www.muslimuz

www.muslimuz

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳаёли, айбларни яширувчи зот, бандаси айбини яширишини яхши кўради”.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мўмин банданинг айбларини бу дунёда яширади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини ҳам мўминларнинг айбу нуқсонларини яширишимизга буюрганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:

اقيلوا ذوي الهيئات زلاتهم

“Ҳурматли кишиларнинг хатоларини кечиринглар”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Демак, агар бирортамиз хато иш қилиб қўйса, биродари унинг хатосини фош қилмаслиги, аксинча яшириши лозим бўлади. Зеро, ҳадиси шарифда айтилишича: مَنْ ستر مؤمنًا في الدنيا، ستره الله يوم القيامة  яъни: “Ким бу дунёда бир мўминнинг айбини яширса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг айбини яширади”.

Дарҳақиқат, Ислом дини айбларни яширишга, кечиришга, одамлар орасида фахш ишларни ошкора қилмасликка чақиради. Аксинча, маъсият ишларни сир тутиш, уларни яшириш лозим бўлади. Токи, гуноҳ иш қилаётган кишининг ўзи инсофга келиб, гуноҳи ошкор бўлмай туриб, онгли тарзда тавба қилсин, гуноҳни тарк этсин. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини насиҳат қилишга буюрганлар, ўзгаларни изза қилишдан қайтарганлар. Қачонки, мўмин кишига қилган хатосини  мулойимлик билан, сир бўлиб қолиш шарти билан айтилса, бу насиҳат бўлади. Аммо, оммага ошкор қилинса, фазиҳат (шармандалик) бўлади. Биз эса, насиҳатга буюрилганмиз, фазиҳатга эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шу йўлни тутганлар ва буни саҳобаларига ҳам таълим берар эдилар.

Аллоҳ таоло бандасининг минглаган гуноҳларини яширади. Ҳақиқий мўмин банда бундан ўзига тўғри хулоса чиқариб олиши лозим. Бир куни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бир кишининг қилган жинояти учун жазони ижро этишга олиб келишди. Шунда унинг онаси шафоат тилаб (гуноҳидан ўтишларини сўраб) келди. Шунда Али розияллоҳу анҳу онасига: “Албатта, Аллоҳ таоло жиноят биринчи марта қилинганда уни яширади, одамларга ошкор қилмайди. Фарзандингиз бу жиноятини такрор ва такрор қилган, натижада бунга одатланиб ҳам қолган”, дедилар. Она: “Сиз буни қаердан биласиз?” деб сўради. Али розияллоҳу анҳу: “Чунки Аллоҳ таоло гуноҳларни яширувчи зот, бандасининг ҳам ўз гуноҳини яширишини яхши кўради”, деб жавоб бердилар.

Йигитга жазо қўллаб бўлинганидан кейин, ундан бу жинояти нечанчи марта содир этганлигини сўрадилар. Шунда у, йигирманчи марта эканлигини эътироф этди. Яъни, Аллоҳ таоло унинг жиноятини биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи ва ҳатто ўн тўққизинчи мартасида ҳам яширган эди. Лекин шунга қарамай, йигит жиноят қилишда давом этаверган. Аллоҳ таолодан ҳаё қилмаган, одамларга зарар етказишда, уларнинг моллари ва обрўларига футур етказишда давом этаверган. Аслида, у аввалроқ Аллоҳга тавба қилиши, унинг айбини, жиноятларини фош этмай, яшираётганлиги Аллоҳнинг унга марҳамати эканлигини билиши керак эди. Лекин, афсуски у буни вақтида англаб етмади.

Аллоҳ таоло бандасининг айбини яширади. Шундай экан, эй мўмин биродар! Сен аввало ўз айбингни яшир, гуноҳларингни сир тут. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини гуноҳларни ошкор қилишимиздан, қилган гуноҳимиз билан фахрланишимиздан қайтарганлар. Қолаверса, мўмин биродарингни айбини фош этишдан сақлан, мўминнинг айбини яшир, уни ошкор этма. Шояд, Аллоҳ таоло қиёмат куни сенинг ҳам айбингни яширса.

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари

Гўзал ахлоқда ислом оламига намуна бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини доимо ҳусни хулқга, хуш муомалага, ўзаро меҳр-оқибатга, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлишга, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечиришга ва ҳоказо каби гўзал ахлоқлар билан зийнатланишларига чақирганлар.

Мусулмон кишининг гўзал ахлоқи унинг соғлом эътиқоди ва имонининг комиллигига далолат қилади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Мўминларнинг ичида энг имони комили хулқи чиройли бўлганидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши хулқ билан муносабатда бўладиганингиздир” (Имом Термизий ривояти).

Киши имони қандайлигини билмоқчи бўлса, унинг тарозуси чиройли хулқдир. Айниқса, ўзидан заифлар (хотин, бола ва қўл остидаги ходимлар)га чиройли муомалада бўлиш энг яхши мўъминлар қаторига кириш ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов пешин намозида Касби туманидаги “Фазли” жоме масжидига ташриф буюриб, пешин намозидан сўнг “Ислом гўзал ахлоққа чорлайди” мавзусида амри маъруф қилиб бердилар. Маърузада сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, шукр қилишнинг шартлари ва одоблари ҳақида тўхталиб ўтдилар. Суҳбат савол-жавобларга уланиб, намозхонлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

Якунда Аллоҳ таолодан озод ва обод юртимизнинг янада тараққий этиши, халқимиз фаровонлигини сўраб дуо қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга сон-саноқсиз неъматлар ва туганмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлари билан инсонни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шукр ҳақида бундай деганлар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш – шукрдир. Уни гапирмаслик эса – ношукурликдир. Жамоат билан юриш – раҳматдир. Ёлғизлик эса – азобдир”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси, устоз Салоҳиддин домла Шарипов Қарши туманидаги “Фозил ота” жоме масжидига ташриф буюриб, жамоат билан пешин намозини адо этдилар. Намоздан сўнг устоз масжид жамоасига “Шукр қилиш фазилатлари” мавзусида гўзал суҳбат қилиб бердилар. Якунда юртимиз тинчлигини сўраб дуои хайрлар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати

Фарзанд неъмати Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат бўлиб, ҳар бир ота-она бу неъматни қадрига етиб, ҳаққини адо қилиши зарурдир. Динимизда фарзанд тарбиясига катта аҳамият берилган бўлиб, уни фарзанд ҳатто дунёга келмасидан олдин бошлаш керак экани бир қанча китобларимизда баён қилинган.

Ота-она ва фарзанд тарбиясига масъул бўлган шахслар ёш авлодни ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратишлари – динимиз талабидир!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов пешин намозида Косон туманидаги "Абдураҳмон Ҳалифа" жоме масжидига, аср намозида Қарши туманидаги “Дашт” жоме масжидига ташрифи асносида ана шу мавзуда намозхонларга манфаатли маъруза қилиб бердилар. Суҳбат давомида савол-жавоб бўлди, хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top