон домла Ишматбеков АҚШ расмий вакилларига мамлакатимиздаги диний-маърифий соҳада бўлаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган хайрли ишлар тўғрисида маълумот берди.

Ўз навбатида, Гари Питерс жаноблари ташрифи мазмунли кечаётгани, мамлакатимиздаги янгиликларни юқори баҳолаб, самимий учрашув учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Имомлик – шараф, масъулият, шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг муборак касбларидир. Шу боис имом ҳар доим маърифатли, ўз устида тинимсиз ишлаши, соҳага доир янгиликлардан доимо хабардор бўлиши керак. Бундай даражарага эришиш учун эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган имом-хатиблар ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йил имоми” кўрик-танлови муҳим ўрин тутади.

Танловнинг шаҳар-туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 22 нафар имом-домла вилоят босқичида қатнашди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов очиб берди.

Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди. Якуний натижаларга кўра қуйидагилар «Йил имом–2023» танловининг Тошкент вилояти босқичи ғолиби деб топилди:

I ўрин: Дониёр домла Икромов, Тошкент тумани "Айри ота" жоме масжиди имом-хатиби;

II ўрин: Фаррух домла Султонов, Зангиота тумани "Мир Абдуллоҳ эшон" жоме масжиди имом-хатиби;

III ўрин: Эргашбой домла Ҳамидов, Бекобод шаҳар "Оқ масжид" жоме масжиди имом-хатиби.

Тадбир сўнгида ғолиблар ЎМИ вилоят вакиллиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

«Йил имоми–2023» кўрик-танлови вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган Дониёр домла Икромов танловнинг республика босқичида қатнашади.

Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Тарих мобайнида доим бойлар билан бирга камбағаллар ҳам бўлиб келган. Қуръонда бу ҳол Аллоҳнинг истаги, имтиҳонига васила, ризқланишлари воситаси каби сабаблар билан изоҳланган. Қуръон бойлик ё фақирликни мақтамайди, ерга ҳам урмайди. Балки вазифасини ўрнига қўя олган бой ва фақирларни мақтайди, мукофотлар ваъда қилади. Аксинча бўлган тақдирда уларни айблайди.

Қуръони каримда барча мулкнинг ҳақиқий соҳиби Аллоҳ экани, бойларнинг молида фақирларнинг ҳақлари борлигини маълум қилган. Инсоннинг Аллоҳ наздидаги даражаси бой-фақир, оқ-қора, эркак-аёл, насл-насабига эмас, балки тақвосига кўра белгиланишига урғу берилган. Фақирлар яхшилик қилиниши лозим бўлган тоифа орасида айтилиб, уларнинг эҳтиёжларини кетказиш ҳақиқий яхшилик саналган. Давлатнинг закот йиғимларидан тушган улуш йўқсилларга берилиши буюрилган. Бир қанча ояти каримада инфоқ-эҳсон қилиш, йўқсилларга ёрдам бериш, закотни ҳақдорларга етказиш, очларни тўйдириш каби хайрли ишлар иймон билан боғланган ҳолда зикр этилган. Хасислик, зиқналик, закот бермаслик, муҳтожларни кўрганда кўрмаганга олиш кофир ва мунофиқларга хос сифат деб келтирилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дастурхонга тортилган таомнинг энг ёмони бойлар чақирилиб, фақирлар айтилмаган базмникидир” (Ибн Можа. “Никоҳ”, 25); “Мен сизлар учун фақирликдан ташвишдаман. Дунё сизлардан олдингиларнинг олдига тўшалгани каби сизларнинг ҳам олдингизга тўшалишидан, улар бу дунё учун баҳсга, кимўзарга киришиб кетганларидек, сизлар ҳам мусобақалашиб кетишингиздан, сўнг дунё уларни ҳалок қилгани каби сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқмоқдаман” (Имом Бухорий. “Риқоқ”, 7) сингари ҳадислари орқали бойлар бойлик билан жиддий синов майдонига ташлангани, Аллоҳ уларга вақтинча берган бойликни яхшиликка, ҳақдор диндош биродарларига сарфлайдими ёки йўлдан адашиб кетадими – шуни англаб олиши кераклиги ҳақида огоҳлантирганлар. Бир мусулмоннинг моддий ё маънавий муҳтожлигини аритиш улкан савоб эканини билдириб, бундай деганлар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, зулм қилинишига йўл ҳам қўймайди. Ким бир мусулмон биродарининг муҳтожлигини кетказса Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги бир ғамини кеткизади” (Имом Бухорий. “Мазолим”, 3).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломгача ҳам, ундан кейин ҳам йўқсил, етим ва муҳтожларга қўлларидан келган ёрдамни аямаганлар, бир қанча амалий ишлар қилганлар. Илк ваҳий нозил бўлиб, у зот ҳаяжон билан ҳазрати Ҳадичанинг олдиларига келганида оқила онамизнинг у зотга айтган гаплари жуда маънодор эди: “Аллоҳ Сизни ҳеч қачон уялтириб қўймайди. Чунки Сиз қариндош-уруғларингизнинг ҳолидан хабар оласиз, чин сўзлайсиз, ожизларнинг қўлидан тутасиз, йўқсилларга ёрдам берасиз, меҳмонга икром кўрсатасиз, ҳақсизликка учраганларнинг ёнини оласиз” (Ибн Саъд. “Табақот”, I, 195).  Макка даврида бўлганидек, Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг ҳам оз-кўп, демасдан эҳтиёжи тушганларга доим яхшилик қилишга интилар, бошқаларни ҳам шунга ундар эдилар. Мол-мулкларини Маккада қолдириб, ҳижрат қилган муҳожирларни ансорлар билан ака-ука тутинтирганлари замирида ҳам муҳожирларнинг вақтинчалик муҳтожлигини бартараф этиш ғояси бўлган. Шунингдек, таълим олиш ва бошпанага бўлган эҳтиёжларини қоплаш учун суфада яшайдиган йўқсил ва муҳтож саҳобаларни егулик билан таъминлаганлар.

Исломдаги бир қанча амр татбиқ ва қонун-қоидалар йўқсилликни бартараф этиш, моддий кўмакка муҳтож бўлганларнинг масалаларини ҳал қилишга қаратилган. Динимизда камбағалликка ижтимоий муаммо сифатида қаралади. Уни бартараф этиш учун албатта иш топиш, пешона тери билан ризқ-рўзини териб, бошқаларга муҳтож бўлмасликка чақирилган. Иккинчи томондан бойлар Аллоҳ берган мол-давлатдан йўқсилларга улуш айириши, уларни қўллаб-қувватлаши ҳам буюрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам танбалликдан паноҳ сўраб Аллоҳга дуо қилганлар. Имкон қадар тиланмасликка чақириб: “Сизларнинг ўтин териб келиб сотиб бўлса ҳам меҳнат қилиб ризқ топишингиз тиланишингиздан кўра яхшидир” деганлар (Имом Бухорий. “Закот”, 50, 53). У зот ўз меҳнати билан топилган ризқ энг ҳалол ва тотли бўлишини айтиб: “Киши ўз меҳнати билан топганидан кўра тотлироқ луқма емайди” дея меҳнат қилишга ташвиқ этганлар (Имом Бухорий. “Савдо”, 15). Саъд ибн Муознинг бола-чақасини боқаман, деб қўллари қадоқ бўлиб кетганини кўриб: “Аллоҳга суюкли бўлган қўллар мана шудир” (Сарахсий. “ал-Мабсут”, XXX, 245) деб ундан мамнун бўлганларини билдирганлар.

Исломда инфоқ-эҳсонлар билан бирга закот, садақа, фитр каби молиявий ибодатлар орқали ҳам мискинларнинг эҳтиёжлари ҳал этилиши мақсад қилинган. Ғайримуслимлардан олинадиган жизя, харож ва тижорат моллари солиғи, шунингдек, урушларда тушган ғанима-ўлжадан ажратиладиган улуш ҳам улар учундир. Яна қурбонликлар, рўза (фидяси), қасам ва эҳромда содир этилган хато-жиноятларнинг каффорати, рўза тута олмаган кишининг фидяси ҳам йўқсилларга берилиши уларни моддий дастаклашдир. Ислом маданиятининг яна бир муҳим белгиси бўлган, садақаи жория ҳисобланган вақфлар орқали ҳам муҳтожларнинг ҳар турли эҳтиёжлари қамраб олиниб, ҳал этилган.

Манбалар асосида

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

тайёрлади.

 

Видеолавҳалар

Top