muslim.uz

muslim.uz

jeudi, 25 août 2022 00:00

Тафсир илмига кириш

Тафсир илми бу – бир нарсага изоҳ бериш, унинг маъносини баён қилиш бўлиб, бу илм Қуръони Карим оятларининг маъноларини тушунишда жуда катта аҳамият касб этади.

Уламоларнинг Қуръони Каримнинг тафсирига берган кўплаб таърифлари бор. Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “الإتقان في علوم القرآن” (Қуръон илмларида пухта бўлиш) китобларида улардан бир нечталарини келтириб ўтганлар:

1.Тафсир илми бу – оятларнинг нозил бўлиши ва шунга оид ишлар, оятлар ҳақидаги қиссалар, нозил бўлиш сабаблари сўнгра оятларнинг маккий ва мадинийлигига кўра тартиби, муҳкам ва муташобиҳ, носих ва мансух, хос ва ом, мутлақ ва муқайяд, мужмал ва муфассал, ҳалол ва ҳаром, ваъд ва ваъийд, амр ва наҳий, ибрат ва масалларга оид оятларни ўрганадиган илмдир.

2.Абу Ҳайён ал-Андалусий раҳимаҳуллоҳ “البحر المحيط”да шундай деганлар: Тафсир – Қуръон лафзларини нутқ қилиш кайфиятини, унинг далолатларини, “муфрад” (ёлғиз) келгандаги ва “таркиб” (бирикиб) келгандаги ҳолатига оид ҳукмлари, бирикиб келгандаги ҳолатида бериладиган маънолари ва уларни тўлдирувчиларни ўрганадиган илмдир. (Илмдир) деганимизда, у ўз ичига бошқа илмларни ҳам олишини назарда тутдик. (Қуръон лафзларини нутқ қилиш кайфиятини ўрганади) деганимизда, қироатлар илмини назарда тутдик. (Унинг далолатларини ўрганади) деганимизда, ўша лафзлар далолат қиладиган нарсаларни назарда тутдик. Бу эса, ушбу илмни ўрганишда керак бўладиган “луғат илми” (тилшунослик) илмидир. (“Муфрад” (ёлғиз) келгандаги ва “таркиб” (бирикиб) келгандаги ҳолатига оид ҳукмларни ўрганади) деганимизда, сарф илми, эъроб илми, баён илми ва бадиъ илмини назарда тутдик. (Бирикиб келгандаги ҳолатида бериладиган маъноларни ўрганади) деганимизда, ҳақиқий маънода нимага далолат қилиши ва мажозий маънода нимага далолат қилишини назарда тутдик. Зеро, гоҳида сўз бирикмаларининг зоҳири бир нарсани тақозо қилса, уни зоҳирига ҳамл қилишдан бошқа бир нарса тўсиб туради, шунинг натижасида уни зоҳиридан бошқа нарсага ҳамл қилинади ва у мажоз бўлади.  (Уларни тўлдирувчиларини ўрганади) деганимизда, насхга оид, сабаби нузулга оид, Қуръондаги баъзи бир мубҳам бўлган нарсаларни изоҳлаб берувчи қиссаларни ва шунга ўхшаш нарсаларни ҳам билиш лозим эканлигини назарда тутдик.

3.Бадриддин аз-Заркаший раҳимаҳуллоҳ “البرهان في علوم القرآن” китобида шундай деганлар: Тифсир илми  - Аллоҳ таолонинг пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган китобини тушуниш, маъноларини очиб бериш, унинг аҳкомлари ва ҳикматларини чиқариб олиш, уларнинг барчасини луғат илми, наҳв, сарф, баён илми, усулу фиқҳ ва қироатлар илмлари орқали билишни ўрганадиган илмдир. Шунингдек, бу илм нозил бўлиш сабаблари, носих ва мансухни билишни тақозо этади.

4.Шайх Муҳаммад Абдулазим аз-Зарқоний раҳимаҳуллоҳ “مناهل العرفان في علوم القرآن” китобида шундай деганлар: Тафсир илми – Қуръони Каримнинг Аллоҳ таоло ирода қилган нарсага далолат қилган ҳолатини башарият тоқатидан келиб чиқиб ўрганиладиган илмдир.

5.Имом Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур “التحرير والتنوير” тафсирининг муқаддимасида шундай деган: Тафсир илми – Қуръон лафзларининг маъносини баён қилишни, ундан мухтасар ёки кенг тарзда истифода қилишни ўрганадиган илмдир. Демак, тафсир илми Қуръон лафзларини маъно ва  ундан келиб чиқадиган нарсалар жиҳатида ўрганишга асосланган. 

Тафсирнинг қисмлари

Тафсирни қисмларга бўлиниши асосан, унинг қайси жиҳатдан қаралишига кўра турлича бўлади. Масалан;

Биринчи: ушбу илмни ҳосил қилиш имкониятига эга бўлиш жиҳатидан тўрт қисмга бўлинади. Буни Ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ Суфён ас-Саврийдан, у киши Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан қуйидагича келтирганлар:

- араблар ўз тиллари орқали биладиган тафсир,

- бирорта киши билмай қолиши узрга ўтмайдиган тафсир,

- фақат уламоларгина биладиган тафсир,

- Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган тафсир.

Иккинчи: ушбу илмни олинган манбасига эътибор бериш жиҳатидан уч қисмга бўлинади. Унинг олинган манбаси одатий йўл ила Қуръони каримнинг ўзидан, суннатдан, саҳобаларнинг ёки тобеинларнинг сўзларидан, ёки бўлмаса бирор бир фикр ва ижтиҳоддан олинган бўлади. Ёки ушбу йўллардан умуман бошқа, масалан илҳом, файзи илоҳий орқали бўлиши мумкин. Булар:

  • تفسير بالرواية، ويسمى التفسير بالمأثور” - ривоят қилинган тафсир ва у асарларда келган тафсир деб номланади.
  • تفسير بالدراية، ويسمى التفسير بالرأي” - идрок орқали тафсир ва у фикр орқали қилинган тафсир деб номланади.
  • تفسير بالدراية والرواية، ويسمى التفسير الأثري النظري” - идрок орқали ва ривоят орқали қилинган тафсир ва у асарий назарий тафсир деб номланади.
  • تفسير بالفيض والإشارة، ويسمى التفسير الإشاري” - файз ва ишора орқали қилинган тафсир ва у ишорий тафсир деб номланади.

Учинчи: шарҳ бўлганлигини эътиборга олиш жиҳатидан икки қисмга бўлинади. Яъни, бир лафзнинг ёки жумланинг ёҳуд оятнинг луғат жиҳатидан маъносига берилган шарҳни тафсир, деб эътиборга олиниши мумкин. Булар:

Тўртинчи: Қуръоннинг мавзуларига тегишлилиги эътибори жиҳатидан ҳам икки қисмга бўлинади. Яъни, Қуръони Каримдаги бирорта мавзуга тегишли бўлса масалан, ақида ёки аҳкомга оид умумий мавзуда, ёки бўлмаса намоз ва тавҳидга оид хос мавзуда бўлса унга ҳам тафсир дейилади. Улар:

  • تفسير عام” - умумий тафсир.
  • تفسير موضوعي” - мавзуга оид тафсир.

Тафсир қилишнинг услублари

Тафсир қилишда муфассирларнинг тўртта услублари бор, улар;

  1. التفسير التحليلي” (таҳлилий тафсир). Бу услубда муфассир мусҳафнинг тартибига кўра оятларнинг кетма-кетлигига риоя қилган ҳолда, ҳар бир оятнинг лафзлари маъносини, ундаги балоғатга оид жиҳатларини, оятнинг нозил бўлиш сабабини, унга тааллуқли бўлган ҳукмни ва шу кабиларни баён қилади.
  2. التفسير الإجمالي” (ижмолий тафсир). Бу услубда муфассир мусҳафнинг тартибига кўра оятларнинг кетма-кетлигига риоя қилган ҳолда, жумлаларнинг маъноларини тушуниш осон бўлиши ва мақсад ҳосил бўлиши учун ўзининг иборалари билан баён қилади.
  3. التفسير المقارن” (солиштирма тафсир). Бу услубда муфассир бир оят ёки бир нечта оятларни унинг мавзусидаги Қуръоннинг бошқа оятлари, ҳадислар, саҳобалар, тобеъинларнинг ва бошқа муфассирларнинг сўзлари, ёки бошқа самовий китоблар билан бир ерга жамлайди, сўнгра уларни бир-бирига солиштиради, далилларни келтиради ва ниҳоят кучли сўз қайси ва кучсизи қайси эканлигини баён қилади.
  4. التفسير الموضوعي” (мавзуга оид тафсир). Бу услубда муфассир Қуръон оятларини мусҳафдаги тартибда эмас, балки бир ҳукмга ёки мавзуга тегишлиларини жамлаб тафсир қилади.

Муфассирнинг шарти ва одоблари

Қуръони Каримнинг тафсири билан фақат тафсир илмидан хабари бор, илму маърифатли, хусусан, муфассир учун талаб этиладиган шартларга жавоб бера оладиган, муфассирнинг одобларига риоя қиладиган кишилар шуғулланмоғи жуда ҳам муҳимдир. Қуйида мафассирнинг шартлари ва одобларини зикр қилиб ўтамиз.

Муфассирнинг шартлари:

1.Эътифоди соғлом бўлмоғи.

2.Ҳавоий нафсдан йироқ бўлмоғи.

3.Тафсир қилишни аввал, Қуръонни Қуръон билан тафсир қилишдан бошламоғи.

4.Тафсирни суннати набавияга мувофиқ қилмоғи, зеро суннат Қуръоннинг шарҳидир.

5.Агар суннатдан топа олмаса, саҳобаларнинг сўзига мурожаат қилмоғи.

6.Араб тили ва унга оид илмларга эга бўлмоғи.

7.Қуръонга боғлиқ илмларнинг усулларини билмоғи.

8.Муфассир бир маънодан бошқасини ажратиб олишга имкон берадиган даражада фаҳм ва идрокка эга бўлмоғи. 

Муфассирнинг одоблари:

1.Ниятни яхши ва мақсадни тўғри қилмоқлик.

2.Чиройли хулқга эга бўлмоқлик.

3.Илмига амал қилмоқлик.

4.Нақл қилишда тўғрилик ва аниқликка эътибор бериш.

5.Ҳақни ошкора айтиш.

6.Тавозеъ ва мулойимлик.

7.Пасткашликдан иззат нафсини асраш.

8.Виқорли ва ҳайбатли кўринишга эга бўлиш.

9.Шошмаслик, гапирганда аниқ ва дона-дона гапириш.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков

 

Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ 

Саудия Арабистони Икки муқаддас масжид ишлари бўйича Бош бошқармаси БМТнинг “Бутунжаҳон гуманитар ёрдам куни” муносабати билан “Масжид хизматчилари – инсоният элчилари” дастурини ишга туширди, дея хабар беради islam.ru Саудия матбуот агентлигига таяниб.
Дастур Макка ва Мадина шаҳарларидаги икки муқаддас масжид ва бошқа жойларда кексалар ва имконияти чекланган инсонларга ўз ибодатларини бажаришда ёрдам бераётган кўнгиллиларни эъзозлашга қаратилган.
Одатда, бундай кўнгилли инсонлар зиёратчилар учун ногиронлик аравачаларини бепул етказиб беришади ва ҳар душанба ва пайшанба кунлари ифторлик тарқатишда иштирок этадилар.
Бошқарманинг ижтимоий, кўнгиллилар ва гуманитар масалалар бўйича вакили Шайх Холид бин Фаҳад Aл Шалавийнинг айтишича, Саудия Aрабистони бутун дунё бўйлаб муҳтожларга ёрдам бериш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйган ишчилар ва кўнгиллиларга ҳурмат бажо келтириш учун “Жаҳон гуманитар ёрдам кунини нишонламоқда”. Шунингдек, бу ёшларнинг огоҳлигини ошириб, ёрдам ишларига жалб қилишга ундайди, дейди у.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳозирги даврдаги жаҳолат уруғини сочаётган сохта экстремистик ғояларга маърифий жиҳатдан курашда ислом динимиз тарихий тараққиётида ҳам шаклан бошқачароқ кўринишда бўлса-да, лекин мазмунан айнан шундай экстремистик ғоялар олдин ҳам бўлганига гувоҳ бўламиз. Динимиз тарихига назар солар эканмиз, яна шунга амин бўламизки, соғлом идрок, соғлом ҳақиқат ва ғоялар сохта ғоялар устидан ҳамиша ғалаба қозониб келган. Ислом динимиз ривожига буюк ҳисса қўшган бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросида сохта ғояларга қарши иш олиб борган курашини кўриш мумкин. У кишининг «Китоб ат-тавҳид» асарида сохта таълимотларга эргашишни олдини олишда ишончли далиллардан келтириб, бу йўлдаги барча хатоликлар сабабини аниқ кўрсатиб берганига гувоҳ бўламиз: «Таассуб, бу кўр-кўрона тақлид бўлиб, у жуда кенг тарқалган иллатдир, яъни бунда жуда кўпчилик бирон-бир маънавий ёки диний йўлбошчига, унинг фикрлари мазмун-моҳиятини тушунмаган ҳолда қўшилишга енгиб бўлмас мойиллик билдиради. Мана шу сабаб натижаси ўларок, ҳар бир фирқа ва ҳар бир йўналиш шу пайтга қадар ўз тарафдорларига эга бўлиб келмоқда. Бу мухлислар қачондир қабул қилинган сохта таълимотга садоқатда қатъийлик намойиш этмоқдалар ва яна ўзларини ҳақиқатнинг ягона эгалари ҳисобламоқдалар», — деган фикрлари бугунги диний-экстремистик гуруҳларга айтилгандек сезилади. Мотуридий бобомиз ўша даврдаги ислом ичидаги сохта оқим ва фирқаларнинг ҳақиқий моҳиятини очиб берган. Бундай оқимлар ўша даврда ҳам кўп бўлган. Шунга қарамасдан эзгулик билан ёвузлик жамиятда ҳамиша ёнма-ён курашиб, бу курашда эзгулик ғалаба қилиб келган. Шу маънода бугунги жаҳолат йўлига кирган, динни ниқоб қилиб олган ҳалқаро терроризмга қарши курашдаги маърифий йўлларидан бири ўзбек халқининг миллий ва ислом диний қадриятлари, уларга таяниб, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодларга садоқат, зўравонликка нафрат руҳида тарбияловчи, уларни эзгулик ва бунёдкорликка даъват этувчи битмас-туганмас куч-қудрат манбаи сифатида қаралиши лозим. Улар нафақат мафкуравий бўшлиқнинг юзага келишига, балки минг йиллардан бери ҳалол меҳнати ва оламшумул кашфиётлари билан жаҳон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган ўзбек халқининг ҳарактерли хусусияти (менталитети) га тамомила зид бўлган террорчилик ғояларининг кириб келиши ва ёшлар онгини заҳарлашга қарши қаратилган мустаҳкам қалқон бўлиб ҳизмат қилиши мумкин.

Миллий – диний қадриятларимизни ҳар қандай сохта ёвуз ғоялардан сақлаш ва ҳимоя қилишда Ислом дини ўз таълимотларидан Қуръони карим ва ҳадислардан маърифий жиҳатдан фойдаланиб, ҳар қандай шароитда ҳам террористик ҳаракатларни қоралаб, ноҳақ тўкилган қон кимнинг қони бўлишдан қатъий назар энг оғир гуноҳ ҳисоблайди. Қуръонни Каримнинг «Моида» сурасида 33-оятда бу фикрнинг исботи ўз аксини топган: «Бирор жонни ўлдирмаган, бузғунчилик, қароқчилик каби фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт баҳш этган одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир».

Пайғамбаримиз (с.а.в): «Ёв билан ҳарбий тўқнашувни орзу қилмангиз, балки Аллоҳдан хотиржамлик ва осудалик тилангиз», деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти). Бугунги кунда ислом динининг қанчалик инсонпарвар, меҳр-шафқатга чақирадиган, тараққийпарвар ва маърифатпарвар динлигини ёшларимиз англаб етгандагина турли ислом ниқобидаги экстремистик жаҳолат йўлига кирган ғоявий кучларга нафрат билан қарайди, шунингдек, биз имом-хатиблар ҳам ватандошларимизга ва ёшларимизга асл исломнинг моҳияти ва мазмунини асл ҳолатда англата олгандагина тўла мақсадимизга эришамиз.

М.Авезов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом 
билим юрти мударриси

Президент Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Самарқанд вилоятида бўлиб турибди.

Давлатимиз раҳбари 24 август куни Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Бу зиёратгоҳ буюк муҳаддис бобомизнинг мусулмон оламидаги юксак ҳурматига муносиб тарзда қайта қурилмоқда. Мақбара, улкан масжид, миноралар, айвонлар барпо этилмоқда.

Президентимиз ушбу бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

- Бу лойиҳани кўп муҳокама қилдик, қайта-қайта келиб кўрдик. Энди қурилишда ҳам шошмаслик керак. Ҳам зиёрат, ҳам ибодат нуқтаи назаридан бу ерда ҳамма шароит бўлиши зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этиш таклифини билдирди.

- Яқинда Мадина шаҳрида бўлганимизда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейини кўрдик. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш музей ташкил этсак, яхши бўлар эди. Унда Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатилади. Булар ёшлар, чет эллик сайёҳларнинг яққол тасаввурида қолади. Музей халқимизга яна бир маънавий хазина бўлади, - деди давлатимиз раҳбари.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигига бу борада лойиҳа тайёрлаш топширилди.

Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Ҳизр мажмуасига бориб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбарасини ҳам зиёрат қилди.

 

Page 46 sur 1862

Видеолавҳалар

Top