Сийрат

МАВЛУД КЕЛИБДУР

(Мавлуд ойининг кириб келиши ва мавлудхонлик ўқишларининг бошланиши муносабати билан)

****

Эй, сиз, аҳли диёр, Мавлуд келибдур,
Нурга чўмиб баҳор Мавлуд келибдур,
Бахтга бўлиб савор Мавлуд келибдур,
Дилга нақшу нигор Мавлуд келибдур,
Иқбол айлаб нисор Мавлуд келибдур.

Мавлуднинг ҳар они қутлуғ биз учун,
Савоблар конига тўлуғ биз учун,
Кўнгилни поклашга бўлуғ биз учун,
Олган ҳар бир нафас улуғ биз учун,
Элга соҳиб осор(1) Мавлуд келибдур.

Бул кун Расулуллоҳ бўйи келмоқда,
Тонгдан ҳазратимнинг ўйи келмоқда,
Барча мусулмоннинг тўйи келмоқда,
Дилга шариатнинг рўйи келмоқда,
Файзу футуҳга ёр Мавлуд келибдур.

Тилда такрорланур бул кун саловот,
Дилдан ёт фикрлар бўлур бари ёт,
Дилни тиргизмоқда бу обиҳаёт,
Деймиз, ас-салоту ҳамда ва-с-салот,
Чунки, айлаб бедор Мавлуд келибдур.

Дилдан ўқигаймиз Мавлуд ун -Набий,
Хоҳи шайху шоббмиз,(2) хоҳи биз сабий,(3)
Дилга илҳом солур олами ғайбий,(4)
Ором олма асло, тинма, эй қалбий,
Савоб тўла биҳор(5) Мавлуд келибдур.

Мавлуд ойи, билсанг, зарнигор ойдир,
Қалбни ёритувчи навбаҳор ойдир,
Аҳли муслим учун эътибор ойдир,
Минг йил ўтар, аммо барқарор ойдир,
Кучга тўла мадор Мавлуд келибдур.

Набийга эҳтиром изҳор қилурмиз,
Дилни ибодатга бедор қилурмиз,
Шайтоннинг қалбига озор қилурмиз,
Иймон, эътиқодга мадор қилурмиз,
Чунки, бизга ғамхор Мавлуд келибдур.

Расулга салот де, ўн салот олгин,(6)
Боқий жаннат ичра, кел, ҳаёт олгин,
Самога учгину самовот олгин,
Ҳуру ғилмон олгин, илтифот олгин,
Боғ каби беғубор Мавлуд келибдур.

Эй дўсту биродар Мавлудга келинг,
Сизни кутар самар Мавлудга келинг,
Бошлар осмон қадар Мавлудга келинг,
Ғамлар кетсин бадар Мавлудга келинг,
Ичи тўла асрор Мавлуд келибдур.

Бугун барча тилдан ўтар Барзанжий,(7)
Ичи тўла дуру ёқутдир ганжий,
Дилга шодлик етар, етмагай ранжий,
Набиймиз ҳақида хўб сухансанжий,(8)
Бизга олиб ахбор Мавлуд келибдур.

Бизга Мавлуд ойи доим бор бўлсин,
Уни ўқиганлар бахтиёр бўлсин,
Абри баҳор каби хуш нисор бўлсин,
Махдум сўзлари ҳам гуҳарбор бўлсин,
Файзи Парвардигор Мавлуд келибдур.

Маҳмуд ҲАСАНИЙ (МАХДУМ)

1 Соҳиб осор - таъсир эгаси.
2 Шайху шобб -кнкса ва ёш йигит.
3 Сабий -ёш бола
4 Олами ғайбий - ғайб олами.
5 Биҳор - денгизлар.
6 Расулуллоҳга битта салавот ii айтилса, Аллоҳ унга ўнта саловот айтади (ҳадис).
7 Барзанжийнинг "Мавлуд ун-Набий" китобига ишора.
8 Сухансанж -чиройли гапирувчи, сўз устаси.

Read 3124 times
Tagged under

Видеолавҳалар

Top