muslim.uz

muslim.uz

Турк ҳукмдорларидан Султон Маҳмуд Ғазнавий тақвоси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига уйғун яшагани ва адолатпарварлиги билан машҳур эди. Унинг бир вазири бўлиб, вазирнинг Муҳаммад исмли ўғли Султонга котиблик қиларди.

Бир куни Маҳмуд Ғазнавий котибни исми билан эмас, “Эй вазирнинг ўғли”, деб чақиради. Бу ҳолдан котиб сергакланиб, подшоҳни ранжитадиган бирор иш қилдимми, дея хавотирга тушади. Воқеани отасига айтиб, маслаҳат ҳам сўрайди.

Аммо подшоҳ кейинроқ унинг ўғлини яна исми билан чақирганини кўриб, минг андишада подшоҳдан: «Ўғлим хатосини ўнгладими, уни яна ўз исми билан чақиряпсиз?» деб сўрайди. Подшоҳ: «Ташвишланма, доим ўғлингнинг отини айтиб чақирганимда таҳоратли бўлар эдим. Ўша сафар таҳоратим йўқ бўлгани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларини тилга олгим келмади», деб жавоб берди («Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз» китобидан).

Оламлар сарвари таваллуд топган ой – Рабиъул аввал ойи кириб келгани муносабати билан иймонлашмоқни ният қилиб ўқиганим ана шу ибратли воқеани Сиз азизларга ҳам илинишга журъат қилдим.

Бинобарин, бу воқеа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларига боболаримиз нечоғлик ҳурмат кўрсатганини намоён этади.

Яна мўътабар манбаларда Аллоҳ таолога энг кўп ёқадиган исмлар “Муҳаммад” ва “Абдурраҳмон” экани айтилган. Шунингдек, қайсики, ота-она фарзандига олижаноб орзулар, эзгу истаклар билан “Муҳаммад” деб от қўйса, ўша болага исм ҳурматидан ножўя гаплар айтмасин, дейилган.

Миллатимизда “Маммади”, “Мамат” деган от бўларди. Истиқлол йилларида илмимиз кўпайиб, диний тасаввурларимиз тиниқ тортиб, ўша “Маммади” ва “Мамат” деган отларни тўғрилаб “Муҳаммад” дейдиган бўлдик. Аммо бу ишимиз ҳам қизиқ бўлганга ўхшайди...

Гап шундаки, юртимизга зиёратга келган бир туркиялик меҳмон билан Ҳазрати Имом мажмуасида учрашиб гаплашиб қолдик. Гап айланиб Истанбул фотиҳи Султон Муҳаммадга борганда у “Султан Меҳмет” деб гапирди. Унинг бу гапи менга эриш туйилди. Ахир Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳамда Истанбул фотиҳининг исмини шунчаки “Меҳмет” деб гапириб бўладими!

Ўйланиб туриб унга: “Биз ҳам бир вақтлар “Муҳаммад” исмини “Маммади” ёки сизларга ўхшаб “Мамат” деб айтар эдик, энди тўғрилаб “Муҳаммад” деб айтадиган бўлдик”, дедим. У эса: “Биз атайлаб “Меҳмет” деймиз. Агар “Муҳаммад” деб чақирсак, тўғридан-тўғри жаноби Пайғамбаримизнинг исми ҳосил бўлади, “Меҳмет” деганда эса ўзимизга ўхшаган оддий одам тушунилади. Агар у бирор ноўрин иш қилса, уришиб бериш ҳам мумкин бўлади, тўғрими?” деди.

“Билмадим, балки шундайдир”, деб қўйдим.

Тўғриси, ўша чоқда унинг гапининг қанчалик тўғри эканини билмадим-у, аммо менга ўринлидек туйилди. Чунки “Муҳаммад” исмли болакайларни оналари авра-астарини ағдариб қарғаб ётганини кўп кўрганман-да.

Яна ўзимча ўйлаб юриб шундай фикрга келдим: ота-боболаримиз болага Пайғамбар алайҳиссаломнинг исмини андеша юзасидан қўймасдан, у зотнинг муборак исмидан янги исмлар ҳосил қилиб, боласини ўша исмлар билан атаган экан-да.

Демак, болага от қўйиш борасида ҳам боболарнинг ҳикматларини ўргансак кўп нарсани билиб олар эканмиз.

 Бу борада муҳтарам олимларимиз нима дейди?

Дамин ЖУМАҚУЛ

mardi, 21 novembre 2017 00:00

Ғафлатдан уйғонинг!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар бўлсин. Дуо – Аллоҳдан илтижо қилиб ўз ҳожатларини сўрашдир. Унга сиғиниш, раҳмати ва ёрдамига таяниш дунёда ва охиратда омонликка етишдир. Дуосиз киши униб-ўсмайди, бахтсиздир. Дуо билан яшаган киши барча бахт эшикларини қўлида тутади.

Инсон учун энг қимматли нарса албатта – вақт. Вақт кетса, кейин қайтиб келмайди. Мўминлар Аллоҳ инъом этган умрни қадрли билиб, Аллоҳ таолонинг ризолиги учун кўпроқ яхши ишлар қилишга интиладилар. Ҳатто қисқа бўлиб туюлган сониялар ичида нақадар кўп савобга эга бўлса бўлади:

  1. Бир сонияда одам боласи “Фотиҳа” сурасини 3 марта ўқий олади. Бир Фотиҳа савоби 600 яхшилик. Демак, бир сония ичида 1800 минг яхшилик қилишимиз мумкин экан.
  2. Бир сонияда “Ихлос” сурасини 20 марта ўқиса бўлади. “Ихлосни” 3 маротаба ўқиган кишига Қуръони каримни хатм қилганлик савоби ёзилади. Агар биз бир сонияда 20 марта “Ихлос” сурасини ўқисак, ой охирида 600 марта йиғилади. Демак, Қуръонни 200 марта ўқиганлик савобини оламиз.
  3. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтган: “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа илаллаҳи валлоҳу акбар – менинг учун бу сўзлар бутун дунёдан хайрлироқдир” зикрни бир сонияда 18 маротаба айтса бўлади.
  4. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким истиғфорни кўпайтирса, Аллоҳ унга ҳар бир ғам-ташвишдан чиқиш йўлини пайдо қилиб қўяди ва уни ўйламаган еридан ризқлантиради” (Имом Аҳмад ривояти). Бир сонияда 100 марта “Астағфируллоҳ” айтсак бўлади.

Агар дангасалик қилмасак, қанчадан-қанча ғафлатда ўтаётган сонияларимизни асраб, савобларимизни кўпайтирамиз. Савоб ишларга шошилайлик – ғафлатдан уйғонайлик!

 

Хуморбегим

 

mardi, 21 novembre 2017 00:00

Духон сураси фазилати

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Ҳаа Мийм” (Духон сураси)ни кечаси қироат қилса, тонг отгунча унга етмиш минг фаришта истиғфор айтиб чиқади”, дедилар.

Қайси кеча эканини келгуси ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Ҳаа Мийм”ни жума кечаси қироат қилса, мағфират қилинади”, дедилар.

Демак, “Духон” сурасини жума кечаси қироат қилса, у мағфират қилинар экан. Ўша мағфират қилинадиган гуноҳлар сағира – кичик гуноҳлар эканини уламоларимиз алоҳида таъкидлаганалар.

“Ким “Ҳаа Мийм ”ни жума кечаси ёки жума куни қироат қилса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

   

Абдуллоҳ ПАРПИЕВ,

Халқаро алоқалар бўлими ходими

lundi, 20 novembre 2017 00:00

Намознинг ҳикматлари

Намоз Ислом дини рукни ва устунларидан бири. Ибодат ҳамда тоатларнинг асоси, гуноҳларни ювувчи, ёмонликлардан қайтарувчидир. У калимаи шаходатдан кейинги энг улуғ фарздир. Намоз банданинг Аллоҳ ила мулоқоти, меърожидир. Унда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножат қилади.  

Абу Хурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан бирортангизнинг уйи олдидан анҳор оқиб ўтса, ва у ундан ҳар куни беш марта ювинса, уни танасидан бирор бир кир қоладими?” дедилар. Саҳобалар: “Ундан бирор бир нарса қолмайди”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Мана шу беш вақт намознинг мисолидир”. Аллоҳ таоло у сабабли унинг гуноҳларини ўчиради” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 Намоз бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради, имонини мустаҳкамлайди. Фақат Аллоҳдангина умидвор бўлишга ўргатади. Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётдаги маъсулиятини сидқидилдан адо этадиган бўлади. Намоз гўзал хулқли бўлишга, барча ишларни тартибли бажаришга, вақтни тежашга ўргатади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Анкабут сураси, 45-оят).

Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг аввалги-ю кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса ҳам, тунларни намоз билан бедор ўтказар эдилар, ҳатто товонлари шишиб кетарди. Буни кўрган саҳобалар: “Аллоҳ сизнинг ҳамма гуноҳларингизни мағфират қилган бўлса, шунчалик азоб чекиб ўзингизни қийнайсизми?” дейишганда, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шукр қилувчи бандалардан бўлмайинми?” дея жавоб берганлар (Имом Насоий, Имом Термизий ривояти).

Набий (алайҳиссалом) кенгчилик вақтидаги каби мусибат, қийинчиликда ҳам кўп намоз ўқирдилар. Хузайфа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам)га бирор иш ташвиш келтирса намозга мурожаат қилар эдилар”.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар қаттиқ шамол бўлса, то шамол тўхтагунча масжидга шошардилар”, (Имом Абу Дунё, Имом Ибн Асокир ривояти).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) йўлда кетаётганларида ўғиллари вафот этгани ҳақидаги ҳабар етди. Шунда маркабларидан тушиб, икки ракат намоз ўқидилар-да, сўнгра “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун”, дедилар. Ва Аллоҳ буюрганидек қилдик, деб: «(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас» (Бақара сураси, 45-оят) оятини тиловат қилдилар.

Қалбнинг ҳотиржамлиги, дилнинг роҳатланиши намоз берган самараларнинг энг олийсидир. Муҳими банда агар холис бўлса, ана шу самарадан бебаҳра қолмайди.

“Фазоилул аъмол” асари асосида

Абдуллоҳ ПАРПИЕВ

тайёрлади

 

 

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар». Имом Муслим ривоят қилдилар. Башир розияллоҳу анҳунинг аёллари: «Менинг боламга хизматкор совға қилинг ва бу нарсага Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни гувоҳ қилинг», – деди. Башир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келдилар-да: – Фалончининг қизи (аёлларини айтаяптилар – тарж.) ўзининг ўғлига хизматкор туҳфа этишимни сўраяпти… – дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): – Унинг ака-укалари борми?, – деб сўрадилар. Башир дедилар: – Ҳа. – Уларнинг ҳаммаларига ҳам бунга қилганингдек туҳфа қилганмисан? – деб сўрадилар Расулуллоҳ. – Йўқ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): – Бундай қилиш ярамайди, мен фақатгина ҳақ нарсага гувоҳлик қиламан, – дедилар. Имом Аҳмад ривоятларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мени жаврга гувоҳ қилма, албатта, болаларингнинг сендаги ҳаққи улар орасида адолат қилишингдир», – дедилар.

Шунингдек, муқаддас динимизда қиз фарзандларга алоҳида эътибор беришлиги ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: «Кимнинг бир қиз фарзанди бўлиб, унга яхши таълим, гўзал тарбия ҳамда Аллоҳ таоло унга ато этган неъматларидан қизига ҳам сарфласа, Қиёмат куни шу қизи унинг учун дўзахдан тўсувчи парда бўлади»  (Табароний ривояти).

Байҳақий ривоят қилдилар: Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ўтирган эди, унинг ўғилчаси келиб қолди ва у ўғлини ўпди-да, бағрига олиб ўтқазди. Кейин унинг қизчаси келди, у қизчасини олди-да, ёнига ўтқазди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сен улар ўртасида адолат қилмадинг», – дедилар. Салафлар болаларини ўпишда ҳам улар ўртасида адолат қилишни яхши кўришарди.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

Видеолавҳалар

Top