muslim.uz

muslim.uz

Расулуллоҳ (с.а.в.) муттасил уч йил Макка аҳлини махфий даъват қилдилар. Исломга хайрихоҳ кишилар сони бироз кўпайгандан кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) очиқ-ойдин даъватга буюрилдилар. Маккаликларнинг душманлиги қаттиқлашган ва Мадина аҳли исломни қабул қилиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ҳимоя қилиш ва ёрдам беришга ваъда берганидан кейин, Аллоҳ таоло ҳижратга амр қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) асҳоблари билан Мадинага борганларидан сўнг, у шаҳар ваҳий нозил бўладиган марказ ва исломнинг пойтахтига айланди. Ўша ердан ислом душманларига қарши ғазотларга бордилар, ўша ерда кўплаб муборак суннатларни жорий қилдилар. Аммо мушриклар билан тез-тез содир бўлиб турган жанглар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг даъватлари Жазира арабларига етиб боришга, шунигдек кўпчилик қабилаларни исломни қабул қилишига тўсқинлик қиларди. Ҳижратнинг олтинчи (6) йилида Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Макка мушриклари орасида тузилган Ҳудайбия сулҳидан сўнг одамлар бир-бирларининг тажовузларидан амонда бўлдилар, бир-бирлари билан ҳамсуҳбат бўлдилар, “бу янги дин” нинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашдилар ва суҳбатлардан таъсирланган кўплаб араблар ислом динини қабул қилдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу фурсатни ғанимат билиб, атроф мамлакатларнинг подшоҳларига мактублар йўлладилар, Яман, Баҳрайн, Ямома, Ҳазрамавт, Уммон ва бошқа араб шаҳарларидаги исломни қабул қилган қабилаларга муаллимлик қилиш учун элчилар юбордилар. Бу элчилар, биринчидан борган қабила аҳлига Аллоҳнинг раҳмати сифатида Қуръон ва Суннатни таълим берган бўлсалар, иккинчидан Араб жазирасидаги мусулмонлар орасида Росулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларини тарқалишига сабаб бўлдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) элчиликнинг динни тарқалишидаги аҳамиятини яхши билганлари учун, бу вазифага Ўзлари ишонган, тақвоси, одоби, илми юқори савияда бўлган, Аллоҳ ва Расулининг динига чиройли мавъизалар билан даъват қиладиган саҳобаларни танлаб, у ердаги вазиятни тушунтириб, даъват олиб бориш услубини ўргатиб юборар эдилар. Яманга Муъоз ибн Жабални юбораётиб шундай дедилар: “Сен аҳли китоб бўлган қавмга кетяпсан. Уларга бориб Аллоҳ таоло мусулмонларга беш вақт намоз ўқишни фарз қилганини айт. Улар сенга итоат қилсалар, Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутишни ҳам фарз қилганини айт. Улар сенга яна итоат қилсалар, Аллоҳ таоло, йўлга қодир бўлган мусулмонларга Байтуллоҳни ҳаж қилиш ҳам фарз қилинганини айт. Бунга ҳам рози бўлсалар, Аллоҳ таоло молларингиздан садақа(закот) фарз қилинган, бойларингиздан олиб камбағалларингизга берилади, деб айт”.

Табиийки, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан топшириқни олган саҳоба борган жойида У зот айтган гапларнинг айнини такрорлар, вазифасини бажаришга киришар, шу тариқа Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадислари янги қавм орасида кенг тарқалишига сабаб бўларди.

Ҳижратнинг 8-9 йилларида Расулуллоҳ (с.а.в.) Макка фатҳи, Ҳунайн ва Табук ғазотларидан ғалаба билан қайтишлари атрофдаги мамлакатларни ваҳимага солди. Араб жазирасидаги баъзи қабилаларнинг исломга қизиқиши ортди. Маккалик Қурайш қабиласи-ки ислом байроғи остига ўтдими, мусулмонлар билан ўйнашиб бўлмасликни тушундилар. Натижада бу улуғ Пайғамбар (с.а.в.) билан мулоқот қилиш, зиёрат қилиш, ислом неъматидан баҳраманд бўлиш иштиёқида қабилалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳам, якка-якка ҳолда ҳам Мадина сари равона бўлдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар берган эди:

1.“(Эй Муҳаммад), Қачон Аллоҳнинг ёрдами ва ғалаба келса; 2. Ва одамлар тўп-тўп бўлишиб Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрсангиз; 3. Дарҳол Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У Зотни ҳар қандай “шерик”лардан) покланг ва У Зотдан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул қилгувчи бўлган Зотдир .

Мадинага келаётган мусулмонларнинг сони кундан-кунга кўпайган каби, атрофдаги исломни қабул қилган, куфрни ва куфр аҳлини тарк этган мамлакатлар подшоҳларидан келаётган элчиларнинг сони ҳам ортиб борарди. Расулуллоҳ (с.а.в.) келган одамларга эҳтиром кўрсатардилар, ҳидоят ва диёнатни ўргатардилар, уларга Аллоҳга итоат қилувчиларга бериладиган ажр-савоблар башоратини берардилар. Уларнинг Мадинага келиш сабаблари Расулуллоҳ (с.а.в.) берадиган ато (ҳадя) учун эмас, балки, ислом арконлари, аҳкомлари, усули, фуруъини ўрганиш, яъни дин таълими учун эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга ҳамма нарса ҳақида гапириб берардилар, саволларига жавоб берардилар, хутба ўқирдилар, ҳидоятга чақирардилар, умрларининг охиригача тақво, итоат қилишни тавсия этардилар. Мадинага ҳижрат қилиб келганлар сони ҳаддан ортиқ кўп бўлгани учун, тарихда ҳижратнинг 9-йили элчилар йили, деб номланди.

Расулуллоҳ (с.а.в.)га келган элчиларнинг беҳисоблигига қарамай, саҳобалар бу элчиларнинг қайси қабиладан келганлари, уларга Расулуллоҳ (с.а.в.) қандай мавъиза қилганларию, нима ҳақда гапирганлари, улар қандай савол берганларию, Расулуллоҳ (с.а.в.) қандай жавоб берганларини ёдда сақлаб қолган эдилар. Бунга бир неча мисол келтирамиз:

  1. Бани Саъд ибн Бакр қабиласидан Заммом ибн Саълаба ҳижратнинг 9-йилида элчи бўлиб келди. У Мадинага келганда, Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалар орасида ўтирган эдилар. Заммом: “Қайси бирингиз Абдулмуттолибнинг ўғлисиз?!-деб сўради. Саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўрсатишди. Расулуллоҳ (с.а.в.)га қараб: “Эй Муҳаммад, элчинг бизга хабар қилишича, сени Аллоҳ юборган эмиш, тўғрими?”-деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Рост айтибди”,-дедилар.

-Сендан олдингию, сендан кейингиларнинг Парвардигори ҳаққи-а?

-Аллоҳ ҳаққи рост.

-Аллоҳ ҳаққи, сенга бир кеча-кундузда беш вақт намоз ўқишни Аллоҳ буюрдими?

-Аллоҳ ҳаққи рост.

-Аллоҳ ҳаққи, бойларимизнинг молидан олиб, камбағалларга беришни ҳам сенга Аллоҳ буюрдими?

-Аллоҳ ҳаққи рост.

-Аллоҳ ҳаққи, ўн икки ойдан Рамазон ойи рўзасини тутишни Аллоҳ буюрдими?

-Аллоҳ ҳаққи, рост.

-Аллоҳ ҳаққи, йўлга қодир бўлган одам Байтуллоҳни ҳаж қилишини Аллоҳ буюрдими?

-Аллоҳ ҳаққи, рост.

Заммом: “Мен Аллоҳга имон келтирдим, сизни тасдиқ этдим. Мен Заммом ибн Саълабаман”,- деди ва қавмига қайтиб бориб, уларни исломга киритди.

 

  1. Абдулқайс қабиласидан элчилар келишди ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га шундай дейишди: “Биз Сизнинг зиёратингизга фақат уруш ҳаром қилинган ойлардагина кела оламиз. Чунки, орамизни Музор қабиласи тўсиб туради. Шунинг учун бизга шундай муҳим амалларни буюринг-ки, қолган қавмимизга ўргатайлик ва жаннатга кирайлик”. Кейин ичимлик тўғрисида ҳам сўрашди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни тўрт нарсага буюрдилар: 

1). Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳнинг элчиси, деб имон келтириш; 

2). Намоз ўқиш; 

3). Рамазон рўзасини тутиш; 

4). Ўлжадан бешдан бирини бериш. 

Ва тўрт нарсадан қайтардилар: 

1). Кўза; 

2). Қовоқ; 

3). Ёғочдан ичи ўйиб ишланган идиш; 

4). Мешдан (яъни мазкур идишларда сақлаб, ачитиб ичиладиган маст қилувчи ичимликлар истеъмолидан) ва дедилар: “Шуларни ёдда сақланглар ва орқангизда қолганлар(қавмингиз)га етказинглар!” (Имом Бухорий, Имон китоби) 

  1. Тужиб қабиласининг элчилари ўн уч кишидан иборат бўлиб, ўзлари билан бирга бутун қабила аҳлининг молларидан чиқарилган закотни ҳайдаб келишди ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз молимиздан ажратган Аллоҳнинг ҳаққини Сизга олиб келдик”,-дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни хурсанд ҳолда кутиб олдилар, эҳтиром кўрсатдилар ва уларга дедилар: “Буларни ўз қавмингизга олиб боринглар ва камбағалларингизга тақсим қилиб беринглар!” Элчилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, камбағалларимизга тақсимлаб бериб, ортганини сизга олиб келдик”,-дейишди. Абу Бакр Сиддиқ (рз.а.): “Эй Аллоҳнинг Расули, бирорта араб қабиласидан келган элчилар буларчалик итоат ва саховат кўрсатмаган”,- дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Албатта, ҳидоят Аллоҳнинг қўлида. Кимга яхшиликни ирода қилса, қалбини имонга очиб қўяди”. 

Элчилар Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларида Қуръон ва Суннатдан сўрашди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга рағбат қилиб, кўп масалалрни баён этиб бердилар. Элчилар Расулуллоҳ (с.а.в.) билан видолашиб, ўз қавмлари томон жўнамоқчи бўлдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сизлардан бирортангиз қолмадими?”-деб сўрадилар. Элчилар, уларнинг юкларини қўриқлаб туриш учун қолган ёш йигитни айтишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) йигитни чақириб келтиришни буюрдилар. Йигит етиб келгандан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.)га деди: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизнинг ҳузурингизга ҳозиргина келиб кетган элчиларданман. Мен уларнинг ҳожатларини чиқардим. Сиз менинг ҳожатимни чиқарсангиз”. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Нима ҳожатинг бор?”-деб сўрадилар.”Аллоҳдан сўрасангиз, У мени мағфират қилса, менга раҳм-шафқат қилса, менинг қалбимни хотиржам қилса!”-деб илтижо қилди йигит. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳим, у йигитни мағфират қилгин, унга раҳм-шафқат қилгин, унга хотиржамлик ато этгин”,-деб дуо қилдилар ва бошқаларга буюрган ислом амалларидан унга ҳам буюрдилар. Элчиларнинг ҳаммаси Ҳаж мавсимида Минода Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кутиб олдилар, аммо дуо олган йигит кўринмади. Расулуллоҳ (с.а.в.) у ҳақда сўрадилар. Элчилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, дунёда унга ўхшашни, Аллоҳ берган ризққа ундан кўра сабрлироқни кўрмадик. Одамлар бутун дунёни тақсимлаб олсалар ҳам, у қайрилиб қарамайди”,-дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳга ҳамд бўлсин, мен умид қиламанки, ҳаммасидан (нафси) ўлишини”,-дедилар. Бир киши сўради: “Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам (нинг нафси) ҳаммасидан ўлиши мумкинми?” Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Одамнинг орзулари ва ташвишлари дунё водийларига сочилган бўлади. Ажал уни шу водийлардан бирида ушлаши мумкин. Қайси водийда ушланмасин у ҳалок бўлади”. 

Шундай қилиб, атроф қабилалардан, мамлакатлардан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг зиёратларига келган элчилар ҳам, У Зот тарафларидан атрофга юборилган элчилар ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларини тарқалишида муҳим аҳамият касб этганлар. 

Ҳижратнинг 10-йилида Расулуллоҳ (с.а.в.) бошчиликларида қилинган “Вадоъ ҳажжи” Суннатни бутун олам аҳлига тарқалишида муҳим воқеъа бўлди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Арафотда Араб жазирасининг турли бурчакларидан келган 120 минг ҳожи ҳузурида оламшумул, машҳур хутбаларини ўқидилар. Эскидан қолган бутун ёмонликларни, қон даъволарини, судхўрликни, қиморни, фаҳшни, ҳар турли ҳақсизликларни бекор қилдилар. Мусулмонлар ўртасида мол, жон, номус хавфсизлигини таъминладилар. Аллоҳнинг амр ва наҳийларини яна бир бор эслатдилар. Эркакларнинг ўз хотинлари ва хотинларнинг ўз эркаклари устидаги ҳақларини тушунтирдилар. Барча мусулмонларнинг биродар эканлигини таъкидлаб: «Сизларга икки нарсани қолдиряпман, агар унга маҳкам ёпишсаларингиз, ҳақ йўлдан ҳеч қачон адашмайсизлар. Бири Аллоҳнинг Каломи, иккинчиси менинг суннатимдир»,-деган муборак ҳадисни айтдилар. 

 Видолашув сўнггида ўша саҳоба ҳожиларга: «Сиздан мени сўрайдилар, нима дейсизлар?»- дедилар. Саҳобалар: «Аллоҳнинг амрларини бизга билдирдингиз. Вазифангизни бажардингиз, деймиз»,- дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в) уч марта: «Аллоҳим шоҳид бўл»,-дедилар. Шу вақтда Аллоҳнинг ушбу ояти каримаси нозил бўлди: 

«Бугун сизларга дининггизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» . 

“Суннат, ҳадис ва муҳаддислар” китоби асосида тайёрланди 

ЎМИ Матбуот хизмати

28 февраль, чоршанба куни Сурхондарё вилоятида қорилар мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада республика босқичига чиқиш учун туман босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 11 нафар қори, 10 нафар қория жами 21 киши ҳаракат қилади.
Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган Қуръони карим мусобақаси сабаб файзу барака ёғилмоқда, Ҳақ таолонинг Каломига ошиқ кўнгиллар ояти карималарни жон қулоқлари билан тинглашмоқда.
Энг муҳими Қуръони каримни тинглаш Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Менга қироат қилиб бергин”, дедилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, Қуръон сизга нозил қилинган бўлса, сизга мен қироат қилиб берайинми?”, дедим. У зот “Ҳа”, дедилар.
Бошқа ривоятда “Мен Қуръонни бошқадан эшитишни хуш кўраман”, дедилар. Мен “Нисо” сурасини ўқиб, “Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!” оятига етганимда, “Етарли” дедилар. Қарасам икки кўзларидан ёш оқаётган экан”, дейилган.
Шундай экан азизлар, 28 февраль, чоршанба куни Сурхондарё вилояти бўйича Қуръон мусобақасининг вилоят босқичидан баҳраманд бўлинг.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мамлакатимизда сўнгги вақтларда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарасида бир қанча масжидлар очилмоқда. Таъмирталаблари таъмирланмоқда. 

Худди шундай ишлардан бири Наманган вилояти Чуст шаҳридаги қаровсиз қолдирилган масжид биносини таъмирлаш ишлари бошлангани ҳақида ижтимоий тармоқларда фаол бўлган, ошпаз Баҳриддин Чустий хабар берди. 

Баҳриддин Чустий ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси қуйидаги сўзларни ёзиб қолдирган: 

“Ёшлигимизда Чустда, йўл бўйида жойлашган ажойиб бир масжид бўлар эди. Ҳар гал мактабга ўша масжид ёнидан ўтганимизда азон овози қулоқни, у ердан чиқаётган нуроний отахонлар эса кўзни қувонтирар эди. Аммо негадир ушбу масжид 1998 йили ёпилган эди. 

Ўтган йиллар мобайнида ушбу масжидни қайта очишга бир неча бор уринишлар бесамар бўлган. Ва ниҳоят Президентимизнинг диний соҳадаги ислоҳотлари доирасида ўтган куни масжидни реконструкция қилиб, қайта очишга рухсат берилди. Рамазон ойигача ушбу масжидда хатм ва таровех ўқиш умиди ила кечадан масжидда ҳашар бошланди”.

ЎМИ Матбуот хизмати

Кеча, 25 февраль куни маҳаллий вақт билан 20:40 да Ақтўбе вилоятининг Хромтау туманидаги Жариқ посёлкаси яқинида “Самара – Чимкент” трассасида йўловчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. 

ЙТҲ оқибатида ўзбекистонлик 7 фуқаро жароҳатланган. Бу ҳақда “Казинформ” ахборот агентлиги хабар берди. 

Қозоғистонлик 35 ёшли “Мерседес” автобуси ҳайдовчиси Ақтўбе шаҳридан Хромтау шаҳри томон ҳаракатлана туриб, бошқарувни йўқотиб қўйган. Натижада 25 кишидан иборат йўловчи бўлган автобус йўл чеккасига чиқиб кетган. 

“Автобус йўловчиларининг 7 нафари – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – турли жароҳатлар билан Хромтау шаҳридаги туман марказий шифохонасига ётқизилган. Улар катта бўлмаган жароҳат ва синишлар олган. Жабрланганлар ҳамон шифохонада”, дея хабар берган вилоят ички ишлар матбуот хизмати раҳбари Ерболат Саркулов.

ЎМИ Матбуот хизмати

  • Жаннат аҳли жаннатда безаниб оладилар: «...Улар у жойда олтин билакузуклар ва марваридлар билан безалурлар, либослари эса ҳарир (ипак) бўлур» (Ҳаж сураси, 23-оят).  
  • Жаннат аҳли беҳуда гап-сўзларни эшитмаслар, уларга ўзлари истаган ризқлар пайдо бўлади: «У жойда улар беҳуда сўз эшитмаслар, балки «салом» (сўзини эшитурлар). У жойда улар учун эртаю кеч ризқлари ҳозирдир» (Марям сураси, 62-оят).
  • Жаннат аҳли жаннатда хурсандчиликлар қиладилар: «Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равза (жаннат)да хурсандчилик қилурлар» (Рум сураси, 15-оят).
  • Жаннат аҳли Аллоҳни кўрадилар: «У кунда баъзи юзлар яшнаб турувчи, Парвардигорларига боқувчидир» (Қиёмат сураси, 22-оят).
  • Жаннат аҳлига Аллоҳ таолонинг саломи бўлади: «(Уларга) раҳмли Парвардигор (томони)дан салом (айтилур)» (Ёсин сураси, 58-оят).
  • Жаннат аҳли салқин сояларда ўтирадилар: «Улар ўз жуфтлари (хотинлари) билан бирга сояларда, сўриларда суяниб ўтирурлар» (Ёсин сураси, 56-оят).
  • Жаннат аҳли оч ҳам, ялонғоч ва ташна ҳам бўлмаслар: «Шубҳасиз, сен у жойда (жаннатда) оч ва яланғоч ҳам қолмайсан. Шунингдек, сен у жойда ташна ҳам бўлмайсан ва иссиқда ҳам қолмайсан» (Тоҳо сураси, 118-119-оят).
  • Жаннатда жаннат аҳли учун фақат роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлади, у ерда ўлим, касаллик, мусибату ғам-ташвиш бўлмас: «Албатта, жаннат аҳли у кунда (роҳат ва фароғат) иш(лари) билан шоддирлар» (Ёсин сураси, 55-оят).
  • Жаннат аҳли турли хил ширин мевалар истеъмол қиладилар: «...Ризқ этилган мевалардан ҳар гал тановул қилганларида: «Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!» – дейдилар. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди...» (Бақара сураси, 25-оят).

Жаннатдаги ноз-неъматларнинг ташқи кўриниши худди бу дунёдагига ўхшаш бўлиб, мазасининг тотлилиги билан фарқ қилар экан. Жаннат аҳли тановул қилмай туриб: “Бу олдин (дунёда) тановул қилган нарсаларимизнинг ўзи-ку!” дер эканлар. Еб кўрганларидан кейин эса, жаннат меваларининг мислсиз тотли эканига амин бўлар эканлар.

  • Жаннат аҳли баланд кўрпачалар устида ўтирадилар: «(Улар) тикансиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, ёйиқ соя (ости)да, оқизиб қўйилган сув (бўйи)да, кўплаб мева (узра)ки, (улар) туганмас ва ман этилмасдир. Шунингдек, (улар) баланд тўшалган кўрпачалар (усти)дадирлар» (Воқеа сураси, 28-34-оят).
  • Жаннат аҳли пок шароб ичадилар: «Устиларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безанган бўлурлар ва Парвардигорлари уларга пок шароб ичирур» (Инсон сураси, 21-оят).
  • Жаннат аҳли сут, май ичадилар, асал ва мевалар ейдилар: «Тақволи зотлар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (сифати будир): Унда айнимас сувдан иборат анҳорлар ҳам, таъми ўзгармас сутдан иборат анҳорлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли (ақлдан оздирмайдиган) майдан бўлмиш анҳорлар ҳам ва мусаффо асалдан иборат анҳорлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (у жойда) Парвардигорлари (томони)дан мағфират бордир» (Муҳаммад сураси, 15-оят).
  • Жаннат аҳли кўрпачалар устида, ёстиқлар узра ястаниб ўтирадилар: «(Жаннат аҳли) астарлари шойидан бўлган кўрпачалар узра ястанган ҳолда (ўтирурлар)» (Раҳмон сураси, 54-оят). (Жаннат аҳли) яшил ёстиқлар ва гўзал гиламлар узра ястанган ҳолларида (ўтирурлар) (Раҳмон сураси, 76-оят).
  • Жаннат аҳли Аллоҳ таолога ҳамд айтадилар: ...(Шунда) айтурларки: «Ушбу (ҳидоят)га бизни бошлаган Аллоҳга ҳамд (айтамиз). Агар бизни (Ўзи) бошламаганида, тўғри йўлни топа олмаган бўлур эдик. Раббимизнинг пайғамбарлари ҳақиқатни келтирган эканлар». Уларга нидо қилинурки: «Мана шу – жаннат. Қилган (савобли) амалларингиз сабабли у сизларга мерос қилиб берилди» (Аъроф сураси, 43-оят).

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни жаннат боғларида тақводор ва солиҳлар билан бирга қилишини, Ўз раҳмати билан ўраб олишини ҳамда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шафоатларига ноил  қилишини сўраб, дуолар қиламан. Омин Я Роббал Аъламийн.

 

Даврон НУРМУҲАММАД тўплади

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top