muslim.uz

muslim.uz

Фаръий масалаларда хилофнинг бор экани ҳақдир. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг даврида ҳам ва у зотлардан кейин келган, салафи солиҳлар, деб танилган зотларнинг даврида ҳам бу нарса содир бўлган. Бироқ, ушбу хилоф уларни низолашишига, хусуматлашишига, жанжаллашишига ёки иттиҳом, залолат ва куфр билан айблашига олиб бормаган. Бу ишда ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Фаръий масалалардаги хилоф «зонний далиллар» ёки «бир-бирига тескари далиллар» ёки у иккисидан бошқа далиллар устига қоим топади. Буларнинг барчаси бир қоида асосига кўра бўлади: «Бизнинг сўзимиз тўғри, хато эҳтимоли бўлиши мумкин. Бошқаларнинг сўзи тўғри бўлиш эҳтимоли бор».

Бугунги кунда аҳли суннанинг баъзи кишилари томонидан «далили зонний» ва «далолати зонний» бўлган зонний далиллар устида қоим топган фаръий масалаларда қилаётган ихтилофларига «тўғри ёки хато» ва «ҳақ ёки ботил» дейишдан бошқаси бўлмаслиги керак! Аллоҳ тойилишдан Ўзи асрасин!

«Муҳиққут тақоввул фи масъалатит тавассул» асарининг муқаддимасидан 8-Б, Шайх Ваҳбий Сулаймон Ғовчи роҳимаҳуллоҳ

Навоий вилояти Кармана шаҳрининг 30 км. ғарбидаги ҳазора қишлоғининг ёнида Мовароуннаҳрдаги энг қадимги обидалардан бири – Деггарон масжиди жойлашган. Манбаларга кўра, унинг қурилиш даври XI асрларга бориб тақалади. Собиқ совет иттифоқи давридаги омборхона вазифасини бажарган масжид ғиштлари орасидаги қоришманинг таркиби ҳанузгача сир бўлиб қолмоқда.
ЎзА хабарига кўра, археологлар томонидан масжиднинг атрофида ундан ҳам аввалроқ даврга тегишли қадимий шаҳарча деворлари аниқланган.
Маданий мерос агентлиги мутахассиси Баҳодир Матчонов мазкур ёдгорлик тўғрисида қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
НИМА УЧУН ДEГГАРОНИЙ?
Масжид Деггарон қишлоғи ҳудудида жойлашганлиги сабабли шу ном билан аталган. "Деггарон" сўзи "қозон ясовчи" маъносини билдириб, қишлоқда асосан қозон ясовчи ҳунармандлар истиқомат қилган.
Масжид биноси Зарафшоннинг сўл қирғоғида, ҳозир вайрон бўлган қадимий кичик бир қишлоқ ҳудудида жойлашган.
Қишлоқнинг ҳам, масжиднинг ҳам номи бу ерда яшаган аҳолининг асосий машғулоти – ўтга чидамли қозон тайёрлашдан олинган.
Ҳожагон Сулукининг машҳур суфийларидан бири бўлмиш Шайх Мавлоно Ориф Деггароний (1313-1376) шу қишлоқда туғилган ва шу ерда дафн этилган. Асл касби дўкондор бўлиб, бўз тўқиш билан шуғулланган.
Ориф Деггароний Нақшбандия тариқатидаги Ҳожагон Сулукининг буюк намояндаси бўлмиш Баҳоуддин Нақшбандийдан олти ёш катта бўлиб, унинг устозларидан бири ҳисобланади. Бу зотнинг қабрлари Деггарон масжиди ҳудудида бўлганлиги сабабли масжид ҳам Мавлоно Ориф Деггароний деб аталган.
Деггарон масжиди мамлакатимиздаги сақланиб қолган ислом маданиятига тегишли илк қурилиш иншоотларидан биридир. Масжид қачон қурилганлиги тўғрисида турли маълумотлар бор. 1951 йилда яна қайта текширув ишларини олиб борган Варонина исмли тадқиқотчи Деггарон масжиди XI асрда қурилган, деган сўнгги хулосани берган.
Масжид 1946 йилда Давлат эрмитажи томонидан ташкиллаштирилган А.Якубовский бошчилигидаги Панжикент экспедицияси вақтида топилган. Олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, масжиднинг қурилган вақти А.Якубовский томонидан VII-IX асрлар деб ҳам белгиланган.
Кейинроқ ХVII асрда Деггарон қишлоғи масжиддан бироз нарида жойлашган Ҳазора қалъасига айланган. Масжид турли техника усулида қурилган. Жумладан, масжиднинг устунлари ва пойдеворининг бир қисми пишиқ ғиштдан, деворлари хом ғишт ва пахсадан иборат. Марказий гумбаз атрофидаги саккизта кичик гумбаз «балхи» услубидаги кичик равоқлар орқали масжиднинг ташқи деворлари ва ички устунларига таянган ҳолда қурилган. Собиқ Совет Иттифоқи даврида эса бу улуғ маскан омборхона вазифасини ўтаган.
1910 йил, 1328 ҳижрий санада Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан масжиднинг олди ва бир ён томонига айвон қурилган. Бу айвонлар 1980 йилларгача мавжуд бўлган.
Масжид ғиштлари орасидаги қоришманинг таркиби мутахассис ва сайёҳларнинг кучли қизиқишига сабаб бўлиб келмоқда. У жуда қаттиқ элементдан тайёрланган. Айниқса, чет эллик зиёратчилар бундан таажжубга тушган. Унга қандай модда қўшилгани ҳанузгача аниқланмаган.
Деггарон масжиди Бухородаги энг қадимий масжид билан таққослаганда, сомонийларнинг Мох масжиди ўрнига қурилган XII асрда кўтарилган Магоки-Атторий билан тенглаша олади.
Масжиднинг ноёблиги ўзига хос меъморлик услубида бўлиб, у Ислом дини кириб келишидан аввалги давр динининг асл намунасидир. Зеро марказий гумбаз тизимли тўрт бурчагидан тиргович кўтариб, турувчи қурилиш иншооти зороастр ибодатхоналарини эслатади. Бу каби бинолар илк христиан черковлари услубига ҳам хосдир.
2007 йил «Мавлоно Ориф Деггароний» жоме масжиди катта зиёратгоҳ ва кўркам манзилга айлантирилди. Бугун мажмуада музей фаолият кўрсатмоқда. Мажмуа таркибида ўз даврининг таниқли тасаввуф пешвоси Мавлоно Ориф Деггаронийнинг қабри жойлашган. Ҳозирда мазкур сағана таъмирланган. Шунингдек, комплекс майдонида Навоий вилояти ҳокимияти ҳузурида «Деггароний» фонди ҳам ўз фаолиятини юритиб келади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бухоро вилоятидаги 829 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган. Улар таркибида 287 та археология ёдгорликлари, 31 та мадраса, 105 та масжид, 14 та мақбара, 133 та архитектура ансамбллари (таркиби билан), 15 та карвонсаройлар, 4 та тим ва тоқлар, 18 та диққатга сазовор жойлар, 122 та қадимий уй-жойлар, 83 та архитектура ёдгорликлари, 17 та монументал ёдгорликлар қайд этилган.
ЎзА хабарига кўра, давлат раҳбарининг ташаббуси билан 2017-2021 йилларда жами 123 та маданий мерос объектларига 75,4 миллиард сўм ажратилган. Таҳлилларга кўра, 2017 йилда 13 та, 2018 йилда 6 та, 2019 йилда 16 та, 2020 йилда 43 та, 2021 йилда 45 та маданий мерос объектлари таъмирланган.
Ўтган 5 йилдаги таъмирлаш лойиҳаларига республика Илмий эксперт Кенгаши ва тегишлилиги бўйича ЮНЕСКОдан ижобий хулосалар олинган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

مَرَجَ الْبَحْرَيْنِ يَلْتَقِيَانِ. بَيْنَهُمَا بَرْزَخٌ لَا يَبْغِيَانِ

 «У икки (хил) денгизни бир-бири билан ёнма-ён турадиган ҳолда чиқариб қўйди. (Аммо) у иккисининг ўртасида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмаслар» (Ар-Раҳмон сураси, 19–20-оятлар).

Қуръони каримда “икки денгиз” сўзи тўрт оятда (Каҳф сура­си, 60-, Фурқон сураси, 53-, Намл сураси, 61- ва Ар-Раҳмон сураси, 19-оят­лар) келган.

Ибн Аббос розияллоҳу ан­ҳу­­мо айтади: «Ояти карима­даги “икки ден­гиз”дан му­род бири, осмон­нинг, ик­кинчиси, ернинг ден­гизи­дир. Яъни, осмондан тушадиган ём­ғир суви ва денгизлардир».

Мужоҳид ва Саид ибн Жу­байр раҳматуллоҳи алайҳи­мо ҳам ана шундай дейди. Ҳа­сан ва Қатода раҳма­туллоҳи алайҳимо ундан мурод Форс кўрфази ва Ўрта Ер денгизи, дейишган.

Ибн Журайж эса, ояти каримадаги “икки денгиз”дан мурод чучук ва шўр сувли денгизлар эканини айтган.

Саҳл ибн Абдуллоҳ ояти каримадаги икки денгиздан мурод яхшилик ва ёмонлик йўллари дейди.

Ояти каримада зикр этилган “барзах” сўзи дунё ва охират ўртасидаги тўсиқдир. Яъни, дунё ва охират орасида Аллоҳ белгилаб қўйган муайян муддат бор. Шу боис иккала­си бир-бири билан аралашиб кетмайди. Аллоҳ таоло қиёмат қоим бўлишига амр этса, қўшилиб кетади. Бу ҳақда Инфитор сурасининг 3-оятида зикр қилинган: «Денгизлар қўшилиб, тўсиқлар очилганида…» (Инфитор сураси, 3-оят).

* * *

Олимларнинг аниқлашича, Форс кўрфазида денгиз тубидан чучук сувли булоқлар отилиб чиқади. Ўша булоқларнинг суви денгизнинг шўр сувига аралашмайди. “Кўкбод” номи ила машҳур бўлган булоқлар ғаввосларнинг жонига оро киради.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида бундай марҳамат қилади: «(Аллоҳ) ик­ки денгиз (дарё)ни буниси жуда чучук, униси жуда шўр қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тў­сиқ ва пухта парда қилиб қўйган Зотдир» (53-оят).

Аллоҳ таоло сайёрамизда чучук сувга нисбатан шўр сувни кўп яратган. Уммонлар ва денгизлар сувини шўр, дарёлар, булоқлар, анҳорлар сувини чучук қилган. Дарёлар суви денгизларга, уммонларга қуйилади. Аммо бу билан денгизларнинг суви чучук бўлиб қолмайди. Уммонлар ва денгизлардан буғланиб самога кўтарилган булутларнинг ҳосиласи – ёмғир ва қор сувлари чучук ва ширин сув бўлиб, барча мавжудот, наботот ва инсоният учун ҳаёт манбаига айланади.

Адан кўрфази билан Қизил денгиз туташган Боб ал-Ман­даб бўғозида ва Атлантика океа­ни билан Оқ денгиз (Ўрта Ер денгизи) туташган Жабали Ториқ (Гибралтар) бўғозида икки денгиз суви бир-бирига аралашмаган ҳолда оқади.

Машҳур денгизчи капитан Кусто Ислом динини қа­бул қи­либ, ҳаётидаги энг тўғри ишни амалга оширганини фахр билан тилга олади: “Ат­лантика океани би­лан Ўрта Ер денгизи туташган жойдаги сувнинг ҳолатини тек­ширдик. Авва­ло, Ўрта Ер денгизининг ўзи­га хос илиқли­ги, шўрлиги, зичлиги ва сувости ҳайвонларини аниқладик. Худди шундай таж­рибани Атлантика океа­нида ҳам ўтказдик. Бу икки сув ҳавзаси Жабали Ториқ (Гиб­ралтар) бўғозида бирлашади. Бу вазиятда ҳар икки сув ҳавзаси бир-бирига аралашиб кетиши, уларнинг тузлилик даражаси, ҳарорати, зичлиги ва бошқа унсурлари ўзаро ўх­шаш, ҳеч бўлмаганда, ўзаро яқин бўлиши керак эди.

Ҳолбу­ки, ҳар икки денгизнинг ҳатто энг яқин қисмларида ҳам денгиз суви ўзига хослигини сақлаб қолган. Яъни ҳавзалар туташган нуқтада бир сув пардаси икки денгиз сувининг бир-бирига аралашиб кетишига тўсқинлик қиларди. Бу ҳолни профессор Мауриси Басэйлга тушунтириб берганимда, у бунда ҳайрон қоладиган нарса йўқлигини, Қуръони каримда бу ҳақда очиқ-ойдин баён этилганини айтди. Шундан сўнг Қуръоннинг Аллоҳ каломи эканига имон келтириб, ҳақ дин – Исломни танладим. Ислом менга маънавий қувват бахш этди”.

Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил азим”, Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул улум” тафсирлари ҳамда бошқа манбалар асосида

Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

Шу кунларда муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасининг бир қанча туманларида бўлиб, масжидларда намозхонларга диний-маърифий суҳбатлар қилиб бермоқдалар. Бундай манфаатли суҳбатлардан қорақалпоқ аҳли ғоят мамнун бўлиб, муфтий ҳазратларига ўз миннатдорлигини билдирмоқдалар.
Ана шундай гўзал суҳбатлардан бири 23 февраль куни Таҳиятош туманидаги “Сариқ Эшон” жоме масжидида давом этди.
Унда муфтий Нуриддин домла ҳазратлари хуфтон намозидан сўнг жамоатга Аллоҳга мақбул энг яхши амаллар ҳақида мавъиза қилиб, мавзу доирасидаги ҳадислардан ўқиб, уни шарҳлаб шундай дедилар:
– Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда одамларнинг ичида Аллоҳга суюклиси ўзгаларга фойдаси, манфаати етадигани, энг мақбул амали эса бир кишини қалбига хурсандчилик киргизадигани, бир мусулмонни дунёдаги қийинчилигини, машаққатини кеткизадигани, ёки қарздорнинг қарзини узиб қўядигани, шу билан бирга қорни оч одамни тўйдирадигани дейилган. Бугун биз буларнинг қай бирига амал қиляпмиз? Ҳозир шунақа бўлиб қолдики, бирортаси қарз сўраса бермаймиз. Ёрдам қилгимиз келмайди. Муҳтожроқ одамни кўриб қолсак, бирор нарса сўрамасин деб қочамиз. Бу чин мўминнинг ишими? Қўлингиздан келса қарздор одамни мушкулини осон қилинг, муҳтож одамнинг ҳожатини чиқаринг, бу каби амаллар Масжиди Набавийда бир ой эътикоф ўтиргандан афзал дейилган ҳадисларда. Ҳақиқий, чин мўмин бўлмоқчимизми, унда мана шу амалларга эътиборли бўлишимиз лозим.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ҳақиқий мўмин қандай дуо қилиши ҳақида сўз юритиб, фақат бу дунёни сўрайвермасдан охират яхшилигини сўрашни ҳам таъкидладилар.
Долзарб мавзуда қилинган маъруза йиғилганларда катта таассурот қолдириши баробарида ўзига тегишли манфаат ҳам олишларига сабаб бўлди. Жамоат муфтий ҳазратларининг ташрифларидан беҳад мамнун бўлиб, гўзал суҳбатларидан руҳий озуқа олдилар.
Маърифий суҳбат сўнгида жамоат ва халқимиз фаровонлиги йўлига эзгу дуолар қилинди.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Page 81 sur 1862

Видеолавҳалар

Top