muslim.uz

muslim.uz

Рамазон ойининг файзи бўлакча. Рўза кунларида бир ой давом этадиган саҳарлик ва ифторликлар бирдамлик ва ҳамжиҳатлик туйғусини янада юксалтиради. Айниқса, Рамазон ҳайитини хушнудликда кутиб олиш динимиз кўрсатмаси ҳамда аждодларимиздан мерос ажойиб анъанадир. Ҳайит намозини масжидда адо этиб қайтаётган юртдошларимиз оила аҳлини байрам билан муборакбод этиб, фарзандларини севинтириш ниятида ширинликлар харид қилади. Ана шунга “ҳайитлик” деб аталади. Йўл-йўлакай савдо расталаридан олинган турли ширинликлар ва ўйинчоқлар оила аҳлини, айниқса, кичкинтойларни беҳад қувонтиради. Ушбу бу байрам шукуҳи уларнинг ёдида муҳрланиб қолади.

Шундай муборак байрамда фарзандларимизга фақат ширинликлар олиб бориш билан кифояланмасдан ана ўша ширинликлар қаторига чиройли бир китоб ҳам қўшиб тақдим этсак, уларнинг руҳияти ва маънавияти юксалишига катта хизмат қилган бўламиз.

Аллоҳга шукрки, юртимизда китоб ва китобхонлик давлатимизнинг диққат-эътиборида турибди ва бу борада, ҳатто президент қарори чиқиб унинг ижроси юзасидан кўплаб чора-тадбир амалга оширилмоқда. Ота-оналар ҳайит кунлари болаларига китоб совға қилишни одат қилиб олса, бундан китоб жавонимиз бойийди ҳамда оила аҳлимизнинг ҳам маънавий дунёси юксалади. Тўғри, ёш болалар кўпроқ ширинлик ва ўйинчоқларга ўч бўлади. Лекин байрам кунларида бола ёқтирган нарсалар ёнига бир донагина рангли-тасвирли китоб қўшиб қўйилса, уларда шунга аста-секин кўникма ҳосил бўлади. Кейинги ҳайитларда қандай китоб совға қилишар экан деб кутишни одат қилади.

Китобдан яхши дўст йўқ. Ширинлик ёки ўйинчоқни кўрган боланинг кўнгли кўтарилса ҳам бир оз вақт ўтгандан кейин эсдан чиқади. Лекин китобнинг шодлиги ва ўрни бўлакча. Мутафаккирлардан бири: “Агар уйингизда китоб жавони бўлмаса, сиз билан суҳбатлашиш бефойда”, деган экан. Бошқа бири эса: “Китоб тўла уйнинг файзи шу қадарки, уларни варақламай турибоқ, ўзингизни улардаги донолик шарбатини симираётгандек ҳис қиласиз”, деган.

Ҳайит байрамларида болаларга совға тариқасида берилган китоблар бошқа ҳадялар қаторидан ўрин олса, ажр-савоби ҳам, фойдаси ҳам ниҳоятда улуғ бўлиши аниқ. Зеро, китоб маънавиятимизни бойитади, руҳиятимизни озиқлантиради, ақлимиз кўзини очиб, унга чироқ каби нур таратади. Ҳар бир хонадонда ана шу ақл чироғи порлаб турса, ҳаётимиз янада нурафшон бўлади, иншааллоҳ.

Бобомурод Эрали

Салоҳиддин Абдуғаффор ўғли. Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ҳазрати Али жоме масжиди имом-хатиби


 Аудиомаъруза (tas-ix)

Баъзи  инсонлар фасод ишларда, бузғунчиликда, ҳавойи нафсига эргашиб шайтонга ҳам залолат этар экан. Яъни, уни довдиратиб қўяркан.

Бу борада Ҳазрати Алишер Навоий бобомизнинг қуйдаги байтлари мисол бўла олади.

Ёмонни, демаки, излол этар экан шайтон,

Дегил: фасодда мундин етар залолат анга.

Маъноси: Ёмон кишини шайтон адаштириб залолатга солар экан, гумроҳ қилар экан дема, аксинча, бузғунчиликда ёмон кимсадан шайтонга залолат етди. Ҳазрат Навоийнинг бу байти Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг каломидаги ушбу оятга мувофиқ.

“Сўнг у (Фиръавн) (халқини ва сеҳргарларни) тўплади ва (уларга) ҳайқирди: “Мен сизларни энг олий раббингизман!” – деди” (Нозиот сурасининг 24-ояти).

Фиръавн бу гапидан қирқ йил олдин ҳам аъёнларига: “Мен сизлар учун ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмасман” деган эди” (Қасас сурасининг 38-ояти). Яна Шуаро сурасининг 28-оятида ҳам Шайтон шайтон бўла туриб илоҳлик даъвосини қилгани йўқ. Аммо инсон инсон бўла туриб худоликка даъво қилди. Иблис бундан узоқ турди, ҳатто иймон аҳлига қарши жангга кирган куфр тоифасига қараб: “Мен сизлардан безорман... ва мен Аллоҳда қўрқурман, чунки Аллоҳ жазоси ўта шиддатли зотдир”, деди  (Анфол сурасининг 48-ояти).

Бундан англаш мумкинки. Шайтон ўзига тегишли бўлмаган бир мартабани даво қилмади. Аммо юқоридаги оятнинг мазмунидан кўриниб турибдики, Фиръавннинг сўзини шайтон эшитиб, неча фарсанг узоқликки қочиб кетгани айрим ривоятларда келтирилган.

Ҳа дарҳақиқат, инсон фасодда шайтондан ҳам ўтади, уни гумроҳ қилиб қўядиган даражага етади. Аммо бу сўзлар шайтон ҳақида ижобий фикр билдириш учун эмас, балки инсонларни фасоддан огоҳлантириш учун, холос.

“Руҳул баён” китобида айтиладики: “Иблис худоликни даъво қилмаган бўлса ҳам лаънатланди, Фиръавн ва унга ўхшаганлар эса худоликни даъво қилса ҳам на тайин жиҳатидан, на таҳсин жиҳатидан иблисдек лаънатланмади”. Бунинг ҳикмати нима? дейдиган бўлсангиз, бу саволга жавобан айтиладики: “Чунки иблиснинг нияти инсонларнинг ниятидан ёмонроқдир”. Ҳа, инсонларнинг ёмонидан, одам қиёфасидаги шайтонларнинг хийла-макридан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи асрасин.

Абдуқодир УСМОНОВ,

Марҳамат туманидаги  “Сулаймон Сирли” жоме масжиди имом-хатиби

Бугунги кунда она юртимиз тараққиёти янги босқичга кўтариш ва ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, уни ҳаётга татбиқ этиш бўйича фаол иш олиб борилаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Мазкур стратегия барча соҳа ва тармоқларда ҳаётимизга чуқур кириб, амалий ҳаракатларимиз мезонига айланиб бораётгани ҳам рост. Айниқса, 2017 йилнинг юртимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилингани бу борада катта аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда  сўзлаган нутқи мамлакатимиз аҳолисининг кўпчилигини хурсанд қилди. Шу ўринда  бир ҳақиқатни айтиб ўтсак. Давлат раҳбарининг дин арбоблари ва вакиллари билан ўзаро самимий мулоқоти яқин тарихда кузатилмаган эди.

Муҳтарам Президентимиз кун тартибига қўйилган масала, яъни, ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш вазифаси бугунги кунда қандай улкан аҳамият касб этаётгани ҳақида очиқ ёритиб, шу йўналишда олиб бораётган ишларни атрофлича таҳлил қилиб, уларни танқидий баҳолаб, ўз ечимини кутаётган долзарб вазифаларни белгилаб бердилар.

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб виждон эркинлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият берилган. Жумладан, муқаддас динимиз, миллий қадриятларимизни, буюк азиз-авлиёларимизнинг хотираси, меросини тиклаш, қадамжоларини обод қилиш бўйича жуда кўп иш қилинди ва қилинмоқда. Қиёслаш учун бир мисол: Агар собиқ мустабид тузум даврида юртимизда 80 га яқин масжид фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 2 минг 42 тани ташкил этмоқда.

 Ўша қарамлик йилларида Ўзбекистонда саноқли кишиларгина ҳаж қилиш имкониятига эга бўлган бўлса, Мустақиллик йилларида ҳар йили 5 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж зиёратига бориб келмоқда. Жорий йилда 7 минг 200 нафар фуқароларимиз муборак ҳаж сафарини амалга ошириш имконига эга бўлади. Бунинг учун биз Аллоҳга шукрона келтириб, муҳтарам уламолар, имом-хатиблар, жамоатчилик вакиллари билан бирга динимиз тарихи, буюк алломалар ва азиз-авлиёларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича бошланган савобли ишларга ўз ҳиссамизни қўшишга бор имкониятимизни сафарбар этамоғимиз даркор.

Юртимиз остонасига бостириб келаётган ёвуз хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга “Жаҳолатга қарши – маърифат”  билан қарши курашиш, ҳеч шубҳасиз, дину диёнатимиз йўлида хизмат қилиб келаётган биз, муҳтарам домла-имомларимиз, барча диний ходимларнинг ҳам фарзи ҳам қарзи ҳисобланади. Бунга бизнинг илмимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етарли.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида: “Сизлар инсон туғилганида чақалоққа азон айтишдан то уни сўнгги йўлга кузатишгача – бир умр у билан бирга бўласизлар. Яъни, ҳаётимиздаги барча яхши-ёмон кунларда доимо биз билан биргасиз. Биз сизларнинг одамларни меҳр-оқибатга, ҳалолликка чақириш, ёшларни ахлоқ-одоб руҳида тарбиялаш, оилалар, маҳаллаларда тинчлик, ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган савобли ишларингиз учун барчангиздан миннатдормиз”, деб биз, диний ходим вакилларига ўзининг миннатдорлигини билдириши бизга ҳам шарафли, ҳам масъулиятли ишларимизда маънавий куч бағишлайди.

Ўз навбатида, Давлатимизнинг бизга билдирган ишончини оқлаш, шу азиз Ватанимиз равнақи, тараққиёти йўлида бир ёқадан бош чиқариб садоқат билан хизмат қилиш асосий бурчимиз бўлмоғи керак.

Жалолиддин Ҳамроқулов

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди

 имом хатиби

Видеолавҳалар

Top