muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги вакилликлар, масжидлар, халқаро марказлар ҳамда илмий мактабларда “Араб тили” бўйича пуллик ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида”ги 01А/017-сонли буйруғига кўра Имом Бухорий халқаро марказида “Араб тили” бўйича пуллик ўқув курси ташкил этилди. Бу ҳақда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази расмий сайтида хабар берилди. 

Хабарда ўқув курси давомийлиги уч ой этиб белгилангани, дарслар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тасдиқланган ўқув режаси ва ўқув дастури бўйича Имом Бухорий халқаро марказининг илмий ходимларидан иборат ўқитувчилар томонидан ўтказилиши маълум қилинган. 

Бундан ташқари, 2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб Самарқанд вилояти бўйича фуқаролардан тушган аризаларга кўра 40 нафар тингловчилар араб алифбосидан дарс машғулотларини бошлагани қайд этилган. 

Шу куни Имом Бухорий халқаро марказида “Араб тили” ўқув курсининг очилиш маросими бўлди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили ўринбосари Хайрулло Сатторов, Самарқанд ҳадис илми мактаби раҳбари Олимхон Юсупов ва марказ илмий ходимларидан иборат ўқитувчилар иштирок этгани айтиб ўтилган. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 2 март куни Навоий вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Ташрифдан мақсад жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш экани айтиб ўтилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳиндистон Ислом академияси – “Дор ул-улум Девбанд” телефонларга рингтон ва чақирув мусиқаси ўрнига Қуръон оятлари қўйиш мумкин эмас деган фатво чиқарди ва бу билан Саудия Арабистони уламоларнинг айни масаладаги фикрини қўллаб-қувватлади. 

“India.com” сайтида муфтий Ориф Козимийнинг интервьюси келтирилиб, унга кўра уламо фатвони шарҳлаган

“Телефон ҳожатхонада жиринглаб қолиши мумкин. Бундай вазиятда Қуръон оятлари ёки азонни эшитиш Ислом қонунларига зиддир. Арабистонми, Ҳиндистонми ёки ер юзининг бошқа нуқтасими – Ислом ҳамма жойда бир. Шу сабабли Саудия Арабистонида чиқарилган фатво бу ерда ҳам муҳим”, деди шайх Козимий. 

“Бундан ташқари, одамлар кўпинча телефонга жавоб бериш учун оятни ёки азонни ярмидан узиб қўядилар. Бу мумкин эмас, бу худди биров Қуръон тиловат қилаётган ёки азон айтаётганда, уни тўхтатиб қолиш билан тенг. Шунингдек, муқаддас Каломнинг нопок жойларда янграшига йўл қўйиб бўлмайди”. 

Ушбу масалада дунёнинг кўплаб уламолари бир хил фикр билдирганлар. Бунга қўшимча равишда эшик қўнғироқларига ҳам Қуръон оятларидан фойдаланиш ҳам ножоиз эканлиги айтилган. 

ЎМИ Матбуот хизмати

1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси фондида сақланаётган тарихчи-манбашунос олим Комилхон Каттаевнинг “Тасаввуф алломалари” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда тасаввуф олимлари, профессор-ўқитувчилар, уламолар, имом-хатиблар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида Қуръони карим оятларидан тиловат ва дуо қилиниб, сўнг муаллиф Комилхон Каттаевга сўз берилди. Муаллиф мазкур китобнинг ёзилиш тарихи, устозларнинг беқиёс кўмаги, келтирилган маълумотлар илмий асосга эга экани, асарда келтирилган азиз авлиёлар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур “Тасаввуф алломалари” китоби ҳақида гапирар экан, муаллиф ушбу китобни ёзишда жуда кўп меҳнат қилгани, соҳа мутахассислари ва тарихий манбаларга мурожаат этганини билдирди. Имом Термизий халқаро илмий- тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг қабрларини топишда Комилхон Каттаев жуда катта ҳисса қўшганини маълум қилди. Жумладан, Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний каби кўплаб алломаларнинг қабрларини топишда иштирок этганини айтиб ўтди.
Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтининг катта илмий ходими Сайфиддин Сайфуллоҳ тарихчи-манбашунос олим Комилхон Каттаевнинг “Тасаввуф алломалари” китобида улуғ авлиёлар ва ориф зотларнинг ҳаёти ва ижоди қаламга олингани, мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида маънавий меросимизга янгича ёндошиш туфайли тасаввуф алломаларига бўлган эътибор катта бўлаётганини билдирди. Эндиликда уларнинг илмий-маърифий меросларини ўрганиш, ҳаётга татбиқ этиш улкан ижобий натижаларни беришини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда профессор ўқитувчилар, соҳа мутахассислари ҳам сўзга чиқиб, муаллифнинг ижодига улкан муваффақиятлар тилашди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Савол: Баъзилар намоз бошланганида масжидга (жамоатга етиш учун) югуради. Шу тўғрими?

Жавоб: Бу хато. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдик. Одамларнинг оёқ товушлари эшитилди. Пайғамбаримиз намозни тугатгач, улардан: “Сизларга нима бўлди?” деб сўрадилар. Улар: “Намозга шошилдик”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай қилманглар. Агар намозга келсаларинг, хотиржамлик билан келинглар. Намознинг қанчасига етсаларинг, уни ўқинглар, қанчасини ўтказиб юборсаларинг, уни (ўзларингиз) тўлдириб қўйинглар”, дедилар».

Шунинг учун намозга виқор билан келиш, шошмай ният қилиб, сафга туриш керак.

“Сўраган эдингиз” китобидан

Видеолавҳалар

Top