muslim.uz
Роҳинжа мусулмонлари ўз ерларига қайтарилади
Бугун, 23 ноябрь куни Мьянма ва Бангладеш ҳукуматлари ўртасида роҳинжа мусулмонларини Мьянмадаги ўз уйларига қайтирилиши тўғрисида келишуви имзоланди.
Август ойида Мьянма ҳукумат қўшинларининг босими остида Ракхайн штатини ташлаб чиқиб, Бангладешдан бошпана топишга уринган роҳинжалар бугун имзоланган келишувга асосан ватанларига қайтадилар.
Маълумот учун, ҳозирги пайтда Бангладеш ҳудудида 600 мингдан ортиқ роҳинжлара қочоқликда кун кечирмоқда. Уларга моддий кўмак халқаро гуманитар ташкилотлар ва бир қанча мусулмон давлатлар томонидан кўрсатилмоқда.
Мьянмадаги этник озчиликни ташкил этувчи роҳинжаларга қарши қаратилган ҳаракатлар қатор мамлакатлар томонидан геноцид сифатида баҳоланмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати Мьянмадаги ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирган ҳолда, 18 сентябрь куни зарур маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдамини Бангладеш Қизил ярим ой жамиятининг Даккадаги миллий бош қароргоҳига етказиб бериш бўйича амалий ишларни бажарган эди.
Ўзбекистон Республикаси етказиб берган инсонпарварлик ёрдами Бангладешда бўлиб турган 50 мингдан ортиқ қочоқлар эҳтиёжини қондиришга етарли бўлган.
БМТ: “100 дан ортиқ Роҳиня қочоқлари чўкиб кетган”.
БМТнинг маълумотига кўра, жорий йилнинг август ойидан бошланган инқироздан оқибатида юздан ортиқ Роҳиня мусулмон қочоқлари кема ҳалокати ва қайиқ носозлиги оқибатида чўкиб кетишган.
“Охирги омон етиб келган қочоқларнинг сўзларига кўра, улар бир ойдан кўп муддат давомида Мянма соҳилида жуда аянчли ҳолда навбат кутишган”, дейди БМТнинг қочоқлар агентлиги масъул вакили Виллиам Сприндлер Женевада ўтказилган конференцияда. “Сўнги ўн кун ичида Мянмадан Бангладешга 30 га яқин эски ясама қайиқларда 1000 дан ортиқ Роҳиня қочоқлари етиб келишган, деб қўшимча қилди Жаноб Сприндлер.
Денгиздан ўтиб олиш учун тўловга маблағлари йўқлиги боис одамлар қўлларига илинган нарсалар, ҳатто, консерва ва пластик идишлардан қайиқ ясашмоқда. Бамбук ёғочларининг учига пластмасса бўлакларини боғлаб эшкак сифатида фойдаланган йўловчилар амаллаб 3 километрлик масофани тўрт соатда босиб ўтишмоқда. Бугунги кунда Роҳиня қочоқ аҳолисининг умумий сони 833 мингдан ортди.
[Суратда Бангладешнинг Тенаф деган жойига соғ-омон етиб келган Роҳинялик мусулмонлар акс этган.]
Алишер САТТАРОВ
Халқаро алоқалар бўлими
Махфий келишув фош бўлди
Олимлар АҚШ даги газланган ичимликлар ишлаб чиқарувчи ширкатларнинг яширинча келишувини фош этишди. Бу ҳақда “PLoS Biology” журналида чоп этилган мақолада маълум қилинган.
Тадқиқотчилар шакар ва таркибида шакар мавжуд бўлган ичимликлар ишлаб чиқарувчиларнинг 1960 йилдаёқ шакарнинг атересклероз ва сийдик қопи саратони келтириб чиқариши ҳақида билганлари ва буни оммадан яширганларини тасдиқловчи ҳужжатни топишганини эълон қилишди.
Калифорния университети олими Стентон Гланц (Stanton Glantz): “Илмий хулосаларни бу шаклда сохталаштириш худди тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг алдовларига ўхшаб кетади. Бизнинг тадқиқотимиз, шакар ва шакарли ичимликлар ишлаб чиқарувчилар ҳомийлигида амалга оширилаётган илмий тадқиқотларни шубҳа остида қолдиради. Шу боис, янги чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ушбу ҳолатларни жиддий эътиборга олиш лозим”, дейди.
“Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш” ташкилоти маълумоларига қараганда, ўтган асрнинг 80 йилларидан бошлаб дунё бўйича семизлик эпидемияга айланган. Ер курасидаги ҳар учинчи киши, тахминан 1,9 миллиард одам ортиқча вазндан шикоят қилмоқда, уларнинг тахминан 15 фоизи эса семизликнинг оғир шаклидан азият чекмоқда. Мазкур ташкилот маълумотига кўра, 47% касалликлар, жумладан, юрак-қон томири касалликлари, қандли диабет ҳамда саратон бевосита семизлик билан боғлиқ.
Семизлик эпидемиясининг энг асосий сабабчилари, олимлар ва тиббиёт ходимларининг қайд этишича, сўнгги йилларда бутун дунёда оммалашиб кетган шакар ва шакарли ичимликлардир. Икки йил муқаддам АҚШлик тадқиқотчилар газланган шакарли ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш ҳар йили 184 минг одамнинг ҳаётига зомин бўлаётганини аниқлашган. Ушбу ўлимларнинг катта қисми АҚШ ва Лотин Америкаси мамлакатларига тўғри келади.
Афсуски, бундай маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ўз бизнесларидан ҳали бери воз кечиш ёки уни ўзгартириш ниятида эмаслар. Бостон университети олимлари бундай компаниялар АҚШдаги юздан ортиқ соғлиқни сақлаш муассасаларида ўз манфаатларини илгари сураётганлари ва бу йўлда катта маблағ сарфлаётганлари, шунингдек, газли ичимликларга юқори нарх белгилаш ёки уларнинг ҳажмини чеклашга қаршилик кўрсатиб келаётганларини аниқлади.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Абдулҳаким Арипов таржимаси
Санкт-Петербургда конфессиялараро мулоқот ва исломий бағрикенглик конференцияси бошланди
Бугун, 23 ноябрь куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида конфессиялараро мулоқот ва исломий бағрикенглик конференцияси ўз ишини бошлади.
Конференцияда Озарбайжон ва Россия вакиллари иштирок этиб, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган.
Россияда бошланган ушбу анжуман Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига асосан конференция шаклида ташкил этилган.
Озарбайжонлик уламолар Тошкент, Истанбул ва Теҳрондаги анжуманда иштирок этдилар.
Анжуманда иштирок этган Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхул ислом Оллоҳшукур Пошшозода конференция иштирокчиларига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг саломини етказди.
Шундан сўнг анжуманда бошқа диний конфессияларнинг фикрлари янграган.
Янги Зеландияда Қуръони карим кўргазмаси ўтказилади
Янги Зеландиядаги Таубу шаҳри шу йилнинг 24-25 ноябрь кунлари Қуръони карим маъноларининг турли тиллардаги таржималарини тақдим этишга бағишланган кўргазмани ташкиллаштиришга мезбонлик қилади. Мазкур кўргазмани ўтказишдан Ислом ва мусулмонлар тўғрисидаги нотўғри тушунчаларига барҳам бериш мақсад қилинган.
Шу кунга қадар Қуръони карим маъноларининг 75 тилга таржима қилинган. Таубу шаҳрида ташкил этиладиган мазкур кўргазмага Қуръони карим маъноларининг 52 тилда қилинган таржималари тақдим этилади, улар орасида 20 йиллик меҳнат натижасида амалга оширилган Қуръони карим маъноларининг Янги Зеландия халқи ишлатадиган маорий тилидаги таржимаси ҳам ўрин олган.
Янги Зеландиядаги мусулмонлар жамияти мазкур дастурни яқин ҳафталар мобайнида ўзга дин вакиллари учун Ислом динининг ҳақиқий таълимотлари тўғрисида тўғридан-тўғри маълумотлар беришлик мақсадида ташкиллаштиришни режалаштирган. Кўргазма доирасида динлараро дўстона мулоқотлар ташкил қилинади ҳамда иштирокчиларнинг Ислом дини кўрсатмалари тўғрисидаги саволларига жавоблар берилади.
Илёс АҲМЕДОВ таржимаси,
Халқаро алоқалар бўлими